«...Ҳар кунгидек дарсларга тайёрланиб, оппоқ кофта, қора юбкада мактабга келдик. Иккинчи дарсимиз бекор қилиниб, устозимиз ҳаммага пилла теришга ҳашарга боришимиз кераклигини айтди.
Хуллас мактаб формасида, елкамизга сумкаларни осганча устоз ҳамроҳлигида қишлоғимиздаги бир хонадонга бордик. Ерга эски гилам солинган, устига чанги билиниб турадиган эски, афтидан анчадан буён ишлатилмай омборда ётган кўрпача тўшалганди. Сумкаларни бир четга қўйиб, ўртага уйиб қўйилган пиллани тозалашга киришдик. Ўша куни дарсимиз мавзуси ҳам, баҳойимизу ўрганганимиз ҳам пилла бўлди. Хуллас, ҳар баҳор пилла мавсуми мактабдаги дарслар кимнингдир уйида ҳашар пилласини териш билан ўтарди».
Бу анча йиллар олдинги бир лавҳа. Бир вақтлар пилла боқишни кўплар истамасди. Кўпинча мажбурий тарзда берилар, қишлоқ одамлари план тўлдириш учунгина ноиложликдан ипак қуртига қарарди. Ҳосилни йиғишга келганда қўни-қўшни, қариндош уруғдан ёрдам сўраларди. Баъзан бу ишларга мактаб ўқувчилари ҳам жалб қилинар, боиси бу иш учун пиллачилар даромад қилолмасди. Кўп ҳолларда арзимаган пул эвазига ишлаган ёки умуман фойда олмай қолган пиллакорлар бўлган.
Сўнгги йилларда соҳада мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳал этилиб, пиллакорларга янгидан-янги имкониятлар яратилмоқда. Халқимиз орасида «кумуш тола» дея қадрланадиган пилла ортидан бугун айримлар катта даромад олмоқда. Пилла боқишда тадбиркорлик йўналиши каби астойдил меҳр бериб меҳнат қилмоқда.
– Бу йил ҳар бир килограм пиллага 24 минг 700 сўмдан ўртача нарх белгиланган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан яна 5 минг сўмдан субсидия ҳам ажратилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти Жомбой туманида яшовчи 22 йиллик тажрибага эга пиллакор Жамила МУХТОРОВА. – Демак биз қарийб 30 минг сўмдан ҳар бир килограмм пилла учун фойда олишимиз мумкин. Бу пиллачиликни қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Яна бир яхши томони, пиллачилик билан шуғулланадиганлар ҳам энди нафақа учун иш стажига эга бўлишади. Масалан, бир ой пилла парваришлаган фуқарога (ишчимизга) бир йиллик иш стажи ёзилмоқда. Бу эса халқнинг ишончи, пилла саноатининг ривожига хизмат қилади. Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаролар уйда ўтириб пилла қараб, ҳам даромад қилиши, ҳам иш стажига эга бўлиши мумкин.
– Яхши ҳосил олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Пилла етиштиришда энг биринчи масала уруғнинг сифати билан боғлиқ. Уруғ олишда сифатига аҳамият бериш яхши ҳосил олиш омилидир. Уни парваришлашда ҳароратнинг нормал бўлиши, яъни пилла сақланадиган хона ҳарорати ўртача ва доимий бир хил бўлиши лозим. Хонадаги намликка ҳам эътибор қаратиш керак. Шунингдек, уруғга ўз вақтида озуқа бериш ҳосилни вақтида олиш гаровидир. Бунинг учун ўртача 1,5-2 соат оралиғида уруғларга тут барглари бериб туриш, озуқаси тугаб қолмаслигини назорат қилиш керак.
– Пиллачиликда қандай уруғдан фойдаланиш ҳосилдорликни оширмоқда?
– Хозирда асосан Хитойдан келтириладиган уруғлар пиллачиликда кенг фойдаланилмоқда. Уни боқиш жараёни 26-28 кун бўлиб, шу муддат ичида уруғ озиқланиб, пилла ўрамоқда.
– Хорижий ва маҳаллий уруғнинг фарқи нимада?
– Биринчи фарқ озуқа истеъмолида. Хорижий уруғлар маҳаллийсига нисбатан камроқ озуқа талаб қилади. Масалан, бир қути хитой уруғини пилла ҳолига келтириш учун 700-800 килограмм барг кетса, маҳаллий уруғларни боқиш учун 1 тонна ва ундан кўпроқ барг сарфланади. Хорижий уруғлар тезроқ пилла ўрайди ва сифати ҳам юқорироқ бўлади. Очиғи, маҳаллий уруғлардан ҳам боқиб кўрганмиз, лекин хитой уруғи юқорида тилга олинган сифатлари билан афзалроқ, ҳосилдорлиги ҳам юқорироқ бўлди. Жумладан, бир қути уруғ 19-20 граммни ташкил этса, ундан камида 60-70 килограмм пилла олиш мумкин.
Тома-тома кўл бўлур...
Пиллачиликдан олинадиган даромад бир қарашда кўзга кўринмас, арзимасдек туюлиши мумкин. Бироқ килограммига қарийб 30 минг сўмдан ҳақ тўланса, 100 килограмдан 3 миллион сўм, 1 тоннасидан эса 30 миллион сўмга яқин даромад қилиш мумкин бўлади. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасидаги «Беруний Агропилла» масъулияти чекланган жамияти томонидан эришилаётган натижалар ҳавас қилгудек. Улар томонидан 2021 йилда 143 тонна пилла тайёрланган бўлиб, ҳосил экспортидан 648 минг АҚШ доллари фойда кўрилган. 2022 йилга эса 154 тонна пилла етиштириш режалаштирилган.
Бир ўйлаб кўринг, 1 тонна пилладан қарийб 30 миллион сўм фойда кўрилса 154 тоннаси қанча бўлади? Ҳа, тома-тома кўл бўлур дея шуни айтадилар-да. Қувонарлиси, пиллачилик ортидан Беруний туманидаги энг чекка ҳудудларда яшовчи «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ишсиз аҳоли бандлиги таъминланмоқда.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔95
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил