Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ёзги таътил бошланди: Оромгоҳ орзусидаги болалар

Болалигимда барча болалар каби оромгоҳга боришни, китобларда тасвирланганидек саргузаштларни бошдан кечиришни орзу қилганман.

Ёзги таътил бошланди:  Оромгоҳ  орзусидаги  болалар

Аммо аъло баҳоларга ўқисам-да бу орзуларим армонга айланган. Чунки менинг ўқувчилик даврим айни мус­тақиллигимизнинг илк йилларига тўғри келиб, бу пайтда лагер тугул, мактабни таъмирлаш ҳам катта муаммога айланган эди. Афсуски, йиллар ўтиб ҳамки мактаб ўқувчиларининг аксарият қисми учун оромгоҳларда ҳордиқ чиқариш армон бўлиб қолмоқда.

Атиги 5 фоиз ҳам эмас...

Давлат Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020-2021 ўқув йили бошига республикамиздаги умумтаълим муассасаларида жами 6 млн. 287 минг нафардан зиёд ўқувчилар таълим олади. Жами ўқувчиларнинг 3 млн. 235 минг нафари (51,4 %)ни ўғил болалар ва 3 млн. 52 минг нафари (48,6 %)ни эса қиз болалар ташкил қилади. Аммо афсуски айни вақтда бошланган ёз мавсумида ана шу 6 млн.дан ошиқ ўқувчиларнинг бор-йўғи 297 мингдан кўпроғини оромгоҳларга жалб этиши режалаштирилган.

– Болаларни ёзги оромгоҳларда дам олдириш тадбирларига 100 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган, – дейди Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова. – Жумладан, 1131 та оромгоҳ билан 297 мингдан ортиқ болаларни қамраб олиш режалаштирилган. Қолаверса, беш ташаббус доирасида ўтказиладиган тадбирларга 1,2 млн.дан ортиқ ўқувчи жалб этилади.

Вазирлик мутасаддисининг сўзларига кўра, болаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш учун Халқ таълими вазирлиги ҳузурида «Ёз-2022» штаби ташкил этилган. Жами 4683 нафар педагог кадрлар 205 та стационар оромгоҳларда болалар билан ишлаши учун махсус ўқув дастурлари асосида ўқитилган.

2022 йил 8 июнь ҳолатига 533 та таълим муассасасида соғломлаштириш майдончалари ташкил этилгани ва уларда 47 минг 840 нафар бола дам олаётгани қўшимча қилинмоқда. Бундай майдончаларнинг ташкил этилгани болаларнинг таътил давомида умуман ҳеч қаерга бормаслигидан яхшироқ албатта.

Аммо йил бўйи қатнаган мактабига ёзда ҳам бориш бола учун унчалик ҳам қизиқарли бўлмаса керак.

Қолаверса, тоғ ён бағирлари, баҳаво жойларда ташкил қилинган оромгоҳлар болалар саломатлигини тиклаш ва уларнинг соғлом бўлишида ҳам катта аҳамият касб этади. Ўзи шундоқ ҳам диққинафас шаҳарда, ифлосланган ҳаводан нафас олиб ўсаётган бола афсуски оромгоҳга бориб дам олишга ҳам имкон тополмайди. Чунки юртимиздаги оромгоҳлар ўқувчиларнинг бор-йўғи 5 фоизга яқин қисмини қамраб ололади холос.

Жорий йил ёз мавсумида соғломлаштириш майдончаларида ўқувчиларнинг ёзги таътилини мароқли ташкил этиш учун:

– 5278 нафар меҳнат таътилида бўлмаган педагог ва ходимлар жалб қилинган. Уларда турли ривожлантирувчи компьютер ўйинлари, тасвирий санъат, ментал арифметика каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди;

– кинозаллар ташкил этилиб, болаларга мўлжалланган энг қизиқарли кино ва мульт­фильмлар намойиш этилмоқда;

– бешта муҳим ташаббус доирасида кўрик-танлов, фестиваль ва тадбирлар ўтказилмоқда;

– болалар учун сунъий сузиш ҳавзалари ҳам ташкил этилган.

Бундан ташқари ёз мавсумида бешта муҳим ташаббус доирасида 20 дан ортиқ кўрик-танлов, фестиваль ва спорт мусобақалари ўтказилиб, уларга 1,2 млн. нафардан ортиқ ўқувчи жалб этилар экан. Аммо бу кўрик-танловлар билан бирга болаларнинг тоза ҳавода, табиат қўйнида бўлиши ҳам таъминланса нур устига аъло нур бўларди. Бироқ юртимиздаги қолган 95 фоиз мактаб ёшидаги болалар оромгоҳларда мароқли ҳордиқ чиқаришдан мосуволигича қолмоқда.

Оромгоҳларнинг ўқувчига қандай фойдаси бор?

Барча ота-оналар ҳам фарзандларининг ҳар томонлама соғлом, маънан бой, жисмонан бақувват бўлиб вояга етишини истайди. Аммо ҳар йили ёзги таътил яқинлашиши билан уларнинг аксариятини фарзандининг вақтини қандай қилиб самарали режалаштириш мумкинлиги ташвишга сола бошлайди. Агар телевизор ва компьютер болаларнинг кўп вақтини эгалласа ва ота-оналар иш билан банд бўлса, бундан ачинарли аҳволни тасаввур қилиш қийин. Болалар оромгоҳи эса бу вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўлидир.

Уйда болаларнинг кундалик режимини бошқариш осон эмас. Оромгоҳда эса бир қанча қоидалар мавжуд: маълум бир вақтда туриш, бадантарбия қилиш, тўшакни тозалаш, ўқитувчилар назорати остида сув муолажаларини ўтказиш... Бундай қатъий кун тартибига риоя қилиш болаларда интизом ва масъулиятни шакллантиради ва улар ўз вақтидан оқилона фойдаланишни ўрганадилар.

Болалар оромгоҳида бола доимий равишда жамоада бўлади, бу унинг мулоқот қобилиятини ривожлантиришга ижобий таъсир қилади. Болалар дўстликни қадрлашни, бир-бири билан мулоқот қилишни, муаммога дуч келган дўстини қутқаришни, катталарни ҳурмат қилишни ўрганадилар. Жамоа баҳсларсиз бўлиши мумкин эмас ва болалар қандай қилиб тўғри ечим топишни билишлари керак. Можароли вазият болага муросага келишни ва бошқаларнинг танқидига муносиб жавоб беришни ўрганишга имкон беради. Оромгоҳларда олинган жамиятга мослашиш қобилияти боланинг келажакдаги ҳаёти учун муҳимдир.

Аксарият болалар оромгоҳлари шаҳарлардан узоқда, денгиз, кўллар, дарёлар яқинида ёки шунчаки ўрмонли ҳудудда жойлашган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бундай муҳит боланинг жисмоний ривож­ланишига ёрдам беради. Пиёда юриш, узоқ масофага сайр, очиқ ўйинлар болалар саломатлигига фойдали таъсир кўрсатади. Соғлиқни сақлаш муассасалари спорт майдончалари, заллар билан жиҳозланган бўлади. Спорт тадбирлари ёш авлодда рақобат руҳи, ирода, ғалабага интилиш, шунингдек, жамоада ўзаро муносабат ўрнатиш қобилия­тини тарбиялайди.

Педагоглар спорт билан бир қаторда ўз тарбияланувчилари шахсининг маънавий камолотига ҳам эътибор беришади. Оромгоҳда бола ижод билан ҳам шуғулланади: рақсга тушиш, қўшиқ айтиш, расм чизиш. Қўл санъати ва моделлаштириш болаларни атрофдаги дунёнинг уйғунлигини тушунишга ўргатади. Ташкил этилаётган концертлар, илмий-оммабоп ва бадиий фильмлар намойиши болалар дунёқарашини кенгайтиради.

Ёзги таътилнинг бир босқичини бўлса ҳам оромгоҳда ўтказган бола янада мус­тақил ва ўзига ишонадиган бўлади. У ота-она қарамоғисиз, уйдан узоқда яшашни ўрганади.

Таътилни мароқли ўтказишнинг бошқа йўллари

Начора, оромгоҳларимизда бутун мамлакатимизда таълим олувчи ўқувчиларнинг бор-йўғи 5 фоизга яқинини дам олдиришга имкон бор экан. Хўш унда қолган 95 фоиз ўқувчининг ёзги таътилдаги вақтини унумли ўтказиш учун нима қилиш керак? Бунда яна ота-онага масъулият юки тушади. Тажрибали педагог ва психологлар берадиган мана бу маслаҳатларга амал қилишга ҳамманинг ҳуши бўлса-да, имконияти бўлмаслиги мумкин. Аммо орзуга айб йўқ деганларидек...

Агар сиз фарзандингизнинг оромгоҳга боришини таъминлаб бера олмаган бўлсангиз, унда қуйидаги маслаҳатларга имкон борича амал қилишга ҳаракат қилиб кўринг:

 Саёҳат. Денгиз, тоғлар ва қишлоқ – бу янги таассуротлар ва жой алмаштиришдир;

 Қариндошлар билан мулоқот. Масалан, биргаликда кечки овқат уюштириш, байрам ва турли тадбирлар, меҳмонга бориш;

 Табиат қўйнига чиқиш. Пикниклар, табиат қўйнида тунаб қолиш, дарёда чўмилиш ва велосипедда сайр қилиш;

 Болалар билан ижодий ишлар ва китоб мутолааси;

 Ижодий ишлар кўргазмасини ташкил этиш. Бунга фарзандингиз дўстларини ва уларнинг ижодий ишларини ҳам жалб қилишингиз мумкин;

 Ошхонада бирга мевали пирог, уй шароитида музқаймоқ, сутли коктейллар тайёрлаш;

 Қишга турли мевалардан мурабболарни биргаликда тайёрланг;

 Чодирлар болангиз қалбини тезда забт этади. Уларни қўл остингизда бор материаллардан кўчада, уйда ёки дала ҳовлида қуриш мумкин;

 Суратга тушиш. Ёздаги ҳис-туйғуларни суратларга муҳрланг. Бунинг учун алоҳида альбом тутишингиз мумкин;

 Фарзандингизга ўз таассуротлари, орзу ва режаларини ёзиб бориш мумкин бўлган кундалик тутишни таклиф қилинг.

Албатта, бу маслаҳатларнинг барига амал қилиш бирмунча мушкул. Чунки тирикчилик ғамида ҳатто бош қашлашга вақт тополмайдиган, имконсиз ота-оналар ҳам орамизда кўп. Аммо боланинг болалик гаштини суришига бироз шароит яратиб берайлик. Уни ҳам мурғак давридан бозорга, пул топишга, аравакашликка тайёрламайлик. Келинг, қўлимиздан келганча уларга илм берайлик. Тўғри у катта олим бўлиш даражасидаги қобилиятли эмасдир, лекин илм олса, изланса, ҳеч бўлмаса ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган инсон бўлиб улғайиши аниқ.

Хулоса ўрнида

Баъзан фарзандларимиз учун вақт ажратишга қийналамиз ва буни кейинга сурамиз. Бироқ ҳозир ва бугун яшаш кераклигини унутмаслигимиз лозим. Шундагина фарзандларимизнинг ёдида биз билан боғлиқ ёрқин хотиралар қолишига эриша оламиз ва аниқки бу анъанага айланиб авлодлар оша давом этишига замин яратган бўламиз.

Болалар билан ёзни мароқли ва унутилмас ўтказиш имкониятини қўлдан чиқарманг! Зеро, ҳеч нарса қилмагандан кўра ҳаракатда бўлган яхши. Бироқ оромгоҳлар масаласи бу билан ёпилмайди. Мамлакатимиздаги мактаб ёшидаги болаларнинг ҳеч бўлмаганда 50 фоизи оромгоҳларда ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлиши керак. Бунинг учун инвестиция жалб қилинадими, хусусий секторга урғу бериладими фарқи йўқ. Юрт келажагидан хотиржам бўлишимиз учун таълим сифатига, шу билан бирга фарзандларимизнинг таътилни муносиб ўтказишларига ҳам эътибор қаратишимиз шарт.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔10

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔71

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 10    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 71    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 78    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 103    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар