Табиат      Бош саҳифа

Қалтис тоғлар зирвасин эчкию олқордан сўр...

Тоғбегининг гап-чин бўлиб чиқди. Худди ўткир найза учини эслатиб юборадиган қоя пастидаги сайҳонликдан аллақачон олқорлар тўдаси ғойиб бўлган экан. Улар ҳар қандай одамнинг тинкаю мадорини қуритиб қўядиган нотекис, хавфли сўқмоқ, жар-ўраларни назар писанд этмасдан, янги, серўт яйловларни излаб топиш илинжида бу ерлардан бош олиб кетган эди.

Қалтис тоғлар зирвасин эчкию олқордан сўр...

Энди уларни учратиш учун  қорайиб турган  ҳов анави қоялар бағрини кесиб ўтган сўқмоқдан пастга эниб, хийла вақтгача йўл танобини тортишимизга тўғри келади.

Сир-синоатга, ажойиботларга сероб Оқтовда олқорқамоқ сақлаб келинади. Уни на йиллар сурони, на қор-ёмғирлар бука олди.

— Олқарқамоқ дегани нима ўзи? Шуни бизга тушунтириб кетсангиз, — дея тоғбегига савол қотди ҳамроҳим.

— Атрофини табиий тик, зич қоя­лар, зирвалар ўраб олган чоғроқ сайҳонликни тоғу тошда умргузаронлик қиладиган улус олқорқамоқ деб атайди. У сон-саноқсиз, қалашиб ётган тошлардан атайлаб девор қилингандай таассурот қолдиради. Ўша олқорқамоқнинг яккаю ёлғиз тошдарвозаси бўлади. Олқор имконини топиб фақатгина ана шу дарвозадан ташқарига чиқиши мумкин.

Аввал бошда сезмаган эканмиз, олқорқамоқ ичида она олқор бор экан. Ёнида қўзичоғи. Кўзлари худди тундай тим қора, мунчоқни эслатади.Жониворларни берилиб томоша қилдик. Олқорқамоқ ичига тасодифан кириб қолган, маълум вақт жон сақлаган совлиқ ва қўзи бир жойда қотиб туравериб зерикди чоғи, кутилмаганда шохларини темир дарвозага ура бошлади. Озод бўлишнинг бошқа йўли қолмаганидан сўнг, жониворлар яна нима қилишсин. Тоғбеги чаққонлик қилиб, жониворларни олқорқамоқдан озод этди. Она-бола тоғлар томон елдай учиб кетди.

Тоғу тошлар орасида анча-мунча нарсаларни ўз кўзи билан кўрган олқор тўдалари бўри ва овчидан қаттиқ қўрқади. Бунинг сабаби беш қўлдай аён. Негаки, тўрт оёқли йиртқичдан амаллаб қутилиш, қочиб кетиш мумкиндир, аммо, қўлига милтиқ тутган кимсадан қочиб кетиш маҳол.

Гоҳида тўдани қўлга киритиш учун қўчқор олқорлар ўртасида муросасиз ва аёвсиз жанглар бўлиб туради. Жангда ғолиблик нашидасини сурган эса каттагина тўдага сардор бўлади. Бир тўдада саккизтадан ўнтагача аъзо бўлиши кузатилган. Бу бир мустаҳкам оила деганидир. Қолаверса, сардор тўданинг хавфсизлиги учун жавобгар ҳисобланади.

Тарихий тарқалиш майдони

Сверцов қўйи (Қизилқум архари) Нурота қўриқхонасидаги энг ноёб жониворлардан саналади. Дарвоқе, бу антиқа тоғ қўйлари Помир, Олтой тоғлари таркибига кирувчи Қизилқум адирликларининг шимолий ёнбағирларида учрайдиган эндемик тур ҳисобланиб, халқаро «Қизил китоб»га киритилган. Аслида сверцов қўйларининг тарихий тарқалиш майдони Нурота, Оқтоғ, Молгузар, Туркис­тон ва Зарафшон тоғ тизмалари, Писталитоғ, Лангартоғ, Томдитоғ, Бўкантоғ ва Қизилқумнинг бошқа поёнсиз адирликларидан иборат.

Бу сўлим ва хушманзара гўшалар қадим-қадимдан «Қизил китоб»га киритилган ёввойи қўйлар – олқорлар билан янада жозибали ва тароватли бўлиб келган.

Афсуски, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига келиб, аҳоли томонидан олқорларга ёппасига қирон келтириш авж олиб кетди.

Оқибатда жуда кўп миқдорда тоғу тошлар, табиат кўрки бўлган олқорлар йўқотиб юборилди. Аслида бу ҳолни келгуси авлодлар асло кечиришмайди. Она табиатга етказилган ўша зуғумнинг асоратларию жароҳати ҳанузгача битгани йўқ.

Шалдироқ қўшиққа жўр оҳанг

Чўққиларини кўз илғамас юксак тоғларда, ҳайбатли дараларда, қалин арчазорлар, қори эримайдиган терскайларда истиқомат қиладиган ёввойи қўйларни қаҳратон қиш, аёзли кунлар қаттиқ ва жиддий синовдан ўтказади. Бундай қийин ва мураккаб ҳаёт чиғириғидан эсон-омон ўтган ўтловчи, жуфт туёқ жониворлар фасллар келинчаги бўлган баҳорни муносиб тарзда қарши олади.

Оқар сувлар, жилғалар, сойларга тушиб келган «тоғ маликалари» қониб-қониб обиҳаёт симириб, то келаси кунгача ошқозонига зарур миқдордаги озиқни тўплайди.

Тоғбеги бошчилигида Нурота тоғ тизмаларининг олқорлар жуда кўп миқдорда учрайдиган «Ҳаёт» участкасида ҳозир бўлдик. Осмону фалакда доира солиб ўлаксахўр баҳайбат қушлар гир айланади. Гўёки, қаердадир шу яқин орада ҳайвон лошини кўриб қолгандай. Тоғнинг сон-саноқсиз, мислсиз сўқмоқларида, ялангликларда изма-из туёқлари ерга тегмай сакраб-сакраб, теварак-атрофга сергак, ҳушёр боқиб, қулоқларини динг қилганча, баногоҳ хавф-хатарни сезгудек бўлса, шу заҳоти ҳавога сакраб, ўқ мисоли отилиб қочишга шай турган тўдани сардор олқор бошқариб боради. У бу гал тўдани тўппа-тўғри ўзининг азалий қўшиғини жўр бўлиб «куйлаётган» сой бўйлаб, турфа хил ўт-ўлан, ёввойи алафлар, буталар, шувоқ, буғдойиқ, қўзиқулоқ, янтоқ, какра, сигирқуйруқ, учқати, ирғайлар ғуж-ғуж бўлиб ўсиб ётган томонга етаклади. Емиш мўл-кўл бўлгани учун жониворлар бошини кўтармасдан зўр бериб ўтлай бошлади.

Шу маҳал сардорнинг ўткир кўзлари қоятошлар ортида, қуюқ, қалин буталар орасида, пана-пастқамда биқиниб, ўлжасини пойлаб ётган тоғ илвирсига қадалди. Дарҳол подани яқингинадаги хавфдан огоҳ этди. Архарлар товушдан ҳам тез учишди. Қари илвирс эса тўғридан тикка қувишни иложини тополмай, ортиқча куч сарфлаб ўтирмади. Кузатиш жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, архарларнинг жонлари туёқларининг кучида йиғилган бўларкан.

Буни қаранг, жониворлар тўдаси бутун ёз бўйи яйраб, тан-жонлари семириб, эт қўйишга ҳам бемалол улгурганди. Агар чаққонроқ илвирс бўлганидаку, аллақачон яшиндек сакраб, тирик шохдор архарнинг белини зарб билан синдиришнинг уддасидан чиққан бўларди. Аммо, қари йиртқичнинг нафаси сиқилиб, режанинг расвоси чиқди.

Қочиб кетаётган поданинг йўлбошчиси мағлубият аламини тотиб кўрган, омадсизлик исканжасига тушиб қолган қоплоннинг таъзирини бермоқчи бўлдими, югуриб кета туриб бирдан кескин ва шиддатли тарзда орқасига бурилди. Шохларини силкитди-да, кучли туёқлари билан ерга тарс-турс уриб, сўнг кўздан панага йўқолди. Бу тоғ қоплонини ер билан битта этди...

Қоратов гардимисан ё Оқтов мардимисан?

Бориб кўрганлар билади, Нурота тоғ тизмаларининг энг баланд чўққиси Заргар ёнида – «Адолат ойнаси» деб аталадиган бир қоя қадим замонлардан бери савлат тўкиб туради. Ана шу қоянинг ўнг ёнида «Бешбармоқ» қоя ястаниб ётади. Бу сўлим жойларда шаҳд-шиддатли, шохлари бурама архарлар тез-тез пайдо бўлиб туради. Бу жониворлар Хатирчининг Лангар тоғидаги чўққилари булутларга қадар чўзилган олқорларнинг яқин қариндоши бўларкан. Шунинг учун жониворлар оралиқ масофа хийла узоқ бўлишига қарамасдан бир-бирлари билан учрашиб, кенгашиб турар экан. Бу сингари ҳолатларга шахсан гувоҳ бўлган қариялар олқор ҳақидаги ҳикояларини то ҳанузга қадар тоғлик набираларига айтиб беришдан асло эринмайди.

Яна элнинг айтувича, Самарқанд заминини қирқ йилдан ортиқ бошқарган, зукко бобомиз Мирзо Улуғбек Нурота тоғ тизмаларининг ҳар иккала тармоғи ҳисобланган Оқтов ва Қоратов бағрида кунлаб кезиб, сайру саёҳат қилишни хуш кўраркан. Бир сафар ҳукмдор хос аъёнлари билан тоғ бағрига капа тикиб тунаб қолади. Эрталаб яхши кайфият билан уйғониб яқин атрофни мароқ билан томоша қилади. Узоқдан тоғ-тошларда сакраб, шамолдек учиб юрган сон-саноқсиз олқор тўдаларини қулай жойдан кузатади. Шунда олампаноҳнинг қалби завққа тўлади ва ёнидаги мулозимлари ҳар қанча илтимос қилишларига қарамасдан бирорта жониворни овлашга рухсат этмайди. Аксинча, бу олқорлар она табиатга узукка кўз қўйган ёқутдек ярашиб тушган, дея муносиб таъриф беради. Тоғда махсус тоғбеги ва қўриқчилар қўйиб, бу ноёб «тоғ маликалари»ни асраш кераклигини уқтиради.

Бу билан ёмон ниятли инсонларнинг жониворларни қириши, ўлдириши билан боғлиқ ҳолатларга қисман бўлса-да чек қўйилади. Шоҳнинг бундай оқилона йўл тутишига, энг аввало, қалбида табиатга, чексиз ва беқиёс гўзаликка мислсиз меҳр-муҳаббати сабаб бўлган бўлса, не ажаб.

Олқор шохи ўрама...

Куз ойлари. Бу маҳалда тоғларда ажиб тароват ҳукмрон бўлади. Чор атроф фусункор рангда. Фалакда булутлар лашкари қаерларгадир ошиқади. Какликлар, қирғовуллар қоядан-қояга учади. Манзара гўё эртаклардагидек.

Биз илдам чиқиб бораётган Оқтовни эл «Бузуқ тоғ» деганича бор экан. Тўрхалтамизни кўтариб Мамасоли ва Кенгис оғани орқасидан эргашдик. Ниятим — Нурота қўриқхонасининг маликаси бўлган тоғ қўйларини ўрганиш эди. Манзил томон бораётиб, Томдитоғда ўзим гувоҳ бўлган бошқа бир воқеа хотирамга келди.

Бир учи уфқларга қадар чўзилиб кетган яйлов. Сурув бўрибосар итлар етовида бемалол, эмин-эркин ўт чимдиб юрибди. Ундан сал нарида нортуялар лўкиллаганича кичик тоғ томондан оқиб келаётган сой сувига чанқоғини қондириш учун ўзини уради. Шу маҳал кимдир, анувиларга қаранглар, деб қолса бўладими? Биздан сал нарида, тоғ тепасида икки олқор калла ташлашаётган экан. Бундай кезда уларни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ. Барча нарсани вақт ҳукмига ташлаш керак. Бироздан сўнг мағлуб олқор тўдани тарк этади. Кенгиз оғанинг айтгани бўлиб, каттакон олқор ғолиб бўлди. Қизиғи, бу қатъий қоида олқорлар орасида доимо ўз кучида қолар экан.

Болалигимни эсласам бир-биридан қизиқ, ажабтовур воқеалар ёдимга тушади. Бир куни эрта тонг бобом билан уйимиздан аниқ-тиниқ кўриниб турадиган Лангардаги уч чўққига бориш учун чиқиб кетдик. Пешин пайти тоғда ҳозир бўлдик. Бир қараганда салобатли, улкан арчаларга сероб манзилни пиёда кезиш анча завқли эди. Ўшанда ўзим тенги уч-тўртта тоғ болалари оғзидан:

Олқор шохи ўрама,

Гапни сочдай бурама.

Отанг подшо бўлса ҳам,

Ундан тахтни сўрама

деган содда ва жайдари, халқона сатрларини эшитиб, қойил қолган эдим. Эртасига кун бўйи санғиб, тентираб аранг бир жуфт олқорни узоқдан бўлса-да кўриш бахтига муяссар бўлган эдим. Тоғда истиқомат қилувчи кексаларнинг бири қўйиб, иккинчиси олқор ҳақида бир-биридан ғаройиб ҳикоя­ларни сўзларди ўшанда.

Эртасига аранг қишлоққа қайт­гандик. Энди болаликнинг ўша беғубор ва ажойиб дамлари қайтмайди. Худди ўз тўдасидан бошини қуйи эгиб, узоқ-узоқ сафарга кетиб, қайтмаган олқор каби.

Фусункор саслар садоси

Жаннатмакон юртимизнинг олис ва салобатли тоғларида бўлганимда, тоғ-тошлар, баланд зирвалар, шаршаралар ва сирли ўрмонларнинг фусункор сасларини тинглагандай бўлдим. Илло, бундайин мафтункор манзилларда олам сув қўйгандек жим-жит, сокин бўлади. Фақатгина бу жимликни мангуга занжирланган табиат салтанатининг ҳукмдорлари бўлган ёввойи шохдор қўй-қўчқорлар бузишга журъат эта олади.

Оқ паға, барқут мисол булутлар лашкари Нурота тоғ тизмаларининг кўк муз чўққиларига тегиб ўтиш машғулотини ҳар куни канда қилмасдан адо этиб келади. Энди бундан буёғига ҳам Нурота тоғ тизмаларининг мангу маконларида, тоғларнинг ўнгирлари ва моғорларида яшовчи жуфт туёқли ёввойи қўйу қўчқорлар, яъни архарлар бу жойларнинг гўзал ва танҳо маликалари бўлиб қолаверади. Зеро, бундайин антиқа гўзалликни, нафосатни асрамоқ, қад­рига етмоқ эзгу, савобли ва айни паллада оламшумул юмушдир.

 

Улуғбек ЖУМАЕВ,

журналист

 

* Бошланиши ўтган сонларда.




Ўхшаш мақолалар

Она табиатни асрашда  бизнинг ҳам улушимиз бор

Она табиатни асрашда бизнинг ҳам улушимиз бор

🕔20:42, 19.04.2024 ✔19

Бугун барча соҳалар жадаллик билан ривожланиб боргани сайин дунё бўйлаб янги-янги технологиялар, турли хилдаги корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда.

Батафсил
Кимёвий заҳарлардан  «ногирон»  бўлган ерлар

Кимёвий заҳарлардан «ногирон» бўлган ерлар

🕔22:12, 12.04.2024 ✔24

Миришкор деҳқон йил ўн икки ой меҳнат қилади, деб бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам ердан ризқ ундиришдек олий мақсадни олдига қўйган одам ҳар доим она замин билан тиллашиб яшайди.

Батафсил
Қушлар саноғи  ўтказилди

Қушлар саноғи ўтказилди

🕔22:37, 07.04.2024 ✔28

Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг қушлар ва ҳайвонот дунёси жуда бой минтақаси саналади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Она табиатни асрашда  бизнинг ҳам улушимиз бор

    Она табиатни асрашда бизнинг ҳам улушимиз бор

    Бугун барча соҳалар жадаллик билан ривожланиб боргани сайин дунё бўйлаб янги-янги технологиялар, турли хилдаги корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда.

    ✔ 19    🕔 20:42, 19.04.2024
  • Кимёвий заҳарлардан  «ногирон»  бўлган ерлар

    Кимёвий заҳарлардан «ногирон» бўлган ерлар

    Миришкор деҳқон йил ўн икки ой меҳнат қилади, деб бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам ердан ризқ ундиришдек олий мақсадни олдига қўйган одам ҳар доим она замин билан тиллашиб яшайди.

    ✔ 24    🕔 22:12, 12.04.2024
  • Қушлар саноғи  ўтказилди

    Қушлар саноғи ўтказилди

    Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимизнинг қушлар ва ҳайвонот дунёси жуда бой минтақаси саналади.

    ✔ 28    🕔 22:37, 07.04.2024
  • Осмонда учади, аммо ерни  ҳимоя қилади

    Осмонда учади, аммо ерни ҳимоя қилади

    Орнитологларнинг огоҳлантиришича, агар ерда қушлар йўқ бўлиб кетса, экологик фалокат юз беради.

    ✔ 26    🕔 22:36, 07.04.2024
  • Ширинмияни қутқаринг!

    Ширинмияни қутқаринг!

    Қуйи Амударё минтақаси ширинмияга бой саналади. Бу ўта фойдали ўсимликнинг ариқ ва зовур бўйлари ёки ўзлаштирилмаган ерларда бўй чўзиб ўсиб ётганини кўришингиз мумкин.

    ✔ 51    🕔 14:42, 29.03.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар