Табиатни асраш орқали инсонни асраш мақсадининг рўёби
Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот марказида инсон, унинг саломатлиги, фаровон ҳаёти, фарзандларининг келажаги ва шубҳасиз, уни ўраб турган табиат турибди.
БатафсилКуз – йиғим-терим фасли. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айни етилган ва қишга захира сифатида олиб қўйиладиган пайт. Шу билан бир қаторда дов-дарахтлар қишги уйқуга кетиши учун тайёргарлик кўрадиган фасл. Нафақат дов-дарахт, балки экин ерлари ҳам дам олиши учун ағдарилади. Уйқуга тараддудланган дарахтлар баргларини тўкади, хазонрезги палла бошланади.
Ҳар куни ишга келишда ва ишдан қайтишда йўлларда, ариқларда тўла хазонрезгига кўзим тушади. Уларни уюм-уюм қилиб тўплаётган ободонлаштириш ходимлари ҳатто улгуришмайди, бир ёқдан тозалаб келгунларича иккинчи томон яна дарахт барглари билан қопланади. Ўйлаб қоламан, шунча хазон йиғиштирилиб қаерга олиб борилади экан? Чиқиндигами?.. Қишлоқ жойларда, дала-даштларда ерга тўкилган хазон, ўша ернинг ўзи учун озуқага айланиб кетади. Аммо шаҳарларда бу масала қийинроқ, тўкилган хазонлар атроф кўркини бузади. Уларни дарров-дарров йиғиштириш керак, олиб чиқиб ташлаш керак. Аммо қаерга?..
Айни вақтда «Тошкент шаҳар ободонлаштириш маркази» ишчилари кўча ва боғларда тўкилган баргларни тўплашда ўз жонбозликларини кўрсатишмоқда.
Айрим мамлакатларда бу каби барглар тўкилиши билан эмас, ҳамма барглар тўкилиб бўлганидан сўнг йиғиб олиш урфга кирган. Бизда эса бунинг имкони йўқ. Шаҳар гавжум, машиналар қатнови эса узлуксиз. Шамол баргларни учирмасдан, уларни тўплаб олиш эса анча енгиллик яратади. Шамол вақтида барглар сочилиб кетади. Ишчи яна тўланган баргни йиғиб олишга мажбур бўлади. Шу жумладан, машиналар ҳаракатига ҳам жиддий таъсир кўрсатади.
Европа мамлакатларида тўкилган баргларни йиғиб олишда махсус целлофан пакетлардан фойдаланилади. Бу иш унумдорлигини ошириши билан бир қаторда шамол бўлишига қарамасдан тўпланган баргларнинг сочилиб кетмаслиги кафолатидир. Шу билан бир қаторда, махсус техникалар ҳам ишга туширилади. Бу албатта, ободонлаштириш марказининг захира маблағларига боғлиқ жараён. Мана шунинг учун бизда асосан қўл меҳнатидан ва халқона усуллардан фойдаланилади. Қолаверса, техника билан йиғишда ҳам ўзига яраша қийинчиликлар мавжуд. Махсус чанютгич ер юзасидаги баргларни йиғиб олиш жараёнида етилган ўсимлик уруғларини ҳам сўриб олади. Бу эса ҳудудда келажакда ўсимликларнинг кескин камайиб кетишига олиб келиши мумкин.
«Биз фақат тозалашга масъулмиз. Раҳбарият қаерни айтса, ўша ерни бориб тозалаймиз. Махсус транспорт бизни айтилган манзилга олиб боради ва ўша ҳудудни тозалаймиз. Тўкилган баргларни тўплаб, тракторларга ортиб юборамиз. Улар бу баргларни нима қилишини билмаймиз. Менимча, албатта чиқиндига ташлаб юборса керак. Айнан қайси ҳудуддаги чиқинди ташлаш пунктига олиб кетилишини билмайман», дейди ободонлаштириш маркази ишчиларидан бири.
Албатта, юқорида айтганимиздек, баргларнинг кейинги тақдири кўпчилик учун қизиқ бўлса керак.
Хўш, уларни нима қилишади? Агар бир жойга тўплаб ёқиб юборилса, бу табиат учун, озон қатлами учун жуда катта зарар. Ёки ёқиб юбормасдан бир ерда тўкиб қўйиш ҳам шунга ўхшаш хавфни туғдиради. Сабаби, тўкилган баргларда азот моддаси мавжуд бўлиб, кўп вақт тўпланиб қолиб кетган барглар ўз-ўзидан ёниб кетиши мумкин. Ёнмай қолганида ҳам бу ерда дарахт ва ўсимликлар учун жиддий хавф туғдирувчи организмлар кўпайиши кузатилади. Баҳор келиши билан эса улар яқин атрофдаги дарахтлар ва ўсимликларга жиддий зарар етказади.
Қуриган барглар ёқилганда ҳосил бўладиган тутундан минглаб одамлар нафас олиб соғлиғини ҳавф остига қўяди. Биринчи навбатда инсоннинг ўпка тизими зарарланади. Заҳарли моддалар кон орқали бутун танага тарқаб буйрак, жигар, бош мия ва асаб тизимига катта зарар етказади.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, 1 тонна қуриган барг ёнганда ҳавога 9 килограммгача тутун микрозарралари ажралади. Бу микрозарралар таркибига: чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ҳамда инсон учун энг хавфли моддалардан – диоксин киради. Бу заҳарли моддалар организмга тушгач, иммун тизимини зарарлайди, гормон ва витаминлар фаолиятини издан чиқаради.
Шунингдек, қуриган майса ва баргларни ёқиш натижасида тупроқ қатламининг фойдали микроорганизмлари – ёмғир чувалчанглари, майда ҳашаротлар нобуд бўлади. Майсаларга ўт қўйилса, олов жуда тез тарқалиб бошқариб бўлмас кучга айланади, натижада дарахтлар, ўрмон ва уйларни кулга айлантириши мумкин.
Европанинг кўпгина давлатларида тўкилган барглар йиғиб олинмайди. Шу жумладан Америкада ҳам ҳудудни, ҳатто ўзингизнинг шахсий ҳудудингизни тўкилган барглардан тозалаш ўта жиддий айбловга олиб келиши мумкин. Масалан, 2010 йил май ойида Москва шаҳар маъмурияти майсазорда барглар йиғиб олинмаслиги тўғрисида қарор қабул қилган.
Бу каби ҳаракатларни меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солишдан асосий мақсад, аввало табиатнинг ўз-ўзини қайта тиклашига имкон беришдир. Чунки табиатдаги ҳар бир унсур бир-бирига боғлиқ равишда ўзаро мувозанатни ташкил этади. Дарахтлар кузда баргларини тўкиши орқали тупроқни табиий ўғит билан таъминлайди ва бу ерда ўсадиган ўсимликлар дарахтнинг келажакдаги ўсиши ҳамда ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Бир қатор мамлакатларда тўкилган баргларнинг йиғиб олинмаслигига асосий сабаб ҳам мана шу.
Бизда эса худди мана шу табиий ўғит сифатида фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулот кўпинча табиат ва атроф муҳитга зарарли бир ҳолатда йўқ қилинади. Ҳосилдорлик кўрсаткичи бир неча фоизга кам ҳудудларимиз бисёр. Айни шу сабаб билан у ерларда ҳеч қандай экин экилмайди, экилганида ҳам бирор-бир натижага эришилмайди. Мана шундай ерларга тўпланган баргларни етказиш ва шундан сўнг шудгорлаш орқали унумсиз ерларни ҳам унумдор ҳолатга келтириш наҳотки мумкин эмас? Бунинг учун қандайдир бир ўзгача биологик модда ўйлаб топишнинг кераги йўқ аслида. Бунинг учун тегишли ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликларнинг озгина эътибори керак холос.
Тўкилган барглардан гумус олиш XVIII асрдан бошлаб қўлланила бошлаган. Россиянинг деярли барча қишлоқ аҳолиси ҳозиргача худди шу усулдан фойдаланади. Тўпланган барглар, ўсимликлар пояси махсус чуқурга кўмилади ва баҳоргача қолдирилади. Баҳорда эса бу тайёр ўғитга айланади. Шу билан бирга, бу ерда ерга ишлов берувчи чувалчанглар ҳам яхши ривожланади.
Битта катта дарахтдан 50 минг дона барг тўкилар экан. Бу ўртача ҳисобда битта ўртача дарахтдан 170-220 кг. барг тўкилади деганидир.
Демак, ўртача ҳисобда биргина Тошкент шаҳри ҳудудидан миллион тоннага яқин тўкилган баргларни йиғиб олиш мумкин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёки бирор тадбиркор, фермер томонидан ҳозиргача бу ҳақида таклиф билдирилмаганга ўхшайди. Шунинг учун ҳам биз шундай катта ўғит захирасини оддийгина чиқиндига чиқариб юборяпмиз ва бунинг табиатга зарарини кўпайтиряпмиз холос.
Кузда дарахтлардан тўкиладиган баргларни йўқ қилишга селектив ёндашиш керак, аслида. Яъни ҳар бир яшил майдон объектига унинг барча хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, масала алоҳида ҳал қилиниши керак. Нотўғри танланган ёқиб юбориш ва компостдан ташқари, тўкилган барглар энг кутилмаган нарсалар учун муҳим хомашё бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Энг оддий ечим – тўкилган барглардан этил спирти олиш мумкин. Негадир ҳозиргача ҳеч ким бу маҳсулотни ишлаб чиқаришни ўйлаб кўрмаган.
Мисол учун, BioFuels International компаниясини яратган Бирмингем Питер Моррисон ва Шэрон Уормингтонга барглар тўкилишидан яхши пул ишлашга муваффақ бўлишган. Компания тўкилган барглардан брикет ўтинлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу шунчаки бизнес эмас, балки атроф муҳитни сақлаш шиори остида ер юзида иссиқхона эффектига қарши курашдир. Ҳар бир ишлаб чиқарилган брикет ўтинларнинг оғирлиги бир килограммдан ошади ва узунлиги ўттиз сантиметрга тенг. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ерга тўкилган ва шаҳар чеккасига ташлаб юборилган барглар карбонат ангидриддан кўра 20 баробар заҳарли метан газини ишлаб чиқаради. BioFuels International брикет ўтинларидан фойдаланилганда худди мана шу метан газ ҳисобига хона иситилади, аммо бу жараёнда карбонат ангидрид ишлаб чиқарилади холос.
Шундай қилиб, тушган барглардан ишлаб чиқарилган «брикет ўтин» атроф муҳитга икки баробар фойда келтиради. Буюк Британияда тўкилган барглардан ишлаб чиқарилган брикет ўтинларнинг ўнта тўплами нархи 35 фунт ёки 56 долларни ташкил этади ва мамлакат ичида етказиб бериш мутлақо бепул амалга оширилади. Битта «брикет ўтин»нинг ёниш вақти 2-3 соатни ташкил этади, бу табиий аналогдан уч баравар кўп.
Ёқилғининг бу тури Англияда тобора оммалашиб бормоқда. Шундай қилиб, тадбиркор Бирмингем деярли тугамайдиган манбага эга. Брикет ўтинларни ишлаб чиқариш бўйича янги технологиянинг муваффақияти бошқа мамлакатлардаги ишбилармонларнинг қизиқишини уйғотган.
Нью-Йоркда жойлашган VerTerra компанияси бундан ҳам улкан натижаларга эришди. Улар тушган барглардан бир марталик тарелка ва стаканларни чиқара бошлади. Идишлар буғ ва иссиқлик орқали махсус технология ёрдамида тайёрланади. Муҳими, уни ишлаб чиқаришда кимёвий моддалар ишлатилмайди. Бу идишларнинг асосий хусусияти – уни микротўлқинли печда ва музлатгичда ишлатиш мумкинлиги.
Хуллас, айни вақтда шаҳар кўчалари тўлиб-тошган хазон барглари ҳам қайта тикланувчи табиат неъматларидан бири. Фақат бундан тўғри фойдалана билиш, ҳеч бўлмаса жаҳон тажрибасини ўрганиш кифоя. Ҳозиргидек, бу хазонларни уюм-уюм қилиб, чиқиндига чиқариб ташлаш билан эса, муаммони кўпайтиряпмиз холос.
Дилбар РАЖАБОВА
Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот марказида инсон, унинг саломатлиги, фаровон ҳаёти, фарзандларининг келажаги ва шубҳасиз, уни ўраб турган табиат турибди.
БатафсилЙиллар ўтгани сайин ҳар бир соҳа замон талаблари даражасида ривожланиб бормас экан, одамларнинг турли эътирозлари ва танқидларига дуч келаверади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон темир йўллари тизими ҳақида ана шундай фикрлар бот-бот айтилмоқда.
БатафсилБир томондан, расмий ҳисоботларга қарасангиз, Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш борасида сўнгги йилларда улкан натижаларга эришилган.
Батафсил