Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Дунёни қамраб олаётган сув муаммоси Бизни нима қутқаради, қандай оқибатлар кутмоқда?

Бугунги кунда Ер шаридаги жами аҳолининг 40 фоизи тоза ичимлик сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик сув энг танқис ресурслардан бири бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили ичишга яроқли сув етишмаслиги туфайли 1,2 млн. киши турли хасталикларга дучор бўлади.

Дунёни қамраб  олаётган  сув муаммоси  Бизни нима қутқаради,  қандай оқибатлар кутмоқда?

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЕ) маълумотига кўра, ҳар йили 5 млн. киши ифлосланган ва сифатсиз сувдан истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, жаҳонда 2000 йилдан 2050 йилгача бўлган даврда сувга бўлган глобал талаб 55 фоизга ўсади.

Сув танқислиги бўйича юқори кўрсаткичга эга мамлакатлар рейтингида афсуски Ўзбекистон 25-ўринда жойлашган. Мазкур рейтингда Марказий Осиёнинг бошқа республикалари ҳам ўрин олган бўлиб, Қирғизистон 32-ўринда, Тожикистон 51, Қозоғистон 60-ўринда қайд этилган. Туркманистон эса рейтингда 15-ўринни эгаллаб, минтақада суви энг кам мамлакат сифатида келтирилган.

Охирги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали даражага чиққан бўлиб, Ўзбекис­тон ўз сув захираларининг 169 фоизидан фойдаланмоқда экан. Бу эса яқин келажакда юртимиз «сув стресси»ни бошдан кечириши мумкинлиги билан ниҳоятда хавфлидир. «Сув стресси» деганда эса сув етишмовчилиги даражасини ўлчаш учун ФАО экспертлари «сув стресси» ёки сув ресурсларига бўлган босим даражаси каби кўрсаткичлардан фойдаланиши тушунилади. Улар сув истеъмолининг захираларга нисбатан фоизини ҳисоблайдилар.

Хўш, бу далил бугунги кунда қанчалик тўғри?

Беҳуда сарфланаётган миллионлаб куб сув

Башоратларга кўра, 2040 йилга бориб Ўзбекистон сув танқислиги энг юқори мамлакатларнинг бирига айланиши мумкин. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида  Ўзбекистонда йиллик сув истеъмоли 64 млрд. кубометрга тенг бўлиб, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли фойдаланилган йиллик сув миқдори ўртача 51-52 млрд. кубометрни ташкил этган ёки 20 фоизга камайган. 2020 йилда эса мамлакатимизнинг барча иқтисодиёт тармоқларида 49 млрд. кубометр сув ишлатилган. Охирги 15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти 3 минг 48 кубометрдан 1 529 кубометргача қисқариб кетди.

2020 йилдаги таҳлилларга кўра, Фарғона вилоятида 85 фоиз, Тошкент вилоятида 75, Хоразм вилоятида 61,9, Қашқадарё вилоятида эса 54,2 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик сув, қолган қисми эса альтернатив ичимлик сув манбалари билан таъминланган. Бу кўрсаткичлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда энг паст натижаларни Қашқадарё вилоятининг айрим туманлари, хусусан, Ғузор – 2,1, Деҳқонобод – 2 фоизни ташкил этмоқда.

Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш бугунги кунда ўта долзарб бўлиб, инсонларнинг сиҳат-саломатлиги ҳам айнан шу масала билан чамбарчас боғлиқ.

Ер ости ичимлик сув манбаси мавжуд эмаслиги сабабли ҳар тўртала ҳудуднинг айрим туманларида, айниқса, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг кўплаб аҳоли пунктларига ичимлик сув ташиб бериш йўли билан етказилади. Ичимлик сув ташувчи транспорт воситаларининг эса аксарият қисми санитария талабларига жавоб бермайди. Аҳоли ичимлик сувни санитария талабларига зид равишда ойлар давомида махсус идишларда (аксарият ҳолларда пластик идиш­ларда) ёки ҳовузларда сақлайди. Бу эса аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти.

Бундан ташқари, сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишда ҳар иккала ишнинг бир вақтда бажарилмаслиги, айниқса, кўп қаватли янги уйларда сув таъминоти бўлса-да, канализация тизими йўқлиги ва аксинча ҳолатлар учраши кузатилаётгани жудаям ачинарли ҳолат. Мазкур ҳудудларнинг ер ости ичимлик сув шаклланадиган туманларида канализация тармоғи ночор ҳолда эканлиги мавжуд ер ости сув захираларининг ифлосланишига олиб келмоқда.

Биз ҳар куни сарфлаётган сув кўлами, айниқса беҳуда оқиб кетаётган сув миқдори шунчалар каттаки, уни кичик рақамларда ифодалаб бўлмайди.

Ҳар йили мамлакатимизда миллион, ҳаттоки миллиардлаб куб сув шунчаки беҳуда оқизиб юборилади.

Оддийгина ўз вақтида тузатилмаган сув қурилмалари ёки катта миқдорда ер остидан отилиб чиқувчи сувларни ёпиб қўйиш учун бурагичларнинг қўйилмаслиги ёхуд экинларни нотўғри суғориш кабилар ҳам муаммонинг кўламини тобора кучайтириб юбормоқда.

Масалан, Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, яшил ҳудудларни суғориш учун ҳалигача эскирган технологиялардан фойдаланилиши оқибатида бир мавсумда салкам 26 миллион куб сув ишлатилиши аниқланган. Бу расман Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тақдим этилган рақамлар бўлиб, ҳали норасмий, аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний тармоқлардан сув чиқариб гилам, машина ювиш, суғориш ишларини амалга ошириш кабилар бу статистикада кўрсатилмаган.

– Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича жами 34 миллиондан зиёд аҳолининг 22,2 миллиони ёки 65,1 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланган бўлса, 2,9 миллиони ёки 8,7 фоизи аҳолига ичимлик сув махсус транспорт воситалари орқали етказиб берилади ва 8,9 миллион ёки 26,2 фоиз аҳоли муқобил манбалар (булоқ, қудуқ, сой ва бошқалар)дан фойдаланади, – дейди «Ўзсувтаъминот» АЖ Сув таъминоти, канализация иншоотлари ва тармоқларини эксплуатация қилиш бошқармаси бош мутахассиси Ислом Абдуллаев. – Ичимлик сувнинг исроф бўлишида инсон омилининг иштироки мавсумга боғлиқ бўлиб, 2-5 фоизни ташкил қилади. Булар асосан санитария-гигиена ҳамда хўжалик-маиший эҳтиёжларни қондиришда норационал фойдаланишда юзага келади. Мисол учун тиш ювишда, ювиниш, идиш-товоқларни ювиш ҳамда санитар жиҳозлар носозлиги каби кичкина ҳолатлар йиғилиб, катта миқдордаги исрофгарчиликни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, ичимлик сувдан дов-дарахтларни суғоришда ва ҳовлиларга сув сепишда меъёрсиз фойдаланиш оқибатида унинг исроф бўлиши ҳамда ёз мавсумида истеъмолчиларда босим пасайи­ши доимий равишда кузатилиб келинадиган муаммодир.

Ҳар куни ишга, ўқишга шошар экансиз юзлаб жўмраклардан оқиб ётган ёки кўчаларда суғориш учун шунчаки очиб қўйилиб кейинчалик ёпиш унутилган сув тармоқларига кўзингиз тушади. 5-10 дақиқада суғориш мумкин бўлган ерларга сувни соатлаб бошқариб қўйганларни кўриб, тўғриси сувга бўлган муносабатимиз ҳали-бери ўзгаришига шубҳа қилиб қолади киши.

Бир-бирига боғлиқ экологик муаммолар

Кузатиб борган одам биладики, ҳеч бир экологик муаммо алоҳида мураккаблашиб кетмайди. Уларнинг бари тизимли равишда бир-бирига боғланиб бораверади. Яъни иқлим ўзгариши, чиқиндиларнинг оқар сув ва ер ости сувларини ифлослантириши, чўлланишлар – буларнинг бари бир-бирига боғлиқ бўлган жараёнлардир.

Мутахассислар таъкидлашича, XXI асрнинг охирига келиб, инсоният Ҳимолай музликларининг учдан икки қисмидан кўпроғини йўқотиши мумкин. Худди шундай вазият Помир музликларида ҳам юзага келмоқда. Федченко номи билан юритиладиган узунлиги 75 километрдан ошадиган дунёдаги энг йирик музлик эримоқда ва бу бугунги куннинг энг катта хавфларидан бирига айланди. Глобал исиш оқибатида Тянь-Шандаги музликларнинг эриши тезлашмоқда. Сувдан фойдаланиш масаласининг салбий томони шундан иборатки, хусусан, бизнинг қишлоқ хўжалигимизда исрофгарчилик, жаҳонда белгилаб қўйилган сув харажатлари ҳажмидан бир неча баробар юқори. Масалан, бизда бир гектар ерга ишлов беришда 12-14 минг куб метр сув сарфланади. Аммо, айтайлик, Исроилда гектарига атиги 5 минг куб метр сув ишлатишади, аммо оладиган пахта ҳосили 50 центнерга етади. Бизда эса ўртача ҳосилдорлик атиги 22 центнер атрофида қоляпти.

Бугун дунё бўйи­ча мавжуд бўлган ичимлик сувнинг 70 фоизини қишлоқ хўжалиги истеъмол қилса, Ўзбекистонда бу 45 696 млн. метр куб, яъни 90 фоизни ташкил этади. Энг ачинарлиси, шунинг 60 фоизи турли сабабларга кўра исроф қилинади.

 Яъни бугун биз қишлоқ хўжалиги учун ажратилган сувнинг ярмидан кўпини бутунлай самарасиз ишлатмоқдамиз. Мисол учун, АҚШда бир кубометр сув сарфи ҳисобидан ўртача 4-6 долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бизда эса шунча сув сарфлаб 0,15 доллар (яъни 15 цент) маҳсулот ишлаб чиқарилади. Мана шу мисолнинг ўзиёқ сувдан фойдаланиш борасида қанча вазифалар олдимизда турганини англатади.

Сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ўрганмас эканмиз, бу муаммо тобора кучайса кучаядики, асло ечилмайди.

Иқтисодий тараққиёт маркази директори Юлий Юсуповнинг ёзишича, Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгариши минтақадаги асосий дарёларга сув етказиб берувчи тоғдаги музликлар эришига сабаб бўлмоқда. Сўнгги 50-60 йилда музликларнинг майдонлари тахминан 30 фоизга қисқариб кетган. Тахминларга кўра, ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтарилган тақдирда музликлар ўз ҳажмининг 50 фоизини йўқотиши мумкин, ҳарорат 4 даражага кўтарилган тақдирда эса – бу 78 фоизгача етади. Оқибатда мавжуд сув ресурслари ҳажми сезиларли камаймоқда. Масалан, Ўзбекис­тон томонидан фойдаланиладиган сувнинг йиллик ҳажми сўнгги йилларда ўртача йиллик 51-53 куб метрни ташкил қилади, бу эса ўтган асрнинг 80-йилларига қиёслаганда 20 фоизга камдир. Ҳолбуки, мамлакат аҳолиси ушбу муддат ичида 1,5-2 баравар ўсган.

«Иқлим ўзгаришининг тоғ музликларига таъсири юқори, негаки, музликларнинг ўз масса баланси бўлади, – деб ёзади Германия ер тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси Аброр Ғофуров. – Маълумки, ёзнинг иссиқ кунларида тоғдаги музларнинг қайсидир қисми эрийди, қиш келганда эса устига қор тушиши билан яна тўпланади. Аммо иқлим исиши оқибатида музнинг эриши тўпланишига қараганда кўпроқни ташкил қилмоқда ва музликлар ўз массасини йўқотмоқда. Тадқиқот жараёнида музга 6-7 метр узунликдаги махсус белги қўйилади. Кейинги йил келганимизда музлик шу белгидан 3 метрга пастлаган бўлади. Бу дегани музлик уч метрга эриган ва шунга мос миқдорда массасини йўқотган. Афсуски, баланси яхши томонга ўзгарган музлик ҳали кузатилмади. Демак, тоғларимиздаги музликлар давомий равишда эриб бормоқда. Албатта, инсоният экологик муаммоларнинг барчасига ечим тополмайди. Бироқ тадқиқотлар экологик хавф ўсиб боришини пасайтириш чора-тадбирларини зудлик билан ишлаб чиқиш кераклигини тақозо этади.

Бир кишига бир кунда 50 литр сув

Давлат геология қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимизда аҳоли ичимлик сув таъминоти учун 2019 йилда 161,4 минг куб метр/сутка, яъни 950 минг кишига етарли миқдордаги чучук сув захираси тасдиқланган бўлиб, 2020 йилда бу кўрсаткич юқорилаб, 193 минг куб метр/сутка, яъни 1 млн. 140 минг кишига етарли сув захиралари тасдиқланиши кутилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли жон бошига сувдан фойдаланиш меъёри суткасига 115-240 литр бўлиб, бу дунёдаги ўртача кўрсаткичдан паст ҳисобланади. Мисол учун, Бирлашган Араб Амирликларида кунига 700, Россияда 400, АҚШда 200, Германияда эса 130 литр сув суткалик нормани ташкил қилади.

Ўзбекистон ҳудудидаги 97 та ер конида 64 миллион куб метр, яъни 700 тонна умумий ер ости сув захиралари мавжуд. Булар асосан Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида жойлашган. Бухоро ва Навоий вилоятларида ўртача сув захиралари бўлса, Қорақалпоғис­тон ва Хоразмда чучук сувлар деярли мавжуд эмас ва ерости чучук сувлари республика бўйлаб тенг тарқалмагани энг катта муаммолардан биридир.

Ҳа, рақамлар жуда катта ва айни вақтда жудаям қўрқинчли. Чунки ичимлик сув табиатнинг тугайдиган ресурсидир. Агар дунё давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон зудлик билан бу борада керакли чора-тадбирларни кўрмас экан, сув танқислиги барча жабҳаларда катта муаммоларни келтириб чиқариши кафолатланган.

Сув сайёрамиз ҳудудининг 70 фоизини ташкил қилса ҳам ушбу миқдорнинг атиги 3 фоизи чучук сув, яъни ичиш учун яроқли. Музликларда жойлашгани сабабли унинг ҳам кўп қисмини ишлатиш мумкин эмас. Бу эса муаммога янада жиддий қарашни, бу шунчаки қоғозларда қолиб кетадиган гаплар билан изоҳланмаслигининг яна бир исботидир.

Дунё аҳолисининг учдан бир қисмга яқинроғи – 2,3 миллиард киши сув тақчиллиги кузатилаётган мамлакатларда, 10 фоиз ёки 733 миллион киши сув таҳликали даражада етишмаётган давлатларда яшамоқда.

Бу 733 миллион киши нафақат қишлоқ хўжалиги, балки шахсий эҳтиёжлари учун ҳам сувга муҳтож деганидир. Ернинг ҳар олтинчи аҳолиси камида бир марта тўйиб сув ичишни орзу қилади. Бизда истаган вақтимизда жўмракни очиб сув олиш мумкин бўлган бир вақтда ичимлик сув ҳашамат саналадиган минтақалар ҳам мавжуд.

Баъзида оддий тиш ювиш учун ҳам, ҳовлимизни салқин қилиш илинжида ҳам соатлаб сувни оқизиб қўямиз. Ҳаттоки жазирама ёз кунларида тарвузни совутиш учун ичимлик сув тагига қўйиб устидан узоқ вақт давомида сувнинг оқизилишига ҳам кўп гувоҳ бўламиз. Шугина сув оққани билан камайиб қолармиди, дейишингиз мумкин. Бироқ буни миллионларга кўпайтириб кўринг-а?..

Сўнгги 50 йил ичида дунё бўйлаб сувдан фойдаланиш бўйича давлатлараро 507 та можаро содир бўлган, уларнинг 21 нафари ҳарбий ҳаракатлар билан якунланган. Афсуски агар ичимлик сувдан оқилона фойдаланиш йўлида тезкор чоралар кўрилмас экан, бундан буёғига бундай ҳарбий можаролар сони фақатгина ортиши мумкин. Чунки бир кун сувсиз қолишнинг ўзигина одамзотнинг сув учун қандай ишларга тайёр эканини кўрсатиб бера олади. Бунинг учун уйингизда, ҳовлингизда бир томчи ҳам сув қолмаганини тасаввур қилиб кўришнинг ўзи кифоя.

Дунё олимларининг ҳисоб-китобларига кўра, яқин 15 йил ичида сайёрамизни глобал сув танқислиги билан боғлиқ глобал инқироз кутмоқда. Ва бу муаммо инсоният шу кунгача бошдан кечирган инқирозларнинг энг ҳалокатлиси бўлиш этимоли юқори. Фарзандларимиз келажаги учун бугун биз масъулиятни ҳис қилиб, ақлимизни йиғиштириб олмас эканмиз, эртага кеч бўлиши аниқ. Сувнинг ҳар бир томчисини увол қилаётганимизда юрагимиз жиз этиши, уни имконимиз ва иложимиз борича тежашга ҳаракат қилишимиз лозимлигини чин юракдан англамоғимиз шарт.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔13

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔7

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔32

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар