Бешинчи синфдалигимдаёқ газетага мақола ёза бошлаганман. Еттинчи-саккизинчи синфларга чиқиб шеърлар, кичик-кичик ҳикоя, масаллар ёзардим. Мактабни тамомлаган даврларимда эса газетачиликка қўлим анча келишиб қолганди.
Кунларнинг бирида туман газетасида «Чайқовчи» номли ҳажвий шеърим босилиб чиқди. У пайтлар газеталар кўп минг нусхада босилар, унга ҳамма обуна бўлишарди. Орадан уч кун ўтиб маҳалламизда биздан беш-олти уй нарида яшовчи ёши элликларга бориб қолган Иброҳим испи («испуклант», ўзбекча олибсатор) деган киши кириб келди. Отам билан токларни очаётган эдик. У киши бўлса кела солиб бақира кетди.
– Шоир қани, шоир? Бир кўриб қўяйлик, биззи азаматни.
Отам ҳам, мен ҳам, тўғриси, ҳайрон бўлиб анграйиб қолдик. Биз ҳали гап нимадалигини тушунмай туриб, у яна вайсай кетди.
– Ота, болага шундай тарбия беряпсизми? Келиб-келиб ўзининг қўшнисини газетга ёзадими?
Мен гап нимадалигини тушунгандай бўлдим. Отам ҳам мени газетага у-бу ёзиб юрганимдан хабардор эди. Чунки таҳририятдан ҳар ой 20-30 сўм гонорар олардим-да.
– Ҳов, Иброҳим, кел, кел. Нима гап, бундай ётиғи билан тушунтирсанг-чи? Бизнинг ўғил бирон айб иш қилиб қўйибдими? – деди отам бир менга, бир ҳадеб бақираётган Иброҳим испига қараб.
– Мана бу ўғлингиз мени, мана, газетага ёзибди, – деди қўлидаги газетани отамнинг бурни тагигача келтириб. Отам газетани қўлига олиб кўзига шошмасдан ойнагини тақди-да, жўрттагами, шеърни овоз чиқариб ўқиди. Ўқиб бўлгач, «боплабсан-ку, хумпар», деб елкамга уриб қўйди.
– Иброҳим, биринчидан шеърда сенинг исминг ёзилмаган. Буни адабиёт дейдилар. Иккинчидан, ўз қилмишингга иқрор бўлиб келганинг шеърнинг кучини кўрсатиб турибди. Тўғри-да, балодай кучинг бор, далада ишла, келиб- келиб хотинларнинг кўйлагини беш сўмга олиб, ўн сўмга сотгунча, – деди отам жаҳл билан.
– Ҳей, садқаи ота кетинг-эй. Келиб-келиб дардимни сизга айтдимми?
– Иброҳим, оғзингга қараб гапир, тилингга эрк берма. Агар яна жанжал қилиб келадиган бўлсанг, болага айтаман кейинги гал шеърга исмингни ҳам қўйиб чиқаради.
Иброҳим испи қандай тез келган бўлса, шундай тез чиқиб кетди. Отам белни ерга чалқанчасига қўйиб устига ўтириб қўлидаги газетани яна ўқишга тутунди.
– Аммо, барибир боплабсан, бола. Тузук, тузук. Шеъринг тўғри нишонга тегибди-я...
Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил