Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҚАДРИНГНИЮ ҚАДДИНГНИ ҚАЧОН КЎТАРАСАН ЎЗБЕК АЁЛИ?..

Эрталаб ишга келаётсам ишхонамиз остонасида сут сотувчи аёл Моҳирахон турибди. – Опа, бугун автобусимиз кеч келди. Кўпчилик ходимлар аллақачон хоналарига кириб кетишибди. Икки шиша қаймоқ билан битта творог қолди. Илтимос, олиб қолинг. Пулини кейинроқ берсангиз ҳам майли, – деди у совуқдан қотган қўлларига ҳу-ҳулаб.

ҚАДРИНГНИЮ ҚАДДИНГНИ ҚАЧОН КЎТАРАСАН ЎЗБЕК АЁЛИ?..

Аёлни танийман, мана етти йилдирки ёзни ёз, қишни қиш демай тонг қоронғусида туриб олис қишлоқдан шаҳарга камида 50 килолик сут-қатиқни ташиб келади. Жуда ширинсўз, озода, маҳсулотлари ҳам ниҳоятда сифатли. Барчамиз дуо қилиб, жон-жон деб харид қиламиз. Моҳирахон билан барча аёллар (эътибор беринг, бу ерда ҳам аёллар) худди опа-сингилдек қадрдон бўлиб кетганмиз. Сирлашамиз, хасратлашамиз, режаларимизни ўртоқлашамиз ҳам. У дастлаб иш бошлаган пайтларида катта қизини узатмоқчилигини, сарпо-суруғ йиғиб тўйни ўтказиб олишгач, савдони йиғиштиришини айтганди. Тўй ўтди, тўйдан кейин бешик тўй ғалваси бошланди. Бешик тўйда кичик қизига совчи чиқди. Тенги чиқса текин бер, дейишган. Моҳирахон яна енг шимариб ишга тушиб кетди. Энди у нафақат ўзининг, балки қўни-қўшниларнинг ҳам сутини йиғиштириб келиб сотадиган бўлди. Мижозлар унинг ҳалоллиги, озодалиги учун кўпайгандан кўпайди. Моҳирахон тушган пулларни бир четга ўтиб тахлаб, санаб олгач, сарпо учун бозорга шошарди. Аммо учта тўйдан кейин ҳам эгнида янги либос кўрмадик.

Ҳозир унга қараб туриб бироз афсус билан уст-бошига зимдан назар солдим. Бошида нимдошгина жун рўмол, эгнидаги келинлик сарпосида қўйилган мўйна ёқали пальтоси титилиб кетган, оёғида ранги оқариб кетган калиш. Балки янги либослар ҳам олгандир, аммо бу ерга бирор марта ҳам кийиб келмаган. – Моҳирахон, яна нима ҳаракат, ахир набирангизни суннат тўйи ҳам ўтди. Ёки яна ками бор эканми? – Вой, Саидаброрхонимга олиб борган тойим анча катта бўлиб қолди. Кичкина қизимни яқинда кўзи ёрийди. Туғруқхонадан чиқишига бешик олиб бораман. «Опамникидан кам сарпо қилмайсиз», – дейди қизим тушмагур. Дадаси эса, агар ўғил туғилса тойини ҳам бериб қўя қоламиз. Сарпо-суруғини шунга мўлжаллаб тўплайвер. Ҳадеб бошимизга одам тўплашдан чарчадим, деяптилар. Тўғри, у киши ҳам бола-чақа ташвишидан қийналиб кетди. Бу ёқда ҳадемай ўғлимиз институтни тугатади. Келин туширишга уй тайёр. Аммо уйлантиришни ўзи бўладими. Шунинг ҳаракатидаман. Ҳарна, дадасига енгил бўлсин. Ҳаммаси ҳам болам. Бири-биридан кам бўлмасин, дейман-да. Шу тўйдан ўтиб олай... дам олиш қочмас. Шулар учун яшаб юрибмиз-да.

Барака топинг, юкимни енгил қилдингиз, атиги уч банка қаймоқ қолибди, ошхонадагиларга қолдириб кетарман, – деди чеҳраси ёришиб. Мен у билан хайрлашар эканман «сингилжоним, ўзингиз учун қачон яшайсиз, ахир умр ғанимат», деган ўй ўтди хаёлимдан...

* * *

Ўзи бугун шунақа кун шекилли, кечқурун ишдан қайтаётсам, Саодатни учратиб қолдим. У билан мактабда ўн йил бирга ишлаганмиз, ўт-олов аёл эди. Аммо ҳозир негадир анча ҳорғин кўринди. Саломлашаётиб жилмайишга ҳаракат қилди, аммо табассуми ҳам синиқ эди. – Юринг, таксида кетақоламиз, автобус қачон келади, – дедим. – Бозордан келяпман, юким бор, – унамади Саодат. – Юкингиз бўлса, таксига чиқмай автобусда кетасизми, – ҳайрон бўлдим мен. – Таксичилар инсофсиз бўлиб кетган, йўл ҳақини оширворишган, яна юкимга ҳам алоҳида ҳақ олади. – Юкингизни тиззамизда олиб кетаверамиз, ҳақ олишмайди. – Нима деяпсиз, юким оғир, машиналарнинг эски эҳтиёт қисмлари, тиззангизни эзиб қўяди.

Хуллас, Саодатни кўндиролмадим. Юришга шайланиб турган таксига шошиб-пишиб ўтирдим. Машина анча юргач аста ёнимдаги ҳамроҳларимга қарадим. – Ассалому алайкум, устоз, – салом берди ёнимдаги гавдали йигит. Алик олиб бундай қарасам Саодатнинг катта ўғли. – Ие, Мансур, сенмисан. Ҳозир бекатда ойингни учратдим. Таксига чиқишга юким бор, деб унамади. Сен кўрмадингми, – ҳайрон бўлиб сўрадим. – Бугун барвақтроқ қайтибдилар-да, мен бекатга қарамадим, – деди ўғил хотиржам. – Юки оғир экан. – Ойимни билмайсизми, икки қўлларини банд қилиб юк кўтариб келмасалар кўнгиллари тўлмайди. Шунча тайинласак ҳам таксига чиқмайдилар. Пулларини қизғониб автобусда юрадилар. Темир-терсак оғир бўлади-да. Хабарингиз борми, ойим нафақага чиққандан буён эски буюмлар бозорида машиналарнинг эскирган эҳтиёт қисмларини сотадилар. Ертўламиздаги эски михгача сотиб тугатдилар. Ҳозир бозорнинг ўзидан олиб сотадиган бўлганлар. Адамнинг машинасига «запчаст» олгандирлар-де. Ўзимнинг «Нексия»мга ҳам фара керак бўп қолганди. Ойимга телефон қилгандим. Балки фара ҳам олгандирлар, – деди жилмайиб. – Шу ёшда ойингга бунақа оғир юк кўтариш зарар, тағин... – Э, неча марта айтганмиз, қулоқ солмайдилар. Устоз, сиз хавотир олманг. Автобус ҳайдовчилари ҳам онамни яхши танишади, уйимизнинг олдида тўхтатиб, юкларини тушириб беришади. У ёғи уйгача икки қадам... Адам ҳам, «билганини қилсин, ўзига қийин», дейдилар.

Бу бола менинг гапимдан хижолат тортади, дарров машинадан тушиб онасига ёрдамга ошиқади, деб ўйлагандим. Бу гапларни тинглаб, ҳа, айб Саодатнинг ўзида, ўзини яхши кўрмаса, ўзини қадрига етмаса бошқалар қадрлармиди, деб ўйлаб хафа бўлиб кетдим.

Нега шундай, нега баъзи аёллар тирикчилик учун ўзларини шунчалик фидо қилиб юборадилар. Саодатга нима етмайди, бола-чақадан қутилган, турмуш ўртоғи қанотида. Яхшигина нафақа олади. Ўзини ўйласа, ўзи учун яшаса арзийдиган паллада-ку.

Баъзида қорнимга эмас, қадримга йиғлайман, дейишса ҳайрон бўлардим. Мана шу бугун бу гапнинг мағзини чақдим. Бироқ ўзингизнинг қадрингизга ўзингиз етмасангиз, ким сизни қадрлайди?! Сиз ўзингизни яхши кўмасангиз, сизни ким яхши кўради?! Тўғри, ҳар бир она болам, дейди. Лекин ҳамма нарсада ҳам меъёр бор. Болани оқ ювиб, оқ тараб, ҳаётдаги йўлини топиб берганингиздан кейин сизнинг вазифангиз бирмунча камаяди. Ўзингизни ўйлашга, ўзингиз учун яшашга ҳам бир чимдим вақт қолади. Нега энди ундан фойдаланмаслик, ўзининг борлигини ғофилларга билдирмаслиги керак? Шоир айтганидек:

Ўчиб қолар уйларда чироқ,

Қотиб қолар жойида булоқ.

Ҳиссизларга барибир бироқ.

Бу дунёда аёл борми йўқ.

Ошиқданмас сен шулардан қўрқ...

«Пайғамбарлар тарихи» китобида энг биринчи аёл Момо Ҳавво онамиз шундай таърифланган: «Момо Ҳавво Одам Атодек баланд бўйли, сарвқомат ва гўзал бўлиб, сочлари 700 толим қилиб ўрилган, ҳар бир толими яшил, шаффоф қимматбаҳо тошлардан ясалган тақинчоқлар билан безатилган, мушку анбарлар сепилганди. Бадан териси Одам Атоникига қараганда нафисроқ, ранги ҳам тиниқроқ, овози эса уникидан ёқимлироқ эди». Қаранг, Қодир Эгам аёл зотини шунчалик меҳр билан гўзал, нафис қилиб яратган экан, нега энди биз аёллар бу гўзалликка содиқ қолмаслигимиз, эркаклар бу гўзалликни, нафисликни авайлашни ўз бурчи деб билмаслиги керак?! Бунга фақат эркаклар айбдорми, йўқ албатта! Уйим-жойим, болам-чақам деб ўзидан – ўзлигидан воз кечган аёлларнинг ўзида ҳам айб бор.

* * *

Тунов куни дугонамникида суҳбатлашиб, телевизор кўриб ўтиргандик. Дугонам сериалда роль ижро этаётган актрисалардан бирини кўрсатиб, вой мана шу артист мендан беш ёш катта, аммо қаранг қандай ёш кўринади, – деб қолди. – Э, бу чаплаган упа-эликни суртиб олсанг, сен ўн беш яшар бўлиб кетасан, – деди эри ёстиқни ёнбошига тортиб. Хотини маъюс жилмайди...

Лекин бу гапнинг ёлғонлигини аёл ҳам, эри ҳам яхши биларди. Чунки қўллари шудгор тупроқларини чангаллайвериб дағаллашган, бир пайтлар лўппи бўлган оппоқ юзлар саратон офтобида қорайиб, униқиб кетган, оҳуни лол айлаган кўзлар атрофига тушган чуқур ажинларни ҳеч қандай упа-элик, бекитолмайди, оқартиролмайди. Буни, эримга мадад бўлсин, бола-чақам бировдан кам бўлмай, кўнгли ўксимай ўссин, деб ўзини ўтга-чўққа урган аёл ҳам, онаси, яхшиям сен борсан, бўш келма деб ёнида баравар ишлатган эр ҳам анча олдин ўйлаши керак эди. Аёл – она, уй бекаси, жуфти ҳалолига беминнат кўмакчи. Аммо аёлга ким кўмакчи бўлади? Ким унинг елкасига ўзи билиб-билмай, сезиб-сезмай ортиб олган тоғдай оғирликни енгиллатишга ҳозир? Фақат ўзи! Қачонки у, ҳа энди олма билан ўрик бўлармидик, деб ўзини ҳаёт оқимига бепарво ташлаб қўймаса, ўзини таниса, ўзини қадрласагина кўмакдош топади. Акс ҳолда Саодат, Моҳиралардек югуриб-елиб, ҳаловат топмай, нозик ҳилқат эканини ҳис қилмасдан ҳам ўтиб кетаверади.

Ёнимизга янги қўшни кўчиб келди. Ёш оила. Куёв ҳам, келин ҳам шифокор.  Энди битта фарзандлари бор. Келин туғуруқ таътилида. Аммо уларнинг бор-йўқлигини биров билмасди. Чунки келин ёш боласини ташлаб кўчага чиқа олмайди. Чиқса ҳам худди бировдан қўрққандек ҳеч ким билан гаплашмай дўконга бориб келади-ю яна эшигини ёпади. Ниҳоят унинг борлигини билдик. Бир кун кечаси уларнинг ҳовлисидан қаттиқ қий-чув эшитилди. Келин додлаб йиғлар, куёв бақириб-чақирарди. Девор-дармиён қўшниси Валижон мажбур бўлиб девордан ошиб тушди. Келинни унинг қўлидан қутқарди. Шўрлик келинни кўзи кўкариб шишиб кетибди. Эри кўчага рухсатимсиз чиқмайсан, деган экан, у чиққанмиш. Шунга дўппослаганмиш. – Хотин кишини ҳам шунчалик урадими, – деди учта келинни ими-жимида олиб ўтирган Нодира опоқи. – Хотин меники, хоҳласам ўпаман, хоҳласам тепаман, – деди шифокор эр. – Кечирасиз, у сизга хотин, сотиб олган қулингиз эмас. У ҳам инсон, унинг ҳам ҳуқуқи бор. Қолаверса болангизнинг онаси. Унга бир гап бўлса... – Ҳеч нарса бўлмайди, шунча калтак еб ўлмаган энди ҳам ўлмайди, сиз аралашманг. Ҳуқуқини билган хотин вазифасини ҳам билсин, – деди йигит. Келин бўлса пиқиллаб йиғлашдан нарига ўтмади. Кейин билсак, келин тушмагур авваллари ҳам бунақа калтакдан кўп еган экан. Аммо бирор марта, ҳой нега ҳадеб мени ҳақорат қиласиз, ахир уйингизни саришталаб, ўзингизни ойдай қилиб кийинтириб, ишга кузатсам, подшоҳлардай ҳурматлаб кутиб олсам, болангизни соғ-саломат катта қилаётган бўлсам, демаган. Онасининг, эр – пир, унинг бетига тик боқма, гап қайтарма, агар гапинг чиқса сендай болам йўқ, деган гапига кўр-кўрона амал қилган экан.

Биз ҳам унинг уйи бузилиши тарафдори эмасмиз, аммо аёлнинг ҳам уйда қадри бўлиши, меҳнати қадрланиши керак-ку! «Гўдак йиғламаса, онаси сут бермайди», дейди доно халқимиз. Аёл киши ҳам ўз вазифасини шараф билан уддалаб қўйгач, ўз қадрини ҳам талаб қилишга ҳақли эмасми?!

* * *

Ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси, даврнинг улуғлиги, унинг маънавий мавқеи аёлларга бўлган муносабатда яққол намоён бўлади.

Ҳукуматимиз аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилаётган, ардоқлаётган, ундаги истеъдодни, тадбиркорлик маҳоратини юзага чиқиши учун керакли шарт-шароитни яратиб бераётган пайтда аёл ҳам қаддини, ҳам қадрини тиклаши, жамиятда ўз ўрни ва ўз овозига эга бўлишга интилиши керак. Чунки аёл миллат тарбиячиси, яратувчиси. Аёл биринчи навбатда шуни англаб етиши керак!

Эҳтимол, бу гапларим кимгадир ёқмас. Биз ўзбекмиз, ўзбек аёли биринчи навбатда болам дейди. Эрига садоқатли ёр сифатида оғирини енгил қилсам, дейди. Упа-сурмага зўр берадиган, қоматини асраб, бола боқишдан чўчийдиган ғарб аёлимас дейиши мумкин. Аммо, аёл ҳам биринчи навбатда инсон. Меҳр берувчи, шу билан бирга меҳрга муштоқ аёл. Агар аёл шуни унутса, ўз қадрини билмаса на жамиятда, на оилада ўрнини топа олади. Ҳазрат Навоий бежиз айтмагандар: «Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам...».

Шундай экан, қадрли аёллар, опа-сингиллар биз ҳаётнинг яратувчиси, энг суюклиси ва бебаҳоси эканлигимизни унутмайлик. Эрларимиздан қадр сўрашдан аввал ўзимиз ўз қадримизни билайлик. Хонадонимизни обод, турмуш ўртоғимиз, фарзандлар дилини шод этиш билан бирга ўзимизни ҳам ёд этайлик.

Муҳаббат ҲАМИДОВА




Ўхшаш мақолалар

Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔67

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
«Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

«Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

🕔15:42, 03.10.2025 ✔73

Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 67    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 73    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 101    🕔 16:03, 18.09.2025
  • «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

    «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

    Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

    ✔ 153    🕔 17:40, 29.08.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар