Бугун дунё бўйича чиқиндилар муаммосининг асосий ечими уларни хавфсиз ҳолда қайта ишлаш экани мутахассислар томонидан таъкидланмоқда.
Мамлакатимизда ҳам экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларида чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш, хусусан уларни сифатли қайта ишлаш тизимларини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, маиший чиқиндиларни қайта ишлашда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий этиш долзарб аҳамиятга эга.
Германия, Белгия, Япония, Голландия, Швеция каби мамлакатларда 60-65 фоиз маиший чиқинди қайта ишланади. Чиқиндиларнинг 20-25 фоизидан энергия олиниши натижасида қанча-қанча ер ресурслари тежалмоқда, иқтисодий самарадорликка эришилмоқда, муҳими, чиқиндиларнинг атроф муҳитга салбий таъсири камаймоқда.
Жорий йилда мамлакатимизнинг 9 та шаҳрида чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш кластерларини ишга тушириш мақсад қилинган. Бу борада Сурхондарёда ташкил этилган кластер фаолияти эса намуна бўлмоқда. Бундан ташқари давлат раҳбари томонидан Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида амалга ошириладиган чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари бўйича инвесторлар билан битимлар имзолаш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва молиялаштириш юзасидан «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнига чет эл инвестицияларини жалб этиш масаласига катта эътибор берилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Экологик партияси ҳудудий кенгашлари ҳам ўз ташаббуслари билан фаол иштирок этаётгани эътиборга моликдир.
Жиззах вилоятида қиймати 400 минг АҚШ долларига яқин инвестиция киритилади ҳамда йилига 25 минг тонна чиқиндини қайта ишлайдиган корхона қурилади. Бунинг учун «Semak» («Semak Equipments and Technology» МЧЖ) компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Айни пайтда мазкур йирик ҳажмга эга лойиҳа бўйича Жиззахда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда.
Айтиш лозимки, вилоятда маиший чиқиндиларни саралаб, қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи 23 та корхона ва тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, улар ёрдамида чиқиндилардан хом ашё олинмода. Ушбу корхоналарнинг 11 таси пластмасса, 2 таси қора метал парчалари, 4 таси шиша ва 6 таси қоғоз-картонларни йиғиш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланиб, бундай турдаги чиқиндиларнинг полигонларда жой эгаллаши олди олинмоқда.
Гарчи вилоятдаги барча чиқиндиларни йўқ қилиш, улардан тўлиқ фойдаланиш имкони бўлмаса-да, биз тилга олган 23 та корхона ва тадбиркорлик субъектлари йилига жами 250 минг 381 тонна қайта ишлаш қуввати билан фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, улар томонидан 2021 йилнинг ўзида жами 57 минг 988 тонна чиқиндилар сараланиб иккиламчи хом ашё ишлаб чиқарилган. Шундан 5 минг тоннадан зиёди пластмасса, 4 540 тоннаси қоғоз-картон, 3 349 тоннаси шиша ва яна 45 минг тонна қора металл парчалари қайта ишлаш йўли билан яроқли маҳсулотга айлантрилди. Бу ўз навбатида вилоятнинг чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 31,1 фоизга етишига хизмат қилади. Қувонарлиси, бу кўрсаткич ўсиб бормоқда.
Жиззах шаҳридаги 2014 йилда ташкил этилган қоғоз чиқиндилари қайта ишловчи корхона ана шундай мақсадларга хизмат қилиб, ҳам чиқиндилардан ҳалос бўлиш, ҳам фойда олиш билан шуғулланиб келмоқда. Ундаги ускуна Хитойдан келтирилган бўлиб, линия 6 босқич асосида фаолият кўрсатади. Ана шу босқичлардан ўтган хом ашё тайёр картон-қоғозга айланади. Тайёр маҳсулот эса картон қути тайёрланадиган тадбиркорларга етказиб берилмоқда. Келажакда корхона ўз фаолиятини кенгайтириб, картон қутилар тайёрлашни ҳам мақсад қилиб қўйган. Бу эса янада кенгроқ фаолият, иш ўрни ва даромад деганидир.
Афсуски чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйган сари аҳолининг маиший чиқиндилари ҳажми ортиб бораётгандек. Биргина Мирзачўл тумани қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонини олайлик. Унинг умумий майдони 10 гектар, «Мирзадала» МФЙ ҳудудида жойлашган, туман марказидан 2 км узоқликда бўлиб, атрофи 680 метр девор билан ўралган. У ерда электрон тарози мавжуд ва ҳар гал келтирилган чиқиндилар оғирлиги ўлчанади ва полигондаги умумий чиқинди ҳажми назорат қилиб борилади. Бу ерга кунига 32 тонна, йилига эса 10 минг 24 тонна чиқинди ташиб келтирилмоқда. Ҳозирги кунда туман чиқинди полигонида тўпланган чиқиндиларнинг миқдори 62 минг 419 тоннадан ошган. Бу ерда «Тоза ҳудуд» ДУКга тегишли 3 та автоағдаргич, 1 та юклагич ва 1 та бульдозер ёрдамида чиқиндиларни кўмиш ишлари олиб борилмоқда.
Кўриниб турибдики полигонлар фаолияти доимий назоратга олинган ва имкон қадар чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан хом ашё сифатида фойдаланиш ва қайта ишланган маҳсулот олиш бўйича амалий ишлар кўлами кенгаймоқда. Бу эса аввало, аҳоли саломатлиги, қолаверса атроф муҳит тозалигини асрашга ёрдам беради.
Бобур МАМАДИЁРОВ,
Экопартия Жиззах вилоят кенгаши
Ёшлар, аёллар ва ОАВ билан ишлаш бўйича
бош мутахассиси
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔10
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔71
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил