Асаларини етти хазинанинг бири, дейишади. Ҳақиқатан ҳам, бу меҳнаткаш митти ҳашаротнинг фойдаси жуда катта. Асалари заҳри, сути, прополиси, гулчанги кўпгина хасталикларга даво. Бугун асалари боқиб, мўмайгина даромад олаётганлар кўп.
Одатда, асалари қутилари дала-дашт, боғ-роғларга қўйилади. Бироқ шаҳар ичида, ҳовлида ҳам асалари парваришлаб, асал олса бўларкан. Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Мирсаид ТЕМИРШОЕВ ҳам ҳовлисида асалари боқади. Шу ишининг кетидан рўзғори бут, дастурхони тўкин.
— Ўн йилдан бери асалари боқаман, — дейди Мирсаид Темиршоев. — Улар нақ мўъжизанинг ўзи. Айни дамда шаҳардаги уйимизда 20 қути, далада 40 қути асаларини парваришлаяпмиз.
Аслида асалари боқиш унча катта меҳнат талаб қилмайди. Ҳамма нарса (сув, нектар)ни ўзлари топиб келишади. Аммо бу ишни доим назорат қилиб туриш керак. Яъни, ҳар етти кунда уясини очиб, текшириб туриш зарур. Янги шоҳи уларни бошқа жойга бошлаб, учириб кетиб қолмаслиги учун. Шу боис янги пайдо бўлган шоҳ уяларини бузиб турамиз. Арилар янги шоҳ учун уяни бир кун ичидаёқ ясаб ташлашади. Шоҳи эса атрофига ариларни чорлаш ва бошқа ёққа бошлаб кетиши учун худди сиренага ўхшаган овоз чиқаради.
— Қутилар қандай жойлаштирилади?
— Қутиларни қуёш яхши тушадиган жойларга ўрнатиш керак. Негаки, уларга тушадиган кана офтоб нурида ўлади. Асалари қутидан 7 километргача узоқ масофагача бемалол бориб-қайта олади. Кўриш қобилияти инсонникидан анча ўткир, уларда бешта кўз бўлади. Ҳид билиши ҳам жуда кучли. Одеколон, спирт ва бошқа қўланса ҳидларни умуман ёқтирмайди. Лекин асал олиш учун тутун тутатилса, бўйсунади ва ҳаммаси қути пастига тушиб олади.
— Қути ичи ҳақида ҳам...
— Дейлик, қутига 10 симли рамка сиғади. Шундан биринчи рамка ҳамиша улар учун ошхона вазифасини ўтайди. Қолган тўққизтаси эса захира, омбор ҳисобланади ва уларга тегишмайди. Агар асалари шоҳи саккизта рамкани «ейишни буюрса», ейишади. Лекин очдан ўлишса ҳам қолган биттасига тегишмайди. Ана шунақа, асалариларда «ҳарбийча интизом» жуда кучли бўлади, буни ўзим кўп кузатаман. Улар шоҳ, аскар, соқчи, ишчи, разведкачи асалариларга бўлинади.
— Арилар учун қандай об-ҳаво маъқул?
— Ишчи асалари қуёш кўтарилмасданоқ нектар йиққани далага ёки бизнинг шароитда, шаҳарга учиб кетади. Агар қайтишида кучли шамол туриб ёки ёмғир қуйиб берса, бошқа асалари қутисида бир кеча «меҳмон» бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шундаям асаларининг «юк»и бўлса, бегона қутига қоровуллари киритишади. Агар «бўш» бўлса, киритишмайди. Бегона қутига бир кеча «меҳмон» бўлган асалари эса «юк»ини ўша ерга ташлаб, эртаси куни яна ўз уясига етиб олади.
— Уя ичи ҳам вақти-вақти билан тозалаб турилса керак?
— Бунга ҳожат йўқ. Негаки, асалариларнинг ўзи тозаликка қаттиқ риоя қилади. Одатда, асалари 30-40 кун яшайди. Ўзим бир неча марта кўрганман: бир нечтаси ўлигини қаёққадир олиб бориб ташлашганини. Хуллас, қути ичида ўлиб ётганини кўрмайсиз. Агарда қутиларга ўнталик симли рамка қўйилса, саккизтасида асал бўлади, биттасида эса ҳамиша сув бўлади. Сув эса тозалаб, дистилланган суюқликнинг худди ўзи.
— «Қутилар қуёшли жойга қўйилади», дедингиз. Ичи қизиб кетмайдими?
— Йўқ, бунга ариларнинг ўзи йўл қўймайди. Агар уя ичи исиб кетса, арилар дарров қути ичини шамоллата бошлайди. Биласизми, бу жуда чиройли кўринади. Шамоллатишни эса юз минглаб ари қанотини бир текис қоқиб амалга оширади. Ташқаридан бу жилваланиб жуда чиройли кўринади. Борди-ю, ичкари совиб кетса, иситиш чорасини кўрадилар. Бунинг учун оғзи катта кириб-чиқиш тешигини ва бошқа тирқишларни сўлаги билан кичрайтириб қўйишади.
— Битта қутида нечтагача асалари бўлади?
— 20 симли рамка сиғадиган битта қутида 5-6 миллионта. Ошхона, омборхонадан ташқари, уларнинг ўз «туғруқхона»си ҳам бўлади. Янги «туғилган» асалари уясидан 7 кунгача ташқарига чиқмайди. Бу ўзига хос карантин! Ана шу муддат ичида ёш асалари ишлашни ўрганади. Яъни, ўзига хос амалиёт ўтайди!
— Борди-ю, қути ичида асалари кўпайиб, жой торлик қилиб қолса-чи?
— Ҳа, шунақаям бўлади. Бунда улар асаларичига ўзига хос сигнал беради. Яъни қути ичига бармоқ катталигида «сим»лар тортиб қўяди. Бу уларнинг: «Бизга қўшимча симли рамка керак» ёки «Қути жуда торлик қилиб қолди», дегани бўлади. Заруратга қараб симли рамка қўйилади ва униям арилар 24 соат ичида тўлдириб қўяди. Борди-ю, арилар сони кўпайиб кетган бўлса, уяни иккига бўлиб, асалариларнинг ярми янги уяга кўчирилади.
— Рамкаларнинг асал олишга тайёр бўлганини қаердан биласиз?
— Бу қийин эмас, ундаги прополис тўлиқ ёпиб (катакчалар оғзи мумлаб) ташланган бўлади. Борди-ю, улар тўлиқ ёпилмаган бўлса, асалини олмаган маъқул. Йўқса, асал ачиб қолади. Яна бир гап: уларнинг сув захираси ҳосил қилинган рамка ҳам олинмайди. Бир томчи сув ҳам каттагина идишдаги асалнинг сифатини бузиши мумкин.
Нурпўлат НУРҚУЛОВ
ёзиб олди.
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил