Қорақалпоғистонлик тадбиркор Рашид Қартбаев маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, улардан 90 фоизгача яроқли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг уддасидан чиқяпти.
Энг эътиборлиси – у фақат чиқиндиларни қайта ишлаш орқали 450 нафардан ортиқ иш ўрни яратган. У чиқиндини қайта ишлашдан бошқа паррандачилик, қўйчилик, қуёнчилик, деҳқончилик бўйича ҳам анча-мунча юқори натижаларга эришмоқда.
Табиий «тозаловчи»дан фойдаланиб...
Қартбаевнинг иш учаткасида юрган чўчқаларни кўриб айримларнинг дарров таъби хиралашиши мумкин. Аммо уларнинг асл вазифасини кўргач, ишбилармоннинг топқирлигига қойил қолмай илож йўқ. Тадбиркор боқилаётган юз бошга яқин чўчқаларни асло гўшти учун эмас, балки корхонасининг мададкорлари сифатида сақлайди.
Р.Қартбаев бу ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди:
«Шаҳардан бир машина чиқинди келса, унинг ичида озиқ-овқат қолдиқлари ҳам, баклажка ҳам, целлофан халтача – бари аралашиб келади. Бизга керакли чиқиндиларни чўчқалар озиқ-овқат қолдиқларидан аритиб беради. Чўчқанинг ўрнида қўй боқиб кўрдим, аммо қўй целлофанни еб қўйиб, ичагига ўралиб, ўлиб қолиши мумкин. Шприц игнасини ютиб қўйганини ўзим кўрганман. Лекин, чўчқа целлофанни, баклажкани, матони емайди, мабодо томоғидан ўтиб кетса ҳам унга балоям урмайди. «Оқ қўй»ларни 3-4 йилдан бери боқаман, ҳозиргача биронтаси ўлган эмас.
Ҳозирда кунига бир, баъзида эса икки машина чиқинди тушираман. Кўз олдингизда айни пайтда 124 машина чиқинди ётибти. Лекин, ўхшайдими шунча миқдордаги чиқиндига? Йўқ. Сабаби, биз чиқиндиларнинг қарийб 90 фоизини яроқли маҳсулотга айлантиряпмиз. Целлофанлардан полиэтилен гранула ишлаб чиқариб, улардан сув қувури, брусчатка ишлаймиз. Баклажкаларни Самарқандда гилам ишлаб чиқарадиган корхоналарга жўнатяпмиз. Энг охирида энг кераксиз деб ажратиб ташлаган целлофан халталар, пластмасса идишларни пресслаб блок қиламан. Ғиштнинг бўлаклари, бошқа қурилиш материаллари қолдиқларини ҳам фойдага оширса бўлади, масалан, чуқур ерларни текислашда жуда асқотади. Уй, бино қурувчилар уларни ҳам ишлатса бўлади.»
Қўйнинг жунини ўзидан қимматга пуллаш мумкинми?
Битта қўйдан 2-3 килограммга яқин жун олинар экан. Шу битта қўй берадиган жунни қўйнинг ўзидан ҳам қимматига пуллаш мумкин.
Рашид оға Россияда ишлаб чиқариладиган кигиз этикларни мисол қилиб келтирди:
«Қўйнинг нархини 1 млн. сўм деб олайлик, масалан. Агар, унинг жунини тозалаб, пийма (кигиз этик) ишлаб чиқарсак, уни 1 млн. сўмдан ортиғига сотиш мумкин. Яна экспортга чиқарса бўлади. Сабаби, совуқ ўлкаларда кигиз этикка талаб жуда юқори.
Нукусда одамлар ҳозир қўйнинг терисини ташлаб юборишади. Жуда увол. Ахир ундан тўн ишлаб чиқариш мумкин-ку!
Мен ҳозирда қўйнинг жунини, терисини қайта ишлаб қалин устки кийимлар тайёрламоқдаман. Ушбу бизнесим орқали бир неча ишсиз фуқароларни маошли иш билан банд қилганман».
Қуёнчиликдан даромад – хомхаёл эмас
Қартбаевнинг таъкидлашича, қуёнчилик – энг оддий ва осон бизнес, аммо, бизда кўпчилик тадбиркорлар мураккаб йўл билан бормоқда.
«Қуёнчилик билан шуғулланаётган тадбиркорларни кўряпман, лекин, улар жуда мураккаб йўлдан кетишяпти. Биринчидан, қуёнга катта қилиб бино қуряпти ёки бўш турган бинони сотиб оляпти. Бунга катта пул сарфлаяпти. Иккинчидан, қуёнларни сақлаш учун қафас сотиб оляпти. Унга ҳам қанча харажат кетади. Учинчидан, қуённинг озуқа-еми ҳам қиммат. Бу каби бизнесни бошлашга оддий фуқаронинг қурби етмайди.
Мен қуёнчилик билан шуғулланишни бошлаганимга икки йилча бўлди. Лекин, ундан олдин 3 йил тажриба ўтказдим. Қуён боқиш сирларини атрофлича ўргандим.
Бир ярим йил олдин сотиб олган 3-4 бош қуён ҳозирда 300 тадан ошди. Ишонасизми, қуёнчилик бизнесимни бошлашга нари борса 700-800 минг сўм харажат қилгандирман. 10х100 метрга тўр сим тортдим, ичида қуёнлар бемалол юра олади. Ерни қазиб, устига юлғун ва қизилмия ташладим. Ости қуёнлар учун қулай ин бўлди. Миллионлаб пул сарфлаб катта бино қурмадим, қафаснинг ҳам кераги бўлмади, озуқаси эса оддий далада ўсиб турган қизилмия, юлғун каби ўсимликлар. Олиб келиб ташлайман. Патирлатиб ейди. Қуёнлар асосан ушбу ўсимликларнинг қобиғини ейишини англадим. Балким, шунинг учундир, терилари қалинлашиб юнглари ялтирай бошлади.
Қуён бошқа бир қуён боласи терисини тишлаб ташлаган ҳолатларга бир неча бор гувоҳ бўлдим. Нима учун деб, ҳайрон қолиб юрардим. Бир куни бунинг сабабини ҳам билиб олдим. Қандай қилиб денг?
Битта ходимимни дангасалиги учун ишдан ҳайдаб юборгандим. У бир куни қуён қўрага келиб, чуқурга тушиб иккита катта қуёнимни олиб кетибди. Эндиги сафар келганда кира олмасин, деб чиқиндида ётган молнинг, қўйларнинг терилари билан бекитиб ташлагандим.
Орадан кўп вақт ўтмади. Бир куни қарасам, ҳалиги териларни қуёнлар кемираяпти экан. Шундан кейин улар қуёнчаларга оғиз солмайдиган бўлди. Менимча, терида қандайдир унга керакли модда бўлса керак. Ана шу моддани деб болаларини ғажиб ташлаши мумкин.
«Қуёнчиликни ривожлантиринг» деб, давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб бериляпти. Кимдир агар менга шу бизнесни бошлайман, деган бир ниятда келса, жоним билан ўргатаман. Бир гектар ер бўлса бас. Қолаверса, ҳозир «Ёшлар: 1+1» дастури амалда. Мана, қуёнчиликни ўрганаман деган ёшлар бўлса, мен ўргатишга ва доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман.
Қуёндан нима фойда, гўштини еб бўладими деб сўрашади кўпчилик мендан. Аслида қуёнда фойда кўп. Биринчидан, унинг гўшти парҳез саналади, иккинчидан, қуёнларнинг терисидан турли мўйналар ишласа ҳам бўлади. 15-16 қуённинг терисидан битта қимматбаҳо мўйна чиқади».
Ҳаммаси қандай бошланган эди?
Хўш, тадбиркорнинг чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича бизнеси қачон ва қандай қилиб бошланган эди?
1997 йилда битта жаҳонгашта немис сайёҳи Нукусга келганда шаҳарни ўзи ташриф буюрган шаҳарлари ичидаги энг ифлоси деб атаган.
«Ўша пайтларда Нукус чиндан ҳам жуда ифлос шаҳар эди, – деб эслайди Р.Қартбаев. – Шу гап менга «қамчи» бўлди. Ёнимга 4-5 йигит олиб, «Тозалик маркази» номли нодавлат-нотижорат ташкилот туздик. Дастлаб, шаҳардаги 21, 22, 23-кичик туманларнинг ҳудудини тозаладик.
Шаҳарнинг ичини тозаладигу, аммо, чиқиндилар олиб бориб ташланаётган жой даҳшат бўлиб кетган экан.
Бир кун шаҳар ташқарисидаги чиқинди ташланадиган жойга борсам, тоғ бўлиб ётибди. Унга қараб ўйланиб қолдим. Бу чиқиндилардан маҳсулот ишлаб чиқариш ғояси миямга келди.
Буни айтишга осон... лекин амалга ошириш жуда қийин бўлди. Кўп изланиб, суриштириб, ўрганиб, уч йил деганда, чиқиндига ташланган баклажка, целлофан пакет сингари нарсалардан полиэтилен қувур ишлаб чиқарувчи ускуна яратдим.
«Мустанаб-Ҳилол» масъулияти чекланган жамиятимиз 2011 йили илк маҳсулотини бера бошлади. Дастлаб ўзим яшаган кичик туман ҳудудидаги 250 та уйнинг қувурларини ўзгартирдим. Бепул. Уларнинг ҳар бирига диаметри 25 миллиметр бўлган 40 тадан қувур совға сифатида бердим. Харидорларим ҳам кўпайди. Ўша пайтда бозорда қувурнинг баҳоси 10 000 сўм бўлса, мен уни 3000 сўмдан сотдим.
Қанча машаққатлар билан иш бошлаган корхонамизда бугун нафақат қувур, балки полимер шифер, брусчатка ҳам ишлаб чиқара бошладик. Текстил корхоналардан чиққан мато қолдиқларидан эса девор учун суюқ гулқоғоз, суяклардан эса суяк уни ишлаб чиқарябмиз».
Айни пайтда «Мустанаб-Ҳилол» корхонасида 50 нафар ходим штат асосида ишлайди. Шаҳар ичидан баклажка, целлофан пакетларни йиғиб келадиган штатсизлар сони эса 150 га боради. Ойбек, Абай исмли укаларига очиб берган корхоналарда ҳам 300га яқин киши ишлайди. Умумий миқдорда Рашид Қартбаев бошлаган чиқинди бизнесида 450 га яқин одам иш билан банд.
Бугун Рашид Қартбаевнинг «Мустанаб- Ҳилол» корхонаси йилига 365 тоннага яқин пакет, пластмасса чиқиндиларини қайта ишлайди. Корхона ишга тушган 2011 йилда 80 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1 млрд. 800 млн сўмга етган. Корхонада целлофан чиқиндилардан пластмасса қувурлар, шиферлар, мато қолдиқларидан суюқ гулқоғозлар ишлаб чиқарилади. Шиша синиқларидан эса уйнинг фасадига ишлатиладиган қурилиш материали тайёрланади.
У 4 та корхонага асос солган. Улардан бири «Мунбай» корхонаси шаҳар ичидаги чиқиндиларни тозалайди.
«Металл-кон Нукус» корхонасида пол тахталар ишлаб чиқарила бошлади. Пол тахталар кузда ерга тушган дарахт япроқларидан, сомондан тайёрланади.
«Мустанаб-инвест» корхонасида эса ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарилади.
Рашид Қартбоев ўзи ихтирочи ҳамдир. Чиқиндиларни қайта ишлайдиган цехларини ўзи ихтиро қилган. Банкдан шу вақтга қадар кредит олиб кўрмаган. Фақат полбоп тахталар ишлаб чиқарадиган «Металл-кон Нукус» корхонасига Хитойдан 92 минг долларга ускуна сотиб олган. Мана шу вақтда банкдан кредит олган. Лекин, у кредитни ҳам тезда сўндириб ташлаган. Воқеа қуйидагича бўлган:
«Металл-кон Нукус» корхонасини укаси Ойбекга очиб беради. Битта бўш турган бинони 400 млн. сўмга сотиб олади. Орадан озгина вақт ўтгандан кейин ушбу бинонинг ярмини бошқа тадбиркорга сотади, 400 млн. сўмга. Энди бино ўзига текин қолади.
Япроқдан, сомондан пол тахта ишлаб чиқариш ускунаси борлигини интернетдан ўқиб қолади. Нархи – 92 минг доллар экан. Банкдан кредит олади. Сотиб олган биносини демонтаж қилган пайтда узунлиги 3 километрга етадиган швеллер чиқади. Пулласа нақд 90 минг доллар чиқади. Мана шундай мўъжизалар тадбиркорнинг ҳаётида жуда кўп маротаба рўй берган.
Есимхон ҚАНОАТОВ