Буюк ёзувчи яратган мактаб қайта бунёд бўлмоқда, у ерда кимлар ўқийди?
Мозийға қайтиб...
«Отамдан болалик хотиралари ҳақида кўп нарса эшитганман. Шуларнинг бирида отам бир воқеани айтиб берган эди.
Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бўлса керак, маҳалламиздаги кўпчилик болалар ўқишга бора олмай кўчада бекор қолиб кетишган экан. Шунда бувамиз Абдулла Қодирий болаларга ўзлари яшаётган ҳовлининг бир бурчагида кутубхона ташкил қилиб берган эканлар. Кўплаб болалар шу кутубхонадаги китоблардан ўқиб илм олган. Кейинчалар улар орасидан Ватанга, миллатга хизмат қиладиган кўпгина фидойи инсонлар етишиб чиққан экан...» деб эслайди буюк адиб Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий.
Тарихимизнинг қалтис даврларида ҳам фарзандларни илм-маърифатли қилиш учун қўлдан келганича ҳаракат қилиш Абдулла Қодирий каби маърифатпарвар сиймоларнинг чинакам ҳаётий матлаби бўлган. Юртни фақат билим воситасидагина озод қилиш, инсонларни ўқитиш орқали бахт-саодатга етаклаш мумкинлигини Абдулла Қодирий теран англаб етгани шубҳасиз. Ўша кезларда беҳуда кўча чангитиб юрган ёш-яланг болачалар вақти келиб илм орқали эл корига ярайдиган забардаст инсонларга айланиши мумкинлигини кўра олган адиб ўз ҳовлисидаги кичик бир хонада болалар китоб ўқиши, илм олиши учун шароит яратиб берган. Бу келажак авлодни илм-маърифатли, маънавиятли қилиш учун ташланган муносиб бир қадам эди...
Маънавият маёғи
Мана, бугун орадан қарийб юз йил ўтди. Буюк адиб хонадонида ўтқазилган ўша мурғак ниҳоллар қайта бўй кўрсата бошлади. Ватан озодлиги, миллатнинг эркин ва фаравон ҳаёти йўлида курашган, оқибатда, тўққиз ой ҳибсда тутилиб, суди бўлишидан бир кун олдин – ҳатто ҳукм ўқилмасдан қатл этилган истиқлол фидойиларидан бири – буюк бобомиз Абдулла Қодирийнинг беқиёс маънавий мероси эътибор ва эъзоз топаётир. Пойтахтимиздаги адиб номи билан аталувчи боғда катта ва муҳташам мажмуа барпо этилмоқда. Адиб яшаган хонадонда унинг уй музейи ҳамда кутубхона ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилган. Яқинда эса адиб ижоди ва фаолиятини ёш авлодга янада чуқурроқ ўргатиш, унинг миллатимиз тарихи, адабиёти ва маънавиятида тутган ўрнини кенг тарғиб қилиш мақсадида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ташкил этилди.
– Шу пайтгача республикамизда олтита ижод мактаби фаолият кўрсатиб келаётган эди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Нодир Жонузоқов. – Янги ўқув йилидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ҳам иш бошлади. Қодирий миллатимизнинг буюк раҳнамоларидан бири. Унинг қолдирган меросини ўрганиш истиқлолимизнинг тамал тошини қўйган улуғ адибимизга муносиб ворислик бурчимиздир. Қодирий асарлари гўёки миллатнинг миллий бир энциклопедиясига ўхшайди. Уни қайта-қайта ўқиган киши янги-янги қирраларни кашф этиб бораверади. Шу жиҳатдан ҳам бу улуғ адибимизнинг ижоди алоҳида ижодий мактаб сифатида ўқитилиши лозим бўлган ҳодисадир. Мактабга саралаб олинган ўқувчилар келажакда Қодирий бобомиз бошлаган эзгу йўлни давомчилари бўлиши керак.
– Бу йил Абдулла Қодирий таваллудига 125 йил тўлди, – дейди «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори ўринбосари, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. – Бу инсон бир асрдан бери миллатимизнинг маънавий маёқларидан бири сифатида эътироф этиб келинади. Лекин тарихда адиб асарлари тақиқланган, шахсияти қатағон қилинган даврлар ҳам бўлган. Истиқлолдан сўнг давлатимизнинг олий мукофоти – «Мустақиллик» орденига муносиб кўрилган инсонлардан бири ҳам Абдулла Қодирий бобомиз бўлди. Лекин бу истиқлол учун жонини фидо қилган аждодимизнинг фидокорона хизматлари билан ҳали бўйлаша олмас эди. Мана, ўтган йили давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Қодирий шахсиятига улкан эҳтиром кўрсатишнинг янги даври бошланди, десак муболаға бўлмайди. Президентимиз пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий боғи ҳудудида барпо этиладиган мажмуа ҳамда адиб номидаги ижод мактаби жадидлар яшаган давр руҳини бера оладиган ажиб бир ансамбль бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу жойларни кўрганда, адиб асарларини ўқиганда, ўша жойдаги ижод мактабида таҳсил олаётган ҳар бир ўқувчида «қани, мен нима қила олдим?» деган бир савол бўлиши керак.
Дарҳақиқат, бундай савол нафақат шу мактабда таҳсил олаётганларда, балки Абдулла Қодирийни китоблари орқали таниган-билган, эшитган ҳар бир инсон қалбида акс-садо бериб туриши зарур. Йигирма беш яшар йигитнинг ўз Ватани келажагини қанчалик қайғургани, ўзини бу иш учун қанчалар дахлдор ва масъул деб билгани ҳар биримиз учун шубҳасиз ўрнак бўлиши керак. Эртанги кун ана шу дахлдорлик туйғусининг амалдаги ифодаси орқали бунёд этилади. Шу ҳақиқатни фарзандларимизга тизимли уқтириб бориш эса янада долзарб. Янги ташкил этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчиларини фақатгина эстетик завқ берадиган бадиий асарлар яратиш эмас, аввало, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Сўфи Оллоёр каби ўнлаб сиймолар бошлаб берган инсониятни сўз воситасида, илм-маърифат орқали юксак-юксакларга олиб чиқиш йўлини ҳам изчил давом эттириш каби масъулият кутмоқда. Бунинг учун илмнинг игна билан қудуқ қазиш каби машаққатли йўлини босиб ўтишга тўғри келади.
– Абдулла Қодирийнинг ҳаёти 1926 йилдан кейин жуда кўп суронларда ўтган, – дейди қодирийшунос олим, профессор Баҳодир Каримов. – Шундай бўлса-да буюк адиб бизгача бир-биридан ажойиб сара асарлар қолдириб кетди. Энди бу асарларнинг ҳамма қирраларини ўрганиб, тадқиқ этиш учун катта шароитлар яратиляпти. Ишонаманки, бугун Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида таҳсил олаётган ҳар бир ўқувчи ўз ижодий-илмий ишлари билан қодирийшуносликка муносиб ҳисса қўша олади. Айниқса, адиб асарларининг тили алоҳида ўрганилиб, ҳар бир ижодкор ундан андоза олиши ҳамда бу тилни янада бойитиши муҳимдир.
– Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабининг очилиши биз учун катта хурсандчилик бўлди, – дейди Шоҳида Самадова. – Адабиётга қизиқувчи, адабиётни севувчи ҳар бир ёш учун бу жуда катта янгилик ва хушхабардир. Шу қаторда менинг фарзандим Дурдона Ҳикматуллаева ҳам ушбу мактабнинг ўқувчилари сафига қўшилганидан жуда ҳам мамнунман. Фарзандимнинг адабиётга бўлган қизиқиши ва меҳрини сезган ҳолда шу мактабнинг саралаш имтиҳонларидан ўта олишига ишонган эдик. Ҳозирда у юқори натижалар билан 6-синфга қабул қилинди. Абдулла Қодирийдек буюк боболаримиз йўлларини давом эттирадиган ёшларимиз сафи бундан-да кенгаяверсин.
– Мен келажакда Адбдулла Қодирий каби инсон бўлмоқчиман, – дейди мазкур ижод мактабининг 8-синфига ўқишга қабул қилинган ўқувчи Камола Эрматова. – Бу менинг орзум. Бадиий асарларни, айниқса, Қодирий ижодини ўқиб бораман. Яқинда шундай ижод мактаби очилганини эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Шу мактабда ўқишимни давом эттириш фикримни ота-онам ҳам қўллаб-қувватлашди. Шундай даргоҳда ўқишни мен ўзимнинг илк муваффақиятим ва бахтим деб биламан.
Мазкур мактабга Камола каби Тошкент шаҳридаги 120 нафардан ортиқ энг иқтидорли ўқувчилар синов асосида саралаб олинди. Энг муносиб иқтидор эгалари ушбу таълим масканига жамланди. Улар ота-оналари ва устоз-мураббийлари кўмагида ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун жиддий ҳаракат қилишмоқчи. Ўқувчиларнинг ҳар бири дунёдаги олтинчи романчилик мактабига асос солган буюк маърифатпарвар боболари изидан бориб, янги-янги муваффақиятларни қўлга киритишни ният қилишган.
Осмонга елка тираб...
Буюк инсонларни осмоннинг юкларини елкасида кўтариб турадиган баланд тоғларга менгзашади. Бир пайтлар бундан юз йилча олдин Абдулла Қодирий ўз ҳовлисида ташкил қилган кутубхонада илм ўрганган болалар куни келиб эл-юртга манфаати тегадиган сара инсонларга айланганидек, бугун бошланган хайрли ишлардан эртага бутун халқимиз баҳраманд бўлади. Умр бўйи эзгуликка хизмат қилиб, осмонга елка тутиб яшайдиганлар сафи бундан-да кўпайиб бораверсин.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ
Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож
🕔15:18, 10.05.2024
✔11
Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша иқлими, табиий шароити мавжуд. Ана шунга мувофиқ ўсимлик ва ҳайвонот дунёси шаклланади. Бироқ иқлим шароитини баҳона қилиб, лоқайдликка берилиб бўлмаслигини ота-боболаримиз жуда қадим замонлардаёқ чуқур англаб етганлар.
Батафсил
Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги тақдири-чи?..
🕔15:17, 10.05.2024
✔11
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг баҳорги экиш мавсуми ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Кунда-кунора фалон жойга фалонта кўчат қадалди қабилидаги хабарларни кўравериб, дарахт экиш жадаллик билан олиб борилганига шубҳамиз қолмади.
Батафсил
Бугун қадалган ниҳол эртага атрофга саломатлик бахш этади
🕔15:11, 10.05.2024
✔11
«Минтақанинг экотизимига ғамхўрлик қилиш» – мазкур корхона ишлаб чиқариш дастурининг асосий тамойилларидан бири. Зотан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қулай экологик вазиятни сақлаш учун жамият олдидаги масъулиятидан оғишмай келаётган бу жамоанинг атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган хайрли ишлари бисёр.
Батафсил