Табиат      Бош саҳифа

Яшил ҳудудларни сақлаб қолиш тараққиётнинг бош мезонига айланиши зарур

«Кўпқаватли уйлар оралиғидаги бўш жойларда қурилишлар қилиш, мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўпчиликни ранжитмоқда. Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти...»

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган илк интервьюсида айтилган бу фикрлар, очиғи, ҳамманинг дилидаги гап бўлди. Яшил ҳудудлар масаласи биз учун нафақат экологик, ижтимоий-сиёсий вазифа, балки асрлар давомида аждоддан авлодга ўтиб келган маънавий-ахлоқий таомил ҳамдир. Президентимиз ўз интервьюларида худди ана шу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Биз йиллар давомида узоқни ўйламасдан амалга оширилган бир қатор дастур ва лойиҳалар асосида иш кўриб келдик. Оқибатда, ҳатто она табиатга ҳам катта зарар етгани ҳеч кимга сир эмас. Йиллар давомидаги боқимандалик ва ўзибўларчилик, келажакни ўйламасдан қабул қилинган айрим қарорлар, одамлардаги ислоҳотларга ишончсизлик кайфияти турмушнинг кўплаб жабҳаларига жиддий таъсир ўтказди, дея оламиз.
Сўнги ўн йиллар атрофида аҳоли турар жойлари инфратузилмаси билан боғлиқ ислоҳотлар негизида айрим маҳаллий раҳбарларнинг уқувсизлиги экотизимга сезиларли талафот етказгани кўплаб фикр-­мулоҳазаларга сабаб бўлаётган эди. Айниқса, модернизация қилиш, капитал таъмирлаш, шаҳар инфратузилмасини яратиш каби ислоҳотлар ҳар томонлама ва чуқур ўйланмасдан амалга оширилгани аҳолини ташвишга сола бошлади.
Она табиатга зиён етказиб, дарахтларни ноқонуний тарзда кесганлик учун жавобгарликнинг белгиланиши яшил ҳудудларни қонуний ҳимоя қилиш механизми сифатида қаралади. Шунингдек, мораторий эълон қилиниши ҳамда муддатининг узайтирилиши ҳам яшил ҳудуд масаласи давлатнинг муҳим эътиборида турганини кўрсатади.
Халқимиз янги барпо этган ҳовлисига аввало яхши ният билан кўчат ўтқазади. Фарзандларига атаб дарахт экади. Барқ уриб ўсиб турган дарахтни беҳуда йўқ қилишни ўзига эп кўрмайди. Йиллар давомида бунёд бўлган бир дарахтни кесиб ташлаш осон, лекин яна худди шундай ниҳол кўкартириш учун бир неча йил заҳмат чекилишини яхши билади. Ҳам серҳосил меваси, ҳам соя-салқини, ҳам ҳавони тозалашдаги ҳиссаси учун ҳар бир дарахт, ҳар бир яшилликка алоҳида муносабат кўрсатилади. Бу халқимизнинг минг йиллик тутумларида акс этган бобомерос турмуш тарзи сифатида қаралади. Уни ҳар бир фарзанд ўз оиласида катталардан, ота-бобосидан кўриб ўрганиб боради.
Афсуски, кейинги пайтларда ана шу одат ва анъаналар бир қадар эътибордан четда қолди. Катта шаҳарларимиз, сўлим хиёбонлар, истироҳат боғлари, кўпқаватли уйлар атрофидаги дарахтлар кесилиши она табиатга заррача меҳри-эътибори бўлган ҳар бир инсонни ташвишга сола бошлади. Дарахтлар, айниқса, шаҳар қиёфаси учун жуда муҳим омилдир. У ерда завод-фабрикаларнинг ҳавога кўтарилаётган заҳарли газлари, транспорт воситаларининг тутуни, маиший ва саноат чиқиндисидан пайдо бўлаётган газлар атмосферага таъсир етказиши табиий. Барпо этилган яшил ҳудудлар эса, шаҳар экзотикасига кўрк бағишлаб туриш билан бирга, аҳоли учун катта миқдордаги кислород манбаи ҳамдир.
Дарҳақиқат, келгусида табиатга ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиш каби ишларга йўл қўйилмаслиги учун аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган бундай ҳолатлар юзасидан тегишли мутасаддиларга жиддий чоралар кўриш тақозо этилади.
Янги бунёд этилаётган турар жойлар, намунавий уйлар аҳолиси учун бу каби яшил ҳудудлар жуда муҳим. Улардаги болалар майдончалари, спорт-соғломлаштириш масканлари, маданий ҳордиқ масканлари у ерда барпо этилган яшил ҳудудлар билан файзли ва гавжум бўлади. Ўзбекис­тон Экологик партияси ана шундай эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда мавжуд яшил табиатни сақлаб қолиш тарафдоридир. Шу билан бирга, республикамизнинг бир қанча ҳудудларида эко боғлар яратиш ташаббуси билан чиқиб, мазкур ташаббусни амалга ошириб келмоқда. Аҳолининг кўпчилик қисми экопартиянинг бу ташаб­бусини қўллаб-қувватлаб, ўзлари ҳам кўнгилли равишда бу фаолиятга кўмакчи бўлмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси яшил ҳудудларни сақлаб қолиш, асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш борасида изчил фаолиятни амалга оширишда давом этади. Барча юртдошларимизни бундай ишда камарбаста бўлишга чақиради.

Камол ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔51

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔104

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар