Элимиз жуда меҳнатсевар, фидойи, омилкор. Бугун томорқачиликдан яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.
Кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, ҳам оиласини таъминламоқда, ҳам бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдирмоқда. Қибрайлик Абдурауф Мирсаидов оиласи ҳам томорқадан унумли фойдаланишда кўпчиликка ўрнак.
— Томорқам 8 сотих, — дейди қибрайлик пенсионер Абдурауф МИРСАИДОВ. — Мевали дарахтлардан олма, анжир, гилос бор, яна узум ўсади. Тагига мош, бақлажон, помидор, булғор қалампири экканман. Ҳосили яхши. Уларни экишдан олдин эртаги картошкадан 600 килограмм ҳосил олдим. Ҳовлининг бир четидаги молхонада 3 бош буқа семиртиряпмиз, 3-4 бош бўрдоқи қўйимиз бор. Хуллас, рўзғорга керакли бўлган ҳамма нарсани етиштирамиз. Ортиқчасини бозорга олиб чиқаман. 5-6 туп токдан ҳар йили 2-3 тонна узум оламан. Олмалар ҳали ёш, энди ҳосилга киради. Уч туп анжир ҳосилининг 30-40 килограммини бозорда сотдик.
— Агар сир бўлмаса, ўтган йили томорқадан қанча даромад олдингиз?
— Оилада кўп жонмиз. Асосан, рўзғорга керакли нарсаларни ўзимиз учун экамиз ва шундан ортиқчасини сотамиз. Шу боис бирор рақамни айтолмасам керак.
— Томорқадан бир йилда неча марта ҳосил оласиз?
— Икки марта. Эрта баҳорда картошка экиб, етилгач, кавлаб оламиз. Ўрнига юқорида айтганимдай полиз экинларини экамиз. Буқалар ва қўйларни ёзи билан далада боқамиз, қишда етилгач, сотамиз. Буям рўзғорга даромад. Мана шу тирикчиликни қилаётганимга ҳам ўн йилдан ошиб қолди. Пенсияга чиққанимдан сўнг бу ишга бутунлай киришдим. Унгача 45 йил тракторчи бўлиб ишлаганман. Олтмиш олтига кирдим. Уйда бекор ўтиргандан кўра, рўзғорга фойда келтирадиган бирор юмуш топган ҳам яхши-да!
— Яна саломатликка ҳам фойдаси бор...
— Албатта! Чол-кампир далада ғимирлаб юрамиз. Меҳнат қилган, доим ҳаракатда бўлган киши ҳамиша тетик юради. Асосийси, шахсий қўшимча маблағингиз бўлади ва бу борада бировга ишингиз тушмайди. Дастурхонингиз ҳам тўкин, рўзғорингиз обод бўлади.
— Далангиз ҳам борми?
— Йўқ. Ижарага ер оламиз. Еримиз жуда саховатли, унумдор. Жумладан, Қибрай тумани ерлари ҳам. Бунақа жойни топишнинг ўзи қийин. Мана, ҳозир ҳам далага қулупнайнинг уч хил навидан экиб тугатдик. Бу келгуси йил эрта баҳорининг ғами. Буям ўзимиз еганимиздан ташқари, 5-6 миллион сўм даромад дегани. Хуллас, йил бўйи рўзғорга фойда, даромад келтирадиган юмуш топилади. Бекор ўтиргандан кўра, ерда терлаб-пишиб меҳнат қилган минг чандон яхшироқ. Ҳатто, ичган бир пиёла совуқ чойингиз ҳам жуда тотли туюлади. Ерда ишласам, очиғи, маза қиламан. Кам таъминланган оилаларга ҳам ёрдам қўлини чўзамиз. Бировнинг ҳожатини чиқариш, муҳтож пайтида қўллаб юбориш ҳам савоб иш, аслида.
Нурбек ҒАФФОРОВ
ёзиб олди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔95
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил