Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Зарафшон дарёси табиий ва сунъий талафотларни енгиб ўта оладими?

Зарафшон дарёси минтақамиздаги бир неча минг йиллик тарихга эга сув ҳавзаларидан бири ҳисобланади. Умумий узунлиги 877 километрни ташкил қиладиган бу дарё суғориш ишларидан ташқари минтақа экотизимининг барқарорлигини таъминлаш, бой фауна ва флораси билан био хилма-хилликни сақлаш, шунингдек, ўзига хос экзотикаси билан ҳам катта ва стратегик аҳамиятга эга.

Зарафшон дарёси табиий ва сунъий талафотларни енгиб ўта оладими?

Дарё ҳавзасининг майдони 41 минг 860 квадрат километрни ташкил этади. Шундан тоғли қисми 17 минг 710 квадрат километрни, қолгани тоғ олди қирлари ва текисликка тўғри келади. Лекин бу маълумотлар бугунги кунда қай даражада реал экани бироз мулоҳаза туғдиради...
Кейинги пайтларда Зарафшон дарёси ҳавзасида экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш, дарё суви меъёридан ортиқ пасайишининг олдини олиш, ҳавза ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларнинг ноқонуний фаолиятларига чек қўйиш борасида бир қатор жиддий масалалар кузатилди. Соҳа мутахассислари, мутасаддилар ва жамоатчилик бу каби муаммолар ечими хусусида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Шунга қарамасдан, мазкур масала ҳамон узил-кесил ечим топмаётгани ажабланарлидир.

Танқислашаётган обиҳаёт
Зарафшоннинг делта қисмида тадқиқот олиб борган археолог­лар беш минг йил муқаддам у ўз сувини Амударёга қуйган, деган хулосага келган. Бир пайтлар Зарафшон сувнинг мўллиги ва баҳор ойлари ёйилиб оқишидан шунчалар кенг тўқай пайдо бўлганки, Самарқанд атрофида 10 минг қўшини бўлган Спитамен Александр Македонский аскарларига қақшатқич зарба бериб, дарё бўйидаги ўша чангалзорга кириб кўздан ғойиб бўлган... 
Бу тарихнинг олис йилларида дарё сувининг мўллигини тасдиқловчи далил. Бугун эса, юқоридаги ҳолатларнинг аксини кўпроқ кузатишимиз мумкин.  
Биринчи навбатда дарё ўзанининг торайиши, сув сатҳининг кескин пасайиб кетиши ҳамда дарё сувидан хўжасизларча фойдаланиш муаммоси жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Сув сатҳининг йилдан йил пасайиб кетишига дарёнинг қўшни давлатдан оқиб келувчи сув миқдори чеклангани ҳамда иқлим ўзгариши оқибатида йиллик ёғин миқдори кескин камайгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, Зарафшон дарёсидан сув ичадиган ҳудудларда  сувга бўлган эҳтиёжнинг ҳам тобора ортиб бораётгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Афсуски, бу каби сабабларни бартараф этиш кўпинча инсон имконидан ташқарида қолади. Шундай пайтда мавжуд сув ресурсларини тежаб-тергаб, боридан оқилона фойдаланиш янада долзарброқ аҳамият касб этади.
Ҳозирда Зарафшон дарёси сувидан суғориш, ичимлик, саноат, коммунал-маиший эҳтиёжларни таъминлаш кабиларда фойдаланиб келиняпти. Бутун халқ хўжалиги тармоғининг Зарафшон дарёсидан истеъмол учун оладиган жами сув миқдори йилига ўртача 6 километр кубни ташкил этади. Бу эса дарёнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали оқиб ўтадиган табиий оқимидан кўпдир.
Дарё ўзанининг торайиши оқибатида кейинги йилларда тупроқ намлиги янада пасайгани кузатилган. Ҳатто йиллар давомида муттасил қайнаб турган булоқлар қуриб қолган. Дарё ҳудуди атрофидаги ер ости сувлари 5-7 метрга пасайгани аниқланган. Бунинг натижасида маҳаллий аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжи кескин ортган. Бугун эса, аҳоли ичимлик сув ҳамда суғориш масалаларида янги-янги муаммоларга дуч кела бошлади.

Юзага келган сув тақчиллиги коллектор-дренаж оқова сувлари ва дарё қуйи оқимидаги ортиқча сувлар ҳисобидан қоп­ланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, сувнинг ифлосланиши билан боғлиқ бошқа бир қатор муаммоларни юзага келтиради. 

Статистик маълумотларга кўра, «Зарафшон дарёсининг юқори оқими бироз минераллашган, бироқ Тожикистон Республикасидаги кон-бойитиш комбинати чиқарадиган азот тузлари ва оғир металлар (симоб, сурьма) билан зарарланган. Фан дарёнинг (Тожикистон) юқори оқим сувлари таркибида симоб айрим йиллари йўл қўйиладиган концентрациялардан (ЙҚК) 9 мартагача ошиб кетади.
Зарафшон ўрта ва қуйи оқимда Самарқанд ва Навоий вилоятларидан оқиб келадиган саноат, коммунал-маиший ва коллектор-дренаж сувларини қабул қиладиган коллекторга айланиб қолгани бугун, афсуски, тегишли мутасаддиларни безовта қилмаяпти. Бунинг жабрини яна ўша атроф-муҳит, дарё сувига кўз тикиб турган қишлоқ аҳолиси кўряпти. Дарёга Чиғаноқ коллектори оқова сувлари қуйилганидан кейин унинг суви таркибида аммоний ва нитрит азоти (19 ЙҚК), феноллар ва нефть маҳсулотлари (74 ЙҚК) кўпаяди, юқори тўйинган пестицидлар миқдорининг ошиши (1830 ЙҚК) ҳам қайд этилади. БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси атроф муҳит сиёсати қўмитаси 2010 йилда «Зарафшон дарёсининг Сиёб сув коллектор тизимининг манбасидан қуйи оқими Ўзбекистонда энг ифлосланган сув оқими», деб топган. Мана, орадан ўн йилдан ортиқ фурсат ўтган бўлса-да, минтақадаги ҳолат ҳали-ҳануз тўлиқ ўнглангани йўқ. Бундай экологик хатарли вазият аҳоли пунктларининг санитария-гигиена аҳволига ва дарёга туташ суғориладиган ҳудудларга салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти. 
Илгари Зарафшон тоғидаги музликларнинг чегараси йилига бир метрдан чекинаётган бўлса, ке­йинги йилларда 10 метргача етди. Бир неча юз минг йиллар аввал ҳосил бўлган бу музликлар эриб, ёғингарчилик бўлмаган ёз фаслида дарёларни сув билан таъминлаб туради. Музликларнинг эриши тезлашиб, улар йўқолиб кетса дарёларимиз ёзда қуриб қолиши мумкин. Дарёларнинг қуриши деҳқончиликни, ичимлик ва сизот сувларининг кескин камайишига сабаб бўлади. Ичимлик сувни ва деҳқончилик маҳсулотларининг камайиб кетиши эса авлодлар келажагига хавф туғдиради.
— Бу йил дарёдаги сув ҳажми ҳар йилгидан бир неча баробар камайган, — дейди Зарафшон дарёсининг қирғоқ минтақаларида қум-шағал аралашмаси қазиб олинишининг дарё ўзанига ҳамда ер ости чучук сувлари захирасига таъсирини ўрганиш бўйича Самарқанд вилоят ҳокимлигида тузилган ишчи гуруҳ раҳбари Алишер Раимжонов. — Шунинг­дек, йиллар давомида қум-шағал материалларининг назоратсиз қазиб олиниши натижасида дарё қирғоқларининг бузилиши ва ўзанда жойлашган айрим объектларнинг турли даражада талафот кўришига олиб келган. Ўрганиш­ларимиз жараёнида дарё ҳамда кузатув қудуқларининг ҳозирги ҳолатини аниқлаш мақсадида GPS (STONEKS) навигация ўлчов асбоби ёрдамида дарё ўзанида топо-геодезия ишлари бажарилди. Натижада 1986 йилга нисбатан бугунги кунда дарё сатҳи 5-8 метргача чуқурлашиб кетганлиги аниқланди.

Жонли табиатнинг уволи
Дарё сувининг ифлосланиши ва камайиши, аввало, у ердаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига катта таъсир кўрсатади. Дарё атрофида истиқомат қилувчи аҳоли ҳатто беш-олти йил олдинги яшил экзотика ҳозирга келиб анча камёблашиб қолганини ачиниш билан тилга олишади. Бу эса, ҳавза атрофида яшовчи қушлар ва ҳайвонларнинг ҳам камайишига олиб келган. Баъзи мутахассислар дарёбўйи ҳудудидаги айрим ўсимлик навларининг камайишини кейинги пайтларда уй ҳайвонларининг кўпайиши билан боғлиқ эканини таъкидлашган.
Ҳозирги кунда Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида муҳофаза қилинаётган 207 хил қушлар, балиқлар, 88 тур ҳашаротлар, Зарафшон қирғовули, Ўрта Осиё қундузи, Бухоро хонгули буғуси, 300 турдан ортиқ ўсимликлар (уларнинг 80 дан ортиқ тури доривор ҳисобланади) учун ҳам воҳадаги асосий сув ҳавзаси саналган Зарафшон дарёси катта аҳамият касб этади. 
Маълумотларга кўра, дарё суви 1995 йиллардан камая бошлаган. Бу эса нафақат суғориш ва ичимлик сув тизимига, балки минтақадаги экотизимга ҳам жиддий таъсир ўтказади. Дарё атрофидаги яшил муҳит, асосан юлғунзорларнинг йўқолиб бораётгани ҳам ташвишланарли ҳолдир. Бу эса, ўз навбатида дарё ўзанининг емирилиши билан бирга, теварак атрофга ортиқча қум, чанг-тўзон кўтарилишига ҳам сабаб бўлади. Самарқанд вилоятининг дарёбўйи туманларида ер ости сувларининг тобора пасайиб бораётгани аҳоли учун бир қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Қолаверса, дарё атрофидаги тош-шағал қазиб чиқарувчи кўплаб карьерлар дарё ҳудуди баъзи бир кишилар томонидан суиистеъмол қилинаётганини кўрсатади.     
Ўзбекистон Экологик партияси транс­чегаравий аҳамиятга эга бўлган ушбу умуммиллий бойлигимизни асраб-­авайлаш ҳамда ундан тўғри ва оқилона фойдаланиш масаласини мунтазам кун тартибига қўйиб келяпти. 

«Олаверинглар, камайиб қолмайди...»
Дарёбўйи ҳудудида аҳоли ва мутахассисларни жиддий ташвишга солиб келаётган яна бир муаммо кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиб турибди. Бу дарё ўзани ва ҳавзасидан фойдаланиш билан боғлиқ. Ҳозирда дарё ёқасида тош майдалайдиган ўнлаб корхоналар ташкил қилинган. Улар дарёдаги тош-шағал маҳсулотларини қазиб олиб, майдалаб, қурилиш материали сифатида ишлатилиши учун фаолият юритишмоқда. Аммо бу фаолиятнинг қай даражада қонунийлиги, атроф муҳит учун қанчалик экологик хавфсизлиги масаласи ҳалигача очиқ қолмоқда. Оқибатда дарё ўзанининг ноқонуний тўсиб олиниши, баъзан қонунга хилоф қазиш ишлари, дарё экотизимининг сунъий ўзгартирилиши каби ҳолатлар кўпчиликнинг асосли ҳавотирига сабаб бўлмоқда.
Дарё бўйида яшовчи аҳоли эса, тош майдалагич ускуналар ҳамда жараёнга жалб этилган катта транспортларнинг шовқини ва атмосферага кўтарилаётган зараридан ташвишда. Маҳаллий аҳоли бу ҳақда тегишли ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилган бўлса-да, муаммо ҳануз ўз ечимини топган эмас.

— Зарафшон дарёсида ҳозир икки масалага эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди мутахассис, Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти кенгаши раиси Собир Машрабов. 

— Биринчиси, дарё ва дарёбўйи ҳудудларидан тош-шағал қазиб олишда белгиланган меъёрларга риоя қилинмаётганидир. Аслида дарё ҳавзасидан қурилиш материаллари қазиб олиш учун фойдаланиш мумкин, лекин унинг тегиш­ли меъёрлари бор. 
Ҳавзанинг фақат 1 метргача бўлган қисмида юқоридаги ишларни амалга оширишга рухсат берилган. Аммо амалда бу ҳолат 3-4 метрни ташкил қиляпти. Оқибатда, дарё ва дарёбўйи ҳудудининг табиий ландшафти, ўсимлик ва ҳайвонот олами, сув ресурсларининг мусаффолиги ҳамда атмосферага зарар етяпти. Албатта, қурилиш хомашёси бўлган тош-шағал қазиб олишни бутунлай тўхтатишнинг имкони йўқ, лекин бу фаолиятни мавжуд меъёрлар асосида, ўрни келганда она табиатга зарар келтирмайдиган бошқа муқобил йўллар билан давом эттириш мумкин. 

Фақат иқтисодий манфаат кўриш учун экологик муаммоларга йўл қўйилишини оқлаб бўлмайди. 

Иккинчиси — дарё ва дарёбўйи ҳудудининг тозалигига алоҳида эътибор бериш масаласи. Буни масъул ташкилотлар бирлашиб амалга оширса, кутилган самарага эришиш мумкин. Сув дамбалари, ҳавза ҳудуди, дарёбўйи режали равишда мунтазам тозалаб турилиши зарур. Айниқса, дарё сувини маиший ва саноат чиқиндиларидан ҳимоя қилиш керак. 

Имконни қўлдан бермай...
Чиқинди ва оқова сувларнинг йўналтирилиши, ҳавза майдонининг ўзбошимчалик билан тасарруф этилиши, баъзан маиший чиқиндиларнинг зарарли таъсири биринчи навбатда дарё ва дарёбўйидаги тирик муҳитга – ўсимлик ва жонзотларга энг катта зарар етказади. Лекин инсонлардан фарқли ўлароқ дарё ҳам, ундаги тирик мавжудотлар ҳам ҳеч кимга шикоят қила олмайди. Дарё сувининг йилдан йилга пасайиб бориши, жонли табиатнинг бу ҳудудни тарк этиб бораётгани, мавжуд экотизим мувозанатининг бузилиши оқибатида экологик хавф ортаётгани ана шу тилсиз тизимнинг аламли нидоси тарзида акс этиб турибди. Бу эса, минтақадаги мавжуд экологик вазиятни яхшилаш, тегишли ҳуқуқий ва амалий фаолиятни йўлга қўйиш учун етарли ишорадир.
Дарё сувидан оқилона фойдаланиш мақсадида кейинги йилларда баъзи бир амалий ишларга қўл урилди. «Зарафшонмахсуссувқурилиш» МЧЖ томонидан «Самарқанд вилоятида Булунғур сув омборини қуриш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Сув омборининг сиғими 100 миллион кубометр бўлиб, Зарафшон дарёси ҳавзаси учун муҳим стратегик аҳамиятга эга. Сув омбори ишга туширилгач, Булунғур, Жомбой ва Пайариқ туманларида 35,8 минг гектар ер суғориладиган сув билан таъминланиши, шунингдек, 5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш орқали янги ерларни ўзлаштириш имконияти яратилади.
Бу каби амалий ишлар Зарафшон дарёсининг келажакда яна обод бўлиши, ундан оқилона фойдаланиш учун умид уйғотади. Бундай самарали ишлар мунтазам давом этсагина минг йиллардан бери Самарқанд, Бухоро, Навоий вилояти экотизимини барқарорлаштириб турган азим дарёмизни муносиб ҳимоя қилган бўламиз.

Абдукарим АВАЗБЕКОВ,
«Оила ва табиат» мухбири
 




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔17

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔11

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔45

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар