Юртимиз табиати ўзининг ранг-баранг ландшафтлари, флора ҳамда фаунаси билан ажралиб туради. Ер сайёрасидаги тирик табиатнинг ранг-баранглигини асраб қолишда алоҳида аҳамиятга молик деб топилган дунёнинг 200 та экоҳудудидан бири ҳисобланади.
Айнан Ўзбекистон ҳудудида кўплаб жайдари ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остида турган глобал аҳамиятга молик ўсимлик турлари ўсади. Бу ерда антиқа ва ранг-баранг ўсимлик турларининг табиий кўпайиш марказлари, жумладан, жуда камёб бўлган кўплаб турдаги маданий ўсимликлар авлоди аниқланган.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан сўнг инсоннинг табиатга етказадиган зарари меъёридан ошиб, экотизимга таъсири кучайиб борди. Бу тенденция ўлкамиздаги ноёб экотизимга етказилаётган зарарлар миқдорида ҳам яққол кўринди. Ўзбекистоннинг Фарғона, Зарафшон водийси, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент воҳаларида кўплаб табиий ҳудудлар ўзлаштирилиши оқибатида экотизим ўрнини бутунлай антропоген ландшафтлар эгаллади. Маълум бир ноёб турлар йўқолиб кетди, баъзилари эса йўқолиш арафасида.
Мамлакатимизда бир ярим асрлик тарихга эга ботаник тадқиқотлар натижасида ўсимликларнинг ранг-баранг олами борасида улкан маълумотлар захираси тўпланган. Олти жилдлик «Ўзбекистон флораси» (1941-1962) китобида 3663 номдаги ўсимлик (интродуцентлар билан бирга 3824) турлари келтирилган. Мутахассислардан иборат катта бир гуруҳнинг ўзаро ҳамкорликдаги тадқиқоти самараси ўлароқ, 1963-1993 йилларда 10 томлик «Ўрта Осиё ўсимликлари таърифномаси» китоби чоп этилди. Бу китоб ҳозирга қадар Ўзбекистондаги ўсимликлар ранг-баранглиги ҳақида асосий манбалардан бири ҳисобланади.
Бой флорамиз фақат қайдларда қолмоқда
Ўшандан буён кўплаб ботаник топилмалар кашф қилинди, янги тур ва навлар тавсиф этилди. Бироқ, афсуски, мамлакатимизнинг флораси ҳақидаги бой маълумотлар фақатгина қоғозлар, тор доирадаги мутахассисларга мўлжалланган илмий ҳисоботлар ҳамда гербарий намуналари қайдларида қолиб кетмоқда.
Ҳозирги кунгача Ўзбекистон амалиётида ўсимликлар дунёси объектининг тўлиқ кадастри тузилмаган. Қанчалик ғалати туюлмасин, бугунга қадар Ўзбекистон флорасининг замонавий рўйхати ёхуд флоранинг республикамиз бўйича маъмурий ва ҳудудий рўйхати чоп этилмаган.
Бу муаммонинг асосий сабабларидан бири мавжуд маълумотларнинг тарқоқлиги, ягона ахборот муҳити етишмаслигидир.
Ўзбекистоннинг кўпгина ҳудудларидаги ўсимликлар етарли даражада ўрганилган эмас. Ҳар бир турнинг географик тарқалиши ҳамда уларнинг эндемик кўпайиши ва ноёб турларининг ҳозирги ҳолати бўйича аниқ маълумотлар етишмаслиги оқибатида «Ўзбекистоннинг Қизил китоби» халқаро IUCN талаблари асосида юритилмаяпти. Бир қатор доривор гиёҳлар ва бошқа иқтисодий самарадор бўлган ўсимликларнинг ёввойи турларига ҳар йили квоталар эълон қилинади, бироқ уларнинг ҳудудларда тарқалиши ва захираси борасида бугунги кунда аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Шунинг учун гиёҳлардан дори тайёрлашнинг кўлами ошиб кетмоқда ва оқибатда ушбу турлар тобора камайиб кетмоқда. Турли гиёҳлар ўзбошимчалик билан, пала-партиш териб олинаётгани уларнинг табиий кўпайишига салбий таъсир кўрсатяпти.
Худди шундай ҳолат Ўзбекистоннинг қўриқланувчи табиий ҳудудларида ҳам кузатилади. Бор-йўғи, учта (Чотқол, Нурота, Зомин) қўриқхонадаги ўсимликлар рўйхати чоп этилган, холос. Бошқа қўриқхона ва миллий боғлардаги ўсимликлар борасидаги маълумотлар табиат ихлосмандларининг кенг қатламига етиб бормасдан, ҳисобот ёки диссертациялардагина қолиб кетмоқда. Қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг бошқа тоифалар (буюртма майдонлари, қўриқланадиган ландшафтлар, ўрмон хўжалиги ва ҳ.з) флораси борасидаги маълумотлар умуман мавжуд эмас. Ўрмон хўжалиги, миллий боғ, қўриқхона, вилоят ва туман табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекторлари қўриқланадиган ҳудуд, у ерларда ўсадиган ноёб ўсимлик тури ва уларнинг униб-ўсиши борасида етарли маълумотга эга эмаслар.
Бундан ташқари ботаник-мутахассисларгагина мўлжалланган фундаментал илмий тадқиқотларни истисно қилганда жойларда табиат ихлосмандларининг кенг қатлами, талабалар, ўқувчилар, сайёҳлар фойдаланишига мўлжалланган ўсимликларнинг рангли, кўргазмали таърифномаси йўқ ҳисоби. Зотан, мана шунга ўхшаш китоблар, қўлланмалар, ахборот-маълумотномаларга республикамиз ҳудудида жуда катта эҳтиёж мавжуд.
Ўсимликларнинг янги электрон базаси
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти ГЭФнинг Кичик грантлар дастури лойиҳаси кўмагида Ўзбекистоннинг ранг-баранг ўсимликлари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистондаги ранг-баранг ўсимликлар олами борасидаги барча манбаларни таҳлилдан ўтказиш ва мавжуд флоранинг турлари, таксономияси, морфологияси, экология, географик тарқалиши, хўжаликдаги аҳамияти хусусидаги фактларни тўлдириб, ягона электрон маълумот базасини яратишдан иборат.
Ўсимлик олами борасида мукаммал давлат кадастри юритиш ўсимликлар захирасини қўриқлаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги асосли қарорнинг қабул қилиниши бундан кейин «Қизил китоб»ни IUCN талаб ва меъёрлари асосида олиб боришга ёрдам беради, экологик таълим ва экотуризмни тараққий эттиришда зарур бўлган илмий кадрларни тайёрлашда уларни керакли маълумотлар билан таъминлайди. Маълумотлар базасида матн билан бир қаторда ҳар бир турнинг тарқалиш харитаси ҳамда мавжуд ўсимликлар гербарийсининг сканердан ўтказилган тасвири ҳамда фотосуратлари тақдим этилган.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон марказий гербарий фондининг 5 млн. дан кўпроқ намунасига эга коллекциялар фонди асосий маълумот манбаси ҳисобланади. Ўсимликларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида янги маълумотлар йиғиш учун лойиҳа давомида шу пайтга қадар кам ўрганилган тоғли ва тоғолди ҳудудларига дала экспедициялари уюштирилади.
Мазкур лойиҳа бошлангандан буён орадан бир ярим йил ўтди. Хўш, натижа қандай?
Маълумотлар базасига 2150 дан кўпроқ тур (Ўзбекистонда мавжуд флора турларининг 50 фоизга яқини) ҳақида 100 мингга яқин маълумот киритилди. Ўсимликларнинг тарқалиш харитаси ҳамда уларнинг табиий ўсиб турган ҳолатдаги суратларини саралаш устида иш олиб борилмоқда. Ўлкамиз флорасининг 116 та янги тури, шу жумладан, ҳали маълум бўлмаган 20 тури аниқланди.
Ўзбекистон флорасининг ҳозирги ҳолати (Бегона ва бошқа жойдан кўчириб ўтказилганларни ҳисобга олмаганда 4291 ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар турлари) ҳақидаги янги рўйхат тузилди. Бегона турларнинг сони тахминан 500 турни ташкил этади. Чотқол, Зомин, Нурота ва Сурхон қўриқхоналаридаги ўсимликларнинг рўйхатига қўшимчалар киритилди. Ҳатто шу пайтга қадар энг яхши ўрганилган деб ҳисобланувчи Чотқол қўриқхонаси ҳудудида 12 та янги тур аниқланди. Шуни айтиб ўтиш керакки, мавжуд флора ҳақидаги маълумотлар ўтган асрнинг 60-70 йилларида тузилган ва улар Марказий гербарий фондида сақланади, бироқ маълумотларнинг тарқоқлиги, ягона ахбарот базасининг мавжуд эмаслиги туфайли кўпгина маълумотлар қўриқхоначиларнинг қайд дафтарига кирмай қолган.
«Ўзбекистоннинг Қизил китоби»даги ноёб турлар (жумладан лоланинг барча турлари)га IUCNнинг талаб ва меъёрларидан келиб чиқиб баҳо берилган. Фарғона водийси ва унинг тоғ олди атрофида аҳоли зич яшаши, ҳудуд ерлари тўла ўзлаштирилган ҳамда ўзининг ажойиб намуналари ва эндимек турларга эга олтита ботаник ҳудуд мавжудлигига қарамай ўсимлик турлари борасида янги қизиқарли маълумотлар тўпланди. Фарғона водийсида (1909 йилдан бошлаб) тўпланган гербарийлар ҳақида 1550 та қайдни ўз ичига олган маълумотлар базаси тузилди. Ўсимликларнинг ўтмишда ва ҳозирги тарқалиш ҳолатига баҳо бера оладиган Геоинформацион тизимга асосланган янги хариталар яратилди.
Экологик таълим ва туризмда фойдаланишга мўлжалланган маълумотлар базаси ботаник жиҳатдан жуда ҳам қизиқарли ва кўпчилик борадиган Угам-Чотқол миллий боғи флорасининг дала кўрсаткичи намуна сифатида лойиҳа томонидан тайёрланди. Бу Ўзбекистонда қўриқланадиган табиий ҳудудлар орасида флорага энг бой маскан ҳисобланади. Бу ерда 1697 турдаги юқори ўсувчи ўсимлик, жумладан, 61 та «Ўзбекистоннинг Қизил китоби»га киритилган ва 58 та эндемик тур мавжудлиги қайд этилган. Рангли кўрсаткичда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) миллий боғнинг 350 дан ошиқ энг кўп учрайдиган ҳамда камёб, эндемик турдаги ўсимликлар ёрқин суратлари билан тақдим этилган.
Ишончимиз комилки, келгусида барча танишиш имкониятига эга бўладиган мазкур маълумотлар базаси Ўзбекистоннинг ўсимликлар оламини асраб қолиш ва ундан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Комилжон ТОЖИБОЕВ,
Наталья БЕШКО,
ЎзР ФАнинг Ўсимлик ва
ҳайвонот олами Генофонди институти олимлари
Яшил тараққиёт – табиат, жамият ва иқтисодиёт ўртасидаги мутаносиблик демак
🕔16:01, 12.12.2024
✔8
Бугунги кун ҳар бир раҳбардан, халқ ишонч билдирган, сайланган ҳар бир депутатдан уйғоқликни талаб этади. Чунки мамлакатимизда амалга оширилаётган бугунги ислоҳотлар шиддатига ҳамоҳанг қадам ташлай олмайдиганлар халқнинг эътиборидан ҳам, ишончидан ҳам жуда тез тушиб қолиши турган гап.
Батафсил
Кафолатланган ҳуқуқлар ва табиат олдидаги бурчлар
🕔15:57, 12.12.2024
✔7
Аҳолининг экологик хавфсизлигига доир талаблар мамлакатимиз янгиланган Конституциясида аниқ-тиниқ белгиланган. Бош қомусимиз мамлакатда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича энг муҳим ва асосий ҳуқуқий манба ҳисобланади.
Батафсил
Табиатни биргаликда сақлаб қолайлик!
🕔15:52, 12.12.2024
✔7
Мана, совуқ кунлар ҳам эшик қоқмай кириб келди. Шундай изғиринли кунларда она табиатда биз билан ҳамнафас бўлиб яшаб келаётган кўп жонзотлар ҳимояга муҳтож бўлиб қолади.
Батафсил