Табиат      Бош саҳифа

НОМАРДЛАРГА АСЛО КУНИНГ ҚОЛМАСИН...

Халқ достонларининг моҳир куйчиси Ёдгор бахши Исҳоқовни ёд этиб...

НОМАРДЛАРГА АСЛО КУНИНГ ҚОЛМАСИН...

Ой Барчиним ёр- ёр,
Гул Барчиним ёр- ёр. 
Ултонтозга текунча, 
Ўл Барчиним ёр- ёр… 
«Алпомиш» достонидаги бу сингари оддий ва халқчил сўзлар Ёдгор бахшининг халқ ижодиётига меҳр қўйишига, мисраларни хотирасида узоқ вақт сақлаб қолишига сабаб бўлди. Қолаверса, шоир туғилиб ўсган замин Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом Назар ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир Жомурод ўғли сингари эл назарига тушган оқинларни етказиб берган. Болалигидан ана шу жировларга ҳавас этиб, халқ достонларига қизиқиши уйғонган бўлса не ажаб. Ҳатто, у Ислом шоир ва Пўлкан шоир билан бир қадар сирдош ва яқин эди. Бахши дилтортар суҳбатлар асносида улкан оқинларнинг сўз хазинасига эга бўлгани аниқ.
Ота юрт соғинчи
Анчадан бери Ёдгор бахши туғилиб-ўсган манзилга бориш фикрида эдим. Ниҳоят эрта кўкламда Хатирчининг Полвонота қишлоғида бўлдим. Тепаликдан шоир туғилган Авохли қишлоғи гугурт қутисидек бўлиб кўринади. Қир-адирлар яшиллик билан қопланган. Жумлаи олам қўй-қўзилар маърашига, қушлар чуғурига тўлган. 
Биз кўриб турган шу манзаралар бир вақтлар ёш Ёдгорнинг қалбига шеър ишқини солган, халқ достонларига ошно этган. Шоир қадим Хатирчининг Навандактепа, Умараминтепа, Хўжақўрғон, Куфин, Фарохин, Қипчоқтепа ва Лангарота сингари қалъаларни ёлғиз кезишни ёқтирарди. Беихтиёр, хаёлимдан уруш азобларини бошдан ўтказиб, юртига ярадор бўлиб қайтгач, ўқитувчи бўлиб ишлаган, сўнг Нарпай тумани Оқтош шаҳрида клуб мудири, Ислом шоир Назар ўғлининг котиби бўлган, 1964 йили Тошкентга кўчиб борган, еттита шеърий ва ғазаллар тўпламини чоп этиб, тўрт ўғил, уч қизни оқ ювиб, оқ тараб, уйли-жойли қилишни уддасидан чиққан сиймо жонланди. Тўғри, бунинг учун шоир ҳаётда қанчадан-қанча машаққат, ранж чекишига тўғри келмаган дейсиз.
Қўзи-қўчқор пешонаси дўнг бўлар
Туянинг ўркачини эслатувчи тўлқинсимон қир-адирлар бағрида соатлаб кезишнинг ўзгача гашти, сурури бор. Негаки, инсон бундайин қисқа саёҳат давомида умрнинг ўткинчилигини теран ҳис этади. Бир учи уфқларга туташ дала-тузни кезиш асносида Ёдгор бахши билан илк бор учрашиб, суҳбат оловини гуриллатган кезларимни ёдга олдим. Ўшанда бахши шоир билан жуда кўп мавзуларда гурунглашгандик. Табиийки, суҳбатимиз бахшилар, уларни илҳомлантирадиган омилларга бориб тақалди. Шунда бахши шоир кўзини узоқ-узоқлардаги Нурота тоғ тизмаларига тикканича шундай деган эди:
– Бўтам, биласиз, заминимизда беда деган ўсимлик ўсади. Уни маҳаллий аҳоли қоракўрпа, йўнғичқа деб ҳам атайди. Бу ўсимликни ўриб олишингиз ҳамон яна тез кунда бўй кўрсатади. Халқ ижодиёти ҳам, бахшичилик ҳам шу бедага ўхшайди. Уни таг илдизи, томири бақувват. Бу илдиз халқдан куч-қувват олади. Шу маънода халқда гап кўп. Мен фақатгина бу бойликдан ўзимга керагини ола билдим. Ҳали бу сандиқда қўл урилмаган жавоҳиру зеб-зийнатлар ўта сероб. Ишқилиб, зерикмадингизми?
– Йўқ, – дейман баттар қизиқиб. 
– Ундай бўлса, сизга ўзим тўқиган орият-ғурур ҳақидаги «Бўлмасин» деган термани куйлаб бера қолай. Аввалдан айтиб қўяй, бу шеърни Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров ва Ўзбекистон халқ артисти Отажон Худойшукуров қиёмига етказиб ижро этган. Улардан ўтказиб айтишим мушкул.
Карсони зардоли дарахтидан, қопқоғи тутдан ясалган дўмбирага жон кирди. У ажиб бир куй таратди.

Дерлар, одам боши қаттиқдир тошдан,
Ҳаётда нималар кечмайди бошдан,
Яшашга тобланинг темирдек ёшдан,
Қайталанмас умр увол бўлмасин. 

Асл фарзанд чиқар асл хонадан,
Бошланади ҳурмат ота-онадан,
Юз ўгирар ҳамма кибру ҳаводан,
Атворингиз совуқ шамол бўлмасин.

Қўзи-қўчқор пешонаси дўнг бўлар,
Мард йигитнинг иши доим ўнг бўлар,
Ишинг тушиб борсанг, номард гунг бўлар,
Номардларга асло кунинг қолмасин.

Дўстсиз одам ўхшар беқанот қушга,
Кечган умр ўхшар даҳшатли тушга,
Нон дўстинг бошқаю 
жон дўстинг бошқа,
Дўстим деб юрганинг душман бўлмасин.

Кечиринг, яхшилар, Ёдгор бахшини,
Сизга айтган бўлса ёмон-яхшини,
Яхши ошин ейди, ёмон бошини,
Боғда тикон бўлманг, боғбон юлмасин.

Тўпланганлар «Оҳ!», деб юборди. Дунёга келтирган ота-онангизга, шеъриятга ошно этган устозингизга раҳмат, дея бахшини узоқ дуо қилишди кексалар. Ўзимча бахшининг қувваи ҳофизаси бақувват бўлиши билан бирга, у ҳис-туйғулар меҳнати билан ҳам астойдил шуғулланган экан-да, деб қўйдим. Чиндан ҳам фақатгина нозик туйғулар соҳибигина, тингловчининг ҳис-туйғуларинигина жунбушга келтира олади. Бунга Ёдгор бахши билан учрашган куним гувоҳ бўлганман.
Оқин умри давомида «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Авазхон», «Ошиқ Ғариб» ва «Гўрўғли» туркумига кирувчи йигирмага яқин достонларни ўзига хос усулда тарранум этди. Юзлаб термалар тўқиди, уларни давраларда баланд овозда ўқиди.
Идрокни бошқара олиш санъати
Сизга бир сирни ошкор этайин. Бахши оҳанглар ёрдамида инсон боласининг ақл-идрокини бемалол бошқара олади. Қандай қилиб дейсизми? Бу иш дўмбира ёрдамида бажарилади. Сознинг нолиши бутун оламни сеҳрга буркаб, тингловчини бир ерга «михлаб» қўяди. Шу важдан дўмбиранинг овози янграган заҳоти сизнинг кўз ўнгингизда достон қаҳрамонлари Алпомиш, Барчиной, Гўрўғли, Ғиркўк ва бошқалар сиймоси бор бўйича жонланади, хаёллар узоқ-узоқларга етаклайди.
...Кузнинг сокин кунларидан бири. Ўшанда кексалик гаштини сураётган, ўзининг Тошкентдаги уч хонали квартирасида камтарона ҳаёт кечираётган Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаровни сўроқлаб бордим. Уйга таклиф этди. Гап орасида эл суйган ҳофиздан Ёдгор бахши ҳақида сўрадим.
– Э, бу одам дунёда топилмайдиган ноёб эди. Ичи тўла достон, терма эди. Баракали ижоди, одамохунлиги қолди, – дея Ёдгор бахши ҳақида узоқ вақт тилидан бол томиб гапирди.
Ўшанда ҳофиз бахши билан илк учрашуви ҳақида сўзлаб берган эди:
«Бир тўйда дўмбира чертиб, халқ оғзаки ижоди намуналарини кифтини келтириб куйлайдиган Ёдгор бахши Исҳоқов билан танишиб қолдим. Билишимча, оқин ўзбек достончилигининг булбулзабон куйчиларидан бири Ислом шоир Назар ўғлининг садоқатли шогирди экан. Устозидан яхшигина сабоқ олгани шундоққина билиниб турарди. Тез орада бир-биримиз билан эл бўлиб кетдик. Эҳтимол бунга болалигимдан халқ оғзаки ижодига меҳр қўйганим, ошифталигим сабаб бўлгандир. Хуллас, хайрлашар чоғи бахшидан қўшиқбоп шеър сўрадим. Тез орада у илтимосимни ерда қолдирмай «Бўлмасин» деб номланган ашъор ёзиб берди. Биринчи сатридаёқ юрагим жиз этди. Ўша куни ажойиб бир қўшиқ яратилди. У қўшиқ менга бир олам шуҳрат келтирди. Кейинчалик ҳам бахши билан ижодий ҳамкорлик қилдим. Ёдгор бахши қаламига мансуб «Айрилса», «Яхши бўлинг» деган қўшиқларни яратдим. Нозик дидли бахши шоир ҳақиқий санъат асарини юксак қадрлар эди. Таъбир жоиз бўлса, у ажойиб бир гулзор яратди».
Булбулларни чорлар қошига
Тақдир тақозоси билан Ёдгор бахши Исҳоқов Чинозда муқим яшаб қолади. Ҳаётининг энг ширин ва тотли дамлари айнан шу ерда кечди. Ўғиллари эр етгач, уларни уйли-жойли қилди, қизларини узатди, набиралар кўрди. Аммо бир дақиқа бўлса-да ашъор тўқишдан, уни дўмбира кўмагида куйлашдан чарчамади.
...Хатирчидаги бир тўйда Ёдгор бахшидан ёзиб олинган достонни қўйишди. Тинглаб ўтириб, одам сел бўлиб кетади. Қўшиғу достонлари сероб эл асло завол топмас, ўлмагай деган ёруғ ўй кечади кўнгилдан. Зеро, бахшили эл дарё мисоли тўлиб-тўлиб оққуси, кўнгилларни мунаввар этгуси. Бу куй, бу оҳанг доимо инжуланган саҳарлар аро булбулларни қошига чорлаб тургусидир.
Ёдгор бахшининг теран қаламидан, жўшқин илҳомидан, гўзал қалбидан тўкилган ижод намуналари қўшиқлар қанотида парвоз этади. Энг муҳими, у туғилган элининг ажойиб ибора ва мақолларидан ўрнида ва жойида фойдаланди, халқ қўшиқлари оҳангига таянди. Айниқса, баҳор юз очаётган кезларда ҳар сафар Ёдгор бахшини ўйласам, қўлида карсони зардолидан, қопқоғи тутдан ясалган дўмбира билан ёниб-ёндириб куйлаб турган нуроний сиймоси жонланади. Юрса ҳам, турса ҳам эл-улусни ўйлайдиган, халқини достон қилиб куйлаган алп оқин бўй беради. У шеърларининг сачритқисини оддий халқдан оларди. Шунинг учун бахшининг хониши кўнгилларга худди нурдай сингиб борарди. Қаранг, бу нур то ҳануз шуъла сочиб турибди.
Улуғбек ЖУМАЕВ




Ўхшаш мақолалар

Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

🕔15:18, 10.05.2024 ✔11

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша иқлими, табиий шароити мавжуд. Ана шунга мувофиқ ўсимлик ва ҳайвонот дунёси шаклланади. Бироқ иқлим шароитини баҳона қилиб, лоқайдликка берилиб бўлмаслигини ота-боболаримиз жуда қадим замонлардаёқ чуқур англаб етганлар.

Батафсил
Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги  тақдири-чи?..

Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги тақдири-чи?..

🕔15:17, 10.05.2024 ✔15

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг баҳорги экиш мавсуми ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Кунда-кунора фалон жойга фалонта кўчат қадалди қабилидаги хабарларни кўравериб, дарахт экиш жадаллик билан олиб борилганига шубҳамиз қолмади.

Батафсил
Бугун қадалган  ниҳол эртага атрофга саломатлик    бахш этади

Бугун қадалган ниҳол эртага атрофга саломатлик бахш этади

🕔15:11, 10.05.2024 ✔12

«Минтақанинг экотизимига ғамхўрлик қилиш» – мазкур корхона ишлаб чиқариш дастурининг асосий тамойилларидан бири. Зотан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қулай экологик вазиятни сақлаш учун жамият олдидаги масъулиятидан оғишмай келаётган бу жамоанинг атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган хайрли ишлари бисёр.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

    Янги навлар изланиш ва тадқиқотларга муҳтож

    Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша иқлими, табиий шароити мавжуд. Ана шунга мувофиқ ўсимлик ва ҳайвонот дунёси шаклланади. Бироқ иқлим шароитини баҳона қилиб, лоқайдликка берилиб бўлмаслигини ота-боболаримиз жуда қадим замонлардаёқ чуқур англаб етганлар.

    ✔ 11    🕔 15:18, 10.05.2024
  • Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги  тақдири-чи?..

    Кўчатлар экилди, уларнинг кейинги тақдири-чи?..

    «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг баҳорги экиш мавсуми ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Кунда-кунора фалон жойга фалонта кўчат қадалди қабилидаги хабарларни кўравериб, дарахт экиш жадаллик билан олиб борилганига шубҳамиз қолмади.

    ✔ 15    🕔 15:17, 10.05.2024
  • Бугун қадалган  ниҳол эртага атрофга саломатлик    бахш этади

    Бугун қадалган ниҳол эртага атрофга саломатлик бахш этади

    «Минтақанинг экотизимига ғамхўрлик қилиш» – мазкур корхона ишлаб чиқариш дастурининг асосий тамойилларидан бири. Зотан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қулай экологик вазиятни сақлаш учун жамият олдидаги масъулиятидан оғишмай келаётган бу жамоанинг атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган хайрли ишлари бисёр.

    ✔ 12    🕔 15:11, 10.05.2024
  • “ДЕНГИЗИНИ ҚУРИТГАН ЭЛГА ДЎСТ БЎЛОЛМАЙМАН”

    “ДЕНГИЗИНИ ҚУРИТГАН ЭЛГА ДЎСТ БЎЛОЛМАЙМАН”

    ... Кеча Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда устоз Абдуқаюм Йўлдошев, ёш режиссёр Сардор Ҳамроев билан бирга иштирок этдик. 

    ✔ 41    🕔 20:32, 08.05.2024
  • Теракларимиз  жиддий хавф остида

    Теракларимиз жиддий хавф остида

    Куни кеча Тошкент шаҳридан Сурхондарё вилояти (Узун-Сариосиё туманлари)гача бўлган ҳудуддаги М-39 трассаси бўйлаб экилган дарахтлар ҳолатини кўздан кечирдим.

    ✔ 24    🕔 17:03, 02.05.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар