«–…Мен катта бўлсам милтиқ сотиб оламан.
– Милтиқни нима қиласан?
– Отамни отаман!!!»
Бугунги кунда адабиёт, адабий олам, адабий муҳит анчагина ривожланмоқда. Бунга ўз ҳиссасини қўшаётган шоир, ёзувчиларимиз талайгина. Улар орасида таниқли адиб Назар Эшонқул ҳам бор. Бу ижодкорнинг маҳорати қаҳрамонларидами ё уларнинг табиатида?
Адибнинг ўзи «менга воқеа эмас, унинг таъсир моҳияти қизиқ», — деб ёзади. Демак, ҳикоя, роман ё қисса бўлсин, ундаги маъно ва унинг таъсир этиш эҳтимоли кучли эканини англаймиз. Бундай маҳорат – катта истеъдод.
Назар Эшонқулнинг «Уруш одамлари» қиссаси фақатгина уруш даҳшатлари ҳақида эмас. У шу бугунги ҳаётимиз, одамлар тийнатидаги эзгулик ва ёвузлик, меҳр ва оқибат каби абадий туйғулар ҳақида бизга сўзлайди. Асардаги бутун моҳиятни кўрсатиб берган бош образ – Бийди момо. Бу аёл жуда мард, жасур, қадриятларга содиқ, фарзандларини ҳалол луқма билан ўстириб, номусли, ориятли қилиб тарбиялаган. Аммо уруш туфайли икки ўғлидан ажралганидан кейин ҳам ҳаёт оқимига қарши сузмади. Бизнингча, унинг биргина хатоси бор. Нормат полвоннинг фарзандларини ўйламасдан кичкина келинини олиб бермоқчи эди. У «Етти номус – бир ўлим» мақолига содиқ аёллиги учун келини Анзиратнинг хиёнатини кечира олмади. У Нормат полвонни оиласидан йироқлаштирди. Бу хато туфайли икки қоракўзнинг норасида етимга айланиб қолишини ўйламади ва охирида ҳам хиёнатни кечира олмай Анзиратни ва уни шу йўлга бошлаган Мирзақулни ҳам ўзи билан олиб кетди.
Нормат полвон – босиқ, ҳар қандай вазиятда ўзини тута оладиган, лекин феъли келса, отасини ҳам аямайдиган одам. Бу тасвирда қаҳрамон савиясининг зоҳирий жиҳатлари, оддий одамларга хос хислатлари ёритилади, яъни «босиқ», «ўзини тута билиши» ундаги ижобийликни таъкидлайди. Аммо у иккинчи босқичдаги характер (Анзират ва Мирзақул) воқеасидан кейин кўринади. Реал ҳаётдаги турмушда салбийликка замин яратади. Маълумки, инсон сийратининг бутлиги вужуд, ақл, руҳ яхлитлигида шаклланади. Буларнинг биттасига путур етса, инсон ўзлигидаги табиий мувозанат бузилади.
Анзират ана шу ҳолатдаги шахс. Ақлининг дарз кетиши билан юзага келган бўшлиқ уни аросат йўлларга бошлайди. Тўғри, уруш туфайли фарзандлари учун шу йўлга кириб қолди, ўзи атайлаб қилмади, аммо барибир бу ишни оқлаб бўлмайди. Анзират образи орқали иродаси суст, эътиқоди беқарор шахснинг маънисизлик маскани, хаёл олами гирдобидаги аянчли ҳолати ва қиёфаси чуқур психологик ракурсда реалистик тасвир орқали кўрсатилган. Бир томондан Нормат полвон қилган ишини қоралайсиз. Анзират ахир унинг фарзандлари учун ўзини нобуд қилди дейсиз. Шу ерда бу икки жиҳат параллел қўйилган. Лекин Норматни ҳам «полвон» деган номи бор эди-да ахир. Урушдан фахр ва ёруғ юз билан қайтиб келган эди. Хулоса китобхоннинг ўзида. Мен учун Анзират хатоси кечирилмас хато ва охирида Нормат полвон томонидан унинг ўлдирилиши ҳақиқатда асар охирида образнинг реал вазифасини очиб бера олган. Ҳақиқатга яқин реаллик бу.
Фарзанд – икки ўт орасида қолган гўдак Холмат.
«…Мен катта бўлсам милтиқ сотиб оламан»
«Милтиқни нима қиласан?»
«Отамни отаман!!!»
Асар учун эпиграф қилиб танланган бу гаплар жуда ноодатий! Ишонасизми, мен асарни айнан шу эпиграфи учун ўқиганман. Қандай асар эканки, бу фарзанд отасига қурол ўқталишига мажбур бўлган, деб қизиқиб ўқигандим.
Англадимки, ота-она хатоси фарзандларни катта одамга айлантириб қўйган.
Онаси касалланиб қийналиб ётганида ёнида бўлган болага отасининг қилган иши психологик жиҳатдан ёмон таъсир қилганини кўрамиз. Айниқса, Анзиратнинг ўлимидан кейинги нафрат фарзандни отасига милтиқ ўқталишига сабабчи бўлмоқда.
Уруш – ҳақиқий жанг, катта қийинчилик. Баъзида тинчлик урушмиди деб юборамиз. Нимага дейсизми? Чунки шукр қилмаймиз. Биз ҳам уруш одамларига ўхшаб қолганмиз. Ҳатто меҳр-муҳаббат, ҳурматни ҳам бир-биримиздан қизғонамиз. Шу эмасми, тинч замондаги уруш?..
Бу қиссадан ҳақиқатларни англаш мумкин. Барчаси рўй-рост келтирилган. Бугун биздан кутиладиган бирдан-бир маслак бу тинч замонда яшаб уруш одамларига айланиб қолмаслик. Шунинг учун барчамиз урушдан узоқда бўлсак-да, унинг тилсиз томошабинлари бўлиб қолишдан ўзимизни асрайлик!
Сабина ҲАБИБУЛЛАЕВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔281
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил