Журналистика касбининг ўзига хос ажабтовур олами бор. Журналист деган мардум кунда-кунора бирор «бошоғриқ»қа учрайди, қизиқарли бир ҳангома устидан чиқади. Баъзан ёш боладек соддалиги ҳам бу фидойи инсонлар танлаган касбига мос. Касб байрами арафасида иш жараёнида, ҳаётда содир бўлган «бир қайнови ичида» гаплар, айрим воқеаларни ёдга олмоқчи бўлдик.
Мактабни битиргач, олий ўқув юртига кира олмадим. Туман марказидаги босмахонага ишга жойлашдим. Босмахона Хатирчи туман ҳокимлигининг нашри «Янги ҳаёт» (ҳозирда «Хатирчи ҳаёти») газетаси таҳририяти жойлашган бинода эди. Шу боисдан, тез орада журналистлар билан эл бўлиб кетдим. Ёзганларим газета саҳифаларида босиладиган бўлди. Ўша кезлари газетага Жўрақул Ёрмаматов деган кўнгли очиқ, самимий, бағрикенг инсон бош муҳаррирлик қиларди. У доимо одамларга яхшилик қиларди. Ана шу кишининг бир оғиз гапи билан ишимни таҳририятга кўчирдим.
Нарзулла Чўтбоев, Эътибор Сафарова, Мардиқул Сиддиқов, Тоҳир Абдиев, Исроил Холбоев, Аҳмаджон Элмуродов, Анвар Ҳосилов каби газета жонкуярлари худди ўз жигаридек сафига олишди. Жамоада ажойиб бир ижодий муҳит ҳукмронлик қиларди. Ўзбекистон халқ бахшиси Умарқул Пўлкан, Очил шоир Эшмурод ўғли, Бибисора Туробова, Хосият Бобомуродова, Меҳринисо Ойдинова, Муҳтарама Туркой, Фахриёр сингари таниқли ижодкорлар қадами узилмасди таҳририятдан.
Ўша кезлари газетада каминанинг «Қачонгача, Қодирнинг қовоғига қараймиз?» деб номланган кичкина фельетоним босилди. Унда тумандаги томири сувга етган, унча-мунчани менсимайдиган бир раҳбарнинг ножоиз одатлари танқид нишонига олинганди. Фельетонни жамоатчилик илиқ кутиб олди. Ўша раҳбарни райкомда бурнини ишқаб, обориб обкелишди. Аммо ўша «зўравон»ни кўнглида менга нисбатан хусумат пайдо бўлди. Мени йўқотиш пайига тушди. У бир куни мухбирни излаб таҳририятга келади. Гоҳ у хонага, гоҳ бу хонага бош суқиб, мухбир болани (яъни, мени) ахтаради. Бу маҳалда мен топшириқ билан далага кетган эдим. Бош муҳаррир гап нимада эканини тезда илғайди-да, бояги амалдорни хонасига бошлайди. Бир пиёла чой тутади. У ёқ-бу ёқдан гапириб, уни жаҳлдан туширади. Гап орасида фельетонни ёзган йигитчанинг юз фоиз ҳақ эканлигини, фактлар исботини топганини, ўчакиш яхши оқибатга олиб келмаслигини ҳам қистириб ўтади. Жўрақул аканинг шунча жавраганига қарамай, у танқидий мақола муаллифини топиб берасан, дея тихирлик қилаверади. Қараса, ҳамсуҳбати гапга кўнадиганлар хилидан эмас. Бунақа масалаларни кўриб кўзи пишиб кетган бош муҳаррир вазиятдан чиқиб кетишнинг антиқа йўлини топади. Жиддий қиёфада «сизни танқид қилган мухбир бола ўз аризасига кўра ишдан бўшаб, армияга жўнаб кетди» деб юборади. Бу гапдан амалдор мамнун бўлиб, «Ия, шунақами?..», дея каловланиб қолади.
Жўрақул ака ўша куни кечга яқин бўлган воқеани сўзлаб берди. Ва танқидий мақолаларни кўпайтиришни тайинлади.
Улуғбек ЖУМАЕВ
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил