Табиат      Бош саҳифа

Қорақалпоқ мўъжизаси: Борсакелмасдан Қоплонқиргача

Тўрт тарафингиз бийдек чўл, саҳро, замонавий ҳаёт белгиларидан асар йўқ. Уфққа қараб кетаверасиз. Узоқдан жайрон ва қулонлар югуриб ўтади. Йўл четида тошбақалар вазмин одимлайди. Манзил узоқ. Юраверасиз, юраверасиз. Бирдан олдингизда мўъжиза – буткул бошқача, фавқулодда гўзал манзара намоён бўлади… Поёни кўринмас Устюрт бизни ана шундай кутилмаган манзиллари ила қарши олди.

Қорақалпоқ мўъжизаси:  Борсакелмасдан  Қоплонқиргача

Борсакелмасга бориб келдик

Ўзбек эртакларида «борса келмас» деганда ўлимга олиб борувчи ёвуз девлар макони тасвирланган. Устюртдаги илк манзилимизга отланар эканмиз, хаёлимдан илк ўтгани ана шу эртак сюжети бўлди.

Давлат экология қўмитаси, «Qaraqal­paqstan ekologiyası» газетаси ва Ekolog.uz сайти ҳамкорлигида Оролбўйи ҳудуди ва минтақадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга уюштирилган медиатур Нукус шаҳридан бошланди.

Самолётдан тушибоқ, экологлар тайёрлаб қўйган йўлтанламас «Нива»ларга жойлашдик. Борсакелмасгача тахминан 250 км. масофа бор. Қозоғис­тонга олиб чиқувчи халқаро трасса орқали Хўжайли, Шуманай, Қонликўлдан ўтиб Қўнғирот шаҳрига кириб келдик. Шаҳарда Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуаси каби йирик саноат корхоналари ишлаб турибди. Саноат зоналари яқинида аэропорт ҳам қуриляпти экан.

Шаҳардан чиқишимиз билан қорақалпоғистонлик ҳамроҳлар огоҳлантиришди: «Маршрутимиздаги энг охирги дўкон шу. Керакли нарсаларни олишни унутманг». Дарҳақиқат, шаҳардан чиқиб озроқ юрганимиздан сўнг асфальт йўл тугаб, қум-тақир сўқмоқйўл бошланди. Дўстлар яна билдирги беришди: «Яқинларга қўнғироқ қилиб олинглар, бу ёғига телефон ишламайди. Антенна бор жойга уч кундан кейин чиқамиз».

Устюрт кенгликлари бошланиб кетди. Бу йил ёғин мўл бўлди, саҳрода ҳам ўсимликлар бош кўтарган жойлар кўкариб турибди. Айрим жойларда ёмғир суви йиғилиб қолган. Аста-секин чўл жониворлари кўрина бошлади. Йўлнинг ботиқроқ қисмига йиғилган ҳалқобдан чанқоғини қондиргани чиққан тошбақани четлаб ўтдик. Олдимиздан ёввойи қуён, тулки югуриб ўтди, юмронқозиқлар эса бамайлихотир ўйнаб юрибди. Тин олиш учун тўхтаганимизда турли ҳашаротлар (чаён, фаланга), илонлар, тўгаракбош калтакесакларни кўрдик.

Саҳрода йўл топиш осон эмас. Яхшиям GPS хариталар офлайн ҳам ишлайверади. Ҳаваскор ҳайдовчилар шунга қараб, профессионаллари эса йиллар давомида йиғилган тажрибасига таяниб йўл топади.

Олдимизда учта йўл чиқди: қай бири Борсакелмасга олиб борар экан? «Тоҳир ва Зуҳра» эртагида тасвирланган ҳолат эсга тушди: «Карвон юриб-­юриб бир жойга келибди. Бу жойда уч йўл бор экан. Бири – «борса келмас», бири – «борса хатар», яна бири – «борса келар» экан...»

Ҳайтовур, ҳайдовчиларимиз Борсакелмасга адашмасдан олиб боришди. Қаршимизда фантастик фильмлардаги, Марс сайёраси юзасини эслатувчи такрорланмас манзара намоён бўлди.

Борсакелмас деганда Орол денгизи шимолидаги, шу номдаги собиқ орол хаёлимга келарди. Денгиз қуримасдан бурун Борсакелмаснинг узунлиги 27 км. эни 11,5 км. бўлган. Қозоғистон тарафдаги Катта Оролнинг шарқий қисми қуриши натижасида 1997 йили Борсакелмас яриморолга айланади, 2009 йили яриморолдан ҳам сув чекинади. Охирги йилларда Борсакелмас ороли қирғоқларига сув қайтмоқда.

Устюртдаги Борсакелмас тузлиги билан Қозоғистон тарафдаги Борсакелмас ороли орасида 600 километрча масофа бор. Лекин иккаласининг ҳам тақдири бир-бирига ўхшайди. Иккиси ҳам бир пайтлар денгиз ости бўлган, энди эса туз ва тақирга айланган. Иккиси ҳақида ҳам халқ орасида ваҳимали афсоналар юради.

Айтишларича, кўлга яқинлашиш хавфли бўлиб, кўплаб жарликлар ва юпқа туз қатлами қадам босганда ўзига тортиши мумкин экан. Ботқоқдан амаллаб ўтиб олинса, кўлнинг қадам босса чўкмайдиган қаттиқ қисмигача чиқиш мумкин.

Карвон йўлларида жойлашган манзилдан ўтаётган от ва туяларнинг нечтасини туз ютгани учун одамлар бу жойларни борса келмайдиган бехосият жой деб атаган, дейишади.

Яна бир ривоятга кўра, кўл ҳудудига милоддан аввалги IV асрда яшаган шоҳ Фарасманнинг хазинаси кўмилган. Шу хазинани қўлга киритиш мақсадида борган олтин изловчилар тузга ғарқ бўлиб ёки йўлда сувсизликдан ҳалок бўлган. Шу боис халқ бу тарафларга Борсакелмас дея ном берган.

Олимларнинг таъкидлашича, Борсакелмас туз кўли тахминан 30 миллион йил аввал Тетис қадимий океанининг бир қисми бўлган.

Ёғин мавсумида кўл усти бир метр­гача сув билан қопланади. Туз кўлининг узунлиги тахминан 90, эни 40 километрни ташкил этади. Улкан тузлик сентябрь ойларида ажойиб тусга киради. Шу пайтда сайёҳлар сони кўпаяди. Улар бу ерга ҳордиқ ва даволаниш-муолажа (рекреация) мақсадида келади.

Дунёда бундай тузликлар сайёҳларни доим ўзига чорлаган. Боливиядаги Уюни тузлигига энг кўп сайёҳ ташриф буюради. Борсакелмас тузлигига ҳам хорижий сайёҳларларни кўпроқ жалб этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда экан.

Кўлда улкан туз захираси мавжуд. Бу ердан Қўнғирот сода заводи учун туз қазиб олинади.

Борсакелмасдан чиқиб, навбатдаги манзилга йўл олар эканмиз, яна бир табиат мўъжизасига дуч келдик. Саҳрога ёққан ёмғир суви чўлнинг бироз ботиқроқ жойларига йўналади. У ўзи билан қумларни ҳам оқизиб келади. Қум, туз ва сув бирлашиб, улкан тақир майдонни юзага келтиради. Ана шундай катта тақирликдан ўтдик. Тахминан 10 гектар ер табиий тарзда теп-текис майдонга айланган. Маза қилиб машина, мотоцикл ёки велосипед ҳайдайдиган, футбол ўйнайдиган жой экан! Аммо, ҳайдовчилар ёғин мавсумида бу ерларни айланиб ўтади, чунки тақирлар ботқоққа айланади.

Сариқамиш тилсимлари

Борсакелмасдан Сариқамиш кўлигача масофа тахминан 250 чақирим. Саҳро йўлида маршрутни аниқ олиш амримаҳол. Табиий шароитларга кўра йўл доим ўзгариб туради. Шу важдан машина тезлиги баъзи жойларда 15-20 км/соатга тушиб қолади. Аслида, бундай сафарга пухта тайёргарлик кўрилади: автоулов эҳтиёт қисмлари, бензин, ётоқ анжомлар юкхонага солинади, озиқ-овқат, айниқса, сув кўпроқ ғамланади. Битта машинада чиқиш тавсия қилинмайди. Фавқулодда ҳолатларда ўзаро ёрдамлашиш учун камида икки машинада юрилади. Ҳайдовчилар доимий алоқада бўлиши учун узоқ масофадан қабул қилувчи рация олиш ҳам тавсия қилинади.

Сафар бехатар бўлмас дейдилар. Сариқамиш йўлида машиналаримиздан бирининг амортизация тизими ишдан чиқди. Экоинспекторлар тезда бир-бирларига ёрдам беришди. Биз ҳам тўхтаб, чўл ҳавосидан нафас олдик. Атрофни, саҳронинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини кузатдик. Осмонда чағалайлар пайдо бўлди. Демак, сув яқин.

Жанубий Устюртда жойлашган Сариқамиш сойлиги томон яқинлашарканмиз, намлик ортиб, иқлим ўзгара бошлади. Узоқдан кўм-кўк, охири кўринмас кўл кўринди. Соҳилга яқин ҳудудларда чўл гуллари қийғос очилибди. Саксовуллар ҳам одам бўйидан баланд. Рельеф қирғоққача пастлаб боради.

Кўл соҳилидаги балиқчилар масканига шомга яқин етиб келдик. Машинадан тушибоқ кўлга шошилдим. GPS соатимнинг аниқлашича, кўл соҳили денгиз сатҳидан атиги 1 метр баландда экан. Сув тип-тиниқ, сокин, туби ҳам кўриниб туради. Сувга тушиб озроқ ичкарига юрдим. Бошқа кўллардан фарқли ўлароқ, Сариқамишнинг ости гилли қатлам бўлиб, оёқни сирпантиради. Атрофда қушлар мўл. Уларнинг соҳир овози сизни мафтун этади. Устимдан фламинголар галаси ҳам учиб ўтди.

Кечқурун экологлар дала ўчоқда қорақалпоқча ош қилиб беришди. Шу маҳал шамол турди. Қалин уст-бошларни кийиб олдик. Ташқарида, қамиш чайла остида чодирда тунадим. Туннинг ярми хийла сокин кечди. Иккинчи ярмида эса бўрон бошланди. Чайланинг 3 тарафи қамишлар билан беркитилган бўлса-да, очиқ тарафи шамол йўналишига тушиб қолгани учун кечаси чодирни ағдариб юборди. Бир қўлим билан чодир асосини кўтариб, субҳни кута бошладим. Ташқарига чиқиш амримаҳол: ёмғир шаррос қуймоқда. Баъзилар машинада, айримлар ер уйда ухламоқда. Бомдодга яқин шамол бироз ҳовуридан тушди.

Эрта тонгда яна кўл соҳилига чиқдим. Ёмғирдан сўнг ҳаво бирам мусаффо, айниқса, соҳилда сайр қилиб роҳат оласиз. Кечаги сокин қирғоқдан ном-нишон йўқ. Шамол кўлни тўлқинлантириб, сувни яна 10 метрлар ташқарига итармоқда. Сариқамиш денгизга ўхшаб кетади: тинмай шовуллайди, охири кўринмайди. Тонгда турли-туман қушлар қирғоқдан гала-гала бўлиб учиб ўтади. Қумли қирғоқда бўри излари ҳам кўринади.

Кўл атрофида балиқчилар қурган бир нечта ер уй бор. Соҳилдан 100 метр узоқликдаги қумли ерни 1,5 метр ковлаб, ўртасига устун ўрнатиб, томига қамиш ташланаркан. Қамиш устидан эса ўзидан чиққан қум лой қилиб босилар экан. Ер уй балиқчилар учун бир вақтнинг ўзида бошпана ва ошхона вазифасини бажаради.

Сариқамиш кўли Устюрт платоси ва Қорақум чўли орасида (шимолий қисми Қорақалпоғистон ва жанубий қисми Туркманистон ҳудудида) жойлашган. Майдони 5000 км², узунлиги 100-120 км, эни 30-40 км, чуқурлиги 30-40 м. Ҳозирда кўлга Хоразм воҳасини кесиб ўтадиган Озёрний (Кўллар бирлашмаси) коллекторидан сув келиб қуйилади. Кўл сувининг шўрлиги шарқида 6-7 промилле, ғарбида 15 промилле. Майдони шарқий қирғоқ (Туркманистон) ҳисобига кенгайиб, чуқурлиги ортиб бормоқда.

Сариқамиш кўли атрофидаги ерлар қадимги чўкиндилардан таркиб топган ва усти шўрхок ҳамда шамолда тўзувчи қум билан қопланган. Бир пайтлар бу кўлга Амударё суви қуйилган, майдони ҳам катта бўлган. Йўл давомида тўлқинлар қирғоққа олиб чиққан чўкиндиларни кўриб келдик. Амударё қайта Орол денгизига йўналган йилларда Сариқамиш сойлиги яна қуриган. Охирги марта Амударё 1878 йил ёзида кўлга етиб келган. Баъзан қуриб, баъзан кенгайгани учун Сариқамиш иккинчи Орол деб ҳам аталади.

Кўлда сазан, лаққабалиқ, илонбош ва бошқа турли хил балиқ турлари кўп. Кўлнинг Қорақалпоғистон тарафида йилига 200 тонна балиқ овланади, 50 дан ортиқ балиқчи меҳнат қилади. Ҳозир ов мавсуми бўлмагани учун балиқчилар маскани ҳувиллаб қолган. 2018 йилдан буён апрель-июнь ойларида кўлда балиқ тутиш тақиқланган.

Ҳамроҳимиз, қорақалпоғистонлик журналист Есимхон Қаноатовнинг ҳикоя қилишича, 1970-йиллар охирида Сариқамиш кўли атрофида тимсоҳ ёки баҳайбат калтакесакка ўхшаган ғалати махлуқ тупроқ остидан тўсатдан чиқиб қўй ва сайғоқларни еб қўймоқда, деган миш-миш тарқалади. Айрим балиқчи, овчи ва геологлар бу даҳшатли махлуқни кўрганини айтади. Ўша кезлар «Правда Востока» газетаси мухбири Андрей Ланиус гувоҳларни топиб, улар билан суҳбат уюштиради. Таъкидланишича, махлуқнинг танаси икки метр, думи эса бир ярим метр бўлган. Ғайритабиий махлуқ Сариқамиш кўлига пахта плантацияларидан оқиб келган заҳарли кимёвий дорилар таъсирида мутацияга учраб ҳосил бўлган деган версия мавжуд.

Мишмишлар Мос­квага ҳам етиб боради. «Юқори»дагилар 1980 йилда Москвада ўтказиладиган Олимпиада олдидан «қандайдир махлуқ»нинг пайдо бўлиши иттифоқнинг халқаро имижига соя солишидан чўчийди.

1979 йилда Афғонистонда вазият нотинч деган баҳона билан Сариқамиш кўли атрофида ҳарбий машғулот ўтказилади ва барча баҳайбат махлуқлар йўқ қилинади. Бу гапларнинг тайин илмий асоси йўқ, лекин ҳали-ҳамон маҳаллий балиқчилар ўртасида Сариқамиш махлуқи ҳақидаги сирли ҳикоялар тилдан тилга ўтиб юради.

Авваллари кўл атрофида аҳоли кўп бўлган. Улар асосан балиқчилик, чорвадорлик билан шуғулланган. Лекин ҳозир бу ерларда ҳеч ким яшамайди. Аҳолидан уй харобалари, қабристонлар қолган, холос. Сариқамишдан Қоплонқир томон кетишда қадимий Қоратош мозоридан ҳам ўтдик. Бу ерда икки юз йиллик қабрлар бор экан. Қабртошларда қозоқларнинг шемекей ва адай уруғи белгилари ўйилган.

Қоплонқир – гепардлар маконими?

Чинк (сув ва эрозия таъсирида емирилган тик жарларнинг устки қисми) устидан пастдаги водийни кузатиш одамга беқиёс завқу шавқ бағишлайди, қонингизда адреналин миқдори ошганини сезасиз! Узоқдан қоплон – хол-хол либосли гепард кўринди. Чопағон жонивор 150 метрлар наридан саксовул ортига беркиниб, ўлжасини – сайғоқни пойлаётир. Сайғоқ муқаррар хатардан бехабар ҳолда юлғунларни еб турганида, бирдан қиёмат қўпти! Боёқиш сайғоқ соатига 120 км тезликда югурадиган, 8 метр масофага сакрайдиган йиртқичдан қочишга улгурмади. Гепард сайғоқнинг бўйнидан тишлаб, энди судрамоқчи эди, иттифоқо саҳро қироли – улкан Турон йўлбарси пайдо бўлдию ўлжанинг ярмига эга чиқди. Панада эса кўзи қонга тўлган гиеналар икки даррандадан қолган сарқит илинжида тиш қайраётир...

Афсуски, бу тасвирлар ҳақиқат эмас, бундан 100 йил олдинги Устюрт кенгликларининг хаёлий чизгиси, холос. Турон йўлбарслари буткул қирилиб битди. Гепард ва гиеналар бу маконларни тарк этди. Сайғоқлар ҳам жуда кам қолди... Дарвоқе, Қозоғистоннинг Устюрт қўриқхонасида қоплон (гепард) фотоқопқонга тушган. Улар Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудига ҳам ўтиб юрган бўлиши мумкин, дейди мутахассислар.

Сариқамишдан республикамизнинг энг жануби-ғарбий нуқтасига кетарканмиз, хаёлимдан шулар ўтди. Бирдан ҳайдовчимиз Соғиндиқнинг «Ана жайрон, қаранг, ҳув ана!» деган хитобидан ўзимга келдим. 500 метрлар нарида уч жайрон югуриб ўтиб кетди.

Кечаси чўлга ҳам ёмғир мўл ёғибди. Йўлимизда кўпгина кичик кўлчалар, ботқоқлар пайдо бўлган. Эҳтиёткорликни ошириш керак. Акс ҳолда, лойга ботиб қолиб, ундан икки тоннали (юклари билан) машинани тортиб чиқариш осон бўлмайди. Манзилгача масофа эса 200 километрдан ошади.

Бу ҳудудлар 2020 йили ташкил этилган «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи таркибига киради. Табиат боғи экологик тизим ҳолатини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида ташкил этилган. Умумий майдони – 1 447 143 гектар. Бу жойлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақомига эга, «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғининг қўриқхона қисми бўлиб, фақат илмий ва экспедиция мақсадларида киришга рухсат этилади.

 

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,

«Нукус – Борсакелмас – Сариқамиш –

Қоплонқир – Судочье», 2022 йил 6-9 май

(Давоми келгуси сонда)




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔10

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔13

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔10

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 10    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 13    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 10    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 37    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 29    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар