Озарбайжон ёзувчиси Элчин Сафарли асарларида инсон қалбининг энг нозик жиҳатлари, унинг англаб бўлмас олами чиройли тасвирланади. Муаллифнинг «Қайтганимда уйда бўл» асари ана шундай ажойиб топилмалардан биридир.
Асарда мураккаб, узундан-узоқ жумлаларни учратмайсиз, оламшумул воқеалар ҳам йўқ. Шунчаки қизидан айрилган бир оиланинг ҳаётини ўзга ерларда қандай давом эттиргани хусусида сўз боради. Лекин ана шу ҳаёт шундай оддий, самимий ва ҳис-туйғуларга тўла таърифланганки, бу оддийлик ўқувчини жалб қилмай қолмайди. Аслида барчамиз ана шундай оддийликка ташнадирмиз эҳтимол? Асар қаҳрамонининг вафот этган қизи Дўстуга ёзган мактубларида бахт, қувонч, лаҳзани қадрлаш туйғулари билан биргаликда бахтсизлик, уқубат, азоб, ғам-қайғу каби туйғулар – умуман олганда инсон ҳаёти тасвирланган.
Отанинг олдида икки йўл бор эди: биринчи йўл – қизидан айрилган, бахтсиз ота ролини ижро этиш; иккинчи йўли эса, вафот этган қизи Дўсту учун ҳам бахтли яшаш, лаҳзани қадрлаб яшаш. У иккинчи йўлни танлади.
Инсон ҳаёт қадрини англаши учун у қандайдир йўқотишларга дуч келиши керак бўлади. Айрилиқлар инсонга ҳаётнинг асл моҳиятини англашга ёрдам беради: «Қанча йиллар кўп нарсалар, осудалик, хотиржамлик, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтишларни қўлдан чиқарганимизни ҳис қилиш учун тўхташ ва ўзимизга вақт қолдирмаганимизни англаш учун тўхташ ва сендан айрилиш керак бўлди. Бироқ ҳаёт қайғуларсиз ва йўқотишларсиз бўлмаслиги ва улар ўткинчилигини ҳис қилганда умидсизлик ҳам чекинади».
Асарда инсон руҳи таскин топиши учун деярли барча нарса бор: китоб, ёқимли мусиқа, мазали нон ҳиди, денгиз. Буларнинг барчаси инсонни ўзига тортади. «Агар ишларинг ўхшамаса, қўлингга яхши китобни ол! У ёрдам беради. Ёки Виктор Конетскийнинг денгиз ҳақида айтганлари ҳам кишини мулоҳазага чорлайди: Бизнинг барчамиз качонлардир шўртоб сувликдан ёруғ дунёга қадам қўйганмиз, зеро денгиз ҳаётнинг бешиги ҳисобланади. Энди бизлар усиз яшай олмаймиз. Фақат, энди тузни алоҳида тановул қиламиз ва чучук сувни ҳам алоҳида ичамиз. Бизнинг лимфа тугунларимиз худди денгиз сувиникидек тузли таркибга эга. Биз денгиздан қачонлардир ажралиб кетган бўлсак-да, у ҳамон ҳар биримизнинг вужудимизда яшайди. Энг қақроқ саҳронинг ичкарисида яшайдиган одам ҳам ўзи сезмаган ҳолда қонида денгизни олиб юради. Балки, шунданми, одамлар денгизнинг бетиним мавжларини кўргиси, уларнинг абадий ғалаёнини эшитгиси келаверади. Бу товуш том маънода уларнинг кўҳна ватани садоси, қоннинг чорловидир.
Инсон ҳис-туйғулари, ички қарама-қаршиликлари зиддиятлари моҳирона ифодаланган: «Одамлар шодон яшаган ҳолларида ҳам ўз-ўзларидан безор бўлиб кетишади».
Баъзида инсон бахтли яшаши учун нималарнидир кутади ва айни лаҳзани қўлдан бой беради: «Интизорлик тақдирни вайрон қилади. Айниқса, яшаш учун мақбул пайтни пойлаб юрганингда.
Мана, ҳадемай рисоладагидек инсон келади ёки узоқ кутилган ҳодиса рўй беради ва мен яшаб кетаман, деб ўйлайсан. Бундай тарзда умрингни бекорга сарфлаб юборишинг ҳеч гап эмас».
Ҳар бир инсон ўз ҳаётининг қайсидир даврида ёлғизликни бошдан кечиради. Ёлғизликни ҳис қилган одамгина унга таърифни мукаммал бера олади: «Ёлғизлик – барча атрофингда гирдикапалак бўлсаю сен учун энг қадрли инсонлардан бири сен ҳақингда ташвишланмаслиги.
Ёлғизлик – атрофинг тўла одам бўлса-ю, қалбингдагиларни тинглайдиган ҳеч кимнинг йўқлиги. Ёлғизлик – ичингдаги дардларингни бўлишишга одам тополмай кундаликларинг устида тинмай йиғлашинг».
Узоқ йиллар ҳисоб-китоб билан шуғулланган ота ҳаётини буткул ўзгаришига сабаб бўлган қизининг вафоти бизга кўп нарсаларни англатади. Бизга кўп нарсалар берилган, лекин уларни қадрламаймиз. Англаганимизда эса, кеч бўлади. Лекин ана шу кеч англаш ҳам нималарнидир ёки кимларнингдир ўзгаришига сабаб бўлади: «Ўзгаришлар, ҳатто энг таваккаллари ҳам ҳаёт учун энг соз зираворлардир. Уларсиз унчалар ўхшамайди. Тирик жон ўзгармасдан қолмайди. Тирик нарсалар ўзгариб туришга маҳкум».
Мулоҳазаларимни асардаги энг ёққан жумлалар билан тугатаман: «Ҳаёт бу – шунчаки йўл! Одимлашдан лаззат ол!»
Муштарий ХОЛМУРОДОВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил