Сўнгги вақтларда ҳар йилги ғалла йиғим-терим мавсумида кузатилгани каби экиндан бўшаган ерларга ўт қўйиш ҳолатлари республикамизнинг турли ҳудудларида кузатилмоқда.
Гарчи шу кунга қадар Ўзбекистон Экологик партияси ходимлари ва қатор мутасаддилар томонидан ҳудудларда тушунтиришлар олиб борилган, фермер хўжаликлари ва кластер эгалари билан суҳбатлар ўтказилган бўлса-да, ўт қўйишга уринишлар давом этмоқда.
Масалан, Наманганда ғалладан бўшаган 27 гектар ердаги сомонлар ёқиб юборилгани ҳақида тарқалган видеодан ҳам шу кунгача ўтказилган тушунтиришлар кимларнингдир парвойига ҳам келмаганини кўриш мумкин. Хўш, бу кимнинг айби?
Ҳолат бўйича ўрганишлар Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Олтин гавҳар» фермер хўжалигига тегишли 27 гектар ғалладан бўшаган ер фуқаролар томонидан ўт қўйиб юбориш йўли билан тозаланганини кўрсатди. Шунингдек, Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан ўз томорқа ерларида сомон пояларини ёқиб юборган 11 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддаси, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4, 24-моддалари бузилишига йўл қўйгани сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Фермер эмас, фуқароларга тушунтиринг!
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ҳам 20 гектар ғалладан бўшаган ер майдонига тунда ўт қўйилгани аниқланган. Қайд этилган ҳолатда қонун бўйича баённома расмийлаштирилиб, табиатга етказилган зарар аниқланиб, жарима белгиланган. Бироқ бу жарималар атмосферага етадиган зарарни қайтара олмайди. Шу ўринда «Нима сабабдан ғалладан бўшаган ерларга ўт қўйилмоқда?» деган савол юзага келади. Аслида бунга инсонларнинг шошмашошарлиги, табиатга бўлган эътиборсизлиги сабаб бўлмоқда. Боиси, ғалладан бўшаган ер фуқароларга маълум муддатга экин экиш учун ижарага берилади. Бу экинлар қиш яқинлашгунга қадар етиштирилиб, ҳосили йиғиб олиниши керак бўлади. Шу сабабли одамлар тезроқ экин экиш илинжида ерни осон бўшатиш йўлини ахтаради. Осон ечим — ёқиш. Аммо унинг оқибати, натижаси ҳақида ўйлаб кўриш баъзиларнинг хаёлига ҳам келмайди.
Яна бир масала — бу ишни фермер хўжаликлари эгалари эмас, кўп ҳолларда фуқаролар бажараётгани. Демак, юқорида тилга олинган суҳбатлар, тушунтириш ва тарғибот ишларини оддий аҳоли вакиллари билан ҳам олиб бориш лозим. Акс ҳолда қилинган ишлар бесамар кетаверади.
Токи инсонлар ерни ёқиш аввало ернинг ҳосилдорлигига, сўнг атмосфера ҳавосига, табиатга зарар келтириши, салбий таъсир қилишини англаб етмас экан, бу ҳолат қайта- қайта такрорланаверади.
Касалликка мойиллиги ортади
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўсимлик қолдиқларини ёқиш натижасида 149,24 миллион тонна карбонат ангидрид, 9 миллион тоннадан ортиқ карбон моноксит, 0,25 миллион тонна олтингугурт оксиди, 1,28 миллион тонна заррачалар ва 0,07 миллион тонна қора углерод ажралиб чиқади. Шунингдек, ёнаётган пичан сомонининг иссиқлиги тупроққа 1 сантиметр кириб, ҳароратни цельсий бўйича 33,8 дан 42,2 даражагача кўтаради. Бу унумдор тупроқ учун муҳим бўлган бактерияларни ўлдиради, озуқавийликни пасайтиради. Ўсимлик қолдиқларини ёқиш тупроқнинг юқори қатламида мавжуд бўлган бошқа микроорганизмларга, шунингдек, унинг органик сифатига зарар етказади. Тупроқнинг юқори қатламларидаги эрувчанлик қобилияти ҳам камаяди. Натижада, экинлар касалликларга мойил бўлади.
Маълумотларга кўра, бир тонна сомонни ёқиш 5,5 килограмм азот, 2,3 килограмм фосфор, 25 килограмм калий ва 1 килограммдан ортиқ олтингугурт — органик углероддан ташқари тупроқдаги барча озиқ моддаларининг йўқолишига олиб келади. Бундан ташқари ёнғинда кўтариладиган тутун инсонлар ҳаёти учун ҳам хавф солади. 2016 йилда Ҳиндистоннинг Батҳин ҳудудида тиббиёт профессори томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, одамларнинг 84,5 фоизи тутун туфайли соғлиқ муаммоларидан азият чекади. Аниқланишича, тутун сабаб 76,8 фоизи кўзларда, 44,8 фоиз бурунда ва 45,5 фоизи томоқда муаммолар юзага келади. Йўтал ёки йўталнинг кучайишига ҳам тутун сабаб бўлади.
Муқобил ечим
Аслида сомонни ёқиш ўрнига уни турли мақсадларда ишлатиш мумкин. Масалан, чорва еми, компост гўнги, қишлоқ жойларида том ёпиш, биомасса энергияси, қўзиқорин етиштириш, қадоқлаш материаллари, ёқилғи, қоғоз, биоэтанол, саноатда ишлаб чиқариш ва бошқалар. Юртимизда эса энг мақбул чора ерга табиий озуқа сифатида қўллаш десак хато бўлмайди. Шундай экан, ерга ўт қўйишга шошилманг. Ундан олдин юзага келадиган фойда ва зиённи тарозига солиб кўринг. Ўйламасдан қилинган биргина ҳаракат барча тирик мавжудотнинг кушандасига айланиб қолмаслиги зарур.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔10
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔71
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил