Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Зарарланган картошкалар, хавф солаётган янги зараркунанда

Картошка – халқимиз учун иккинчи нондек. Аксарият таомларимиз картошкасиз бўлмайди, шунинг учун ҳам у ҳар бир рўзғорда энг зарур озиқ-овқатлар сирасига киради. Бозорда эса картошка қанча кўп бўлмасин, унга талаб доим юқори. Агар оз муддат бозорда картошка тортилиб қолса, аҳоли ўртасида қандай ажиотажлар бўлишини яхши биламиз.

Зарарланган  картошкалар,  хавф солаётган  янги зараркунанда

Озиқ-овқат нархлари одамлар ўртасида энг кўп муҳокама қилинадиган ва доим хавотирларга сабаб бўладиган муҳим масала. Чунки, овқат инсон учун қувват манбаи, тириклик ва яшашнинг энг муҳим омилидир. Пандемия, иқлим, турли хил низолар ва бошқа сабаблар айни дамда бир қанча давлатларга катта зарар етказмоқда. Оқибатда эса озиқ-овқат тақчиллиги юзага келяпти. Узоққа бориш шарт эмас, ёнгинамиздаги Афғонистонни олайлик. Шу йил қишнинг ўзида ушбу мамлакатдаги 4 млн. дан ошиқ гўдак ҳаётига очлик хавф солиб турибди.

Ёдингизда бордир, ўтган йилда ёғ нархининг кескин кўтарилиши, гўшт ва гўшт маҳсулотларидаги нархларнинг кунда-кунора ўсиши барчани ташвишга солиб, ўйлантириб қўйди. Ижтимоий тармоқларда норозиликлар ҳам авж олганди. Жорий йилда эса баъзида биз менсимайгина сотиб оладиган сабзи баҳосининг кескин ошиб кетиши ҳам одамлар ўртасида анчайин саросима уйғотди. Нархлар аста-секинлик билан ўсса унчалик ҳам сезилмайди, аммо ўн сўмлик нарса бирданига юз сўм бўлиб қолса барчанинг диққати ўшанга қаратилиши табиий.

Айни кунларда одамлар орасида яна нархларнинг ошиши борасида ҳамда қуртлаган картошкалар сотилаётгани, бу йил картошкалар ҳосили ҳам яхши бўлмагани ҳақида турли гап-сўзлар тарқаётгани сир эмас. Кўпчилик буни иқлим шароитларининг буткул ўзгариб кетгани билан ҳам боғламоқда.

Тўғри, юқорида айтганимдек бизда ҳар бир рўзғорнинг кунлик рационида картошканинг ўрни катта. Энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулот картошка ҳисобланади. Гўшт бўлмасада, картошкадан турли хил таомлар тайёрлаб кун кечирувчи оилалар ҳам орамизда оз эмас. Чунки бир килограмм гўшт ўрнига 20 килограмм картошка олсак, чўнтак ҳам кўтаради, рўзғор юриб туради. Хўш, картошка борасида тарқалган гап-сўзлар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Нематодалар билан зарарланган картошкалар

Ўзбекистон ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотига кўра, айни дамда Эрон ва Покистондан олиб кирилаётган картошкаларда ўта хавфли зарарли организмлар – олтинранг ва нимранг нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари тизимли равишда аниқланмоқда. Ўзбекистон ҳар йили Россия, Қозоғистон, Покистон, Эрон ва Қирғизистондан 400 минг тоннага яқин картошка импорт қилади. 2021 йилнинг август ойидан бугунги кунга қадар мамлакатимиз ҳудудига 110 минг тонна картошка олиб кирилган бўлиб, шундан 104 минг тонна маҳсулотга фитосанитар талаб­ларга мувофиқлиги тўғрисидаги сертификатлар берилган.

Шу билан бирга, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан хавфли нематодалар аниқланган картошка маҳсулотининг 3 525 тоннаси (3,2 фоизи) тезкор равишда экспорт қилган давлатга қайтарилган. 775 тонна маҳсулотни эса (0,7 фоизи) тадбиркорлик субъект­лари томонидан қайтариш имконияти йўқлиги туфайли махсус объектларда йўқ қилишга тўғри келган. Покистондан 160 тонна ва Эрондан 120 тонна импорт қилинган катта миқдордаги картошкаларда олтинранг картошка нематодаси (лот.Globodera rostochiensis) аниқланган. Ушбу зараркунанда Ўзбекистонда карантин объектлари рўйхатига киритилган.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйи­ча халқаро конвенцияга биноан агентлик томонидан Эрон ва Покистонга Ўзбекистон фитосанитария талабларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан эътирозномалар юборилган. Покистон барча касаллик аниқланган юкларнинг фитосанитар сертификатларини ўрганиб чиқиб, уларнинг қалбакилаштирилганини аниқлаган.

Хусусан, Покистондан олиб келинаётган картошкалар Афғонистон ҳудудида қайта тақсимланиб, бошқа давлатларда етиштирилган картошка билан аралаштирилаётгани, мазкур картошка истеъмол учун эмас, балки озуқа-ем сифатида фойдаланиладиган картошка эканлиги ҳақида ҳам хабарлар мавжуд.

Бизни қандай хавф кутмоқда?

Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, нематодаларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига йиллик зарари бутун дунё миқёсида 100 миллиард доллардан ошган. Олтинранг ва нимранг нематодалар картошка ва бошқа турдаги полиз экинлари ҳосилдорлигини йўққа чиқаради. Асосий зарарланувчи қишлоқ хўжалиги экини – картошка бўлиб, шунингдек помидор ва бақлажонга ҳам кам даражада миқдорда бўлса ҳам зарар келтирар экан.

Нематодаларга қарши курашишда самарали кимёвий воситалар шу кунгача ишлаб чиқилмаган. Зараркунандалар тарқалган ҳудудларда 30 йилгача картошка ва полиз экинларини етиштириб бўлмайди.

Бундан ташқари, помидор, бақлажон, булғор қалампири, картошка ва бошқа маҳсулотларни Евросиё иқтисодий иттифоқига экспорт қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келиб, чекловлар жорий этилиши мумкин. Агар бундай чекловлар жорий этилса, айнан шу сабзавотларни чет давлатларга экспорт қилувчи юртдошларимизнинг бизнеси касодга учраши эҳтимоли юзага келади. Бу эса иқтисодиётимизга салмоқли зарар етказади.

Покистон Ўзбекистонга картошка етказиб берувчи асосий мамлакатлардан бири ва Эрон ҳам 2021 йилдан шулар қаторига кирган. Аммо, агар Покистон ёки Эрондан картошка олиб киришга тақиқ қўйилса, уларнинг ўрнини бошқа йирик етказиб берувчи мамлакатлар – Россия ва Қозоғистон билан алмаштириш қийин бўлади. Чунки, Россия ва Қозоғистонда ушбу маҳсулот нархи тез суръатлар билан ўсиб бормоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда етиштирилган сабзавотларда нематодалар аниқланса, бу ердан сабзавот маҳсулотлари, жумладан, иссиқхона сабзавотлари (айни пайтда мамлакат ишлаб чиқарувчиларига кўп миллион долларлик даромад келтираётган)ни Россия ва минтақанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилиш тақиқланиши мумкин. Шу ўринда мамлакатимиз учун бу жиддий таҳдиднинг олдини олиш жуда муҳим ҳисобланади.

— Жануб юртларидан кириб келаётган картошка маҳсулотларида турли хил зараркунанда ҳашоротлар чиқиб қолиб, кейинроқ у зараркунандалар бизнинг маҳаллий картошкага таъсир этиш омили инобатга олинса, ўзбек тадбиркорлари аста-секин чириндига бой қора тупроқларда етишган Польша бозорларидаги картошкага қизиқиб кўришлари мумкин, — дейди иқлимшунос Эркинжон Абдулаҳатов.  — Польшада картошка ҳосилининг юқорилиги октябрь ойида поляк бозорларида маҳсулот нархи тушиб кетишига сабаб бўлди.

Марказий Осиё мамлакатларида картошка нархлари динамикасининг ўсиши ҳисобига, Шарқий Европа мамлакатларида энг арзон нархда сотилаётган поляк бозорларидан картошка импортини амалга ошириш мумкин. Чунки, Польшада картошка нархларида пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Қолаверса, юк ташиш айланмаларини амалга оширишда Ўзбекистон Польша билан яхши савдо алоқаларига эгадир.

Шу ўринда зарарланган картошкалар борасида яна бир савол туғилади, улар ростдан ҳам йўқ қилиндими ёки яширин йўллар билан бозор расталарига чиқиб кетдимикан? Ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Бунинг учун харидорлар аввалгидан-да эътиборлироқ бўлиши, хушёрликни оширишлари лозим.

Дарвоқе, 2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон Эрон картошкаси сотиладиган иккинчи йирик бозорга айланди. Шу вақт ичида Эрон Ўзбекистонга 121,7 минг тонна картошка экспорт қилди ва бу кўрсаткич мазкур йўналишда етказиб бериш бўйича рекорд ҳисобланади. Эрон сабзавотларининг энг катта ҳажми Афғонистонга юборилган – 125 минг тоннадан зиёд. Айтганча, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Россияга Эрон картошкаси Ўзбекистонга юборилган картошка билан тенг миқдорда экспорт қилинган.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔12

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Айрим балиқларнинг қирилиши инфекциялар тарқалишига сабаб бўлади

Айрим балиқларнинг қирилиши инфекциялар тарқалишига сабаб бўлади

🕔22:11, 12.04.2024 ✔11

Балиқ истеъмол қилишнинг саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида жуда кўп маълумотга эгамиз, аммо уларнинг экологияга фойдаси ҳақида доим ҳам гапирилавермайди.

Батафсил
«Гулқайчи»га  муҳтож  рекламалар

«Гулқайчи»га муҳтож рекламалар

🕔22:08, 12.04.2024 ✔9

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ичида телевидение энг таъсирчан манба бўлиб қолди. Телефон деган зормандада эса бари муҳайё, телевизор ёки радиоаппаратга ҳам ҳожат йўқ. Йўлда, ишда хоҳлаган канални топиб, кўраверасиз ёки эшитаверасиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар