Болалигимиздан бизга озода халқ эканимиз айтилади, китобларимизда сув сепилган боғу кўчалар, саранжом ҳовлилар кўрсатилади. Эртакларда одобли қизчалар, болалар албатта покиза, ҳаммаёқни чинни-чироқ қилиб ўтирадиган қилиб тасвирланади. Хуллас, ёшлигимиздан тозаликни севувчи халқ эканлигимиз қулоғимизга қуйилади.
Катта бўлганимиздан кейин, атроф муҳитга қараб, нима деб ўйлайсиз, ҳақиқатда ҳам шундаймизми? Агар бизнинг тозаликка бўлган муносабатимиз беш балли тизимда баҳоланса, ўзингизча холисона неча баллга баҳолардингиз табиатга муносабатимизни?.. Ҳа, айбни тан ола билиш ҳам мардлик. Узоққа бормайлик, Тошкент шаҳрини олайлик. Ҳар куни Қўйлиқ бозори ёнидан Олой бозоригача автобусда келаман. Йўл бўйи кузатганларим шу бўладики, йилдан-йилга тозалик маданиятимиз ўсиш ўрнига пасайиб бораётгандек. Билиб турибман, нега тозаликка масъул ходимлар ўз вазифасини бажармайди, деб савол бермоқчисиз. Хўш, нега сиз, ҳа, айнан қўлидаги арзимас бир чиқиндини йўл четига улоқтирмоқчи бўлиб турган сиз, уни махсус жойга ташламайсиз?
Билмасангиз билиб олинг, чиқиндини ташлаш учун махсус жойлар белгилаб қўйилган. Тўғри келган жойга ахлат улоқтириш эса биринчи ўринда маданиятсизлик белгиси бўлса, иккинчидан ўз бурчи ва вазифасини билмасликдир. Шу улоқтирилаётган чиқиндилар қаторига яқиндан ниқоблар ҳам қўшилди. Қаёққа қарамайлик бир марта ишлатилган ва йўлакларга, ариқларга улоқтириб юборилган ниқобларга кўзимиз тушяпти. Шуям гапми деб энса қотираётганлар, агар бу айтишга арзирли гап бўлмаганда ва жамиятимиз аҳолисининг ҳеч бўлмаса 80 фоизи тозалик маданиятига эга бўлганда биз ҳозир чиқиндилар уюми орасида яшамаётган бўлардик. Баъзида шундай дилни хира қилувчи ҳолатларни кўрганингда қисқа фурсатда дунёнинг энг тоза давлатларидан бирига айлана олган Сингапур тажрибасини бизда ҳам қўллаш керакмикан, деб ўйлаб қоласан.
Чиқиндиларга тўла маҳаллалар
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда юртимизда йилига 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси (унинг 14 фоизи заҳарли чиқиндилар тоифасига мансуб), 35 миллион тоннага яқин маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Чиқиндихоналар ва чиқинди сақлаш омборхоналарида 2 миллиард тоннага яқин саноат, қурилиш ва маиший чиқинди сақланаётгани ҳамда улар 12 минг гектар майдонни эгаллаб турганини инобатга олсак, чиқиндиларнинг салбий таъсирини тасаввур этиш қийин эмас.
Яшнобод тумани, «Катта Қўйлиқ ота» маҳалласида жойлашган «Корзинка» супермаркетининг ён-атрофи, ариқлар ичи чиқиндиларга тўлиб кетган. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига қараб бўлмайди. Тепароққа қараб юрсангиз Толариқ, Оқ уй ва бошқа маҳаллаларда ҳам шу аҳвол. Маҳалла оқсоқоллари айтавериб, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам ишлайвериб чарчашган шекилли, баъзи-баъзида фалончининг келишига бир-бир тозалаб қўйишади. Лекин бу билан чиқинди муаммоси ҳал бўлмайди-да.
Сингапур тажрибаси
Сингапур қисқа фурсат ичида ифлос, безгак тарқатувчи чивинларга тўла мамлакатдан дунёдаги энг тоза давлатлар рўйхатида 4-ўринга чиқа олди. Хўш, у бунга қандай эришди?
Сингапур қонунларига кўра, асфальтга сигарет қолдиғини ташлаган киши 500 доллар жарима тўлайди, белгилаб қўйилган жойдан бошқа ерда чеккан киши эса 1000 долларидан айрилади. Агар бизда бундай қонунчилик жорий этилса, давлатимиз бюджетига бир йилда миллиардлаб фойда келиши тайин.
Қолаверса, бу ерда чет эллик сайёҳларни ҳам меҳмон экан деб аяб ўтиришмайди. Метро ёки автобусда дуриан (ўткир ҳидли тропик мева) еганлик учун ёки умумий ҳожатхонада сув туширилмагани учун, жамоат жойида электрон сигарета чекканлик, кўча ва йўлакларга туфлагани учун ҳам катта жарималар белгилаб қўйилган. Агар сиз тувакдаги гулга сув қуйсангизу, идиш тагида сув қолдирсангиз 1000 доллар жарима тўлайсиз. Чунки шу арзимаган қолдиқ сув орқали чивинлар кўпайиши ва безгак тарқалиш хавфи туғилиши мумкин.
Табиийки таваккал қилишга ҳамма ҳам қўрқади. Чунки чор атроф тўла видеокамера, улардаги тасвирлар полиция ходимлари томонидан назорат қилинади ва дарҳол тартиббузарларга нисбатан чора кўрилади.
Бундан ташқари, ҳамма жойда махсус кийимдаги полициячилар навбатчилик қилишади. Оддий одамларнинг ўзи ҳам тартиббузарни телефонда суратга олиш ва уни органларга жўнатишдан эринишмайди.
Жаримага тортилганлар эса кейинги сафар аниқ хушёр бўлишади. Чунки отнинг калласидек жарима тўлаш ҳар кимга ҳам малол келиши тайин.
Энди тасаввур қилинг, бизда шундай жарималар жорий қилинса кунига қанча миқдорда давлатга фойдамиз тегар экан?..
Сингапурнинг тозалик борасида олиб борган қаттиққўллик сиёсати бугун ўз самарасини берди. У дунёнинг энг тоза ва бизнес учун қулай маконлардан бири сифатида йилига миллионлаб сайёҳ ва бизнесменларни ўзига тортмоқда.
Жарима ёрдам беради, фақат...
Автомобилларни тез бошқариш, белгиланмаган жойда тўхташ, ниқоб тақмаганлик ва ҳоказолар учун белгиланган жарималар, жамоатчилик назорати ўз самарасини аста-секин кўрсатмоқда. Аммо қонун барчага баробар ишласагина унинг самараси албатта бўлади. Масалан, Алининг тоғаси мансабдор бўлсаю, Алига чора кўрилмаса, нуқул Вали жарима тўлайверса, бундан бирор наф кўриш қийин. Юртимиз тозалигини сақлашни ҳозирча ҳамманинг виждонига ҳавола этиб турамиз. Зора, кўчаларимизни, ариқларимизни, болалар майдончаларини аҳлатга тўлдираётганимизда, лифтга, кўчаларга туфлаётганимизда шу виждон деган нарса уйғониб қолса...
Саида ИБОДИНОВА
Иссиқхоналар экологик ХАВФСИЗМИ?
🕔14:57, 06.02.2025
✔15
Катта шаҳарларда атмосфера ифлосланишининг олдини олиш масаласи бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Атмосферага чиқариладиган ташламалар, айниқса, қиш ойларида кўпроқ бўлиши кузатилади.
Батафсил
Қишлоқ хўжалиги соҳаси Қонун ҳимоясига олинмоқда
🕔16:04, 10.01.2025
✔69
Бугунги кунда глобал даражада об-ҳавонинг кескин ўзгариши, сув танқислиги ва бошқа табиий офатлар натижасида кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқотилишига олиб келмоқда.
Батафсил