Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ягона мактаб формаси яна муҳокама марказида Тенглик, сифат, таъминот ҳақида ким нима дейди?

Яқинда 2022-2023 ўқув йилидан давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилиши ҳақида ҳукумат қарори тасдиқланди. Бу маълумот интернет ва барча ижтимоий тармоқларда тарқалди, жорий қилинаётган мактаб формаси намуналари тақдим этилди. Аммо кўпчилик ота-оналар ва фуқаролар орасида бу борада саволлар, баъзи тушунмовчиликлар ва эътирозлар ҳам пайдо бўла бошлади.

Ягона мактаб  формаси  яна муҳокама  марказида  Тенглик, сифат, таъминот  ҳақида ким нима дейди?

Аслида бу мавзу ҳар йили бир «тренд»­га чиқади, муҳокамалар қилинади. Мактаб формасининг афзалликлари ҳақида аҳолига тушунтиришлар берилади. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ҳам бирдан содир бўлгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августда «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган ва унга мувофиқ 2019-2020 ўқув йилидан жорий этилиши белгиланган эди. Бироқ фуқароларнинг кўплаб эътироз­лари сабабли бу муддат 2024-2025 ўқув йилига кечиктирилди. Бу эса эртами-кечми барибир мактабларда ягона формага ўтилишини англатар эди. Хўш, нима сабабдан жараён тезлашди-ю, фуқаролар нималардан норози?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 май куни «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Шундан сўнг Халқ таълими вазирлигининг юқоридаги қарор ижроси юзасидан 158-сонли буйруғи асосида «Ягона мактаб формаси»ни жорий қилиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.

Танлашда аниқ  мезон борми?

Шу ўринда ягона мактаб формасини танлашда нималарга аҳамият қаратилгани, бу қай тартибда танлангани кўпчиликни қизиқтиради. Ҳатто «Бу бўйича бирор танлов ўтказилдими? Жамоатчилик фик­ри ўрганилдими?» каби саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари билан боғландик.

Вазирлик томонидан берилган маълумотга кўра, юқоридаги қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ягона мактаб формаси жорий этилган Буюк Британия, Хитой, Туркия, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларнинг ижобий тажрибалари ўрганилган. Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари таълим муассасалари педагог ходимлари, ота-оналар ва вилоят, туман (шаҳар) фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувларда, сайёр қабул жараёнида ва таълим муассасаларига ташриф давомида ягона мактаб формаси бўйича тушунчалар берилган.

– Жараёнга соҳа мутахассислари ва етакчи дизайнерлар жалб қилиниб, юздан ортиқ формалар намуналари кўргазмаси ва танлови ташкил этилди, – дейди «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси бошқарма бош­лиғи Шерзод АКБАРОВ. – Улардан 10 хил турдагиси танлаб олиниб, ота-оналар ва психологларни жалб этган ҳолда кўп вариантлилик асосида тайёрланган мактаб формалари Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 91-сонли ва Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабларида тажриба-синовидан ўтказилди. Тажриба-синов давомида мактаб формалари намуналарининг қишлоқ ва шаҳар шароитида ўқувчиларга қулайлиги, чидамлилиги, ювилиш ва дазмолланиш жиҳатлари бўйича ота-оналар, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг фикрлари махсус ишлаб чиқилган анкета-сўровномалари орқали ўрганилганда улар томонидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Берилган фикрлар асосида 2 та ёш кесимида, яъни 1-6-синф ва 7-11-синф ўқувчилари учун мактаб формаларининг моделлари тавсия этилди.

Бир мавсумга бир кийим етадими?

Шундай бўлсада бугун ота-оналар орасида норозиликлар ҳамон мавжуд. Жумладан уларнинг фикрини ўрганар эканмиз, кўпчилик оқ-қора ранг тарафдори эканлигига гувоҳ бўлдик.

– Уч нафар фарзандим мактабда ўқийди, – дейди Ҳилола Алланазарова. – Ўзим уй бекасиман. Бу йилги мактаб формасини кўрдим, аммо унда танланган ранг мен каби оналарни ўйга толдирмоқда. Сабаби кичик фарзандлар каттасининг тор келган кийимини кийиб мактабга бораверарди. Асосийси оқ-қора бўлса кифоя эди. Қолаверса, бир йилда битта янги кийим олиб берсак, эскилари билан алмаштириб кияверарди. Энди эса формани бутунлай янгилашимизга тўғри келади. Нархлар бўйича аниқ маълумотга эга эмасмиз.

Тахминан 250 минг сўм бўлганда ҳам уч фарзандимга 750 минг сўмга бир комплект форма олишим мумкин. Аммо бола шўх бўлишини ҳамма яхши билади. Кези келса ҳар куни уст-бошини кир, чанг қилиб келади. Бир мавсумни битта ки­йим билан эса ўтказиб бўлмайди.

Бу дегани камида 2 ёки 3 сидра кийим олишим керак. Буни эса ҳамманинг ҳам молиявий аҳволи кўтармайди.

Ҳа, чиндан ҳам кичик ёшдаги болалар учун формани кунда ёки кунора алмаштириш одатий ҳол. Янги мактаб формасини эса бирдан бир нечта сотиб олишга биринчидан кўпларнинг имкони йўқ, иккинчидан эса етказиб бериш ҳам қийинчилик туғдиради. Гарчи қарорда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун форма сотиб олишда ёрдам берилиши (маҳаллий бюджет ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан) айтилган бўлса ҳам бу муаммонинг тўлиқ ечими бўла олмайди. Дейлик, жамғарма, ҳомийлик маблағи эвазига форма олиб берилар, аммо бир нечта эмас биттадан бўлиши мумкин. Бу эса уларнинг ўзи ҳам яна сотиб олиши лозимлигини кўрсатади. Боиси янги ўқув йили бошланадиган куз ва яқинлашадиган қиш фаслида тунда кир ювиб, уни тонггача қуритиш мушкул. Ҳатто имконсиз деса ҳам бўлади.

Шусиз ҳам нархлар осмонга қараб ўсиб бораётган, кимлардир аранг қорин тўқлаётган даврда бундай оилалар учун бир сўм ҳам пул. Янги кийим хариди эса рўзғорига қийинчилик туғдириши табиий. Шунга қарамай мутасаддилар форма етказиб беришда булар ҳаммаси корхона мутахассислари томонидан инобатга олинганини айтишмоқда.

Таъминот етарлими?

Маълумки, умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари сон жиҳатдан ниҳоятда кўп. Жорий йил бу сон янада ортиши ҳам кутилмоқда. Бу эса ўз нав­батида қисқа муддатда мактаб формаси билан шунча ўқувчини таъминлаш имкони борми-йўқми, деган саволни пайдо қилади. Мазкур масала ягона форма жорий қилинишида инобатга олинганми?

Халқ таълими вазирлиги маълумотига юзлансак, жорий йилнинг 30 май куни Республикамиздаги барча 1-11 синф ўқувчилари сони синфлар кесимида (ўғил бола ва қиз болалар сони алоҳида кўрсатилган тарзда) шакллантирилиб, Халқ таълими вазири номидан барча вилоят ҳокимлари ва «Ўзбектўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси номига хат юборилган. Хатда Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар ҳудудлар кесимида, 2022-2023 ўқув йилида давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун мактаб формасига бўлган эҳтиёж аниқлангани, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига «2022 йил 10 июнга қадар мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларни белгилашда уларнинг технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини инобатга олган ҳолда, мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантириш» вазифаси белгиланганлиги баён қилинган.

Бундан ташқари, ҳокимликларга «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда 2022 йил 1 августга қадар ҳудудлар бўйича мактаб формаларини ишлаб чиқариш ва 10 августдан бошлаб мактаб формаси сотуви ярмаркаларини ташкил этиш масалалари сўралган.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси эса юртимиздаги тикув корхоналари қувватлари барча мактаб ўқувчилари учун форма ишлаб чиқаришга етарли бўлиб, бугунги кунда 500 дан зиёд корхоналар мактаб формалари тикишга ихтисослашган хом ашё ва тажрибага эга, дея баён қилмоқда.

Халқаро тадқиқотлар

Аслида хорижий мамлакатларда бу тажриба анча олдин қўлланилган, синаб кўрилган. Ҳатто мактаб формаси билан боғлиқ кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Халқаро мактаб формаси тарафдорлари, ўқувчилар форма кийганда синфга кўпроқ эътибор беришларини ва мода билан чалғимасалар, ўзларини яхши тутишларини таъкидлайдилар. Форма тўдалар билан боғлиқ услублар ва логотипларни йўқ қилишга ёрдам беради. Шунингдек, улар кампусда нотаниш одамни аниқлашни осонлаштиради. Бироқ, кўплаб ота-оналар ва ўқувчилар болаларни бир хил кийинишга мажбурлаш ғоясини ёқтирмайди, уларнинг фикрича, бу сўз эркинлигига босим қилишдек гап.

Австралия ҳисоботида таъкидланишича, мактаб формаси мактаблар учун ҳуқуқий муаммоларни ҳам кўрсатиши мумкин. Баъзи тадқиқотлар мактаб формаси нотўғри хатти-ҳаракатларнинг камайишига олиб келишини кўрсатса, бошқалари ўқувчиларни дарсдан четлатилишлари кўпайганини кўрсатади. Ню-Хемпшир университетининг таълим ва адолат тадқиқотлари профессори Тодд ДеМитчелл миллий маълумотлар тўпламидан фойдаланган ҳолда 2003 йилда ўтказилган тадқиқот орқали мактаб формаси бўлган бошланғич ва ўрта мактаб­ларда ўқувчиларнинг хулқ-атвори билан боғлиқ муаммолар камроқ деган хулосага келди. Аммо бу ўрта мактабларда нотўғри хатти-ҳаракатларнинг кўпроқ частотасига эга эканлигини аниқлади.

Сиднейдаги Маcкуарие университети ва Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети Маркетинг ва менежмент бўлимидан Крис Бауманн томонидан олиб борилган тадқиқот мактаб формасининг ижобий ва салбий томонларини яна бир бор ёритиб беради. Унинг тадқиқотчилари беш географик кластерда мактаб интизомидаги аниқ фарқларини кўрсатди. «Бизнинг натижаларимиз мактаб интизоми ва мактаб формаси академик натижаларни тушунтиришда муҳим роль ўйнайдиган парадигмага ишора қилмоқда.

Тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиши мактаб интизомининг ажралмас қисмидир ва бу ўз нав­батида академик натижаларни бошқаради», деди Бауманн.

Форма кийишнинг баҳога таъсири борми?

Баъзи одамлар мактаб формаси мактабларни болалар учун хавфсизроқ қилишга ёрдам беради деб ўйлашади. Лонг Беач (Калифорния штати) синф­лардаги барча ўқувчилардан ягона намунадаги форма кийиш талаб қилинганида, ҳужум ҳақидаги хабарлар 34 фоизга камайди. Бундан ташқари, ҳалокатли қурол билан ҳужум қилиш 50 фоизга, жанговар ҳодисалар 51 фоизга ва жинсий жиноятлар 74 фоизга камайган. Қурол сақлаш 52 фоизга, гиёҳванд моддаларни сақлаш 69 фоизга, вандализм 18 фоизга пасайган. Невада штатидаги Спаркс ўрта мактабида ягона форма сиёсати ўрнатилгандан сўнг тўдалар фаолиятининг камайгани ҳақида хабар берилган. Улар, шунингдек, жанжал, мулкка зарар етказиш ҳам пасайганини таъкидлашган.

Бироқ, барча тадқиқотлар мактаб формаси интизом муаммоларини камайтиришини аниқламайди. Дарҳақиқат, яна бир тадқиқот шуни кўрсатадики, мактаб формаси энг зўравон мактаб­ларда ўртача ҳужумлар сонини йилига тахминан 14 фоизга оширган. Кўпгина талабалар учун кийим-кечак стресснинг асосий манбаи бўлиши мумкин. Муайян бренд кийимига эга бўлмаслик ёки мода буюмларини киймаслик ишончсизлик туйғусини келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам бор. Баъзи одамлар ўқувчиларнинг барчаси бир хил кийимда бўлса, мактабга диққатини жамлай олишларини айтишади. Австралиялик тадқиқотчиларнинг қайд этишича, форма кийган ўқувчиларда интизом ва ўқув фаолияти яхшиланган. Бироқ, барча тадқиқотлар форма баҳоларни яхшилашини англатмайди. Тадқиқотлар орасида мактаб формаси муваффақиятга салбий таъсир кўрсатиши аниқланган ҳолатлар ҳам бўлган.

Мактаб психологи нима дейди?

Таълим муассасасида жорий қилинаётган форманинг ўқувчилар онгига таъсири, ота-оналарнинг фикрини ўрганиш мактаб психологларининг вазифаларидан бири. Айниқса, бир хил формада бўлишнинг улар руҳияти, таълим жараёнига қандай таъсир қилишини билиш жуда муҳим.

– Аниқ айта оламанки бир хил форма мактабда тенгликни юзага келтиради, бой ва камбағалга ажратиш, кийимига қараб муомала қилиш кабилардан йироқлаштиради, – дейди мактаб психологи Умирзоқ АЗИЗОВ. – Аслида турлича кийиниш кўпроқ ижтимоий ҳолати яхши бўлмаган болаларга кучлироқ таъсир қилади, бош­қалардан яккаланишига сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда аламзадалик сабабли безорилик йўлига ўтишади ва ўз норозилигини шу тариқа кўрсатмоқчи бўлади. Очиғи, мактабларда ягона форма кийилиши ҳақида хабар фарзандлари турлича ки­йим олиб бергани учун хархаша қиладиган ота-­оналарни қувонтирди. Тенглик бўлишига ишончни эса оширди. Нима бўлганда ҳам бунга ижобий ёндашиш тарафдоримиз. Зеро гап фарзандларимиз руҳияти ҳақида кетмоқда.

Президент мактаби ўз формасида қолади

Бу борада ўрганишда давом этар эканмиз хаёлимизга Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар келди. Қизиқ, президент мактаби, ижод ва ихтисослашган мактабларда ҳам ушбу янги форма жорий қилинадими?

Бу саволимизга агентликнинг матбуот хизмат раҳбари Дилфуза Собирова «Агентлик тизимидаги мактабларнинг ўз формаси бор ва янги жорий қилинаётган форма билан алмаштирилмайди», дея жавоб қилди. Яъни бу агентлик тизимига кирувчи мактабларга таъсир қилмас экан.

Масалан, Хитойда мактаб формаси ҳар бир мактабнинг ўз танловидан келиб чиқиб яратилади ва махсус эмблемасига ҳам эга бўлади. Шунингдек, кичик ёшдаги ўқувчилар билан боғлик йўл транспорт ходисаларининг олдини олиш учун сариқ рангли кепкалар кийишади.

Бу уларнинг ўқувчи эканлиги, йўлларда уларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, эҳтиёткор бўлиш лозимлигини англатади.

Жанубий Кореяда ҳам мактаблар формаси турлича бўлиб, бу уларнинг статусини белгилайди. Гарчи форма бир хил бўлса-да, матосининг сифати, тикилиш услуби жиҳатидан фарқланиб, нархи ҳам шунга яраша бўлади. Аслида табақаланишнинг олдини олиши керак бўлган форма, мактаб­лар статусига қараб гўёки табақаланган. Машҳур мактабларда асосан бойларнинг фарзандлари ўқийди, аммо ижтимоий ёрдам сифатида оддий оилаларнинг ақлли фарзандлари ҳам мактабга қабул қилинади. Бироқ формасининг ниҳоятда қимматлиги уларда турли қийинчиликлар юзага келишига сабаб бўлади.




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔10

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔71

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 10    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 71    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 78    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 103    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар