Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилингани ортидан ижтимоий тармоқлар ва умуман халқ орасида турли эътирозлар келиб чиқмоқда.
Ушбу лойиҳа ташаббускорлари Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Энергетика вазирликлари ҳисобланади.
Таъкидланишича, лойиҳани ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий мезон қилиб олинган. Аммо айнан шу қатламнинг ушбу белгиланган нормалардан зарар кўриши мумкинлиги айтилмоқда.
Лимит учун мезон қаердан олинган?
Қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб республика бўйича нархлар ижтимоий норма асосида белгиланади, яъни белгиланган миқдордан кўпроқ ишлатилган газ ва электр учун икки ва ундан кўпроқ миқдорда тўлов амалга оширилади.
Электр энергияси учун қуйидаги тартибда тарифлар жорий этилиши кўзда тутилган.
Аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, ундан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Аммо хомаки ҳисоб-китобларнинг ўзидаёқ аҳоли томонидан электр энергияси истеъмоли ёзда кондиционерлар, қишда электр билан ишлайдиган иситиш мосламалари ҳисобига ҳар қанақасига белгиланган лимитдан ошиб кетади.
Мисол учун, таклиф этилаётган табақалаштирилган нархларда 250 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгачани, 300 кВт соатгача ишлатадиган абонентлар учун 25 минг сўмгачани ва 400 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса 61 минг сўмгачани ташкил этади.
Шунингдек, 1 кВт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм, бошқа юридик шахслар учун – 600 сўм этиб белгиланади.
Электр печ ва кондиоционер ишлатмайдиган қатлам
Назаримда Энергетика вазирлигида ишлаётганлар электр печ ишлатмайди. Чунки қаҳратон қишда улар иссиқ, ҳатто жуда иссиқ хоналарида ташқаридаги совуқни сезмай маза қилиб ўтирган бўлишади. Бу фикрнинг мавзуга нима алоқаси бор дейсизми? Энергетика вазирлиги томонидан бир ойда электр жиҳозлар томонидан қанча электр истеъмол қилинишини ифодаловчи жадвалда айнан аҳоли орасида кенг фойдаланиладиган электр билан ишлайдиган истиш мосламалари ва кондиционер келтирилмаган. Албатта, келтирилмайдида. Агар улар қўшиладиган бўлса истеъмол қилинадиган электр энергияси аниқ 250 кВт лимитдан ошиб кетади. Қолаверса, битта кондиционер бир ойда ўртача 300-350 кВт энергия сарф қилади. Қишда электр иситиш мосламасидан фойдаланганда ҳам ҳудди шунча энергия сарфланади.
Вазирлик қуйидаги 11 турдаги электр жиҳозлари бир ойда 180 кВтсоат электр энергия истеъмол қилади, дея таъкидлаган ва уларнинг рўйхатини келтирган: 1 та телевизор, 1 та музлаткич, 1 та дазмол, 1 та электр чойнак, 1 та микротўлқинли печ, 1 та кир ювиш машинаси, 1 та сув иситиш бойлери (аристон) ва 7 та лампочка 15Wt, 1 та чангютгич, 1 та компьютер – бир ойда 180,67 кВтсоат электр энергия истеъмол қилар экан.
Таъкидланишича, айрим хонадонларда бу миқдор камроқ бўлиши ҳам мумкин (аммо ҳар қанақасига ҳисобласак ҳам кам чиқаролмадик).
«Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, айрим хонадонларда ушбу кўрсатилган айрим электр жиҳозлар ишлатилмаслигини ёки жуда кам ишлатилишини ҳисобга олсак, ойлик истеъмол ҳажми яна ҳам камаяди», дейилади вазирлик берган хабарда.
Жамоатчилик нима дейди?
Расул КУШЕРБАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
«Нега айнан 250? Электр энергиясига ижтимоий норма, яъни 250 кВт лимит ажратиш, ундан ортиғига жуда қиммат нарх жорий этиш ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда.
Аҳолининг маиший техникаларни ишлатишга эҳтиёжи кун сайин ортиб бораётган бир вақтда нима учун айнан 250 кВт танланмоқда.
Афсуски кам энергия сарф қиладиган жиҳозлар анча қиммат бўлгани сабабли аҳолининг барча қатлами ҳам кам қувватли ускуналарни ҳарид қила олмайди. Ё ҳамма бирдан бойиб қолдими? Назаримизда аҳолининг ҳарид қобилияти ва реал даромадини инобатга олмаган ҳолда белгиланиши кутилаётган бундай ижтимоий норма кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлади.
Хуллас, агар нон ортидан 250 кВт ижтимоий норма белгиланиб, ундан ортиғига отнинг калласидек нарх белгиланадиган бўлса бу тасаввур қилиб бўлмас салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Таклиф бераётганлар шунга тайёр туришсин.
Отабек БАКИРОВ, иқтисодчи:
«Энергетика ислоҳоти анонсидан кейин ўзаро суҳбатларда, жонли мулоқотлар ва тармоқларда лойиҳа бўйича турли кўринишда савол ва эътироз билдираётганлар анча кўпайди. Бу жуда яхши. Демак, одамларимиз бўлажак ўзгаришларни ўзининг ҳаётида, танасида, кун тартибида қандай акс этиши ҳақида ўйлашмоқда, улар бефарқ эмас.
Аммо свет ва газ йўқлигидан ҳар доим жабр кўриб келган, арзон электр ва арзон газдан ҳеч қачон баҳраманд бўлмаган, айниқса қишнинг қировли кунларида 3-6 соатлик электр ўчишларига рўпара қилинган қатлам бор. Айнан мана шу қатламнинг эътирозлари ва таклифлари билан кўпроқ ишлаш керак, деб ҳисоблайман.
Чунки якунда ислоҳотлардан шулар кўпроқ ютиши керак. Шунда ислоҳотларнинг инклюзивлиги янада ортади. Масалан, битта ҳовлида 3-4 оила, 20-25 та одам яшайди, қишлоқ туманларда шундай оилалар етарли. Улар учун ягона 250 киловатт электр ёки 200/700 куб газ ижтимоий нормаси берилиши адолат посангисини унча тўғри ушламайди. Бу тоифа бўйича, масалан Грузия ва Украинада кўрганим – агар истеъмолчилар ўзларининг автономлигини исботлай олишса, ҳар бир оила учун алоҳида истеъмолчи сифатида рўйхатга олиш ва ҳар бири алоҳида ижтимоий нормага эга бўлиши мумкин. Шунингдек, қишлоқ туманларда, доимий газ таъминоти мавжуд бўлган аҳоли тоифалари учун ҳам компромисс вариантлар керак. Тасаввур қилинг, ҳам газ, ҳам электр таъминотига эга истеъмолчилар учун 250 киловатт электр, 200/700 куб газ ижтимоий нормаси мавжуд. Фақат электр таъминотига эга қатлам учун эса ижтимоий нормадан баҳрамандлик электр билан чекланади. Қолаверса, айни шу тоифа қиш мавсумида иситиш учун ҳам электрдан фойдаланади. Нима бўлгандаям, қишлоқ туманларида фақат электр таъминотига эга қатлам учун қишки мавсумда (октябрь-март) ижтимоий нормани ошириш ҳақида ўйлаб кўриш керак. Майли бу ёз мавсумидаги нормани бироз қисқартириш ҳисобига бўлсин. Бу бўйича балки жойига чиқиб, газ таъминоти мавжуд бўлмаган қишлоқ туманларида ўрганишлар ўтказилар».
Хулоса ўрнида
Газ ва электр энергияси нархларининг оширилиши эҳтимол бозор иқтисодиёти талабларидан бири бўлиши мумкин. Балки ростдан ҳам нархларнинг либераллаштирилиши яхши ўзгаришларга олиб келар. Бироқ аҳоли асосий қатламининг ойлик ўртача даромадини аниқ ҳисоблаб чиқмасдан ва бошқа ривожланган мамлакатларга солиштириб нарх белгилаш тўғри эмас. Бу икки ресурс нархининг оширилиши ортидан у билан боғлиқ бўлган барча соҳаларда нархлар ошиши юз беради (аллақачон ошиб ҳам бўлгандир). Бу эса инсон қадри улуғланаётган юртимизда катта норозиликларга сабаб бўлиши мумкинлиги бизни хавотирга солади.
Саида ИБОДИНОВА