Эски жўралар тасодифан шаҳар бозори олдида дуч келиб қолишди. У ёқ-бу ёқдан гурунг бўлди. Биттаси бойиб кетибди, иккинчиси эса ўша-ўша. Бой буни сезди ва кўнгил сўради:
— Ишларинг унчалик ванг эмасми, дейман-да?
— Э, нимасини айтасан, кеча-ю кундуз тиним билмайман. Хотинвой уйда. Қиладиган иши йўқ одамдай тўртинчисини туғмоқчи бўлиб юрибди... Агар бунисиям ўғил бўлмаса... Шўрим қуриди деявер... Бунинг устига, тишим бир ҳафтадан бери қийнаб юрибди. Ўзинг биласан, бу тиш дўхтирларининг олдига фақат бойваччалар борса бўлади...
— Э, ташвиш чекма. Гап фақат пулдами... Юр мен билан. Бир иш бошлаганман. Сенга ўхшаган эски қадрдон, садоқатли дўст керак бўлиб турувди. Тенг бўлишамиз. Бу молу дунё кимдан қолмаган.
— Нима иш ўзи? Менда на илм, на ҳунар ...
— Э, қўявер, шарт эмас. Ҳеч қийин жойи йўқ. Ишни шундай ташкил қилганманки, столда ўтириб, замон ҳар замонда тугмачани бир босиб қўйсанг, бас.
Орадан ярим йил ҳам ўтмади. Камбағал бойиб кетди. Хотини тўрт қиздан кейин ўғил ҳам туғди. Уларни боқиш ҳеч гап бўлмай қолди. Янги — қасрдек уй сотиб олди. Машина олди, бунақаси шаҳарда бўлса, бештагина бордир. Хотини ипак ва зарга ўралиб юрадиган бўлди.
Аммо... охирги пайтларда эр яна ғамбода бўлиб қолди, ичадиган одат чиқарди. Унга худди виждон азобидек бир нима азоб беряптимикин деб ўйлаш мумкин. Хотини сўрашини қўймасди:
— Сизга нима етишмаяпти, арслоним? Бойиб кетган бўлсак, бахту саодат оғушида бўлсак. Беқиёс, ҳотамтой дўстингиз бўлса. Яна нима керак сизга?
Эр ҳасратга тўла нигоҳини хотинига тикиб, шундай деди:
— Ҳотамтоймиш!.. Ўргилдим. Э, ғирром дунё бу. Адолат йўқ-да ўзи! У нима қиляпти? Ялло қилиб, бошқа ишлар билан юрибди... Тугмачани ўлай деб мен босиб ётган бўлсам...
Орадан кўп ўтмай, бу кайфиятдан дўсти ҳам хабар топди ва даромад манбаини бутунлай дўстига совға қилиб, ўзини четга олди. Даромад манбаининг бошқа кўз илғамас тугмачалари ҳам бор экан ва уларни Ҳотамтой босиб юрар экан. Фақат биттагина тугмачаси босилиб турган даромад манбаи тез кунда юқоридан узилган булоқдек қуриб қолди. Ишнинг пачаваси чиқди. Тирикчилик тобора қийинлаша борди. Уй, машина ва зебу зийнатлар сотилди. Камбағалона ҳаёт яна оилага қайтиб келди. Эр ичишда давом этар ва столни уриб, арслондек наъра тортарди:
— Бу дунёда адолат борми ўзи!? Мени хонавайрон қилиб кетишди!..
Тувалбой БЎЛТАКОВ,
Жиззах вилояти
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил