Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишида халқимиз ҳаёти, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун муҳим бўлган қонун лойиҳалари ҳамда ҳукумат аъзоларига юборилган парламент сўровларининг жавоблари атрофлича муҳокама қилинди.
Депутатлар томонидан кўриб чиқилган ҳар бир масала бевосита жамиятдаги адолат мезонларини мустаҳкамлаш ва қонун устиворлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Аввало, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мамлакатимизда рақобатни ривожлантириш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида очиқлик ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларининг кафолатини кучайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Қонун лойиҳаси билан нуқсонлари аниқланган товарни алмаштириб бериш учун товар сифатини қўшимча равишда текшириш ҳолатлари, асослари ва тартиб-таомилларини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.
Хусусан, маҳсулотдаги нуқсонлар истеъмолчи томонидан фойдаланиш, сақлаш қоидаларини бузиш ёки учинчи шахслар ҳаракатлари натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлигини ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда қўшимча текшириш ўтказишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда.
– Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчиларнинг нуқсонли товарларни алмаштиришдаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга хизмат қилиб, мазкур нормалар сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги низоли ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди фракция аъзоси Наврўзбек Юсупов.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган давлат чегараси хавфсизлигини кучайтиришга оид қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Охирги пайтларда оммавий ахборот воситаларида уйининг ертўласидан қўшни давлатгача лаҳим қазиб олган ёки чегара остидан яширин йўллар очган «уддабуронлар» ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Бундай ҳаракатлар шунчаки оддий қоидабузарлик эмас, балки мамлакат хавфсизлиги тўғридан-тўғри таҳдиддир. Эндиликда ушбу қонун лойиҳаси билан чегара остида ноқонуний иншоот ёки лаҳим қазиб, у орқали товар ёки одамларни олиб ўтиш тўғридан-тўғри оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳоланади ва Жиноят кодексига мувофиқ энг қаттиқ жазо чоралари кўрилади. Бундан ташқари, қонун нафақат чегарани бузганларни, балки бу жараённи молиялаштирган, ер ёки маблағ ажратиб шароит яратган шахсларни ҳам жиноий жавобгарликка тортади.
– Чегара ҳудудларида, айниқса, аҳоли яшаш жойларида ер остини назоратсиз, муҳандислик ва экологик нормаларга амал қилмасдан қазиш жуда катта хавф туғдиради. Бундай ўзбошимчалик билан қилинган механик таъсирлар ер қатламининг бузилишига, сизиб чиқувчи сувлар йўналиши ўзгаришига ва оқибатда тупроқ чўкиши ёки ўпирилишига олиб келиши мумкин. Бу эса атрофдаги уй-жойлар ва табиий тизим учун ҳам реал хавфдир, – дейди Экологик партия депутати Гулчеҳра Тожибоева. Шу боис, қонунчиликнинг қатъийлаштирилиши нафақат давлатимиз хавфсизлигини, балки ер ости ва ер усти экотизими барқарорлигини ҳимоя қилиш учун ҳам муҳим қадамдир.
Парламент аъзолари шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятовнинг шаҳарсозлик ҳужжатларига риоя этилиши ва давлат архитектура назоратининг аҳволи тўғрисидаги парламент сўровига берган жавобини ҳам кўриб чиқдилар. Маълум бўлишича, соҳада назоратни кучайтириш мақсадида 2025 йилда Давлат архитектура назорати департаменти ташкил этилган бўлиб, ўтган даврда муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2025 йил якунига қадар 640 та, жорий йилда эса 520 та, жами 1160 та ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот аниқланган. Уларнинг 1110 тасига огоҳлантириш хати берилиб, маъмурий чоралар кўрилган бўлса, 118 таси бартараф этилган, 65 таси бўйича эса мажбурий буздириш ҳақида судга даъво аризалари киритилган. Соҳани рақамлаштириш мақсадида «Шаффоф қурилиш» тизими доирасида автоматик дастур яратилиб, у нотариус, суд, ички ишлар ва кадастр тизимлари билан интеграция қилинган. Ноқонуний қурилишларни аниқлашда маҳаллий ходимлар 232 та махсус планшет билан таъминланган ҳамда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун «Огоҳ фуқаро» ахборот тизими ишга туширилган. Депутатлар бу йўналишдаги профилактика ишларини янада кучайтириш юзасидан тавсиялар бердилар.
Йиғилишда Ички ишлар вазирининг автомобиль йўлларидаги фото ва видео қайд этиш техника воситаларининг самарадорлиги ҳамда йўл ҳаракати соҳасига ахборот технологияларини жорий этиш борасидаги парламент сўровига жавоби ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Депутатларнинг жойларда фуқаролар билан учрашувлари давомида кўчма фоторадарлар фаолияти, йўл чизиқлари ва сунъий нотекисликларни ўрнатишда стандартларга риоя этилмаётгани бўйича кўплаб эътирозлар келиб тушган эди. Вазирлик маълумотига кўра, 2022-2025 йилларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун 978,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 78 844 та янги йўл белгиси ўрнатилган, 1081 та светофор қурилган ва 20 миллион квадрат метрдан ортиқ йўл чизиқлари чизилган.
Бугунги кунда республика бўйича 5425 та фото ва видео қайд этиш техника воситаси ишлаб турибди. Кўрилган чоралар натижасида жорий йилнинг тўрт ойида йўл-транспорт ҳодисалари 17,7 фоизга камайган. Шунингдек, йўллардаги аҳволни тартибга солиш мақсадида ўтказилган хатлов натижасида ўзбошимчалик билан ўрнатилган 132 та ҳаракатни чекловчи ва 202 та тўхташни тақиқловчи йўл белгилари олиб ташланди, йўллардаги ноқонуний 203 та тўсиқ ҳамда 308 та сунъий нотекислик бартараф этилди.
Халқ вакиллари соҳада техник хатоликларга йўл қўйилишининг олдини олиш ва йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидладилар.
Мажлисда кўрилган барча масалалар юзасидан тизимли парламент назоратини давом эттириш белгилаб олинди.
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔84
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔189
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔178
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил