Зангиота туманидаги Муҳаммаджон Фозилов номидаги агрофирмага қарашли токзорларда,
асосан, саноатбоп узум навлари етиштирилади. Агрофирмага кириш жойида эса бу ерга ташриф буюрган кишининг кўзини қувнатадиган жуда узун ва баланд ишком қилинган. Унда турли навдаги узумлар етилмоқда. Бир қарашда бу «санъат асари»нинг миришкор деҳқон қўли билан яратилганига ишониш қийин.
— Туманда 320 гектар боғ мавжуд бўлиб, шундан узумчиликка ихтисослашган 13 та агрофирма ташкил қилинган, — дейди агрофирма раҳбари Абдулла ОРТИҚОВ. — Токзорларда эса асосан, саноатбоп узумлар етиштирилмоқда. Бундан ташқари, токларимиздан хўраки навлардан ҳам яхшигина ҳосил олинади. Ишкомлар, аввало, йўл четларига ва атрофга чиройли кўриниш бериб туради. Ишга келганда ва ундан қайтаётганда кишининг баҳри-дили очилади, кайфияти кўтарилади. Яна бир тарафи симбағазли токларга қараганда, ишкомда етилган узумлардан кўпроқ ҳосил олиш мумкин. Сабаби, баланд ва ҳосилли новдалари кўп бўлади, орасидан шамол ўтиб туради, меваси қуёш нуридан етарлича баҳраманд бўлади. Лекин бунинг учун олдин хомток қилинади. Бу ишни ёз чилласи ўтиб, кунлар бироз салқинлашгандан сўнг амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Негаки, узумлар маромида пишиб-етилишга улгуриши лозим.
Акром ака Абдураҳимов эса токзорини ўзининг ишхонаси, деб ҳисоблайди. Сабаби, шу ердан оладиган даромади рўзғорини обод, дастурхонини тўкин қилади, ҳаётига мазмун бағишлайди. Боғбон яхши ҳосил олишни кўзлаш билан бирга, келгуси йил ҳосили ҳақида ҳам қайғуриши лозим. Бунинг маъносини катта ҳаётий тажрибага эга боғбону миришкорларгина англаб етади.
— Узумларимиз айни етилиш палласида, — дейди боғбон Акром АБДУРАҲИМОВ. — Ҳосил етилиб, ранг олиб, шира тортмоқда. Айни дамда кузги агротехника ва хомток ишларини бошлаб юборганмиз. Бунда осилиб турган ортиқча новдаларни мевасини офтоб уриб кетмайдиган қилиб кесиб ташлаш керак. Тиғиз бўлиб кетган барглар ҳам сийраклатилади. Ёзда турли зараркунанда ҳашоратлар ва қурт-қумурсқаларга қарши дори сепамиз. Эрталаб кунчиқар томондаги, кечга яқин қуёш ботадиган томонидаги ортиқча новдаларни олиб ташлашда ҳам гап кўп. Агар астойдил меҳнат қилинса, токларга меҳр билан ишлов берилса, боғдан битта рўзғорга бемалол етадиган маблағ чиқади. Бу сафарги ҳосилимизнинг ҳам чўғи ёмон эмас.
Тажрибали деҳқоннинг айтишича, ҳосил йиғиб-териб олингандан сўнг боғда янаги йил ҳосили учун замин тайёрлаш ҳаракатларини бошлаб юбориш талаб этилади. Бу ишлар октябрь ойи охири, ноябрь ойи бошларида тугалланиши керак. Токлар кесилиб, симбағазлардан туширилади ва усти ёпилиб, совуқдан ҳимоя қилинади. Минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш ҳам ана шу тадбирлар сирасига киради. Қатор ораларига ишлов берилади. Қиш чилласида эса яхоб суви берилиши ҳам мақсадга мувофиқ. Бунда шу йил ҳосил бериб «толиққан» ток, «дам олиб» ўзини тутиб олади. Пировардида келаси йил ҳам токзордан катта ҳосил кўтариш мумкин.
«Менинг боғим» кўрсатуви асосида
Нурпўлат НУРҚУЛОВ
тайёрлади.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔96
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил