Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

ИНСОНИЯТ УСТУНИ — ОТА

Қадим замонларда адолатпарвар Саодатшоҳ ҳукмронлик қилган улусдаги бир деҳқон йигитнинг онаси қазо қилиб, ўғил отаси билан қолибди. Боз устига, ота қутуриш касалига йўлиқиб, шоҳнинг буйруғига кўра ўтда куйдирилиши керак экан...

ИНСОНИЯТ УСТУНИ — ОТА

Деҳқон йигит не қиларини билмай, отасини тунда қишлоққа яқин тоғнинг ён бағридаги ғорга олиб борибди. Фарзанд ҳар кун тонгда отасининг ҳузурига бориб, уни кунлик иссиқ-совуғидан хабар олиб, фарзандлик бурчини чиройли адо этибди. Отаси ёлғизликда ғордан чиқмай яшаши туфайли махлуқсифат қиёфага кирибди. Ўғил не қиларини билмай отасини занжирбанд этиб, қаровни яна давом эттирибди. Шундай бўлса-да, унинг сири ошкор бўлиб, қутурган одамни яширгани учун йигитга жазо бериш мақсадида шоҳнинг ўзи қутурган чолни ўз кўзи билан кўришга келиб лол қолибди. Чунки махлуққа айланган отанинг касаллиги илоҳийдан бўлиб, фарзандга юқмаган экан. Шу боис фарзандларга ота-онани эъзозлаш мақсадида ҳикматли буйруқ бериб, болани жазодан озод этган экан.

Ҳамма шоиру носир, сал-пал овози борлар онасини мадҳ этаётган бир пайтда мен отамга, падари-бузрукворимга қасида битишни кўнгилга тугдим. Волидаи-муҳтарамаларимизнинг улуғлиги, уларга битилган бир дунё қисса ва ҳикматларга тил ва дил билан иқрор бўлган ҳолда отамга, мен учун дунёдаги энг буюк одамга илтижо қилгим келади… Агар у кишига бир кунлик ҳаёт берилсаю, мен юз бора у киши учун ўлиб-тирилиб, оёқлари остида эгилиб-букилиб, қулдек хизматини қилиб, ҳаловат топсам эди...

Биринчи фасл

Аслида Аллоҳ инсонни лойдан ясаган, унга жон ато этгач, Одам Ато ёлғизлигидан унга ўз жуфтини ўзининг қовурғасидан яратгани жуда сирлидир. Биринчиси шуки, дунёнинг мавжудлиги ва ривожи жуфтлик иладир. Иккинчиси эса, аёлнинг эркак жисмидан экани билан ундан олдин яратилган ва муайян даражада устунлик эркакда экани асосланган. Демак, муқаддас динимизда эрлар аёллардан устунлиги ҳикматдир. Чунки устунлик эркакнинг зиммасига аёлнинг барча ғам-ташвиши, ҳаёт қувончини юклаши билан мустаҳкамланган. Учинчи сири, эркакнинг елкасига нафақат ўзи, балки аҳли аёлининг шон-шарафи, обрў-эътиборини зийнатлаб, ҳамиша савоб ишлар қилиш имкониятига эга бўлиш ила Одам Атонинг ҳаққини адо этишдир. Қиссадан ҳисса шуки, оилада оталарнинг мақоми шу қадар юксак. Шу боис Парвардигор инсониятга ота-она, насл-насаб ва ўлиш вақтини танлаш имконини билдирмаслиги буюк мукофот экан.

Ота рози – Худо рози, отанг ўтирган уйнинг томига чиқмагин, отангнинг кўзига тик боқма, онанинг қарғиши дўқ, отаники – ўқ, отанг қутуриб кетса, боғлаб боқ каби бир ўрам ҳикматларда юқоридаги фикрлар мустаҳкамланган. Бир ота ўн боласини боқа оларкану... У ёғини айтинг келмайди… Яна раҳматли Муҳаммадсодиқ ҳазратларидан эшитганим борки, ота дуоси болага ўсиб-униш, бахт-саодатга эришиш, ўзига жаннатдан бир қаср қуришдек савобларни бераркан. Отанинг ўнта боласи бўлса, уларни бир хил яхши кўриш ҳам оталикнинг хос белгисидир. Ота оиланинг ҳақиқати, ҳаққи бўлганидан ул зотнинг фикрини эшитиш фарзандларга фарз этилган.

Иккинчи сирнинг асосий жиҳати – эркак ва аёлларнинг илоҳий асосда қовушишидан бўлган фарзандлар ота уруғидан экани, яъни боланинг насл-насаби ота номи билан боғланишидир. Бу ҳол отанинг оиладаги фарзандларнинг тўла моддий ва молиявий жавобгарлигини ўз зиммасига олиши билан ифодаланади. Ота ёзда яланғоч, қишда яктакчан бўлса-да, совуқ ўтмай, боласига ёзда кўйлак, қишда чиройли пальтолар кийдирганига не дейсиз...

Ҳикмат: ота оғир дардга чалиниб, узоқ вақт азоб чекди. Отасининг тортган азоб-уқубатини кўрган фарзанд отасига ачиниб, «Аллоҳдан отасининг жонини олиб, уни азоблардан қутқаришни илтижо килди...

Худди шу дамда ўзга бир шаҳарда балоғат ёшига етган бир йигит оғир касалликка чалиниб, оғриқ азобини чекиб ётарди. Боласининг тортган дардларини кўрган ота ҳам «Аллоҳим, шу фарзандимнинг дар дини менга бергин, менинг жонимни олгину, боламга ҳаёт бергин», дея илтижолар қиларди. Буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли Хумоюн, қизи Гулбаданбегимнинг бетоблигида тутган аъмолини эслайлик.

Ўтган кунларда ҳинд подшоҳлигида ота ва боланинг умумий ҳашарга чиқмагани туфайли жазолашга тўғри келган. Аввал отага юз қамчи урилганда ота ҳам, бола ҳам жим туришган. Навбат болага етганда ҳар қамчида боладан кўра ота уввос солиб додлаган.

Иккинчи фасл

Абдулла оғам «Боланинг барча ғам ташвишини ота кўтарадию, бола отанинг бир ташвишини кўтаролмайди», – дерди. Кейин ота болани елкасига кўтариб кетаётгани, бола шолипоядаги лайлакни юз бора «Дада, у нима?» — деса, «Ўғлим, лайлак» – дея жавоб бериши, кексаликда эса, кўзи хиралашган ота ўғлидан икки марта лайлакни сўраса, жеркиб бергани ҳақидаги ривоятни кўп эшитгансиз.

Шоир Зиёвиддин дўстим кенжа ўғлимни хориждаги олийгоҳда ўқиши, каттаси университетда муаллим, қизим касб-ҳунар коллежида мураббий эканини эшитиб, шу қадар хурсанд бўлдики, ҳеч сўраманг. У узоқ ўйланиб туриб, «Одамлар бир-бировидан қанча пули борлиги ҳақида сўрамайди, фақат фарзанди ҳақида сўрайди», – дея мени шаҳардаги нақадар катта бойлардан эканимни башорат қилди. Кўнглим бир дунё кўтарилиб, оламларга сиғмай кетдим.

Ота одатда оила боқувчиси, ҳимоячиси, етакчиси, шон-шарафи ва виждони, айни вақтда бошқарув масъулиятидадир. Қадимда оталар шундан жуда номусли, оиланинг обрўси учун кафолатда турган, аслида болаларнинг хатти-ҳаракати, ижобий ва салбий тарбиясига жавобгарликни ўз зиммасига олган шахс ҳисобланган. Раҳматлигим нима учундир шомдан сўнг кўча дарвозани қулфлар, «қоронғида ўғрилар, жинлар юради», – дердилар. Маҳалламизда Бултурхон холамларникида телевизор бўлиб, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи»ни кўриш катта қувонч бўлар, лекин отамнинг кўрсатган вақтидан кеч қолиш мумкин эмас эди. 1973 йил онамнинг мукофот пулига телевизор олиш биз учун космосга ракета учишидек «буюк воқеа» бўлса-да, отамизнинг «программаси» бўйича кўрардик. Ундан чиқиш ёки ўзгача ташаббуслар қабул қилинмасди.

Раҳматлигимиз бизни уйда дарс қилишимиз, мактабдаги ўзлаштиришимиз юзасидан назоратни қаттиқ ушлардилар. Биз ҳар куни тонгда ҳарбийлардек саф тортардик. Бизга кунлик топшириқ берилиб, кечки овқатдан сўнг ҳисобот қабул қилинарди. Ўғрилик, қиморбозлик ўта оғир гуноҳ ҳисобланиб, жазодан қочишнинг иложи йўқ эди. Телевизордаги ичкилик, тамаки чекиш, қиморни ҳам кўришни тақиқлар эдилар. Шу боис, отамиз маҳалламиздагиларнинг «фақат илигига саваш керак» тамойилига амал қилар, хипчинлар захира қилиб қўйиларди.

Отанинг ургани ун оши, сўккани сўк оши қилиб ичилган. Шу билан бирга, мактабда ҳам устозларнинг шапалоқларидан еб турардик. Айниқса, катта акам домласидан калтак еб келса, роса суюнар, демак тарбия яхши йўлга қўйилибди, деб ҳисобларди. Устоз бекорга урмаганига шубҳа ҳам қилмасди. И.Кантни ўқимаган отам ахлоқ инсоннинг юзи эканига, тарбиясизлик инсонни тубанликка бошлашига ишонарди. Отамнинг ҳар бир хипчини мени бугунги одобим, илм-фандаги ютуқларимнинг сабаби эканига тилим ва дилим билан иқрор бўламан.

Бир танишим «Отамнинг юзларини эслолмайман», дейди. Чунки бола бўлиб ота юзига тик боқиб кўрмаган эди. Қизиқ, жуда қизиқ...

Учинчи фасл

Инсон ҳаёти фасллар каби бўлганидек, одамнинг қарилиги ҳам бир давр ҳисобланаркан. Биринчидан, куз яхши келди ёки ёмон келди деганларидек, одамлар кексаликда чиройли қаримаса, инжиқ бўлиб қоларкан. Бу ҳолда оталар болаларни ҳам бездириб юбориши тайин. Шунданми, сабрсиз фарзандлар уларнинг кўнглини оғритиб ҳам қўйишаркан.

Аслида қарилик ота учун бутун ҳаётининг тарбиявий сарҳисоб давридир. Одам нима экса, ўшани ўриб олади. Эътироф этиш лозимки, одам иззатталаб, алоҳида ҳолларда меҳр-мурувватга муҳтож ҳам бўлиб қоларкан. Болангнинг бир пиёла чой тутиши, ўзинг новвой бўлсанг ҳам икки дона иссиқ нон ила сени йўқлаб келиши билан бутун умр болангга қилган сарф-харажатинг, тортган азоб-уқубатларинг унут бўларкан... Ортингдан қолган ўғил-қизларинг оқил бўлса, берди худо, ноқобил бўлса, урди худо деганларидек, кексаликнинг гашти фарзанддан экан. Биродарларимизнинг оталарига чиройли автомобиллар совға қилишлари, унинг ёнилғисини мунтазам қуйиб, оталари хизматига шай қилишлари дунё гўзалликларининг энг гўзалидир. Бу каби сахий биродарларимизга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб, улар юз минг қул озод қилганнинг савобларини олиши ваъда қилинган.

Отанинг ўғилларидан кексаликда белимга қувват бўлармикан, мендан кейин чироғимни ёқиб дуоларда турармикан, деган умидлари бор. Чунки ўғил бор экан, отанинг тобути ерда қолмайди. Ўғил бор экан, уйда қозон қайнаб, ҳар кун-тун таомдан сўнг дастурхонда дуолар ўқилиб, унинг савоблари отага етказилиб туриларкан. Бу савоблар оталаримизни қиёматгача жаҳаннам ўтидан сақлаб қоларкан.

Катта бир адиб дўстимиз падари бузрукворининг қўлёзмалари устида узоқ ишлаб, унинг китоб ҳолидаги нашрини шеърга қизиқувчи китобхонларга эҳсон қилди. Энди ўйлаб қарасам, дўстимиз отаси учун туя сўйиб худойи қилгандан зиёда иш қилибди. Набирам шоирнинг тўпламидан шеърлар ёд олиши, яна адабиётга қизиқиши шоир руҳини шод этиши эмасмикан?!

Яна бир юртда таниқли муаллимнинг ўғли олийгоҳда энг аълочи ва хулқи яхши талабани рағбатлантирувчи стипендия таъсис этиши қандай гўзал ҳолат. Муқаддас китобларда эслатилганидек, ота-оналар учун қилинган фарзандларнинг савоб ишлари уларни дўзах ўтидан сақлаши билан ўзларига бахт-саодат йўлини очиб, фарзандларига бу удумни мерос сифатида ўтказиши янада чиройли анъанадир. Қиёматда барчани сўроққа чорлаган пайтида одамлар икки ўт орасидан ўтиб, шундай қаттиқ чанқар эканки, шунда Аллоҳ уларга фарзандлари томонидан зам-зам сувлари билан югуриб-елиб ота-оналари чанқоғини қондиришга имкон бераркан. Яна бир ҳикматда жуда савобли фарзанд жаннати қилиниб, жаннатнинг энг юқори қисмига рухсат этилганда ота-оналари ортда қолса, Аллоҳга илтижо қилиб, уларни ўзларидан юқорига ўтказишни сўраркан.

Хулоса фасли

Юртимиз кундан-кун очилиб бўй кўрсатаётган бир вақтда миллий тараққиётимиз оила, унда отанинг ижтимий мақомини қайта тиклашга бевосита боғлиқ бўлиб қолди. Зеро, тарихан аёллар ҳуқуқларини эркаклар билан тенглаштириш борасида жойларда тўғри тушунолмай, жисмоний тенглаштиришга интилиш миллий менталитетимизга жиддий таъсир этди. Миллатнинг миллий истиқболи ўзининг миллий-диний қонун-қоида, одат ва анъана каби қадриятларига амал қилишига бевосита боғлиқдир.

Энг муҳими, оилада ота ибратида шаклланаётган бола тарбияси издан чиқиб, она идеали томон ўзгариб кетди. Ҳаттоки, шўролар тузими даврида эркак мақомига нисбатан аёл мақомига сунъий урғу берилиши туфайли минтақа халқлари ҳаётида жиддий миллий-диний, ҳаттоки маданиятимизда бегоналашув юз берди. Энди оилада бола тарбиясида отанинг таъсири, аниқроғи, тарбиявий аҳамияти пасайиб, онанинг «адвокатлиги» ҳал қилувчи аҳамият касб эта бошлади. Натижада оилавий демократия остида болалар анархияси, ота-оналарнинг болалар тарбиясида назорати ва ҳамкорлигига жиддий путур етди. Ўзбек оиласидаги демократия шарқона тусда бўлиши лозим.

Отаси борнинг боғ-роғи, макони, Ватани бор. Фарзанднинг кўнгли тўқ, иши бароридан келаверади. Чунки ўзга юртда юрган бола уйда отасидан умидвор бўлиб яшайди. Қаттиққўл ота – аслида боласининг энг меҳрибон дўсти. Мевали дарахтни одам қанчалик эътибор билан ўстирса, ота ҳам болага шундай шакл бериб эзгуликка етаклайди. Қаровсиз дарахтнинг меваси кам, ўзи ҳам хунук бўлади.

Ҳикматларнинг ҳикмати шуки, ота боласидан бировга шикоят қилолмай ичига ютса, бола отадан ҳар қадамда норози бўлиши мумкин экан. Шунда ҳам ичида чин дилдан боласини дуо қиларкан. Яна бир қизиқ жиҳати, у зот боланинг ҳар қанча дарду ғамини кўтарса-да, лекин фарзанд ортидан келган яхшилик ва қувончни кўтаролмай, йиғлаб юборар экан. Фарзанди учун қамчиласангиз чидаркану, лекин фарзанди ортидан яхши гап ва мақтовларни кўтаролмай кўзига ёш оларкан. Қиз узатганда боласи бахтидан, орзулари ушалганидан йиғламаган отани бизга кўрсатинг?..

Оилавий тарбияда миллийлик шўролар тузими даврида пасайтирилиб, ўзга халқлар удуми киритилиши ҳам асосий сабаб бўлди, дегимиз келади. Шарқона менталитетда отанинг ўрни, унинг қатъий тарбияси боланинг шаклланишида зарур деб ўйлаймиз. Отасидан ҳайиқмаган ўғил келгусида отаси ва яқинларига меҳрсиз ўсади. Отанинг тажрибаси сут билан кирганидан болага оила қурганда асқатаркан. Отанинг обрў-эътибори, онанинг оиладаги бола ҳимоячиси, қизларни хос тарбиячилари бўлиш каби тизимни янада шакллантиришга эҳтиёж ортмоқда.

Ота кўчанинг одами бўлса-да, борининг ўзи, дарвозадан қиришда йўталиши, қиз боланинг кумушона тарбияси кафолатидир. Бу эса, бошқа бир суҳбат учун мавзу. Бугунги талабчан ўқувчи ёзганларимиздан зарра мисқоли маънавий озиқ олган бўлса, оталарига томон бир қадам қўйишса, унинг савобу ажридан умидвормиз, холос.

Абдурашид МИРЗААҲМЕДОВ, фалсафа фанлари доктори




Ўхшаш мақолалар

Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

🕔16:36, 02.05.2024 ✔9

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Батафсил
Еттинчи синфда  унаштирув

Еттинчи синфда унаштирув

🕔15:57, 08.01.2024 ✔111

ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

Батафсил
Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

🕔17:36, 23.11.2023 ✔187

Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

    Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

    Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

    ✔ 9    🕔 16:36, 02.05.2024
  • Еттинчи синфда  унаштирув

    Еттинчи синфда унаштирув

    ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

    ✔ 111    🕔 15:57, 08.01.2024
  • Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

    Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

    Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

    ✔ 187    🕔 17:36, 23.11.2023
  • Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

    Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

    Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

    ✔ 195    🕔 10:24, 27.10.2023
  • Фикр  От қачон  қозиғини  топади?..

    Фикр От қачон қозиғини топади?..

    Ўзбекнинг мақоли: «От айланиб қозиғини топади», дейди. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз узлуксиз айланмоқда. Бир италиён Монтессори, ... кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Ҳозиргина ўқиб қолдим, Саудия Арабистони таълимини андоза қилишар эмиш...

    ✔ 211    🕔 13:18, 06.09.2023
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар