ёхуд замонавий боғдорчилик
Серқуёш юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари хуштаъми, дармондориларга бойлиги, хориж бозорларида харидоргирлиги билан ажралиб туради.
Самарқандлик фермерлар ҳам ердан мақсадли фойдаланиш, боғдорчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасида салмоқли ишларни амалга ошираётир. Айниқса, интенсив боғдорчиликни кенг йўлга қўйиш юзасидан ўзига хос тажриба мактаби яратилди.
— Вилоятимизга хориждан илк интенсив боғ кўчатлари келтирилиб, 2008 йилда Нарпай ва Самарқанд туманларида 500 гектар майдонда боғ ташкил этилган эди, — дейди Самарқанд вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Мақсуд ҚОРАБОЕВ. — Бу боғлар асосан лалми ерларда томчилатиб суғориш технологияси бўйича ташкил этилиши, кўчатлар иккинчи йилдаёқ ҳосил бериши ва ҳосилдорлик оддий боғларга нисбатан бир неча баробар кўп бўлиши сабабли фермерларда катта қизиқиш уйғотди. Ўтган йил қарийб 2 минг гектар ерда янги усулда мевали дарахтлар парваришига киришилди. Бу йил 1100 гектардан ортиқ интенсив боғ ташкил этилиб, шу иш билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони 110 дан ошди. 2015 йилда интенсив боғлардан олинган ялпи ҳосил 100 минг тоннадан ошди.
Вилоятда интенсив боғдорчилик билан бирга, бундай кўчатлар етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Бугун улар академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд илмий тажриба станциясида, «Оқдарё муштарий» масъулияти чекланган жамияти майдонларида етиштирилмоқда. Пакана ва ярим пакана бу кўчатлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги фермер хўжаликларига ҳам етказиб бериляпти. Самарқанд туманида ташкил этилаётган яна бир кўчатчилик хўжалиги 2017 йилдан бошлаб фермерларга интенсив боғ кўчатлари етказиб бериш билан бирга хорижга ҳам экспорт қила бошлайди.
«Мароқанд мева-сабзавот» фермер хўжалиги Жомбой туманидаги интенсив боғдорчиликка ихтисослашган энг йирик хўжалик. 2012 йилда ташкил этилган хўжалик аъзолари Ғўбдинтоғ этакларидаги Қорақасмоқ ҳудудида 2020 гектар фойдаланилмаётган адирликда интенсив боғ яратмоқда.
— Хўжалик боғларида 16 турдаги олма, 10 турдаги олча, 8 тур шафтоли, 7 тур гилос, 5 тур беҳи, 6 турдаги ўрик ва бодом етиштирилмоқда, — дейди Жомбой тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг мева-сабзавотчилик бўйича мутахассиси Бахтиёр КАРИМОВ. — Голландиядан келтирилган замонавий, юқори қувватли техника воситалари ёрдамида боғ қатор ораларига ишлов берилади, мевалар мунтазам зарарли ҳашаротларга қарши дориланади. Томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган.
Интенсив усулдаги боғларнинг ҳар жиҳатдан фойдали ва сердаромад экани бугун аллақачон ўз исботини топган. Негаки, эски боғларда дарахт 5-6 йилда мева бера бошласа, интенсив боғ иккинчи йилдан ҳосилга киради. Илгари бир гектарли боғ 10-12 тонна ҳосил берса, интенсив технологиялар бу кўрсаткични 55-80 тоннагача кўтаради.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔95
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил