Табиат      Бош саҳифа

ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

ёхуд уни таъқиб ва маҳв этган асосий куч нима эди?

Тақдир қалами миллий тарихимиз саҳифаларини минглаб буюкларга маскан бўлиш шарафи билан безагани рост. Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Насаф, Термиз, Тошкент каби жаҳоншумул маданият бешикларини бир лаҳза истисно қилиб турганда ҳам, ўнлаб туманлар, юзлаб қишлоқларда мадфун авлиё зотлар, мутафаккирлар, қалам аҳлларининг ҳад-ҳисобини ҳалигача аниқ билмаймиз. Билганларимизни-да ёлчитиб ўрганмаганмиз. Ушбу таънаомуз хулосанинг биргина мисоли қодирийшунослик десам, бошимга эътироз тошлари ёғилиши тайин...

Ишонмасангиз, исталган кутубхона ёки адабиёт сайтига киринг. Абдулла Қодирий ҳақидаги манбаларни сўраштиринг. Лак-лак китоблар сафига дуч келасиз. Уларда адиб таржимаи ҳолидан тортиб, ижод йўли, асарлари тарихи, талқини, ўрганилиши масалалари ва ҳоказоларга оид маълумотларни топасиз. «Отам ҳақида», «Қодирийнинг сўнгги кунлари», «Қатлнома», «37-хонадон» сингари самимий хотиралар, ҳужжатли талқинларни ўқиб ҳаяжонга бериласиз, «Улкан адиб сабоқлари», «Абдулла Қодирийнинг тасвирлаш санъати», «Қодирий – эрксизлик қурбони», «Қодирийнинг сўнгги илтижоси», «Бир ишқ, ҳам чин бир ишқ» каби илмий-адабий талқинларни ўқиб, адиб ижодидан бирмунча баҳраварлик туясиз. Аммо яна ва яна нималарнидир излайсиз. Излайсиз-у тополмайсиз, уюм-уюм қоғозлар лабиринти аро беҳуда санғийсиз. Буюклар ҳақида ҳам кўп, ҳам хўб ёзмоқ лозимлигини туйқус англайсиз. Буюкларга тамасиз хизмат лозимлигини ҳис этасиз.
Зотан, «аруси даҳр» чегараларини тарк этган зотлар тамасиз хизматга, дуо ва эҳсонга муҳтож. Уларга бошқа ҳеч нарса лозим эмас: яккаш эҳсон карвонига юкланган дуо, тама илинжидан холи хизмат. Буюклар бундан ортиқ ё камини қабул этмайдилар. Қодирийнинг буюк устози ҳазрат Навоий ҳақрост айт­мишлар: «Тарки тамаъ қилки, сохо ул эмиш...»
Яна зотанки, Абдулла Қодирий бизнинг глобаллашган замонимизда камдан-кам учрайдиган буюк бир фазилатга эга эди. Унинг маслаги тама ғуборларидан холи эди.
«Тама ғуборидан холи маслак» нима дегани? Бундай маслак эгаси қандай бўлади?
Абдулла Қодирий ҳаёт йўли ва у қолдирган асарларни ягона силсила ўлароқ кузатганимизда, амин бўламизки, буюк адиб уч маслак йўлида яшаган, ижод этган. Уларни ўзида жамлаган, айнан жамлай олгани боис шаҳидлик мақомига эришган.
Қодирий маслагининг туб илдизи «Аллоҳ бир, Расул (с.а.в.) барҳақ» калимасида воқе бўлади. Адиб маслагининг қолган икки новдаси ҳам, шубҳасиз, шу илдиздан озиқланади.
Абдулла Қодирий таржимаи ҳолига назар ташласак, унинг бола ёшидан эъти­боран тўғри йўлга йўлланганига амин бўламиз. Мазкур йўл тарзида бирор ёлғон, ваъдага хилоф, омонатга хиёнатни учратмаймиз. Фақат тўғри тарбия, покиза ризқ, ҳалол меҳнатни кўрамиз. Ҳали ўсмирлик ёшида тирикчилик важидан бой хизматига кирган Қодирий кўп ўтмай хўжайини эътиборига тушади. Бой уни замонасининг эътиборли бир мактабига ўқишга қўяди. 18 ёшида ҳам эскича, ҳам янгича билимларни мукаммал эгаллаган Абдулла Расулмуҳаммадбойнинг тижорат ишларини юрита бошлайди. Ҳамида ахлоқи билан бу бойга ҳам маъқул келади. Натижада Расулмуҳаммадбой катта қизи Раҳбаройни Абдуллага никоҳлаб беради.
Бу далиллар Абдулла Қодирий ҳаёт йўлига доир ишларда кўп такрорланади. Бироқ бизнинг ҳам айни далилни бу ўринда такрор қилишимизга бир зарурат бор. Айни зарурат «нега Қодирий илк мустақил қадамлариданоқ ҳар икки бойнинг, қўл остида ишлайдиган хўжасининг эътиборига тушди, илтифотига эришди?» деган саволга жавоб топиш заруратидир. Биринчи хўжайиннинг илтифотини аксар мутахассислар русча ёзув-чизувни биладиган хизматчига муҳтожликка йўядилар. Айни мантиқни қисман қабул қилиш ҳам мумкин. Тижоратчининг асл мақсади савдо ишларини яна ва яна кенгайтириш экани ҳам рост гап. Аммо «тижоратчи-бой ўқишга жўнатиб, тижорий мақсадлари йўлида фойдаланаман деса, 12 ёшли Абдулладан бошқа одам қуриб қолганмиди?» деган иккинчи бир савол туғиладики, айни савол юқоридаги икки мантиқни ҳам заифлаштиради. Дарҳақиқат, катта эл орасидан Абдуллага ўхшаган оёқ-қўли чаққон, зеҳнли, уддабурон ёшларни топиш қийин эмас эди. Фақат бойга 12 яшар Қодирий маъқул келди. Тўғрироғи, бой унинг маслаги, хулқ-атвори, тарбиясини ёқтирди. Шунинг учун тижоратининг келажагини шу норасида билан боғлашга қарор қилди.
Расулмуҳаммадбойнинг илтифотини эса бирор тижорий, маиший, ижтимоий мантиқ билан тушунтириб бўлмайди. Чунки у ўзининг жондан азиз фарзандини қўл остида эндиликда икки йиллаб хизмат қилаётган камбағал бир йигитга никоҳлаб берди. Қолаверса, Раҳбарой унинг катта қизи, карималарининг тўнғичи эди. Уни қизининг келажаги ҳам, тижорати ҳам, маҳалла-ю жамиятнинг муносабати ҳам чўчитмади. Бою боёнлар, акобиру мансабдорлар, тожиру абжирлар орасидан бир қашшоқ оила фарзандини танлаб олди. Нега?
Расулмуҳаммадбойнинг иши менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари (р.а.) ҳаёт тарзларини эслатади. Нақл қилинишича, саҳобаларнинг одам таниш мезонлари битта бўлган экан. Дўст, ёр, куёв танлашда фақат улардаги бир нарсага – иймонга ошиқ бўлган эканлар. Иймон-эътиқодли йигитни учратсалар, ўзлари айттириб куёв қилишдан қайтмаган эканлар. Менимча, манбаларда дину диёнатли инсон сифатида эсланадиган Расулмуҳаммадбой ҳам Қодирийнинг асл маслаги, яъни иймонига ошиқ бўлиб қиз берган.
Қодирий оила қурганига бир йил тўлар-тўлмас қайнотаси Расулмуҳаммадбой синади, у яна ишсиз қолади. Лекин ёш Абдулла умрини бекор ўтказмайди. Тошкентдаги Абулқосим мадрасасига ўқишга киради. Бўш пайтларида дурадгорлик (тоқичилик) касби билан оила тебратади. Мана шу жойда адиб илм ва иймон захирасини янада мустаҳкамлайди. Авлиёсифат мударрислар қўлида таълим олади. Ҳабибулла Қодирий ўзининг «Отам ҳақида» рисоласида «Ўткан кунлар»даги Юсуфбек ҳожи образининг прототиплари ҳақида гапириб Эшонгузар маҳаллалик Алижон домлани тилга олади. Тошкентликлар орасида шу зот ҳам Абдулла Қодирийга таълим бергани, саҳобатабиат инсон бўлгани, Қодирийнинг домла олдидаги эътибори, ундан олган маънавий улуши ҳақида гаплар юради. Дейдиларки, Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудларининг қайси биридан бўлмасин, илм-маърифатли бир одам Тошкентга келадиган бўлса, албатта шу домлани зиёрат қилмасдан кетмас экан. Маҳаллий аҳоли орасида «Алиқорий домла» номи билан машҳур бўлган бу зотнинг Абдулла Қодирийга муҳаббати ҳам юқорида келтирганимиз икки далилдан кам эмас.
Ҳақиқатан ҳам, Қодирий ҳаёт йўлида нимаики топган бўлса, асл маслаги, иймонидан топган. Адиб ижодининг илк намуналаридан охирги сатрига қадар иймон сувига қорилгани бундай хулосага тўла асос беради. Унинг илк насрий асари «Жувонбоз» сўнгида шундай сўзларни ўқиймиз:

«Туркистонда мундай ишлар ҳамиша давом этиб турганини кўрувчи ва билувчи ҳар бир ақлли мусулмон киши... охиратда Худонинг қаҳру ғазабига гирифтор, Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдиларида шармисор ва шафоатларидан бенасиб бўлувчиларга ачиниб, мундоғ хилофи шаръий кони бўлган Туркистондан бошқа шаҳарларга қочиб кеткуси келур эди».

Ёки «бахтсиз куёв» драмасида: «Шариати Мустафога бўйинсунинглар, энди кўзларингизни очинглар. Бидъат тўйға исроф бўладурган оқчага ўғилларингизни ўқутинглар ёки жамияти хайрияларға иона қи­ли­нг­лар».
Ҳа, Қодирий маслагининг иккинчи узви – миллат қайғуси ҳам худди шу мезондан, «шариати Мустафо (с.а.в.)» аҳкомларидан келиб чиқади. «Миллатимга», «Аҳволимиз» сингари илк миллий шеърлари, «Улоқда» ва бошқа «кичик асарлар»ининг исталган биттасида айни мезон устувор эканини кўрамиз. Улардаги барча танқиду мақтовлар, илмий тил билан айтганда, ижтимоий-­эстетик позиция, ахлоқий-бадиий идеал мана шу асосга қурилган. 
Қодирий миллат тараққиётини ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол луқма еб, шариат асосида яшаган оила ва у тарбия этган фарзандларда кўради. Бу жиҳат адиб маслагининг учинчи узвини ташкил этади.
Қайси бир инсон, қайси бир жамият «шариати Мустафо (с.а.в.)»га хилоф йўл тутган бўлса, Қодирий бадиий ижоди, япон самурайлари қиличидек кескир сатираси, оташин публицистикаси тиғидан омон қолмайди. Гарчи, аксар мутахассислар қодириёна танқидда «шафқатсизлик», «ўта кескинлик» хоссаларини кўрадилар. Шариат мезонлари билан қаралганда эса, Қодирийнинг бирор бир «адабий персонаж» ҳаққига хиёнат қилмаганига амин бўламиз. Қодирий кесиш лозим жойда малҳам қўйиш ножоизлигини яхши билади, жарроҳга айланадики, шундан муносиб эм топа олмайсиз. Аслида ҳам «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён»да тасвир этилган ижтимоий, сиёсий, миллий низолар, ахлоқий, маиший муаммолар малҳам қўйиб эмланадиган дардлар эмасди. Шу мезон, шу мантиқ Қодирийни кескин бўлишга мажбур этди. Бошқача яшаш ва ёзишга иймони йўл қўймайди.
Таассуфки, Қодирий таъқиб этилган, маҳв этилган даврлар иймон қатли учун тиғ чархланган даврлар эди. Ўз маслагига содиқ зотларни севмас эди у давр. Бу давр сотқинлар, ўғрилар, мунофиқу Худодан қайтганлар билан тил топишуви, апоқ-чапоқ бўлиб кетиши мумкин эди. Илло, бу энг кир ва қора ўтган кунларда «шариати Мустафо(с.а.в.)»га амал қилгувчи, иймон йўлини тутган Қодирий каби зотларга ўрин йўқ эди. Шу сабаб буюк Қодирий дунё ва охириат саодатини иймонидан топганидек, ўз шаҳодатини ҳам иймондан топди.
Ўйлашимча, бизнинг Қодирий ҳазрат олдидаги бурчимиз у ҳақида рост ва холис сўзни айтиш, у зотни хайрли дуо билан ёд этишдир. Шундагина асл маслагимиз, иймон мезонига муносиб иш қилган бўламиз.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари доктори,
ТошДЎТАУ профессори
 




Ўхшаш мақолалар

Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

🕔15:18, 10.05.2024 ✔13

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша иқлими, табиий шароити мавжуд. Ана шунга мувофиқ ўсимлик ва ҳайвонот дунёси шаклланади. Бироқ иқлим шароитини баҳона қилиб, лоқайдликка берилиб бўлмаслигини ота-боболаримиз жуда қадим замонлардаёқ чуқур англаб етганлар.

Батафсил
Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги  тақдири-чи?..

Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги тақдири-чи?..

🕔15:17, 10.05.2024 ✔18

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг баҳорги экиш мавсуми ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Кунда-кунора фалон жойга фалонта кўчат қадалди қабилидаги хабарларни кўравериб, дарахт экиш жадаллик билан олиб борилганига шубҳамиз қолмади.

Батафсил
Бугун қадалган  ниҳол эртага атрофга саломатлик    бахш этади

Бугун қадалган ниҳол эртага атрофга саломатлик бахш этади

🕔15:11, 10.05.2024 ✔12

«Минтақанинг экотизимига ғамхўрлик қилиш» – мазкур корхона ишлаб чиқариш дастурининг асосий тамойилларидан бири. Зотан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қулай экологик вазиятни сақлаш учун жамият олдидаги масъулиятидан оғишмай келаётган бу жамоанинг атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган хайрли ишлари бисёр.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

    Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

    Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша иқлими, табиий шароити мавжуд. Ана шунга мувофиқ ўсимлик ва ҳайвонот дунёси шаклланади. Бироқ иқлим шароитини баҳона қилиб, лоқайдликка берилиб бўлмаслигини ота-боболаримиз жуда қадим замонлардаёқ чуқур англаб етганлар.

    ✔ 13    🕔 15:18, 10.05.2024
  • Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги  тақдири-чи?..

    Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги тақдири-чи?..

    «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг баҳорги экиш мавсуми ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Кунда-кунора фалон жойга фалонта кўчат қадалди қабилидаги хабарларни кўравериб, дарахт экиш жадаллик билан олиб борилганига шубҳамиз қолмади.

    ✔ 18    🕔 15:17, 10.05.2024
  • Бугун қадалган  ниҳол эртага атрофга саломатлик    бахш этади

    Бугун қадалган ниҳол эртага атрофга саломатлик бахш этади

    «Минтақанинг экотизимига ғамхўрлик қилиш» – мазкур корхона ишлаб чиқариш дастурининг асосий тамойилларидан бири. Зотан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қулай экологик вазиятни сақлаш учун жамият олдидаги масъулиятидан оғишмай келаётган бу жамоанинг атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган хайрли ишлари бисёр.

    ✔ 12    🕔 15:11, 10.05.2024
  • “ДЕНГИЗИНИ ҚУРИТГАН ЭЛГА ДЎСТ БЎЛОЛМАЙМАН”

    “ДЕНГИЗИНИ ҚУРИТГАН ЭЛГА ДЎСТ БЎЛОЛМАЙМАН”

    ... Кеча Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда устоз Абдуқаюм Йўлдошев, ёш режиссёр Сардор Ҳамроев билан бирга иштирок этдик. 

    ✔ 44    🕔 20:32, 08.05.2024
  • Теракларимиз  жиддий хавф остида

    Теракларимиз жиддий хавф остида

    Куни кеча Тошкент шаҳридан Сурхондарё вилояти (Узун-Сариосиё туманлари)гача бўлган ҳудуддаги М-39 трассаси бўйлаб экилган дарахтлар ҳолатини кўздан кечирдим.

    ✔ 24    🕔 17:03, 02.05.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар