Оролбўйида янги боғлар
Қорақалпоғистон Респубикаси экологик муаммолардан энг кўп азият чекадиган ҳудуд бўлгани боис, дарахт ва буталарни экиш алоҳида долзарб аҳамиятга эга.
Боиси қуриган Орол денгизидан кўтариладиган тузли чанг ва қум бўронларини фақатгина ўсимлик ва дарахтларгина тутиб қолади. Шу билан бирга, иқлим мўътадиллигини таъминлаб, табиий равишда ҳавони тозалаб беради.
Ҳудуд флора ва фаунасини, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот оламини асрашда ҳам «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг амалий натижасидан қорақалпоқ эли катта умид қилиб ерга кўчат қадамоқда. Жорий йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 14 миллион донадан зиёд манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатларини экиш бўйича шаҳар ва туманлар, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар кесимида режалар белгилаб олинган. «Долзарб қирқ кунлик» давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 10 декабрга қадар 5 миллион 250 минг тупдан кўпроқ дарахт ва буталар экиш мақсад қилинган.
Бугунги кунга қадар яратилган янги тизим асосида кузги режанинг 58,3 фоизи бажарилди. Асосан, тут, қайрағоч, терак, кальпа, шумтол, мевали дарахтлар ва бошқа турдаги манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Уларни танлашда соҳа мутахассислари, тупроқшунос олимлар, биолог ва ботаниклар, шунингдек, суғориш тизими ходимлари маслаҳат ва тавсиялари олинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳозирда соҳа мутахассислари билан биргаликда Оролбўйининг кескин-континентал иқлимига мос келадиган тут, терак, катальпа, жийда ва мевали дарахтлар экилмоқда.
Суғориш ҳолатини ҳисобга олган ҳолда кўчатлар асосан кўлдан суғориш мумкин бўлган, ирригация тармоқлари яхши мустаҳкамланган катта канал, ариқ ва зовурларга якин жойларда экилмоқда. Бўш турган майдонларга мевали дарахтлар ўтқазилиб, келажакда боғ барпо этиш мақсад этиб қўйилган. Биргина Нукус шаҳри «Жийдели Байсун» маҳалласидаги бўш турган 12 минг гектар жойга беш минг дона декоратив дарахтлар экилгани бунга мисолдир. Бундан ташқари Хўжайли тумани «Саманбай» ОФЙда бўш турган 3 гектар жойга 380 дона мевали дарахтлар экилиб, «Депутат боғи» деб ном берилди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида 4 та сектор вакиллари билан бир қаторда туман ва шаҳар ҳокимликлари, туман ва шаҳар прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва солиқ инспекциясининг туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари ҳам фаол қатнашмоқда. Ўрмон хўжалиги бўлимлари эса экилаëтган кўчат ва дарахтларнинг 60-70 фоизини таъминлаб бермоқда.
Камчиликлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, Нукус шаҳридаги катта автомобиль йўли ёқасига, шаҳар марказидаги «Тўрткўл гузари» ва «А.Досназаров» кўчаларига экилаётган дарахтлар етарли миқдорида эмас. Келгусида ана шу жойлардаги дарахт ва буталар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Чиқинди полигони атрофи боғ бўлади
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан пойтахтимиздаги кўпгина ташкилот, муассаса ва корхоналар билан ҳамкорликда ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, чиқинди полигонлари атрофини ободонлаштириш ва яшил масканга айлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти партия ташкилоти, «Махсустранс» ДУК, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистоннинг Ўмон Султонлигидаги элчихонаси ва ушбу давлатда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида жойлашган «Оҳангарон» чиқиндилар полигони ҳудудида дарахт экиш акцияси ташкил қилинди.
Дарахт экиш акциясида «Оҳангарон» чиқиндилар полигони ходимлари, мутасаддилар ҳамда фаол талабалар биргаликда полигон ҳудудига 200 тупдан зиёд ёнғоқ ва тут дарахти кўчатларини экишди. Маълумки, бир дона дарахт кунига ўртача 27 кг. атрофида кислород ишлаб чиқаради. Шу сабабли, дарахтлар экиш орқали ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли саломатлигини асраш, атроф муҳитни ҳимоя қилиш, ҳаводаги кислород миқдорини ошириб, заҳарли чиқинди газларини табиий йўл билан тозалаш мумкин.
Хоразм гужумлари қайтади
Азалдан дунё олиму фозилларини жамлаган Хоразм, нафақат маҳобатли бинолари билан, балки сўлим боғлари, аср билан тенгдош гужумлари билан ҳам ном таратган. Гарчи ёзи жазирама иссиқ, қиши изиллама совуқ бўлса-да, ўзига хос ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга. «Долзарб қирқ кунлик»да ана шудай иқлим шароитига мос кўчатлар экилмоқда. Жорий йил кузги мавсумнинг ўзида 5 миллион 250 минг туп дарахт ва буталар экиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ишлар қизғин давом этмоқда.
Хоразм заминида қайси турдаги дарахтни қандай ҳолатда, қайси жойда экилишини билиш ҳам осон эмас. Шунинг учун ҳам бу борада тажрибали боғбонлар, ёши улуғ нуронийлар, боғдорчилик ва ўрмончилик мутахассислари маслаҳатига таяниб иш кўрилмоқда. Кўчатларни танлаш, суғоришда нималарга аҳамият бериш кераклигини билиш, бўлажак боғлар умри узоқ бўлишини таъминлайди.
Қувонарлиси, мазкур жараёнда нафақат соҳа мутахассислари, балки хусусий корхона ва ташкилотлар ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. «Долзарб қирқ кунлик» муносабати билан Хива туманидаги тижорат банки ходимлари Шомохулум маҳалласида янгидан барпо қилинаётган истироҳат боғи ҳудудига кўчат экиш ишларида иштирок этиб, 600 туп манзарали дарахт кўчатлари экишди.
Тупроққалъа туманида эса давлат ва хусусий корхона ҳамда ташкилот мутасаддилари бошчилигида 2264 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бундан ташқари Қўшкўпир туманида жойлашган 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатида «Мактабни яшил масканга айлантирамиз» шиори остида дарахт экиш акцияси ўтказилди. Унда мактаб маъмурияти, ўқитувчи ва ўқувчилар фаол қатнашиб, мактаб боғига турли кўчатларни экиб, суғоришди. Келгусида қадалган ниҳоллар униши учун барча иштирокчилар баҳор ва ёз ойларида ҳам уларни парваришлашга келишиб олдилар.
Дарҳақиқат, кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.
Наманганда яшил масканлар
Юртимизда дарахт кўчатлари экиш бўйича «долзарб қирқ кунлик»да Наманган вилоятидаги барча корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари ходимлари ҳам ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ҳудудлардаги марказий хиёбонлар, кўп қаватли уйлар, таълим муассасалари атрофида вилоят иқлим шаротига мос бўлган павловния, қарағай, сафора каби ўнга яқин турдаги манзарали ва ўрик, гилос, олча, тут сингари мевали дарахт кўчатлари экилди. Уларнинг сув билан таъминланиши, келгуси парвариши учун МИБнинг Наманган вилоятидаги шаҳар ва туман бўлимлари масъул этиб белгиланди.
Чуст туманида ташкил этилган акция доирасида бўлим бошлиғи ва давлат ижрочилари шанба куни эрта тонгда 15-умумтаълим мактабига келишди. Ўзлари билан олиб келинган декоратив, манзарали каштан, арча кўчатларини ҳамжиҳатликда яхши ниятлар билан ўтқазишди.
Бюронинг Косонсой туман бўлими бошлиғи ва давлат ижрочилари марказда қад ростлаган «Ёшлар маркази» хиёбонининг янада обод бўлишига ҳисса қўшишди. Улар умуммиллий акция доирасида ўн тупдан ортиқ манзарали кўчатлар экишди.
Акция доирасида умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари ҳовлиларига МИБнинг Уйчи, Янги Наманган, Янгиқўрғон, Поп, Норин, Мингбулоқ туманлар бўлимлари томонидан ҳам юздан зиёд турли манзарали дарахт кўчатлари ерга қадалди.