Матназар АБДУЛҲАКИМ
Кулгу хоналари деб аталувчи томошагоҳлар бор. Шуларга кириб кўрганмисиз? Мазкур хоналардаги шаклни бузиб кўрсатадиган кўзгулар сизни шундай бир аҳволда намоён қиладики, беихтиёр ўзингизни кулгудан тиёлмай қоласиз.
Бироқ сиз бу масхарабоз кўзгуларнинг қилиғидан ранжимайсиз. Чунки биласиз — ўзи мақсадингиз шу эди. Ўз афт-башарингизни қинғир-қийшиқ тарзда кўриб кулмакчи эдингиз.
Бироқ, сиз ўзингизни қандай аҳволда бўлсангиз, шундай тарзда кўрсатишини истаганингиз кўзгуингиз афтингизни бузиб, сизни алдаса, нима қилган бўлур эдингиз?
Албатта, бундай кўзгудан воз кечишингизга тўғри келган булур эди.
Бундан ҳам ёмони, одамни ботиний кўзгулар, яъни сизнинг қалбингизни, маънавиятингизни, фазилату нуқсонларингизнинг туб сабабларини асл ҳолича кўрсатиши лозим бўлган воситаларнинг «ёлғон гапириши»дир.
Бундай кўзгуларнинг биринчиси — одамнинг дўсти.
Албатта, кулгухоналардаги каби «иш кўрсатадиган» дўст танламаслик керак. Биз биламиз, «дўст дўстнинг ойнаси» деган гап бор. Демак, бу «ойна» сиз аслида қандай бўлсангиз, шундайлигингизча кўрсатади.
Бу кўзгуда бир ғаройиб аҳвол бўлди,
Бир артган эдим,
ақлу ҳушим лол бўлди.
Ўзгалар айби кўзга ҳеч ташланмай,
Ўз нуқсонларим, оҳ аён ва яққол бўлди.
Паҳлавон Маҳмуд ана шундай мукаммал кўзгусидан хурсанд бўлиб ёзган кўринади ушбу рубоийсини. Мумтоз, комил бир инсон сизнинг нуқсонларингизни холис баҳолаб, ўзингизни ўзингизга кўрсатса ва сиз бу кўринишни холис қабул қила олсангиз, бу синоат камчиликларингизни холис тузатиб олишингиз учун нақадар бахтли бир имконият эканини ҳис қиласизми?!
Фақат дўст дўстнинг ойнаси эмас, инсоннинг қилган яхши-ёмон ишлари ҳам унинг учун кўзгудир. Ўз айбингни билиш учун, шунингдек, ўзингга ўзинг холис баҳо беришни билиш ҳам ниҳоятда муҳим. У ёки бу андиша туфайли холис дўст айта олмаган айбларингни ўзинг илғаб олишинг, ўзинг ўзингга кўзгу бўлишинг ҳам улкан фазилат. Ўз кўнглинг шишасини ўзинг учун кўзгу қилиб яшаш санъатини эгаллаш ҳам камолот нишонасидир.
* * *
Бизга малол бергучи дўст-ёр йўқтур,
Дўст-ёрга сира биздан ҳам
озор йўқтур.
Номусу ифтихор либосин ечдик,
Дўст бирла фахр йўқ,
дўстдан ҳам ор йўқтур.
Таъмасиз дўстлик бу — ноёб саодатдир.
Шубҳа йўқ, таъмасизликнинг ўзи ҳам бир таъма. Беғаразликнинг ўзи ҳам ўзига хос бир ғараздир. Бундай таъмани, яъни ўзининг таъмасизлигидан, беғаразлигидан маънавий баҳра олишни Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари назарда тутган жавонмардлар, албатта, маъқуллайдилар. Бошқа ҳолатларда эса улар дўстликнинг мутлақо холис, шахсан ўзи учун бирон-бир таъма асосига қурилишини улар қоралайдилар.
Малол берган — дўст эмас. Рубоийнинг биринчи мисрасидан келиб чиқадиган хулоса шу. Яхшиликка яхшилик тарзида «Дўст-ёрга сира биздан ҳам озор йўқтур», — дейди шоир.
Албатта, дўстликнинг замирида ҳамиша ҳам моддий ғараз ётавермаслиги аён. Ғаразнинг яна бир хунук кўриниши бор. Ҳар ким ўзининг шахсий ҳисобига обрў орттиришни ўйламай, дўстнинг обрўси билан обрўли бўлишга интилиши ҳам мумкин. Рубоийдан кўриниб турибдики, шоир ғаразнинг бу хил кўринишини ҳам маъқулламайди. Бундай ғаразга қурилган дўстликнинг хавфли томони шундаки, дўстнинг обрўси учун дўст бўлиш бу — бир кун келиб, унинг обрўси тўкиладиган бўлса, бу дўстдан воз кечилади демакдир. Шоир шунинг учун ҳам «Номусу ифтихор либосин ечдик, Дўст бирла фахр йўқ, дўстдан ҳам ор йўқдир», — дейди. Бу мисраларнинг жавҳари дўстлик дўстлик учун бўлмоғи зарур, ана шундагина у чинакам дўстлик бўлади, деганидир.
Албатта, бу мисраларни лоқайдликни тарғиб қиладиган шеър сифатида тушунмаслик керак. Дўстнинг обрўсидан беғараз қувониш, дўстнинг унинг ўзи билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра берган озорларига чидаш бу — улуғ фазилатдир.
Бу рубоийда дўстликнинг беғаразлик қирраси тадқиқ қилинган. Биз биламизки, шоир ўзининг бошқа кўпгина рубоийларида ҳам дўстлик мавзусига тўхталган, бу фазилатнинг кўпгина жиҳатларини ўз тафаккур нури билан ёритиб бизларга ойдинлаштириб берган.
Паҳлавон Маҳмуд сингари буюк тарбиячиларнинг сабоғини олган кўпгина аждодларимиз дўстликнинг ажойиб намуналарини кўрсатиб кетганларки, бу намуналардан биз умрбод ўрнак олиб яшамоғимиз, ана шу бебаҳо меросдан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечирмоғимиз зарур.
«Иймон туҳфаси»
китобидан
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔283
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил