Экоолам      Бош саҳифа

Ажрашиш рақамлари ортидаги фожиа Пандемиядан кейин оилавий ажримлар сони кўпайиб кетишига нима сабаб бўлди?

«Туянинг юки енгил келса, кўприкнинг устида ётоқлайди» деган мақолни раҳматли бобом кўп такрорларди. Дарҳақиқат, яшаш шароитимиз қанча енгиллашиб, фаровонлашиб, аҳолининг турмуш даражаси ошгани сари жамиятимизда оилавий низолар ва ажрашишлар сони ҳам кўпаймоқда. Оила – жамиятнинг асосий бўғини, муқаддас гўша, деймиз.

Ажрашиш рақамлари  ортидаги фожиа  Пандемиядан кейин оилавий ажримлар  сони кўпайиб кетишига нима сабаб бўлди?

Конституциямизда оила масаласига алоҳида урғу берилгани ҳам бежизга эмас. Статистикага кўра, Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярмида оилавий ажримлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ортган. Бу дегани шу давргача 20 минг жуфтлик ажрашган...

– 2020 йил пандемия сабаб суд тизими фаолияти чекланганлиги боис ажрашиш учун аризалар тўпланиб қолган ва натижада жорий йил аввалида рақамлар кескин ошган. Таҳлилларга кўра, 2021 йил 4 ой давомида 12 806 та оилавий ажрашиш кузатилган. Бу ўтган даврга нисбатан 4897 тага кўп, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова. – Ҳозирги кунгача 30 ёшгача бўлганлар орасида оилавий ажрашиш 3674 тани ташкил этади.

Ўрганишларга кўра, никоҳ бузилишида асосан эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик (48,4 %), учинчи шахс – қайнона-қайнота ёки қариндошлар аралашуви (17,4 %), ёшларнинг оила қуришга тайёр бўлмагани (11 % дан ошиқроқ), моддий етишмовчилик, турмуш ўртоғининг ишсизлиги ва бошқа иқтисодий қийинчиликлар (6,3 %), фарзандсизлик (5,3%), томонлардан бирининг ичкилик, гиёҳванд модда ёки бошқа зарарли одатларга берилиши (5,5 %), ички ва ташқи миграция (3,5 %) каби қатор сабаблар келтирилган.

Энг кўп ажрашишлар Тошкент шаҳар ҳиссасига тўғри келади. Афсуски, оила бузилишининг кейинги оқибатлари жамият учун жуда хавотирли.

Оила мустаҳкамлиги жамиятдаги кўплаб муносабатлар барқарорлиги гарови ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг аҳамияти жуда катта. Ажрашишларнинг салбий оқибатларини онгли равишда тушуниб, ишни бу даражагача олиб бормасликни англаш вақти аллақачон етган. Тушунишимиз керакки, биргина оиланинг бузилиши ҳам жамият ва миллат таназзули томон бир қадам бўлиши ҳеч гап эмас. Хўш, бизга ёшлигимиздан оила муқаддаслиги шунча уқтириб келинса-да, ажрашишлар сонининг бу даражада ошишига нималар сабаб бўлмоқда?

– Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан олиб бораётган баҳслари, уларнинг ўз фикрига эга эмаслиги, айрим оилалардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит оқибатида содир бўлаётган никоҳ бузилишлари бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонова. – Статистик маълумотларда ажрашишларнинг муайян сабаб­лари келтириб ўтилган. Аммо моҳиятига қаралса, ҳар бир оиладаги келишмовчилик ҳам, ажрашиш сабаби ҳам ўзига хос характерга эга. Баъзида арзимаган важлар туфайли оилаларнинг бузилиши ортидан фарзандлар тирик етим бўлиб, ушбу ҳолатдан сарсон ва саргардон, нима қилишни билмай қолмоқда. Ота ва она ўртасидаги саргардонлик боланинг руҳиятида кейинчалик тўғрилаб бўлмас психологик ўзгаришларни келтириб чиқарадики, унинг ўзи қурган оила ҳам йиллар давомида бунинг салбий оқибатларидан азият чекади. Чунки руҳий изтироблар, меҳр етишмаслиги, нотўлиқлик ҳисси, ўзини ҳеч кимга керак эмас деб ўйлаш боланинг келажакда ноқобил йўлларга киришига, тарбияси бузилиб кетишига сабабчи бўлади.

Энг ёмони — ажримлардан кейин кўпчилик оилалар фарзандларини меҳрибонлик уйларига бериб кетадилар. Бу эса арзимаган сабабни деб ажрашган оиланинг жамиятимизга бераётган энг оғир зарбаси десак хато бўлмайди.

– Оилалар пароканда бўлишига жиддий сабаблардан яна бири бу – молпарастликдир. Арзимаган матоларни деб фарзандларини бахтсиз қилиб қўяётган ота-оналар, афсуски, кун сайин кўпайиб бормоқда.

Айниқса, Тошкент шаҳри ва водий томонларда айнан мебель ва сарпо деб аталмиш матоҳ можароси ортидан ўнлаб оилалар бир йилга бормай ажрашиб кетмоқда.

Бахт-саодатни, оилавий ҳотиржамликда деб эмас ўткинчи мол-дунёда деб билаётган айрим катта ёшлилар ҳам нақадар катта гуноҳга қолаётганларини билишармикан, – дейди узоқ йиллар маҳалла тизимида фаолият олиб борган мутахассис Холида Жабборова. – Ҳақиқий бахти бекамлик, фаровонлик бу нарсалар билан ўлчанмаслиги керак. Иқтисодий имконият қанча кенг бўлса-да, инсон маънавий бой бўлмас экан, бу камчиликни ҳеч қандай бойлик билан беркитиб бўлмайди.

Айниқса, аёллар томонидан «ҳар ҳафта» ўйлаб топиладиган янги бир урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига «гап ташиши», телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса «хўп»дан йироқлиги, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабилар ажримларнинг асосий сабабларидан эканлигини таҳлиллар исботлаб турибди. Эр ёки хотиннинг узоқ йиллар ризқ топиш ниятида чет элларда ишлаши, оиласи бўла туриб эркаклар ҳам, баъзи ҳолларда аёллар ҳам яширинча бошқа турмуш қуриб олишлари ақлни шоширади.

«Чўпон кўпайса, қўй ҳаром ўлади» деган мақол бежиз айтилмаган. Баъзида қайнона-қайнота аралашиши етмаганидек, қайнопа, қайнсингилу қайнукалар «қайнаб» ёш оила ҳаётига тинимсиз аралашуви ҳам ажрашишлар салмоғининг ошишига «ҳисса» қўшмоқда.

Биргина мисол, ён қўшнимизнинг келинчаги кўзи кўкарибгина юрганини кўриб индамай туролмадим. Ундан нима бўлганини сўрадим. Келинчакнинг айтишича, улар билан яшайдиган қайнопасининг ўн икки ёшли қизи келинойисининг ҳар бир гапини телефонига ёзиб олиб онасига жўнатиб тураркан. Энг ачинарлиси, унинг юзини ҳам айнан шу қайнопа уриб кўкартирибди. Келинчак камсуқумгина қиз. Аммо қайнопанинг кимлигини бутун маҳалла билади. Охирги вақтларда келинчак кўринмай қолди. Маҳалладагиларнинг сўзларига қараганда ажрашиш учун ариза берибди. Жонидан ўтгандирки, қўлидаги бир ёшли гўдагини ҳам ўйламабди. Энди ҳақли савол туғилади, қачонгача биз келинга қулдек, биздан қарздордек қилинадиган муомалани давом эттирамиз? Қачонгача учинчи шахс аралашуви билан гулдек оилалар бузилиб кетаверади?

Оиладаги келишмовчиликлар, ажрашишларнинг энг катта фожиаси шундаки, бунда асосан аёллар жабр кўришади. Ўзбекистон Гендер комиссияси ажримлар оқибатида жамиятга етадиган зарарлар ҳақида тадқиқот ўтказганда, ажрашган аёлларда бир қанча муаммолар юзага келиши аниқланган. Бунда аввало турар жой муаммоси пайдо бўлади. Аёл ота-онасиникига қайтиб келгач боласи билан у ерга сиғмаслиги аниқ. Ахир чиққан қиз чиғириқдан ташқари дейишади. Ижарада турай деса на қўлида пули бор, на бир ҳунари. Бўлса ҳам ёш болалари қаровсиз қолиш хавфи бор. Хуллас, боши муаммолар гирдобидан чиқмай қолиш эҳтимоли юқори. Ижара нархлари ҳам осмонда. Тўланган алимент бу пулнинг ярмини ҳам қопламайди (агар у ўз вақтида тўланса албатта). Энг ёмони, фарзандлар ота меҳрисиз ўсади. Тирик етим қолган 99 фоиз бола отаси билан умуман кўришмаслиги ўрганишлар давомида ўз тасдиғини топган. Энг ёмони ўзини эркакман деб атайдиган айрим кимсалар нафақат боладан хабар олишмайди, балки минг турли баҳоналар билан алимент тўламаслик йўлларини қидиришади.

Оилавий ажрашишлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Уни гапирмаган одам, ёзмаган ёзувчи ё журналист қолмаган. Телевидение ҳам бу муаммони бонг уриб чарчагани йўқ. Сериалларнинг 90 фоизи шу муаммоларга бағишланган.

Аммо буларнинг ҳеч бири ўз самарасини бермаётганини рақамлар кўрсатиб турибди. Демак, гап яна келиб тарбияга тақалади.

Жигарбандларимизнинг фақат моддий жиҳатлари эмас, балки маънавий дунёсига кўпроқ эътибор беришимиз, уларга ҳаётнинг пасту баландини, оилада эркак ва аёлнинг ўрнини гўдаклигиданоқ ўргатиб боришимиз зарур. Ёшлар оила аталмиш муқаддас даргоҳ остонасига қадам қўяр экан, «Мен оила қуришга тайёрманми? Оилам мустаҳкам бўлиши учун нималар қилишим керак?» деган саволларни ўзларига бериши ва албатта бу саволларга ижобий жавоб ола олишлари керак. Оила қурдими қурди, яшаяптими яшаяпти дегани бу жудаям юзаки қараш. Ёшларга «оила» деган сўзнинг юкини, масъулиятини, залворини чин юракдан ҳис қилдириб, уни муқаддас билиб қадрлашга ўргата олмас эканмиз, ажримларни кўрсатувчи рақамлар йилдан-йилга ошиб бораверади.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи  «бемор»

Тозаликка масъул ташкилотнинг ўзи «бемор»

🕔17:00, 02.05.2024 ✔4

Уйимизни қай даражада тоза сақласак, табиат ҳам худди шундай муносабатга муҳтож. Аммо атроф-муҳитга назар ташланса, бутунлай бошқача манзара. Табиат бизга, наҳотки, ўгай бўлса?!.

Батафсил
«Кемалар  қабристони»да  табиатнинг  йиғиси  эшитилади

«Кемалар қабристони»да табиатнинг йиғиси эшитилади

🕔16:54, 02.05.2024 ✔2

Қорақалпоғистоннинг олис Мўйноқ туманида иккита ажойиб музей борлигини биласизми? «Мўйноқ экология музейи» ҳамда «Орол денгизи тарихи музейи» ҳамиша қизиқувчилар билан гавжум.

Батафсил
Соғлом ҳаёт  ва барқарор  келажакка шунчаки  эришиб бўлмайди!

Соғлом ҳаёт ва барқарор келажакка шунчаки эришиб бўлмайди!

🕔16:44, 02.05.2024 ✔3

Ҳамма бирлашсагина бирор натижага эришиш мумкин

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар