Бўка туманидаги «Бўстон» қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли «Ҳамиджон ўғли Олимжон» фермер хўжалиги асосан, боғдорчиликка ихтисослашган.
Ота-бола Тўрабоевлар ўн йилдан бери янги ерларни ўзлаштириб, боғ яратиб, кўчат етиштириш билан шуғулланмоқда. Жазирама бўлишига қарамай, кўчатлар баравж ривожланмоқда.
— Аслида Бўка туманининг иқлими ўзгарувчан, кўпинча боғларни совуқ уриб кетади, — дейди боғбон Ҳамиджон ТЎРАБОЕВ. — Қиш пайти ҳаво исиб, дарахтлар куртаклаб кетади. Кетидан қаттиқ совуқ тушиб, боғлар ҳосилсиз қолади. Бунга ечим топиш учун совуқ урмайдиган ва кечроқ уйғонадиган кўчатларни қидира бошладим ва топишга муваффақ бўлдим. Манави кўчатлар Қримдан келтирилган, кеч уйғонади. Шуларга пайванд қилиб ўстиряпман. Кўчатлар етилгач, янги очилган ерларга ўтқазилади. Улар икки-уч йилда ҳосилга киради. Мамлакатимизда асосан, май ойи охири — июннинг бошида пишиб-етиладиган олхўри навлари кўп экилади. Дарахтларимиз орасида кеч, яъни сентябрь ойи охирларига бориб пишадиган олхўри нави ҳам бор. Кўриб турганингиздек, бу ерда фарқ уч ойни ташкил этмоқда. Худди бананнинг таъмини берадиган эртапишар олхўри навимиз ҳам бор. Бу нав ҳали кенг тарқалиб улгурмаган.
— Бўка тумани шароитида кўчатни совуқ урмаслиги учун нима қилиш керак?
— Одатда, эрта уйғонган дарахтларни совуқ уради. Дарахт эрта уйғонмаслиги учун қишда чилла суви бериш керак. Ариқлардаги сувнинг музлаб қолиши фойдали. Биринчидан, дарахт 10-15 кун кечроқ уйғонади, иккинчидан, тагидаги тупроқда турли зараркунанда ҳашаротлар ва қуртлар ўлади. Демак, кўчат кечроқ уйғониши учун чилла суви берилиши мақсадга мувофиқ, бошқа сири йўқ. Айтишган-ку: «Чилла суви — тилла суви», деб. Агар томорқада бўлса, дарахт тагини қорга кўмиб қўйиш мумкин. Бу усул ҳам дарахтнинг 10-15 кун кечроқ уйғонишига ёрдам беради. Аммо катта майдонда буни уддалаш бироз қийинроқ масала.
— Одатда, қайси пайванд усулини қўллайсиз?
— Масалан, олхўрини олсак. Пайвандтаги ёввойисиники. Пайвандтаг керакли катталикка етгач, пайвандлаймиз. Бунда, асосан, искана пайванд усулини қўллаймиз. Шунда олхўри жуда тез ривожланади. Келаси йили уни бошқа жойга экса бўлади. Куртак, қаламча ёки бошқача пайвандлаш усулида эса кўчатнинг ўсиши секинлашади. Кўчатини эса икки йилдан сўнггина бошқа жойга экиш мумкин. Кўчатлар уч ва ундан ҳам кўпроқ метрга ўсиб кетади. Искана пайванд усули қўлланилган кўчат бир йил эртароқ ҳосилга киради.
— Ўсиб кетган кўчатлар қачон кесилади?
— Айни жазирамада кесмаган маъқул. Негаки, кесиб ташланган жойини офтоб уради. Бу ишни жазирама кунлар чекина бошлаб, салқинроқ кунлар келганда амалга оширган маъқул. Бу тахминан август ойи бошларига тўғри келади, июнь-июлда кесмаймиз. Илдиз қанча кучли бўлса, кўчат бўйга шунча тез ўсади. Кўчатларнинг ўзи эса уч йилда ҳосилга киради. Илдиз ҳам ўз навбатида катталашиб боради. Пировардида, соғлом ва бақувват кўчат олинади. Яна бир гап: агар кўчатни кўчирилаётган жойига илдизидаги лойи билан экилса, бир йил илгарироқ ҳосилга кириши мумкин. Чунки илдиз ўзининг тупроғи билан янги жойга тез мослашади.
— Нокни-нокка, олхўрини-олхўрига пайвандлар экансиз. Бошқа турга ҳам пайвандлаб кўрганмисиз?
— Тўғри, бир дарахтни бошқасига пайванд қилса ҳам бўлади. Масалан, илгари нокни беҳига пайвандлашган. Бунинг бошқа томони ҳам бор. Беҳининг танаси қаттиқ бўлади, нокники эса юмшоқроқ. Беҳига пайванд қилинган нок жуда тез катталашиб кетади ва кучлироқ шамолда синиб тушиши мумкин. Негаки, пасти мустаҳкамланиб олишга улгурмайди. Шу ҳолатни ҳисобга олиб, кўпроқ ўзини-ўзига пайвандлаш усулидан фойдаланамиз. Бошқа дарахтга улаш ҳам нотўғри эмас. Бунда ҳар томонни ҳисобга олиш лозим: қаттиқ танага қаттиқ пайвандустни, юмшоқроғига юмшоғини пайванд қилиш керак.
— Етиштираётган кўчатларингиз бошқа вилоятларда ҳам ўзини тутиб, мослашиб кета оладими?
— Албатта. Улар тез мослаша олади. Табиати салқинроқ ҳудудларда янада яхшироқ ривожланади.
Ботирали ИМОМОВ
тайёрлади.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔96
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил