Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

«КИШИ АЙБИНГ ДЕСА...»

ёхуд Навоийнинг мунаққидлик маҳорати

Алишер Навоий асарлари ҳақиқат мезонларида яралгани учун ҳам ўқувчини ўзига тез жалб қилади. Шоир ўз даврининг адолатпеша, ҳақиқатгўй сиймосини кўз олдимизда гавдалантиради.

«КИШИ АЙБИНГ ДЕСА...»

Ҳазратнинг наздида кишининг бирор айб-нуқсонини ўзига танитиб қўйиш савоб ва фойдали иш. Айбни англатувчи бировнинг хатоси тўғриланиши учун саъй-кўшиш қилганига савоб топса, айбли киши ўз камчиликларини бартараф қилиб, фойдага эришади.

Алишер Навоий ўзининг фардларидан бирида шундай ёзади:

Киши айбинг деса дам урмағил, ул эрур кўзгу,

Чу кўзгу тийра бўлди ўзга айбин зоҳир айларму?!

Фард маъносидан англашиладики, айбни кўрсатувчи гўёки кўзгуга менг­зайди. Агар бу кўзгу тийра бўлса, унда киши акси кўринмайди.

Одатда кўзгу чанг-ғубордан хира тортади. Бирор нуқсонингни англатаётган одамни жеркиб бериш ана шу кўзгуга чанг сепишга ўхшайди.

Навоий сабоқларини чуқур ўзлаштирган халқимиз танқидни келажак меваси деб қабул қилишга одатланган. Хўш, Алишер Навоийнинг танқидга муносабати қай даражада бўлган? Бу мавзуда узоқ сўз юритиш мумкин. Чунки ул зотнинг давр воқеалари ва замондошларига муносабат билдиришда ҳамиша холис ва одиллик мезонида турганини асарлари орқали англаш қийин эмас. Ул зотнинг ҳар доим адолатли ҳақгўй ижодкор бўлганини биргина «Мажолисун нафоис» асарининг ўзи ҳам тасдиқлаб туради.

Ижодкорнинг қаламдошлари асарларига холис баҳо бериши анчайин мушкул иш. Кимнингдир ўксиб, хафа бўлишидан чўчиб, гоҳида саёз асарларни ҳам кўкка кўтаришга уринишлар бўлиб туради. «Мажолисун нафоис» асарини ёзар экан, Алишер Навоий ўзидан олдин яшаб ўтган ва ўзига замондош бўлган шоирлар ҳақида ростгўйлик билан сўз юритган. Бу эса асарнинг янада ўқишли бўлишини таъминлаган.

Дунё яратилибдики, қанчадан-қанча қалам аҳли нафосат бўстони деб аталмиш сўз санъатида ном қозонишга интилганлар. Уларнинг қай бири комил шахс даражасига кўтарилган бўлса, яна бириси феъл-атвори, равишларида ноқислик борлиги учун ҳам халқ меҳрини қозона олмаган ёки аксинча, бадфеъл, бадхўй қаламкашлар фавқулодда яхши асарлар ҳам яратган. Яхши қаламкаш яхши хулқ эгаси бўлмаслиги ёхуд яхши хулқ эгаси маъносиз асарлар яратиши ҳам мумкин. «Мажолисун нафоис» асарини мутолаа қилсангиз, буни ўзингиз ҳам англаб етасиз.

Алишер Навоий мазкур асарида шундай ёзади: «Мавлоно Муҳаммад Олим... Баҳсда кўп густохона сўзлар ва жавоблар айтур эрди. Салтанати азим уш-шоъний таҳаммул қила олмади. Самарқанддин анга ихрож ҳукми бўлиб Ҳирийға келди ва мунда Мавлононинг мақдамин ғанимат туттилар ва сокин бўлдилар…»

Бу жумла ҳазратнинг:

 Олдиға келғонни емоқ ҳайвоннинг иши,

Оғзиға келғонни демоқ нодоннинг иши,

деган ҳикматини эсга солади. Шоир ўзини сўз меъмори деб ҳис қиларкан, у ортиқча, фойдасиз оғиз очмасликка бурчли саналади. Густохона сўзлар Мавлоно Муҳаммад Олимни Самарқанддан ихрож, яъни бадарға қилинишига сабаб бўлгани каби кишини дўст-ёронлар даврасидан узоқлаштириб қўйиши шубҳасиз.

Алишер Навоийнинг мазкур нодир асарини мутолаа қилар экансиз, ҳазратнинг ўз замонасининг таниқли қалам аҳлига холис баҳо берганига яна ва яна шоҳид бўласиз.

«Мавлоно Вайсий... асру содда ва гўл киши эрди. Фақир ва балки кўпроқ ёронлар таажжуб қилурлар эрдиким, оё ул бу навъ содалиғ била назм нечук айтур эркин, аммо ғазаллари ёмон эрмас ва девони ҳам бордур...»

«Мавлоно Қанбарий – Нишопурдиндур. Оми киши эрди. Аммо назм айтурда чолок эрди ва шеърида ҳам чошни бор...»

«Паҳлавон Ҳусайин – «Девона» тахаллус қилур эрди. Филвоқеъ абдолваш ва бағоят ичгувчи киши эрди...»

«Турфа будурким, Хожа Муҳаммад Таёбодийким, бир ран ул ҳазрат (Абдураҳмон Жомий)нинг махсус мулозими эрди, назмларидин бир байт билмас ва билса ҳам назм ва насрларидин бир нукта фаҳм қилмас ва қилса ҳам мақсудқа мувофиқ демас. Боракаллоҳ, камоли қобилият мунча-ўқ, бўлғай! Ул ҳазрат (Жомий) йиллар анинг бадхўйлуғин кўруб сингурубдурлар ва ўзларига кетурмайдурлар...»

«Мавлоно Сайфий – ... ҳушёрлиғда басе одамиваш ва ҳаё ва адаблиғ йигитдур. Аммо сархушлуқда ўзга моҳият бўлур эрди, балки расво нима бўлур эрди. Бу учурда тавбаға муваффақ бўлди. Умед улким, истиқоматқа ҳам муваффақ бўлғай...»

«Мавлоно Хусравий – даъволик ва бузругманиш ва тундхўй киши эрди. Фақир қошиға баъзи маҳалда шеър келтурса эрди, бурунроқ андоқ калом сурар эрдиким, дахл қилмоқ йўли боғланур эрди. Заруратан барча шеърини таҳсин қилмоқ керак эрди...»

«Мавлоно  Аёзий – ғариб шакллик киши эрди. Атвори ва сўзи хоҳ назм, хоҳ насрда ғариб эрди. Фақир бир мажлисда Пули Молонда ани кўрдум, бир анжуманда бир қасидасин ўқийдур эрди. Ҳар байт бунёд қилса, сўз услубидин қофиясин айта берур эрдим. Бағоят ҳайрат қилди. Уч йилдин сўнг Боғи Сафедда яна бир мажлисда биайниҳи ушмундоқ воқеъ бўлди. Ул яна ҳайрат бунёд қилди. Бурунғи мажлис аҳлидин бу мажлисда ҳам неча киши бор эрди. Андин сўрдиларким, ҳаргиз бу нав киши кўрубмусен, чун кўзида заъф бор эрди, дедики, кўрмаймен, магар уч йил мундин бурунроқ Пули Молонда бир йигит кўрдум, ул ҳам бу навъ шуъбадабозлиқ қилди. Мажлис аҳли кулуштилар».

«Мавлоно Анисий – кам бизоат шоир эрди ва муттаҳам анга эрдиким, элнинг шеърини ўзига боғлар...»

Китобни варақлаб шу каби сатрларни ўқир экансиз, Алишер Навоийнинг мунаққидлик даҳосини қайта кашф қилгандек бўласиз.

Мард киши нуқсонларини ўзига англатган одамдан бу ёрдами учун миннатдор бўлади. Ношуд ва калтафаҳмларгина нуқсонларини танитган одамни рақиб сифатида қабул қилади. Алишер Навоий бировларнинг камчиликлари ортидан ғийбат йўсинида эмас, балки юзига айтишни маъқул кўрган. Бу эса тушунган, мард тингловчининг ул ҳазрат билан дўст тутинишига сабаб бўлган. Буни «Мажолисун нафоис»даги қуйидаги мисралар ҳам тасдиқлаб турибди:

«Мавлоно Абдусамад Бадахший... бир байтида тажнис хаёл қилиб, қофиясин ғалат қилиб эрди, фақир ани воқиф қилғач, филлоҳ мутанаббиҳ бўлди ва бу иш анинг била фақир орасида ошнолиққа сабаб бўлди».

Хуллас, мўмин мўминнинг ойнаси деган ҳикмат «Мажолисун нафоис» асари муаллифи сиймосида ўз тасдиғини топади. Бугунги кунда мунаққидлик тобора оқсаб бораётган бир паллада ул зотнинг жасорат ва матонатидан улгу олиш зарур. Зеро, киши айбини ҳақгўйлик билан айта олиш, агар бу холис ва ачингандан айтилса, чинакам марднинг иши саналади. Алишер Навоий ана шундай мардона юмушларни адо қилишнинг уддасидан чиқа олган бобокалонларимиздан бўлгани билан ҳам бизда фахр уйғотади.

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

🕔10:54, 11.09.2025 ✔84

«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

🕔11:20, 29.05.2025 ✔238

Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

Батафсил
Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

🕔12:13, 24.04.2025 ✔281

Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ

    Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ

    «Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».

    Шавкат МИРЗИЁЕВ

    ✔ 84    🕔 10:54, 11.09.2025
  • «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

    ✔ 238    🕔 11:20, 29.05.2025
  • Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

    Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

    Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

    ✔ 281    🕔 12:13, 24.04.2025
  • Китоб –  озодлик  сари йўл

    Китоб – озодлик сари йўл

    Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.

    ✔ 386    🕔 15:24, 14.03.2025
  • Мутолаа  хўжакўрсинга бўлса...

    Мутолаа хўжакўрсинга бўлса...

    «Боболаримиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак».

    ✔ 359    🕔 15:53, 10.01.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар