ёхуд дон ва уннинг тобора ошиб бораётгани сабаби нима?
Ун ва ун маҳсулотлари халқимиз озиқ-овқат истеъмолида алоҳида ўрин тутади. Чунки нон дастурхонимизнинг бош неъмати, халқимиз таомномасининг муҳим қисми ҳисобланади. Нон қадри азалдан халқимиз тийнатига сингиб кетган. Буларнинг барчаси аҳолимизнинг нонга бўлган талаби юқори эканидан далолатдир. Бир сўз билан айтганда ўзбек дастурхонини нонсиз тасаввур қила олмайди.
Афсуски сўнгги бир ой ичида ун ва ноннинг нархида сезиларли даражада ўсиш кузатилди. Ҳатто буни дон маҳсулотларида ҳам кўриш мумкин. Масалан, бозорда 200 минг сўм атрофи сотилган бир қоп ун, бирданига 300-350 минг сўмга кўтарилди, тандир нон нархи ҳам 500 сўмдан 1000 сўмгача қимматлади. Ўз навбатида бу халқнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Хўш, нима учун ун маҳсулотлари нархи ошмоқда?
Сабаб дунёдаги нотинчликми?
Мутасаддилар дунё миқёсида озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар, айрим мамлакатлар ўртасидаги зиддиятларни бунга асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда.
– Россия ва Украина ўртасидаги вужудга келган уруш ҳолати, Россияга қарши қўлланилаётган санкциялар фонида дунё биржа майдонида ғалланинг нархи тарихда кузатилмаган даражада юқори кўтарилишига олиб келди, – дейди Молия вазирлиги департаменти мудири Тўлқин МИРЗАЕВ. – Дунё биржасидаги ғалла нархининг кескин кўтарилиши табиийки юртимиздаги нарх-навога ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Гарчи асосий ғаллани Қозоғистондан харид қилсак-да, Қозоғистонда ҳам экспортга қўйилган чекловлар бозорларимизда ун нархининг ошишига олиб келди.
Бугунги кунда Сариағаш темирйўл станциясида бир тонна III-синф буғдойнинг нархи 396-410 доллар (ўртача 400 доллар, ҚҚСсиз)ни ташкил этмоқда ёки март ойи бошидаги (300 АҚШ доллари/тонна) нархларга нисбатан 33 фоизга ўсиш кузатилган. Шунингдек, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши ҳам нархлар ўсишининг асосий омили ҳисобланмоқда. Россияга нисбатан киритилган иқтисодий санкциялар фонида жаҳон бозорида нефть нархининг ҳам кўтарилиши содир бўлмоқда. Бу ўз навбатида транспорт харажатларининг ортишига ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилишига сабаб бўлади.
Мутасаддилар мазкур салбий вазиятларнинг олдини олиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилаётгани, ошган ун нархи ички омиллар ҳисобига эмас, фақат ташқи бозордаги ўзгаришларга боғлиқ равишда содир бўлаётганини таъкидламоқда. Бироқ аҳолини нархларнинг яна ўсиши мумкинлиги хавотирга солмоқда. Нарх ўсиши қачонгача давом этади, деган саволга эса ҳамон аниқ жавоб йўқ.
Ягона таскин берадиган жиҳат, мамлакатимизда ун ва нон нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўриб борилиши маълум қилинмоқда.
Селлар ҳосилга зарар етказдими?
Шу ўринда савол туғилади, ғалла йиғим-терим мавсумининг бошланиши билан дон ва ун нархини пасайтиришга эришиш мумкинми?
– Жорий йилда республикамиз бўйлаб 1 миллион 32 минг гектар майдонда замонавий техникалардан фойдаланган ҳолда ғалла етиштирилмоқда, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат МИРЗАЕВ. – Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ғалла ўрими бошланди. Мамлакат бўйича кутилаётган ҳосил миқдори эса қарийб 8 миллион тоннани ташкил этади. Ғалла йиғим-теримининг бошланиши эса юртимизда ун маҳсулотлари ва унга бўлган талабни қондиришдан келиб чиқиб, маълум маънода тушиши эҳтимоли бор. Бозорда таклиф етарли даражада кўпайса нархлар табиий равишда пасаяди.
Дарҳақиқат, жорий йилда 8 миллион тонна кутилаётган ғалла ҳосили бу тахминий ҳисоб-китоблар албатта.
Аммо бунча миқдорда ҳосилни етиштириш учун яхши агротехник тадбирлар ўтказилиши, етарли даражада суғориш тизими ва қулай иқлим шароитининг мавжуд бўлиши талаб этилади. Афсуски сўнгги вақтларда кузатилаётган ноқулай об-ҳаво, жумладан тез-тез ёмғир ёғиши, кучли шамол, сел келиши каби ҳолатлар айрим ҳудудларда экинларга жиддий зарар етказмоқда.
Бу кутилаётган ҳосил прогнозларида қанчалик инобатга олинган?
Бозор механизми – фермер манфаати
Ушбу саволимизга Шуҳрат Мирзаев «Табиий иқлим шароитлари асосида етказиладиган зарар миқдори тегишли мутахассислар томонидан ҳали яна ҳисоблаб чиқилади. Сўнгра етказилган зарарнинг бир қисми суғурта ҳисобидан фермерга қоплаб берилади. Жойлардан дастлабки олинган маълумотларга кўра, об-ҳавода кузатилаётган ноқулайликлар ғаллага сезиларли даражада зиён етказмаган. Қисман етган зарар эса албатта қоплаб берилади», дея жавоб берди.
Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини жорий этиш орқали ғаллага нарх белгилаш, ғалла нархларини эркинлаштириш юзасидан сўнгги беш йил ичида кўплаб самарали ишлар амалга оширилди. Ғаллага давлат томонидан нарх белгилашнинг босқичма-босқич бекор қилиниши, давлат буюртмаси учун ғалла қабул қилиш босқичма-босқич бекор қилиниши сари ҳаракатлар давом этмоқда. Нархни эркин қўйиш натижасида эса бугун иккита йўналишда бозор механизмлари яхши ривожланмоқда. Булар – фермерлар ва кластерлар манфаатдорлигининг ошиб бориши, натижада қишлоқ хўжалигида замонавий техника асосида ишлов беришга қизиқиш кучайиши. Қолаверса, илгари мавжуд бўлган 43 та донни қайта ишловчи корхоналар тубдан ислоҳ этилиб, бугунги кунда 160 дан ортиқ ғаллани қайта ишловчи хусусий секторлар кириб келишига эришилди. Бу соҳада рақобатбардошлик пайдо бўлишига хизмати қилади.
Фермер ғаллани биржада сотадими?
Бу йил бир тонна буғдойнинг минимал нархи 3 миллион сўм қилиб белгиланди. Берилган маълумотларга кўра, етиштирилиши кутилаётган 8 миллион тонна ғалла ҳосилидан 2,5 миллион тоннаси давлат буюртмаси учун харид қилинади. Биз юқорида тилга олган давлат буюртмаси учун хариддан ҳам бирданига воз кечиб бўлмайди. Бу жараён аста-секинлик билан, маълум режа асосида амалга оширилади.
Шундай қилиб, бу йилги хариднинг 1 миллион 700 минг тоннасини Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги жамғармаси амалга оширади. Қолган 500 минг тоннаси эса фермерлар ва кластерлар томонидан сақлаб туриш шарти билан топширилади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича бу борада график ишлаб чиқилган бўлиб, сақлаб туришга берилган буғдой ёз ойларида биржада сотилади. Эндиликда савдони фермер ва кластерларнинг ўзи амалга ошириши айтилмоқда.
Давлат томонидан бу жараёнда ёрдам кўрсатилади албатта. Жамғарма харид қилган буғдой ҳам биржага олиб чиқиб сотилиши айтиляпти. Агарда биржада шаклланган нарх давлат учун қилинган харид нархидан юқори бўлса, олинган фойда фермерларга қўшимча равишда тўлаб берилар экан. Бу эса бозор механизмига ўтиш маҳсулотни етиштирувчилар фойдасига хизмат қилишини англатади.
Юридик ёрдам кафолати
Шу ўринда савол пайдо бўлади, бугун фермерларимиз биржада ўз маҳсулотини сотишга тайёрми? Уларнинг бу борада билим ва кўникмалари, тушунчалари етарлими?
– Республика фермерлар кенгашида бу борада ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, асосий вазифалар белгилаб олинди, – дейди Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Зафар МУСТАФАҚУЛОВ. – Ғаллани йиғиб олганда ички ва ташқи ташиш харажатларини фермерлар зиммасига юкламаслик чоралари кўрилмоқда. Ҳосил сотувини ташкил этишда эса бухгалтерия марказларимиз томонидан кўмак берилади. Биржа савдосига олиб чиқиш билан боғлиқ шартномалар, ҳужжатлар ва ҳисоб-китоб жараёнига ҳам ҳуқуқий томондан ёрдам кўрсатилади. Бу жараёнда тўловларни амалга оширишда дуч келинадиган муаммолар, тўлаб бермаслик ҳолатлари олди олинади ва агар бирор фермерга харид тўлови тўлаб берилмаса, уни ундириш бўйича ҳам қонуний жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатилади.
Биржа «ўйин»лари
Олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами чиндан ҳам кенг. Бироқ бундан ўз манфаати йўлида фойдаланишга интиладиган, бойишни кўзлайдиган «учар», «ишбилармон»лар фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиши аниқ. Маълумки, дунё биржа бозорида нархлар мунтазам ўзгариб туради. Шу маънода, биз ташкил қилаётган биржа савдосида ҳам айрим кишилар кўпроқ харид қилиш ва ўзида сақлаб туриш йўли билан нархларни сунъий оширишга интилиши аниқ. Бу эса халқнинг зарари ва бир-икки кишинигина фойдасига хизмат қилади. Сунъий нарх оширилиши ортида кимлардир миллионларга эга бўлади. Халқ эса очлик, йўқчилик, камбағаллик азобини тортаверади.
Молия вазирлиги департаменти мудири Тўлқин Мирзаевнинг айтишича, ўтган йилги биржада ана шундай ҳолатлар аниқланган, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган. Шунингдек, бу йилга биржа савдосида ғалла фақатгина нон маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркорларгагина сотилиши таъминланиши айтилмоқда. Мутасадди бу йўл билан ўртакашлик қилиб, нархларни ошириш ва фойда кўришга интилишларнинг олди олинишини таъкидлади. Ҳар не бўлганда ҳам бунинг ортида 35 миллиондан ортиқ юртимиз аҳолисининг эртаси турганини унутмаслик лозим. Шусиз ҳам нархлардаги ўзгаришлар кўпчиликни ташвишга солмоқда, яна кўплар тез орада ғалла йиғими ортидан бу ўсиш ўрнини пасайиш эгаллашига умид боғлаган.
Захира бор аммо...
Берилган маълумотларга кўра, республикамизда 50 минг тонна ун захираси мавжуд бўлиб, тақчиллик кузатилиши ҳақидаги хавотирлар асоссиз. Хўш, у ҳолда нега нархларнинг бундай кескин ошганига қарамай ҳамон захирадаги маҳсулотлар бозорга чиқарилмаяпти? Нима учун нархлар пасайишига кўмаклашилмаяпти? Бу борада саволлар кўп, жавоб эса ҳамон дунё ҳамжамиятида кузатилаётган ҳолат билан боғланмоқда.
Юртимиздаги етиштириладиган ғалла халқимиз эҳтиёжини тўлиқ қопламайди ва шу боис ҳам бошқа мамлакатлар, жумладан Қозоғистондан импорт қилишимизга тўғри келади. Импорт қилинган дон қайта ишланиб ун ҳолатига келтирилади ва бир қисми яна экспортга йўналтирилади. Халқ орасида эса «ўзимизда қиммат бўлса нега четга сотамиз?» деган эътироз бўлиши табиий. Албатта, бу рост, бироқ ҳар бир давлат бюджетида маҳсулотларни экспорт қилиш алоҳида ўрин эгаллайди ва дунё ҳамжамиятида шу давлатнинг ўрнини белгилайди. Шундай экан, бу масалани ҳам назардан четда қолдирмаслик лозим.
Қисқартирилган ерлар ўрни қандай қопланади?
Ғалла етиштириш борасида бугун яна бир ҳолат савол остида қолмоқда. Ғалла майдонлари қисқартирилиб, ўрни боғдорчиликка ва камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш мақсадида халқимизга тарқатилмоқда. Хўш, мазкур ерлардан олиниши мумкин бўлган дон маҳсулотининг ўрни қандай қопланади? Бу ҳам тақчилликка сабаб бўлмайдими?
– Тўғри, ғалла ва пахта етиштириладиган ерларнинг бир қисми қисқартирилди, бунинг ўрни эса янги оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш ҳисобидан тўлдирилади, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат МИРЗАЕВ. – Янги ерлар ўзлаштирилиши билан суғориш тизимига эҳтиёж сезилади. Кўпчилик сув муаммоси келиб чиқишидан хавотирга тушиши ҳам табииий. Бироқ бу ўзлаштириладиган ерларда замонавий суғориш тизимлари жорий қилиниши орқали муаммога ечим топиш мумкин. Томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тизимлари эса аллақачон амалда қўлланиб, самарадорлиги исботланган. Юртимиз ер майдони чеклангани, аҳолимиз сони эса ошиб бораётганини унутмаслигимиз керак. Бу ҳақли равишда озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжни оширади. Бу эҳтиёжларни қондиришга замон билан ҳамнафас бўлиб, янги, янада унумли, ҳосилдорликни оширувчи йўлларни синаб кўриш билан эришилади ва биз ҳам шу йўлдан бормоқдамиз.
Нархлар ойликка қараб ошдими?
Бугун бозорга борган одам борки озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилганидан боши айланиб, эртасидан хавотирга тушмоқда. Ун бир ёнда, нон бир томонда, ҳали ёғ, гуруч ва бошқа сабзавотларни айтмаса ҳам бўлаверади. Тўғри, рақобат муҳити яратилмоқда, бу сунъий нарх ошишига сабаб бўлиши асоссиз дейилмоқда. Аммо асл ҳолатни бозор оралаган билади. Бир килограмм ун 6500-9000 сўмдан, шакар 12-14 минг сўмдан сотилмоқда. Бу ҳам етмаганидек яқин кунларда картошка нархи 10 минг сўмгача, сабзи 8 минг ва пиёз 6-7 минг сўмгача кўтарилганига нима дейсиз?
Кечадан ойлик иш ҳақининг оширилишидан олдинроқ гўёки бозорлар ҳам нархини оширгандек. Ҳали ўша ошган нархдаги маош халкнинг қўлига етиб боришига бир ой бор, аммо бозорда харид нархи аллақачон осмонга чиқишга улгурди. Мутасаддилар эса бунинг ойлик иш ҳақи оширилишига алоқаси йўқлигини, аксинча ҳозирда маҳсулотларда узилиш кузатиладиган, қишки захира тугаб, янги маҳсулотлар пишиб етиладиган пайт бошланиши билан изоҳлашмоқда.
Вазият тез орада изга тушади, сабзавотларимиз нархида пасайиш кузатилади, дея тахмин қилишмоқда мутасаддилар. Албатта бу ҳам тахмин холос. Бу қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмаймиз, аммо аҳолининг яшаши нархлар сабаб қийинлашаётганини инкор қила олмаймиз. Фақатгина бу муаммо яқин орада тартибга солинишидан умид қилиб қоламиз.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири