Қонунлар қанчалик ҳаётий ва бугунги кун талабларига мос бўлса, жамиятда уларнинг ижроси шунчалик тез ва самарали таъминланади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлис айнан мана шу жиҳатлари билан эътиборга молик бўлди. Парламент қуйи палатасидаги муҳокамалар одатдагидек қизғин, очиқ ва баҳс-мунозараларга бой кечди.
Экологик партия фракцияси йиғилишида жиддий «ғалвир»дан ўтган, ҳар бир моддаси ва банди депутатлар томонидан қайта-қайта таҳлил қилинган бир қатор ўта муҳим қонун лойиҳалари умумий муҳокамага олиб чиқилди. Аҳамиятлиси шундаки, бу галги кун тартибидан ўрин олган масалалар жамиятимизнинг турли қатламларини – кўп йиллик ҳалол меҳнати билан эътирофга сазовор бўлган нуронийларимиздан тортиб, ортиқча текширувлардан чарчаган тадбиркорлару, кундалик маиший муаммолар ечимини кутаётган оддий фуқаролар манфаатларини тўғридан-тўғри қамраб олади.
Фахрийлар учун муносиб имтиёзлар
Йиллар давомида битта соҳада соч оқартирган, виждонан меҳнат қилиб, жамиятнинг ҳурматини қозонган инсонларимиз кўп. Лекин шу пайтгача «фахрий» мақомини кимга бериш ва бу қандай ижтимоий ҳимояни кафолатлаши масаласида аниқ бир тизим йўқ эди.
Депутатлар кўриб чиққан янги қонун лойиҳаси шубҳасиз, ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади. Эндиликда узоқ йиллар намунали меҳнат қилган шахсларга нафақат маънавий эҳтиром кўрсатилади, балки уларнинг санаторийларда бепул даволаниши, коммунал хизматлар учун компенсация олиши, дори-дармон ва солиқ масалаларида сезиларли енгилликларга эга бўлиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Тадбиркорлар учун
стандартларда енгиллик
Стандарт деганда кўпчилик тадбиркорларнинг кўз олдига чексиз текширувлар ва жарималар келиши сир эмас. Техник тартибга солиш соҳасини тубдан ислоҳ қилувчи янги ўзгаришлар билан стандартлар энди мажбурий эмас, балки ихтиёрий тус олмоқда. Эндиликда бизнес эгалари ўз маҳсулоти учун мустақил равишда «корхона стандарти»ни ишлаб чиқиши мумкин. Эскича «қиёслаш» амалиётининг халқаро верификация тизимига ўтиши эса маҳаллий маҳсулотларимиз учун жаҳон бозорларига экспорт эшикларини кенгроқ очади. Энг муҳими, маҳсулотни мажбурий рўйхатдан ўтказишдаги оворагарчиликлар қисқариб, жарималар хавф даражасига қараб белгиланадиган бўлди.
Қарз ундиришнинг тезкор тизими
Ижара ҳақини ололмаслик ёки коммунал тўловлардан бўлган қарздорликни ундириш учун суд эшикларида ойлаб сарсон бўлиш одамларни қанчалик толиқтиришини барчамиз яхши биламиз. Қолаверса, бундай маиший низолар судларнинг асосий ва йирик ишларга ажратувчи вақтини ўғирлайди.
Депутатларимиз бу муаммонинг энг мақбул ечимини қўллаб-қувватлашди. Эндиликда ижара ҳақи, коммунал хизматлар ёки алоқа тўловлари каби аниқ ва баҳссиз қарздорликларни ундириш учун судга бориш шарт эмас. Маълум бир миқдоргача бўлган қарзларни нотариуслар орқали тез ва ортиқча асаббузарликсиз ҳал қилиш имконияти яратилмоқда, бу эса ўз навбатида судлар иш юкламасини сезиларли даражада камайтиради.
Чегара хавфсизлиги учун янги чоралар
Мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлик – муроса қилинмайдиган масала. Сўнгги вақтларда давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда контрабанда мақсадида ер ости туннелларидан фойдаланиш ҳолатлари учраётгани янги ҳуқуқий чораларни талаб қилмоқда. Шу сабабли, ер остида ноқонуний иншоотлар ёки туннеллар барпо этиш, уларни жиҳозлаш ва бундай фаолиятни молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Ушбу туннеллар орқали товарлар ёки валюта олиб ўтиш эндиликда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади. Бу каби қатъий чоралар аҳоли тинчлигини асраш ва иқтисодиётимизга етказилаётган зарарларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўз мухбиримиз
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔78
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔188
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔177
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил