Шунақа экан – Бағдод туманининг Қирқволида маҳалласида яшовчи Мусаевлар оиласининг бошлиғи айтди шу гапни! Иймани-и-и-иб ўтирмади, ҳижолат тортмади, қандай тушунаркин, деб ўйламадиям. Шартта айтди-қўйди: «Гоҳида янгангизнинг гапигаям хўп деймиз, сизники маъқул, деймиз. Хонадонимиздаги файз, тинчлик-тотувликнинг сабаби – шу», дейди Мўминжон ака.
Бу одам узоқ йиллар колхозда ишлади. Ернинг тилини биладиган агроном сифатида ном қозонди, ҳурмат-эътибор топди. Касбига нисбатан садоқати боис маҳалла-кўй, қўни-қўшни олдида ҳамиша юзи ёруғ, сўзи ўткир бўлди. Турмуш ўртоғи билан уч ўғил ва бир қизни вояга етказиб, уйли-жойли, олий маълумотли қилди – элга қўшди. Битта ўғли қўли енгил шифокор, иккинчиси – қадами залворли давлат хизматчиси. Қизи ҳам, келинлари ҳам ўқитувчи – Манзурахон аяга тортишган.
Қирқ йил олдин Мўминжон аканинг боши «иккита» бўлди. Тақдир уни Манзурахон ая билан сийлади: қайнота-қайнонанинг хизматини дўндирди, эрнинг елкасига бахт қушини қўндирди, фарзандларни оқ ювди-таради, ҳар бирининг кўнглига қаради, хулласки, турмуш тўқмоғини йўндирди бу аёл. Кечалари билан бир қўлида бешик, бошқасида қалам тебратди – ўқитувчи-да – тинмади, тинай демади. Мана, натижаси: Манзурахон аянинг узоқ йиллик фидокорона меҳнати, самарали педагогик фаолияти «Халқ таълими аълочиси» деган фахрий унвон билан мукофотланди.
– Бизнинг тотувлигимиз, аҳил-иноқлигимиз ўзаро ҳурматда, – дейди оилабоши салмоқлаб. – Шу пайтгача сен-менга бормадик, фарзандларга фақатгина ижобий томонлама ўрнак бўлдик. Уларга мана шунақа тарбия бердик. Меҳнатинг – зийнатинг, деб болаларнинг қулоғига қуйдик, шукрга, сабрга ўргатдик. Мақтаниш эмаску-я, гоҳида ўғилларимизнинг, қизларимизнинг (келинларниям шундай аташаркан) ҳатти-ҳаракатида ўзимизни кўргандек бўламиз. Кам бўлишмасин, камлик кўришмасин, илоё...
Юқорида айтдик: Мўминжон ака – тажрибали агроном. Соҳадаги билими, амалий кўникмаси бугун ҳам қўл келмоқда. Ўзининг айтишича, яқинда туман ҳокимининг таклифи билан би-и-ир далаларни кезиб чиқди. Етиштирилаётган ғалланиям, пахтаниям эгатма-эгат юриб, таҳлил қилиб чиқди.
– Вой, бў-ў… – дея бошини сарак-сарак қилади агроном ака, – далалардаги буғдой бошоқларини қаранг! Эсимни таниб, ҳали бунақа ғаллани кўрганим йў-ў-ўқ. Эгамнинг бергани – шу... Пахталариям чаккимас. Ўзимча ўйладим, мулк хусусий – ҳамма гап шунда! Бизнинг давримизда ҳамма нарса колхозники, яъни ҳеч кимники эди. Бугун-чи, унақа эмас. Ер – деҳқонники, даромад – деҳқонники. Демак, ҳаракат қилган барака топяпти. Асл фермер ўзиниям, халқниям, давлатниям боқяпти. Омадини берсин...
Мўминжон ака бугунги кун нафаси билан яшайди: юрт бошига тушган ташвишни юрак-юрагидан ўтказади. Ҳозирги синовли кунларда ҳам айрим қийналган хонадонларга баҳоли қудрат ёрдам бериб турибди. Қолаверса, Бухородаги табиий офат ҳамда Сардобадаги фожиани бартараф этиш, жабр кўрган юртдошларга маънавий-моддий кўмаклашиш ишларида ҳам ташаббускорлардан бири бўляпти.
Давлатжон ПОЛВОНОВ
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔217
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔254
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔430
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил