ОНАМ КЎРОЛМАГАН БАХТЛИ КУНЛАРИМ…
Ассалому алайкум, муҳтарам Юртбоши!…
Мен болаликдан ногиронман. Кўришда туғма нуқсоним бор. Бироқ шундай бўлса-да, мактабни яхши баҳоларга тамомладим. Меҳнатдан қочмадим, тақдиримдан нолимадим. Қурилиш корхонасига ишга кирдим. Барча қизлар каби чимилдиққа кириш менинг ҳам орзуим эди. Бу ушалди – тенгим топилиб, яхши ниятлар билан турмушга чиқдим. Аммо соғлиғим туфайли фарзанд кўролмадим. Шу сабаб ота уйимга қайтишга мажбур бўлдим… Бу борада ҳеч кимдан гина қилмаганман, қилмайман ҳам. Тақдиримга кўнаман.
Ота уйга қайтганимдан сўнг акам боғининг тўридаги омборни бўшатиб берди. Бу жой уй деса уйга, омбор деса омборга, молхона деса молхонага ўхшамас эди. Шу жойда онам икковимиз барчасига кўниб яшай бошладик. Акаларимга, чечаларимга оғирлигимиз тушмасин дедик-да… Онам қариб, эътиборга муҳтож бўлиб қолгач, ишдан бўшадим. Охирги кунигача ёнида бўлдим. Шўрлик ҳар доим кўзда ёш билан мени дуо қиларди, гоҳида эса овутиб ҳам қўярди: «Қизим, ҳаётда биздан ҳам оғир кун кўраётганлар бор» деб. Кўпинча эса «Мендан кейин қандай яшаркансан-а?» дея хўрсиниб овозини чиқармай йиғлаб ҳам оларди… Онам ўтгач, ожиз кўзларимга дунё янада қоронғи бўлди. Ҳаёт мен учун тугагандай, энди ҳеч кимга керагим йўқдек туюлганди ўшанда. Ҳеч ким она ўрнини босолмас экан, касал ётса-да, ёнимдаги тоғдек гап экан, у кишига суянарканман…
…Шундай суянч тоғимдан айрилиб, ғамга ботган оғир кунларнинг бирида мени икки аёл йўқлаб келди. Бири ҳокимликда, бири касаба уюшмаларида ишларкан. Дилдан суҳбатлашишди, яшаш шароитимни ўрганишди. Орадан кўп ўтмай, туман ҳокими уйимизга келди. Билсам, Сизнинг ташаббусингиз билан мамлакатимизда «Аёллар дафтари» шакллантирилиб, унга мен каби кўмакка муҳтож аёллар киритилган, дафтарда менинг ҳам исми-шарифим бор экан.
Тез орада Маҳмуджон исмли тадбиркор йигит келди. Яшашимни кўриб, «Опа, қандай яшайсиз бу ерда, одам яшайдиган ҳоли йўқ-ку!» деди. Мен 25 йилдан буён шу ерда борига шукур қилиб яшаяпман, ўрганиб кетганман» дедим.
Барака топсин, қурувчилар енг шимариб ишга киришиб кетишди. Уйимнинг томини қайтадан ёпиб, шифер қилишди. Янги пол қоқишди. Деворларини таъмирлаб, янги ойна-эшиклар ўрнатишди. Эшигимнинг олдини кириб-чиқишимга қулай қилиб, зинапоялар ясаб беришди. Супа қуришди. Янада муҳими, нотурар бино қонуний тарзда тураржойга айлантирилди. Эндиликда менинг ўз номимда уйим бор!
Очиғи, 25 йил оғир шароитга кўникиб, бундай, одамларга ўхшаб яшаш нималигини ҳам унутиб юборган эканман. Ўтган кунларим, айниқса, онам раҳматлининг шунча пайт инсон яшашига ножоиз шароитда кун кечирганини эслаб, хўрлигим келиб кетди. Шинам хонадонда яшашнинг гашти ўзгача экан. Уйим таъмирдан чиқаётганини эшитиб, қўни-қўшнилар, дугоналарим ҳам ёрдамга ошиқишди. Ким гилам кўтариб келди, ким кўрпача, ким мебель, ким чойнак-пиёла… Ҳозирги яшаш шароитим ҳавас қилса арзийди. Уйимни саранжом-саришта тутишга ҳаракат қиламан. Менга совға қилинган печкада нон пишираман. Музлаткичда эса керакли нарсалар муҳайё.
Шу ёшга чиқиб эътибор, эъзоз нималигини ҳис қилдим. Бундан бошим кўкка етди. Қалбимда фақат бир армон бор: шу кунларни онам кўрганида эди… Жуда хурсанд бўлган ва албатта, Сизни кўпдан-кўп дуо қилган бўлар эди. Аммо, биламанки, бугун онамнинг руҳи тинч, шод…
Ҳурматли Президент!
Бу эътибор ва эъзознинг сабабчиси Сизсиз!
Ахир мен 25 йил оғир шароитда яшадим. Сизнинг ташаббусингиз, талабингиз, хоҳишингиз туфайли биз, ожиза аёлларга эътибор қаратилди.
Ҳар саҳар Сизни дуо қиламан. Аллоҳдан Сизга куч-қувват сўрайман. Ўзбекистон халқига меҳрингизни қалб-қалбимдан ҳис қиламан. Телевизорда овозингизни эшитганимда бутун вужудим билан Сизга хайрихоҳ бўламан.
Истагим, Сиз бунёд этаётган Янги Ўзбекистонда барча инсонлар бахтли ва фаровон турмуш кечирсин!
Ўзбекистон халқининг бахтига соғ-омон бўлинг!
Гурлан томонга ўтсангиз, албатта, уйимга ҳам келинг, тортинмай меҳмон чорлайдиган шинам уйим бор. Сизга гурланча палов пишириб бермоқчиман… Чексиз миннатдорлик билан,
Майсара ГУЛМОНОВА, Хоразм вилояти Гурлан тумани, «Янгиаср» маҳалласи
Аммо яқинда «Ishonch» газетасида сурхондарёлик Насиба Атамуродованинг миннатдорлик туйғулари ила йўғрилган мактубини ўқидим-у, мен ҳам дил изҳоримни шу йўсинда баён қилишга жазм этдим.
БОЛАМНИНГ ТАБАССУМИДА МЕҲРИНГИЗНИ КЎРАМИЗ
Муҳтарам Президент!
Яширмайман, Cизга ёзишдан олдин анча иккиландим. Чунки оддий қишлоқ аёлининг туну кун халқ дарди билан яшаётган, вақти ғанимат бўлган давлат раҳбарига мактуб битиши менга жуда ноўриндек туюлди.
Зотан, Сизнинг жонкуярлигингиз ва халқпарварлигингиз билан жорий этилган «Аёллар дафтари» асосида менга берилган кўмак ўша дугонамга кўрсатилган ёрдамдан ортиқ бўлса, ортиқки, асло кам эмас.
Дафъатан дардга чалиниб, кўз ўнгида кун сайин номозшомгулдай сўлиб бораётган боласини опичлаб, бир имдодга маҳтал бўлиб, эшикма-эшик югураётган аёлдан-да ғамгинроқ ва муштипарроқ жон бўлмаса керак бу оламда.
Ишқилиб, бундай кулфат ҳеч бир онанинг бошига тушмасин, ҳеч қайси аёл «Болам!» деб йиғламасин. Мен бу кунларни кўрдим, ситамларини бошимдан ўтказдим.
Минг қатла шукрки, бугунга келиб, аввало, Яратганнинг иродаси, қолаверса, Сизнинг раҳбарлигингизда ижтимоий ҳимояга ва моддий ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар туфайли фарзандим – кўзимнинг оқу қораси дарддан фориғ бўлди.
Мен бекободликман. Оилада икки ўғил, тўрт қиз бўлганмиз. Отам бизни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Ўша кезлар мен ҳам барча қизлар сингари ширин орзу-ҳаваслар билан яшардим. Аммо турмушга чиққач, ҳаётнинг қаттиқ синовларига дучор бўлдим.
Аввало, эр-хотин қарийб саккиз йил ижарама-ижара яшадик. Шу асно бир амаллаб тўплаган пулимизга уй қурдик.
Иккинчидан, кенжа фарзандимиз Исломжон юрак нуқсони билан туғилди. Аслида бундай хасталиги бор болани эмлаш мумкин эмас экан, биз бехабар эмлатиб қўйибмиз. Энг катта ғам-ташвишлар ана шундан сўнг бошланди. Эндигина эмаклай бошлаган ўғлимиз тўсатдан ҳаракатланишдан тўхтади. Устига-устак, на гапиради ва на эшитади.
Учинчидан, биз уни ҳар олти ойда даволатишимиз керак эди. Аммо эр-хотин доимий ишга эга бўлмаганимиз туфайли қўлимиз калталик қилди. Оқибатда бора-бора боламнинг аҳволи баттар оғирлашди. Шифокорлар уни асраб қолишнинг бирдан-бир чораси мураккаб операция эканини айтишди. Бунинг учун катта маблағ керак эди. Бисотимизда борини сотсак ҳам, бунча миқдордаги пулни тўплай олмасдик. Шусиз ҳам анчадан буён далда бўлиб келаётган қариндош-уруғларимиздан яна ёрдам сўрашга эса юзимиз чидамасди.
Хуллас, чироқ ёқса ҳам ичим ёришмайдиган кунларнинг бирида бизни мутасаддилар йўқлаб келишди. Мен азбаройи боламнинг ҳаёти ҳаққи-ҳурмати уларга бор гапни рўй-рост айтдим. Бир ҳафтадан сўнг эса, Исломжонни операция қилиш учун маблағ ажратилгани ҳақида хабар олдим. Шунда қўққисдан бўғзимга нимадир тиқилгандай бўлиб, беихтиёр кўзларимга ёш келди… Очиғи, ўша дамлар кўнглимдан нималар кечганини ҳалигача сўз билан ифодалай олмайман. Энг асосийси, операция муваффақиятли ўтди – Исломжоним ҳаётга қайтди. Ҳозир у бемалол юради, гапиради ва эшитади. Бу мен учун энг катта бахт!
Қолаверса, эндиликда турмуш ўртоғим иккимиз ҳар тонг уйдан кўчага хотиржам чиқяпмиз. Маҳалладош фермернинг даласида ишлаб топган пулимиз эвазига рўзғоримизни тебратяпмиз.
Эҳтимол, мен ёзувчилардек фикримни равон ифода қилолмагандирман, ва эҳтимолки, баъзиларга гапларим баландпарвоздек туюлар, билмадим, мен оддийгина қилиб ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу қарзим.
Ҳурматли Президент, беғараз кўмагингиз билан юзига нур инаётган, хонадонига файз-барака кираётган бир фуқаро сифатида Сизга чин юракдан миннатдорлик билдираман, бошимизга доимо соғ-омон бўлинг!
Чексиз ҳурмат билан,
Соҳиба АБДУНАЗАРОВА, Тошкент вилояти Бекобод тумани, «Янгиибозор» маҳалласи
ИЗТИРОБ ГИРДОБИДАН ОЛИБ ЧИҚҚАНЛАРГА ТАШАККУР
Ассалому алайкум, муҳтарам Президент!
Тақдиримда бор экан, устма-уст оғир кулфатларни бошимдан ўтказдим. Ўтган йили кузда эндигина икки ярим ёшга тўлган норасидам Муҳаммадаюбни бериб қўйдик. Бу айрилиқдан яна уч ой ўтиб, 41 ёшли турмуш ўртоғим ҳам жигар хасталиги туфайли оламдан ўтди.
Йўқотишлар қаддимни букиб, бошимни хам қилди. Бу кўргуликлар камлик қилганидай, келинлик уйимдан ҳайдалдим. Ноиложликдан икки қизимни ёнимга олиб, отамнинг уйига қайтиб бордим. Рўзғорни тебратиш, қизларимнинг кўзи намланмаслиги учун аёл бошим билан мардикорлик қила бошладим. Сарғайиб эрта тонгдан иш қидириб кўчага чиқаман, бирор ҳимматлироқ иш берувчи учраса, ҳеч бўлмаса, рўзғоримга кунлик чойчақа ишласам, деб орзуланаман… Очиғи, энг катта ва асосий ташвиш бир кунимнинг ўтиши эди ўша пайтлар… Ҳаёт ташвишларидан гоҳ чарчаб, гоҳ безиб, дунё кўзимга тор кўриниб юрган шундай кунларнинг бирида аёллар муаммоларини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ вакиллари уйимизга келишди. Мен билан суҳбатлашиб, яшаш шароитимизни ўрганишди. Кўп ўтмай мени «Аёллар дафтари»га киритишди.
Яна бироз вақтдан сўнг бизга уй-жой қуриш учун қозиқ қоқилди. Очиғи, ўшанда мен иш бирдан бу даражада жадаллашиб кетишига ишонмаган эдим. Негаки, «Ким ҳам бизга иморат қуриб берарди? Нари борса, пойдеворини тиклашга ёрдамлашади-да», деган фикрда эдим.
Уч ой ўтар-ўтмас, ўша бўш жойда меҳмонхона, ётоқхона ва ошхонадан иборат уй қад ростлади. У замонавий мебеллар ва бошқа уй-рўзғор буюмлари билан жиҳозланиб, яйраб яшаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.
Бундан ташқари, бизга иккита қўй ва бир нечта товуқ олиб берилди. Қўшимча равишда ҳовлимизда икки сотихли иссиқхона ҳам барпо этилди. Иссиқхонадаги бодринглар, томорқамизнинг очиқ қисмига ўтқазилган помидор кўчатлари яхши униб-ўсиб, ҳозир ҳосилга кирди. Товуқлар ҳам тухум қўйиб, оиламизга даромад келтира бошлади. Қўйларни эса ҳозирча яхшилаб боқишда давом этяпмиз.
Табиийки, бизга бу ғамхўрликлар юртимизда Сизнинг бошчилигингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида кўрсатилди. Буни қизларим ҳам жуда яхши билишади. Шу боис, Сизни телевизорда кўриб қолишса, «Ана Президентимиз, ана бизнинг бобомиз!» дея астойдил ғурурланишади.
Энг муҳими, эндиликда биз том маънода ҳаётдан рози бўлиб яшаяпмиз. Муҳими, биз изтироб гирдобидан чиқдик. Энди ҳаётга ишончимиз бор. Бунинг учун Сизга ҳамда оғир дамларда коримизга яраган олийҳимматли ва меҳр-мурувватли кишиларга катта раҳмат айтамиз. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз.
Эҳтиром ила,
Шаҳноза ҲАЙИТОВА, Фарғона вилояти Фарғона тумани, Қўрғонтепа қишлоғи
Манба: «Ishonch» газетаси (2021 йил, 5 июнь. №73-74)