Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

«Бу сирни мендан эмас, қудаларимдан сўранг»

«Бир куни ҳисоблаб кўрсак, оиламиз роппа-роса юз кишига етибди...»

«Бу сирни мендан эмас, қудаларимдан сўранг»

Тошкент шаҳрида Сузук ота зиёратгоҳи, унга ёндош шу номдаги маҳалла ҳам бор. Машина зўрға сиғадиган тор кўчалар, нақшинкор ёғоч дарвозали ҳовлиларни айлансангиз, пойтахтнинг қадим руҳи, қиёфаси сақланиб қолганини кўриб, ҳайратингиз ошади. Сузук ота азалдан усталар маҳалласи бўлиб, бу ерда бирор йигит йўқки, усталикка меҳри тушмаган, ота-боболари касбини давом эттирмаган бўлса.

...Катта бунёдкорлик авж олаётган Сузук ота зиёратгоҳининг шундоқ рўпарасида жойлашган уйнинг оппоқ ёғоч дарвозасини тақиллатдик. Кенг ва анча қадимий бу уй маҳаллада ҳурмат қозонган Абдусатторовлар хонадони. Меҳмон ака Абдусатторовнинг касби озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича мутахассис. Олтмишдан ошган бўлишига қарамай, ҳали-ҳамон эл хизматида. Умри меҳнатда ўтган бу отахоннинг ғайратини, бардамлигини кўриб, ҳаваси­нгиз келади.

Салом-аликдан сўнг отахон нақшинкор сўрига бошлади. Суҳбат асносида бояги дарвозани Меҳмон аканинг бобосининг бобоси, сўрини эса у кишининг отаси ўз қўли билан ясаганини билиб олдик.

Меҳмон аканинг турмуш ўртоғи, оппоқ рўмоли ўзига ярашиб, юзидан нур ёғилиб турган Саида ая невараларига қараб ўтирган экан. Ҳовлини  болаларнинг қий-чуви тутиб кетган.

— Бугун дам олиш куни, болаларнинг ҳаммаси йиғилган, — дейди Меҳмон ака. — Набираларим 11 нафар. Яқинда, насиб этса, абирали бўламиз. Болалар билан зерикмайди киши. Бири қўйиб, бири бобожон деб кўнглимни ёритади.

Меҳмон ака билан Саида аянинг оила қурганига қирқ йил тўлибди. Улар бир қиз, уч ўғилни камолга етказишди. Қизи Азиза Дадахўжаева ўқитувчиликка ўқиди. Ўғиллари Абдулборий Абдусатторов авиация, Абдусамад шифокорлик, Абдувосит эса иқтисод соҳасида таҳсил олган.

Маҳалладагилар Меҳмон аканинг келинларига ҳам жуда ҳавас қилишади. Ё Саида ая келинларни саралаб-танлаган, ё уларни ўзлари шундай оқила қилиб тарбиялаб олган, дейишади. Сабаби, бу хонадондан бирор марта хунук гап чиқмаган, ҳар доим саранжом-саришта, келинларининг юзида доим қуёш балқийди. Катта келини Лобархон болалар ҳамшираси, Лазиза инглиз тили ўқитувчиси, Камола иқтисодчи бўлиб ишлайди. Улар ишни ҳам,  рўзғорни ҳам эплаб келишмоқда.

— Икки ўғлимни алоҳида кўчирганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ, — дейди Саида ая. — Учовини ҳам ўқитиб, уйлантирганимиздан сўнг, уларга уй тадоригини кўрганмиз. Кўпчилик қандай қилиб бир ҳовлида уч келиннинг бошини қовуштиришни эплайсиз, деб сўрайди. Ҳақиқатда, келинларим ҳеч қачон араз-гина қилиб юришмаган, овози баланд чиқмаган. Шу боис мен қўни-қўшнининг саволига кулибгина, «Бунинг сирини мендан эмас, қудаларимдан сўранг!» дейман. Аслида ҳам она қизининг турмушини ё тузади, ё бузади. Оналар қизи телефон қилиб, дарди-ҳол қилса, унга қўшилиб, қудани ё куёвни ёмонламасдан, тўғри маслаҳат беришни, оила ришталарини мустаҳкамлаш, рўзғорида тош қотиш йўлларини ўргатиши керак. Агар бу қўлидан келмаса, яхшиси, қизининг ҳаётига аралашмагани маъқул.

Фурсатини топиб, Меҳмон ака ва Саида аядан Абдусатторовлар оиласининг эл орасида ҳурмат топиши сирини сўрадик.

— Ҳалол меҳнат қилган ва кўнгли тўғри одам ҳамиша элда обрў топади, — дейди Меҳмон ака. — Болаларимни кичиклигидан меҳнатга ўргатишга интилдим. Ўғилларимнинг ҳар бири ўз соҳасидан ташқари, усталик ҳунарини ҳам ўрганишган. Улар бирин-кетин шартнома асосида ўқишга киришганда айнан шу ҳунари қўл келди. Ёғочдан қўлда турли буюмлар ясашарди, маҳалламиздаги усталар уларни ўзлари ясаган буюмлар билан бирга сотишарди. Бу борада, ҳатто келинларим ҳам ўз ёрдамини аяшмаган. (Меҳмон ака қўлига бежирим тикилган елпиғични олди). Мана бу елпиғичнинг ёғочини Абдулборий ясаган, матосини эса, келинимиз Лобархон тиккан. Кишида мақсад ва масъулият бирдек комил бўлса, олдинга қадам ташлаши осон кечади.

«Бола кимга эргашишни билсин»

Азалдан эл олдида нуфузи бор кишиларнинг фарзандлари ҳам ҳар жиҳатдан ақлли, билимли ва яхши хулқли бўлган. Сабаби, улар ота-боболарининг заҳмат чекиб, меҳнат қилиб топган ҳурмати, обрўсига путур етказмасликка, аксинча, унга муносиб бўлишга интилган. Абдусатторовлар оиласида ҳам айнан ана шу қадрият қарор топган. 

— Болалар ҳамиша отадан ўрнак олишга, кимнинг авлоди эканини ҳис этиб, ундан фахрланишга интилади, — дейди Меҳмон ака. — Ота-боболаридан фахрланган, ўзининг шажараси нақадар улуғлигини ҳис этган боладан ҳамиша оилапарвар инсон етишиб чиқади. Бундай бола ҳар қандай шароитда ҳам оиласини биринчи ўринга қўяди. Яқинларининг обрўсини сақлашга интилади. Бу нарсани ука-­си­нгил­ларига ҳам, оила қургач эса, турмуш ўртоғига ва фарзандларига ҳам сингдириб боради. Мен кўп ёшларнинг ножўя хатти-ҳаракатларини, пароканда бўлаётган оилаларнинг сабабини мана шу ҳолат билан боғлагим келади. 

Оиласида ўрнак оладиган, ғурурланадиган шахс бўлмаса, бу бўшлиқни бола кўчаги қаланғи-қасанғилар хулқидан олиб тўлдиришга уринади.

«Йигирмагача сана...»

«Аёлим узоқ йиллар мактабда математика фанидан дарс берган. Шу боис бола руҳиятини, унга муносабатни яхши билади», деди Меҳмон ака гап орасида.

— Кимгадир яхшилик қилиб, унинг оғирини енгил қилишдан ортиқроқ мурувват, била туриб, бировнинг дилини ноҳақ оғритишдан ортиқ хато йўқ, — дейди Саида ая Меҳмон аканинг ишорасига жавобан. — Ҳозир айрим одамлар фақат ўзимга бўлсин, деб худбинларча ўзини ўтга-чўққа уради. Ўзидан орттириб, бировга илиниш деган гаплар унутилиб боряпти. Биз оилада саккиз фарзанд бўлганмиз. Онам қизларни узатиб, ўғилларни уйлантириб, ҳатто набира келинлар туширган. Онам билан бир куни ҳисоблаб кўрганимизда, бутун оила роппа-роса юз кишига етган экан. Энг қизиғи, шундай катта оила бирор марта йўқчиликдан нолишни билмаганмиз. Онам эшикдан кимдир кириб келса, ҳеч имкони бўлмаса, ўзининг овқатини меҳмон учун суздирарди. Эслайман, ҳатто кўчадан ночорроқ одам ўтиб қолса, қўярда-қўймай уйга бошлаб кириб, олдига нон-туз қўярди. Ҳозир, айниқса, шаҳарларда қўшниларини танимайдиган, қариндошлари ҳолидан хабар олмайдиганларни кўрсам, одамлар орасидан меҳр-оқибат кўтарилиб кетмаяптимикан, деб ўйлаб қоламан.

— Саида ая, сиз қариндошлар деяпсиз. Афсуски, баъзида туғишган жигарлар бир-бири билан келишолмаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Айтинг-чи, оилада фарзандлар ўртасида аҳилликни, меҳр-оқибатни қандай шакллантирса бўлади?

— Уйдаги ҳар бир хатти-ҳаракат, одатда, болалар тарбиясига сингади. Биз кўпам эътибор қилмайдиган одатлар аслида энг катта тарбия усули бўлиб хизмат қилади. Масалан, дастурхон бошида ҳамма йиғилиб овқатланишини олайлик. Бизда агар дадаси уйда бўлмаса, унинг жойига ҳеч ким ўтирмайди. Аниқроғи, журъат қилишмайди. Келинлар кимдир ишдан кеч қолса, аввал унинг овқатини олиб қўйишади, сўнг бошқаларга овқат сузишади. Мен атай болаларга олмани арчиб, бўлаклаб бераман. Мана бу бўлаги сенга, буниси акангга, бунисини олиб қўй, амакингнинг ўғли мактабдан қайтса берасан, дейман. Болалар оилада ҳамманинг ўз ўрни, қадри борлигини ҳис этиб улғайиши керак. Жигарларини қадрлашни, улар учун қайғуришга масъуллигини ҳис эта олиши зарур.

Келинлар эрининг қариндошларига нисбатан болаларида ҳурмат ҳиссини пайдо қилиши керак. Бу ҳам келиннинг фазилати, оилани қадрлай олишидан дарак.  Бу борада мен келинларимдан миннатдорман. Сабаби, қизим келиши билан набираларим аммажоним келди, деб ёнидан нари кетишмайди.

Болаларни доим эзгу хислатларга ўргатиш керак. Бу шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, одамнинг безагидир. Болаларимга «Жаҳл чиққанда йигирмагача сана!» деган ривоятни кўп айтиб бераман. Биласиз, қадимда ҳозиргидек тараққиёт бўлмагани сабаб, одамлар иш билан кетса, йиллаб уйга келолмаган. Ўшандай замонларда бир одам савдогарликнинг бошини тутиб, аёли, қизлари ва ўн ёшли ўғлини қолдириб, олис йўлга чиқибди. Дунё кезибди. Бир куни харидор билан мато сифати устида тортишиб қолибди. Тортишув жанжалга айланиб кетиб, иккови ёқалашиб кетибди. Шериги харидорни ўлдириб қўйишига сал қолибди. Орага келиб қолган бошқа савдогар, матонинг қаердан олинганини суриштирибди. Савдогар айтибди. Кейин билса, у бир қаллоб молфуруш алдаб сотган сифатсиз мато экани маълум бўлибди. Жаҳл чиққанда йигирмагача сана, дебди бояги савдогар. Шу вақт оралиғида ўзингни босиб олишга улгурасан.

Орадан ўн йил ўтиб, савдогар уйига қайтибди. Эшикни очиб уйга кираётиб, ногаҳон эркак кишининг овозини эшитиб қолибди. Эркак аёли билан гаплашар эди. Қўлига ханжарини олиб, уйга шошилаётиб, бирдан ҳалиги савдогарнинг гапи эсига тушибди. Ўзини босишга уриниб, санай бошлабди. Шунда аёлининг сўзларини эшитиб қолибди: «Кўп савдогарлар қайт­япти, отанг ҳам қайтса эди». Савдогар ўғлининг йигирмага тўлган, овози дўриллаган, навқирон йигит бўлганини энди англабди...

Шу пайт Саида опанинг иккинчи келини Лазизахон келиб қолди.

— «Йигирмагача сана»ни айтиб беряпсизми, ойижон?, — деди у кулиб. — Ойижоним жуда кўп ривоятлар, матал ва мақолларни билади. Рости, келин бўлиб тушган илк кунларимда, мен кўп нарсага ақлим етмаган, уқувим бўлмаган. Ўшанда шундай ўгитлар, ибратли ривоятлар айтиб берарди. Моҳиятини дарров тушуниб олардим. Фикримча, келин ўзи тушган хонадоннинг ҳар бир қонун-қоидасини тўғри қабул қилиши керак.

...Яхшилар даврасида гап тугамайди. Абдусатторовлар оиласидаги иноқлик, меҳр-оқибат, инсонийлик жиҳатларини кўриб, эшитиб, уларнинг хулқию одобини томоша қилиб, кишининг дили ёришади.

Нақшинкор дарвозадан чиқар эканмиз, Меҳмон аканинг набиралари, келинлари жам бўлиб, кузатгани чиқди. Болакайлардан бири югуриб келиб, «Яна келинг, яқинда менинг туғилган куним», деб қолди. Ҳамма кулиб юборди. «Рост айтяпти, албатта, келинг, кутамиз», деди келинлардан бири.

Бошқаларга ўхшамайдиган Абдусатторовлар оиласи билан хайрлашар эканмиз, юрагимизда алланечук қадрдонлик, яқинлик ҳиссини туйдик ва бу туйғу ўз оиламизга бўлган муносабатимизни янада равшанлаштиришга хизмат қилишига ич-ичимиздан ишондик.

 

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири   




Ўхшаш мақолалар

Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

🕔16:36, 02.05.2024 ✔26

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Батафсил
Еттинчи синфда  унаштирув

Еттинчи синфда унаштирув

🕔15:57, 08.01.2024 ✔123

ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

Батафсил
Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

🕔17:36, 23.11.2023 ✔200

Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

    Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

    Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

    ✔ 26    🕔 16:36, 02.05.2024
  • Еттинчи синфда  унаштирув

    Еттинчи синфда унаштирув

    ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

    ✔ 123    🕔 15:57, 08.01.2024
  • Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

    Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

    Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

    ✔ 200    🕔 17:36, 23.11.2023
  • Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

    Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

    Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

    ✔ 204    🕔 10:24, 27.10.2023
  • Фикр  От қачон  қозиғини  топади?..

    Фикр От қачон қозиғини топади?..

    Ўзбекнинг мақоли: «От айланиб қозиғини топади», дейди. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз узлуксиз айланмоқда. Бир италиён Монтессори, ... кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Ҳозиргина ўқиб қолдим, Саудия Арабистони таълимини андоза қилишар эмиш...

    ✔ 225    🕔 13:18, 06.09.2023
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар