Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«ХЎРОЗОВ ДЕКЛАРАЦИЯСИ»ГА ТОКАЙ МУШТОҚ БЎЛАМИЗ?!

Демократик ривожланиш йўлидан бораётган Ўзбекистонда кейинги уч-тўрт йиллик давр анча қизғин кечмоқда. Оммавий ахборот воситаларида журъат пайдо бўлди ва кучайди. Ижтимоий тармоқларда блогерлар ва фойдаланувчиларнинг фаоллиги сезиларли даражада ошди.

«ХЎРОЗОВ ДЕКЛАРАЦИЯСИ»ГА ТОКАЙ МУШТОҚ БЎЛАМИЗ?!

Мана шу фаоллик эпкинлари парламент ва айрим депутатлар фаолиятида, сиёсий партиялар «юриш»ларида ҳам кўзга ташланаётгани анчайин қувонарли. Аммо «Бу қанчалик пухта ва асосли? Буларнинг ҳаммаси шунчаки пиар учун эмасмикан?» деган иштибоҳлар ҳам йўқ эмас.

Тан олиш керак, сўнгги вақтларда сиёсий партиялар қонун ижодкорлиги соҳаси ва сайлов кампаниялари билан чекланмасдан мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётда ҳам овоз чиқариб, муайян жараёнларга муносабат билдириб турадиган бўлди. Баъзан партиялар вакиллари ўртасида даҳанаки жанглар ҳам юзага келмоқдаки, илгари бундай воқеалар фақат хаёлимизда, аниқроғи, орзуларимизда бўй чўзарди.

Буларнинг барчаси қувонарли, албатта. Чунки «ўсаётганимизни» кўрсатади.

Шу билан бирга, сиёсий партияларимиз билан боғлиқ жараёнларга чуқурроқ қарайдиган бўлсак, айрим ҳолларда ўсиш сунъий тарзда рўй бераётгандек кўринади. Негаки, бир ёқламалик, устувор мақсадга интилмаслик, кўргазмали фаоллик ва жонкуярлик учун жонҳалаклик кўзга ташланиб қоляпти.

МАҚСАД – ҲОКИМИЯТ!

Моҳиятдан четлашилганда шундай ҳолат юзага келади. Яъни, бирор нарса ўз моҳиятидан узила боргани сари ундан кўзланган мақсад ҳам мавҳумлашиб бораверади.

Сиёсий партиянинг моҳияти нима? У нима дегани ўзи?

Ҳаммамизга яхши маълумки, сиёсий партия (юнонча «πολιτική» – «давлатни бошқариш санъати» ва лотинча «pars» – «қисм» сўзлари бирикмаси) мамлакатда сиёсий ҳокимиятни қўлга киритишни, жуда бўлмаганда, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларидаги ўз вакиллари орқали давлат бошқарувида иштирок этишни кўзлаган ҳамфикр одамлар гуруҳидир.

Шу мақсадларни кўзламаган партия сиёсий ташкилот мақомига эга бўла олмайди. Унинг вакилларини ҳеч тортинмасдан лўттибозлар гуруҳи дейиш мумкин.

Шу сабабли ҳам сиёсий партиянинг ўз дастури бўлади. Унда мақсадлар ва уларга эришиш йўллари аниқ белгилаб олинади. Шунингдек, сиёсий партиянинг одамларни ўзига оғдира оладиган ўз мафкураси, ўз ғояси, сайловчиларни ишонтира оладиган ўз йўлбошчилари бўлади. Мана шу ресурслар қатъият билан, оқилона ва рационал тарзда ишга солинган, уларга зарур тарғибот-ташвиқот ишлари жўр бўлган тақдирдагина сиёсий партия сиёсий кучга айланади ва бора-бора ўз мақсадига эришади – ҳокимиятни ёки, жуда бўлмаганда, давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Назариянинг асосий қисми мана шундан иборат. Бу ўринда чуқурлашиб, сиёсий партияларнинг буржуа ё меҳнаткашларники, ҳукмрон ё тизимли мухолиф, нотизимли мухолиф ё маргинал, ўнгчи, марказчи ё сўлчи, қонуний ё ғайриқонуний каби таснифларини келтиришга ҳожат бўлмаса керак (айрим давлатларда бўлганидек, Пивохўрлар партиясини ҳам). Илло, қадрли газетхон буларнинг барчасидан яхши хабардор.

Шунинг учун моҳиятга ўтиб қўя қолишни афзал билдик.

ДУРБИНДАН ҚАРАСА ҲАМ КЎРМАЙДИ

Бутун дунё сиёсатшунослари бир ҳақиқатни қўшқўллаб ёқлайди – демократик жамиятни сиёсий партияларсиз барпо этиб бўлмайди. Бу табиий. Чунки, ҳаётнинг муайян жабҳалари бўйича ҳамфикр бўлган жамият аъзоларининг манфаатлари сиёсий партиялар орқалигина «сиёсий бозор»га олиб чиқилади. Бир киши ўз-ўзидан айюҳаннос солгани қаёқда-ю, мустақил бир ташкилотнинг тизимли фаолияти қаёқда, дейсиз.

Энди бевосита бугунги ҳаётимиз «текислиги»га қайтамиз. Ўзбекистонда нечта сиёсий партия борлигини ҳамюртларимизнинг аксарияти билиши аниқ – кейинги йилларда сиёсий саводхонлигимиз анча юқорилади. Ўйлантирадиган томони сони ёки номида эмас. Моҳиятида! Қайси сиёсий партия қандай мақсадларни кўзлаяптию, қандай ваъдаларни беряпти? Сайловчиларнинг (халқнинг) ишончини қозона оляптими, қозонган бўлса, неча фоизининг?

Ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги сиёсий савияси жиҳатидан ўрта синф сайловчи мана шу саволлар қаршисида ўнғайсизланиб қолади. Чунки, узоқ йиллик тоталитар тузум асоратлари бизни, сайловчиларни ҳали тўлиқ тарк этгани йўқ. Биз сиёсий партияларга, умуман, сиёсатга аллақандай ҳадик, баъзан жинканч билан қарайдиган бўлиб қолганмиз ва бу туйғулардан тўлиқ халос бўла олмаяпмиз. Негаки, сиёсий партияларимиз бунда бизга ёрдам бермаяпти. Жамиятда уларнинг негизи йўқ, қандай асосда тузилганидан мутлақ бехабармиз. Ҳукмрон партияни ҳисобга олмаганда, қолганлари беқарор – навбатдаги сайловдан кейин уларнинг қайси бири «тизимли мухолиф» бўлишини олдиндан айтиш қийин.

Айримлар партияларни калласи баҳайбат, танаси майда ва мўрт мавжудотга ўхшатади. Ўзини ўзи зўрға эплайдиган жонзотга. Бу ажаб эмас.

Аслида тоталитар тузумдан чиққанимизни биринчи навбатда ана шу сиёсий партиялар раҳбарлари ҳар лаҳза ёдида тутиши ва шундан келиб чиққан ҳолда стратегия ва тактикасини белгилаши керак. Биз бундай ҳаракатни кўрмаяпмиз. Ўқитувчилар фалон партияни, косиб ва ҳунармандлар фалон партияни, ёшлар яна фалон бирини, ҳарбийлар унисини кўпроқ ёқлайди, деган таснифлар йўқ бизда ҳали ҳам.

Ростини айтиш керак – биз ўз туманимиз, ўз шаҳримиз, ўз вилоятимиз депутатларини танимаймиз. Ҳаммасига сабаб ўша – моҳиятдан оғиш. Ҳокимиятга, давлат бошқарувида иштирок этишга ҳақиқатан ҳам интилса, оғмас эди. Жамият аъзоси билан сиёсий партия ўртасидаги масофа сира яқинлашгани йўқ. Бу икки индивид дурбин билан қараганда ҳам бир-бирини кўрмайди, танимайди.

Нима учун қайсидир вилоятнинг амалдорлар анчадан буён яқин йўламагани боис хароб аҳволга тушиб қолган қайсидир маҳалласида фақат давлат раҳбари кутилмаганда кириб қолсагина вазият яхшиланишини ўйлаб кўрайлик. Депутат – сиёсий партия вакили, ҳоким – сиёсий партия вакили. Улар – сиёсатчи! Халқнинг овозини олган ана шу шахслар нима учун шундай маҳаллаларга тўсатдан кириб қолмаётгани, беозор айтганда, ажабланарли. Кабинетда ўтириб, ваъзхонлик қилганимиз билан биримиз сира ҳам икки бўлиб қолмайди, ахир.

ҲАММАСИГА ПРЕЗИДЕНТ БАЛОГАРДОН

Сиёсий партияларимиз ўртасидаги рақобатда кўзга ташланадиган сунъийликнинг ҳам бош сабаби моҳиятдан оғишда бўлса керак. Бири тил тозалиги учун, яна бири маънавиятимиз учун «қайғуради». Қайғурмасин, демаймиз. Қайғурсин! Лекин бирламчи мақсаддан оғмасин. Нима учун таъсис этилганини унутиб қўймасин.

Қонун чиқарувчи ҳокимият фақат ижро ҳокимиятини қўллаб-қувватлаш учун тузилмайди. Ижро ҳокимияти Олий Мажлис ва маҳаллий органларга сайловлардан кейин шаклланади. Яъни, ижро ҳокимиятининг асосини марказий ва маҳаллий қонун чиқарувчи органлар устида турадиган аллақандай мавҳум қудратли ташкилот эмас, мана шу органларнинг ўз аъзолари ташкил этади. Яна ҳам соддароқ айтадиган бўлсак, қонун чиқарувчи ҳокимият ижро ҳокимиятига тобе эмас.

Сиёсий партияларимиз вакиллари мана шу ҳақиқатни дастак қилиб ололмаяпти. Ташқи сиёсат, ички сиёсат, иқтисодий соҳа, ижтимоий соҳа, кадрлар масаласи – ҳамма-ҳаммасига давлат раҳбари балогардон. Инвестиция жалб этиш, ишлаб чиқаришнинг янги турларини очиш, экспортни диверсификация қилиш – барча иқтисодий масалалар бўйича аввал Президент таклиф билдириб, ташаббус кўрсатади. Қолган раҳбарлар (уларнинг ҳаммаси – сиёсий партия вакиллари, сиёсатчилар) фақат қўллаб-қувватлайди. Ваҳоланки, қўллаб-қувватлаш учун раҳбар бўлиш шарт эмас. Амалда уни халқ ўз меҳнати билан қўллаб-қувватлайверади.

Оддий мисол: нима учун Учинчи Ренессанс ғоясини «Миллий тикланиш» партияси эмас, Президент илгари сурди? Бу партия раҳбарлари халқни бирор улуғ ғоя йўлида бирлаштириш, эргаштириш учун шу чоққача нимани ўйладию нима қилди? Номининг ўзи мазкур ғояни айтиб турган бўлса?!

Айтаверса, мисол топилаверади. Кундалик ҳаётимизга назар ташлайлик. Интенсив боғлар яратишни Қишлоқ хўжалиги ёки Иқтисодиёт вазирлиги (уларнинг раҳбарлари – сиёсий партия вакиллари, сиёсатчилар) таклиф этгани йўқ. Туризмни ривожлантириш бўйича тегишли ташкилот, ёшларнинг вақтини унумли ўтказиш борасида тегишли иттифоқ ё тегишли марказ ташаббус кўрсатаётгани йўқ. Мурувват уйларига ҳам Президент шахсан боришига тўғри келяпти.

Бу ўринда қадим бир масал ёдга тушади. Бир киши йўлда кетаётиб, ўғлини савалаётган отахонни учратади. Сабабини сўраганда, отахон ўғлини айтганини қилмагани учун жазолаётгани аён бўлади. Кейин йўловчи яна бир отахонни учратади. У ҳам ўғлини савалаётган бўлади. Сабабини сўраганда, «бу фақат айтганимни қилади, ярамас, шунинг учун жазолаяпман», дейди отахон.

Бизда ҳам шундай вазият юзага келган. Айтилганни қиламиз, холос. Уни ҳам ҳамиша мукаммал бажармаймиз. Ўлда-жўлда. Баъзида охирига етказмаймиз, баъзан ҳатто умуман бошламаймиз ҳам. Ўзимиздан билиб-ку ҳеч нарса қилмаймиз.

ҲУЖЖАТ НОМИНГИЗ БИЛАН АТАЛСИН!

Хўш, унда сиёсий партияларнинг нима кераги бор? Ҳамма ташвиш давлат раҳбарига қолиб кетадиган бўлса, улар нима учун тузилган? Қўшимча иш ўрни яратиш учундир балки? Ҳар ҳолда раҳбарлар, ўринбосарлар, вазиру директорлар, бошқарувчию раислар, турли мақомдаги депутатлар, қўмитаю комиссиялар масъулларидан ҳайдовчи, ошпаз, фаррошларгача – қанчадан-қанча одам-а! Афсуски, бундай фараз кулгимизни қистатмайди, аксинча, аянчимизни оширади.

Ижтимоий тармоқларда сиёсий партияларимиз сиёсий кучга айлана оладими, деган савол кўп муҳокама қилинаётгани бежиз эмас. Шусиз ҳам оғриқли бўлган бу масала сайлов йилларида яна ҳам долзарблашади. Аччиқ-чучук қилиб кўп гаплар айтамиз. Лекин хулоса қилмаймиз. Амалда ўзимизни ўнгламаймиз. Сайлов ўтиши билан яна баландпарвоз гаплар билан овунаверамиз: демократик сайловимизни ҳамма тан олган бўлади, хорижлик кузатувчилар жараёнга юксак баҳо бериб кетади, янги депутатлик корпуси ва янги ижро ҳокимияти бизни олий марралар сари бошлайди! Шу оҳангдаги чиройли гаплар, вассалом. Кейин яна Президентнинг раъйига қарашда давом этамиз – ишимиз қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб қолаверади.

Партия тузиляптими, демак, бундан кимдир манфаатдор, дейдилар. Қачонлардир давлат ҳокимиятининг сиёсий лойиҳалари асосида тузилган сиёсий партияларимиз ҳали ҳам «лойиҳачасига» фикрлаш ва фаолият кўрсатиш қобиғида қолиб кетаётгандек, мустақил сиёсий органга айлана олмаётгандек туюлади. У даврлар ўтган, у лойиҳаларнинг ҳомийлари, ижрочилари, манфаатдорлари ортда қолиб кетган бўлса-да, ҳануз ташаббускорлик, креативлик, новаторлик кўзга ташланмайди. «Адолат» адолат тантанаси учун нималар қилгани ё қилмоқчи бўлаётганини билмаймиз. «Миллий тикланиш» миллий тикланиш учун нима қилгани ё қилмоқчи бўлаётганидан бехабармиз. Қани энди бизда ҳам «Болтаев қонуни», «Тешаев тузатиши», «Ўроқов акти», «Хўрозов декларацияси» деган номдор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар пайдо бўлса. Қани энди «Фалон партия акцияси» деган оламшумул тадбир тарихимиздан ёрқин ўрин олса. Қани энди одамлар сиёсатчиларни орқаваротдан кузатар экан, «бу киши фалон партиядан» деб ички ҳурмат билан тилга олса.

Қани эди!..

Мадина МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔27

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔26

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔30

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар