Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Саробга ишониб, бузилган қўрғон

Кечагина турмуш ўртоғига бераётган меҳрни виртуал оламга тортиқ қилаётганлар...

Саробга ишониб, бузилган қўрғон

Ҳали балоғат ёшига етмаган Жамиланинг турмушга чиққани кўпчиликни ажаблантирган бўлса, тўйидан етти ой ўтар-ўтмас, ота уйига кўч-кўрони билан ҳомиладор ҳолатда қайтиб келгани бутун қишлоққа овоза бўлди. У ота-онасининг хоҳиши ила болалик орзуларидан воз кечиб, шаҳарга, ўзлари сингари ўртаҳол оилага келин бўлганди. Турмуш ўртоғидан эрта айрилган қайнонаси мактабда ўқитувчи бўлиб ишлар, куёв ҳам қўлидаги гулдек ҳунари билан рўзғорнинг кам-кўстини тўлдирарди.

Умар уйланишдан аввал бир-икки танишидан олган қарзини узиш мақсадида уч ойлик келинчакни ёлғиз ташлаб, чет элга ишлагани йўл олди. Кетар чоғида рафиқасига хабарлашиб туриш учун ўзи ишлатаётган қимматбаҳо телефонни тутқазиб, ҳаттоки, бир нечта ижтимоий тармоқлардан шахсий саҳифа очиб берди. Қандай фойдаланишни ҳам ўргатди.

Бирор касб-ҳунарнинг этагидан тутишга улгурмаган Жамила уйда ёлғиз қолиб, вақтини телевизор кўриш, телефонда дугоналари билан соатлаб гаплашишга сарфларди. Кун сайин ижтимоий тармоқларга «иштиёқ»и ортар, дўстлари сони ҳам кўпая бошлади. Виртуал ҳаёт «бағри»га шундай сингиб кетдики, уй ишлари ўлда-жўлда қоладиган бўлди.

Жамиланинг бу хатти-ҳаракатини кўрган қайнона аввалига ажабланди, сўнг уни зимдан кузатишга киришди. Билдики, буларнинг барига келиннинг қўлидаги матоҳ сабабчи экан. Ғазаби келиб, сабр косаси тўлган қайнона охири ўғлига қўнғироқ қилиб, ёрилди.

Умар хориждан қайтгач, онасининг гапларига амин бўлиш мақсадида хотинининг телефонига қўлини ҳам теккизмади-ю, икки-уч кун зимдан кузатди. Жамила эса, эрининг бепарволигидан «илҳомланиб», яна яширинча ижтимоий тармоқдан топган «қадрдон»лари билан сирлашишда давом этаверди.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, ошхонага чиқиб кетганидан фойдаланиб, Умар хотинининг телевизор олдида қувват олаётган телефонини титкилай бошлади. Телефондаги SMS-номалару ярим-яланғоч ҳолатдаги йигит-қизларнинг суратлари эрнинг қалбидаги шубҳа-гумонларни янада аланга олдирди.

Шу маҳал қўшиқ хиргойи қилиб, кириб келган Жамила турмуш ўртоғининг қўлидаги телефонини кўргач, карахт бўлиб қолди. Аламзада Умар рафиқасини сўроққа тута бошлади. У эса, дўлдек ёғилаётган саволларга қандай жавоб қайтаришни билмай, фақат йиғларди.

Узоқ давом этган жанжалдан сўнг Умар аёлини уйдан ҳайдади...

Бугун кўпчилигимиз тонгда юз-қўлимизни ювмасдан ҳам телефонимизни титкилашга ўрганиб қоляпмиз. Кунимизнинг асосий қисми виртуал маконда ўтяпти. Бу сарҳадсиз дунё «фуқаро»ларининг аудиторияси кенгайгандан кенгайиб, у орқали ғойибона танишаётган қиёматли дўст тутинаётганлар, дарду ҳасратини баҳам кўраётганлар, сирлашиб, севишаётганлар, айрим ҳолларда эса, ўз жуфтини топиб, оила қураётганлар сони ҳам тобора кўпаймоқда. Аммо шундай виртуал мулоқоту эҳтиросли танишувлар туфайли юқоридагидек ҳамма ҳавас қилгудек кўплаб ёш оилаларнинг ажрашиб кетаётгани киши дилини хира қилади.

Эътибор излаб,              тўрга тушди

Эндигина оила қурган ёш келин-куёв ўртасида, аввало, бир-бирига ишонч ва меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкам бўлиши зарур, — дейди психолог ­Гулхумор ТОЖИБОЕВА. Агар оилада эрнинг хотинга, хотиннинг эса эрга муносабатлари ва уларнинг тарбияланганлик даражаси ҳавас қилгудек бўлса, бу қўрғонга ҳеч қандай ташқи таъсирлар рахна сололмайди. Аёл киши табиатан эрини ўзига ишонтиришни, унинг диққат-марказида бўлишни хуш кўради ва оила аъзоларидан доимо иззат-икром кутиб яшайди. Унинг бу истаклари ижобий натижа бермаса, эрнинг ишдан кеч келиши ҳам, қўнғироқларига вақтида жавоб бермаслиги ҳам шубҳа-гумон уйғотиб, муносабатларини совитади. Бундай чоғларда ташқи омилларга таъсирчан бўлиб қоладиган аёллар интернет, ижтимоий тармоқлардан таскин топишга интилади. Қарабсизки, кечагина турмуш ўртоғига бераётган меҳрни виртуал оламга тортиқ қила бошлайди. Бу эса, ўз навбатида, кўпинча оиланинг барбод бўлиши йўлида ташланган қалтис қадам ҳисобланади.

Янги аср муаммоси

Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда телефон орқали қабул қилинаётган SMSлару ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар оқибатида янги виртуал муаммо юзага келиб, чуқур илдиз отмоқда. Гулдек оилалар барбод бўлаётир.

Ҳудудимизда оиласи билан ажрашмоқчи бўлганлар ҳақида эшитгач, дарров уларнинг нима сабабдан қўрғони бузилаётганини ўрганишга киришамиз, — дейди Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Соҳилобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Ортиқхон ­АБДУЛЛАЕВА. Кўп ҳолларда қайнона-келин келишолмаётгани, оила устуни бўлган эркакнинг рўзғор масаласига масъулиятсизлик билан ёндашаётгани, иқтисодий қийинчилик сингари омиллар кўп ҳолларда оила устунларига дарз еткизмоқда. Бироқ охирги пайтларда телефон орқали оилавий можаро ёхуд хиёнатнинг юзага келаётгани ҳам бизни янада ташвишга соляпти. Ўтган йили қўшни туманга келин бўлиб тушган бир қизнинг ҳам айнан телефон сабаб оиласи бузилди. Гап шундаки, у турмушга чиққач ҳам аввал гаплашиб юрган йигити билан яширинча телефонда мулоқот қилган. Уларнинг суҳбатини бир неча марта қайинсинглиси эшитиб қолганШу зайл яна бир оила барбод бўлди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида мунтазам равишда фуқаролар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Бироқ бу борада ота-онанинг роли, тарбияси бирламчи. Оилавий муҳит фарзандни эртага қандай инсон бўлишида муҳим аҳамият касб этишини унутмайлик.

Жозибадор қарамлик

Статистик маълумотларга кўра, сайёрамиздаги одамларнинг 50 фоиздан ортиғи қайсидир ижтимоий тармоқ, айримлари эса яна бир қанча виртуал тармоқ аъзоси экан. Бу олам тубига «ғарқ» бўлаётганларнинг кўпини эса, ёшлар ташкил этаётгани янада ташвишли.

Хусусан, Россияда ҳар бир фойдаланувчи бир кунда 11 соат, Англияда — 6, Грецияда — 7, Ўзбекистонда эса, тахминан 6 соатдан кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлайдиганлар сони кўпчиликни ташкил этади. Америка ва Европада айнан ижтимоий сайтлар оқибатида 40-50 фоиз оилалар ажрашиб кетмоқда. 2020 йилга келиб, бу кўрсаткич 65 фоизгача ортиши мумкин экан.

Психологларнинг таъкидлашича, виртуал дунёдаги ҳаёт қайсидир маънода қарамликни келтириб чиқаради. Бу «сеҳрли» оламда сизни яхши кўриб, илтифотлар кўрсатишади. Инсон эса, бундан беҳад қувониб, ўзини воқеаларнинг қайноқ нуқтасида тургандек ҳис қилади. Бироқ компьютер ёки телефони ўчгач, унинг реал ҳаётга кўникиши қийинлашади. Сабаби, у янги ҳаётнинг ранг-баранг,  кўзни қувнатадиган ҳодиса-жараёнларига муккасидан кетиб, сохта, енгил-елпи, ёлғонлар асирига айланган бўлади. Ижтимоий тармоқлар масофа танламайди, кишини оҳанрабодек ўзига тортаверади. Шу туфайли ижтимоий тармоқларга қарамликдан қутулиш ниҳоятда мушкул.

Аслида қаерда, қачон ва ким билан танишиб, дўстлашиш ҳар кимнинг шахсий иши. Аммо виртуал олам ғам-ташвишсиз, фақат ўйин-кулгию ёзишмалардан иборат бўлса-да, уларнинг барчаси реал ҳаёт эмас. Ғойибона танишувлар ҳеч қачон оиланинг мустаҳкамлигини таъминлай олмайди. Табиийки, дилбандини катта орзу-мақсадлар билан вояга етказган ота-оналар ҳам уларнинг бу тарзда ҳаёт кечиришини, оиласи мўрт бўлишини асло истамайди.

Биз излаётган меҳр-муҳаббат чашмаси аслида оиламизнинг иссиққина бағрида эканини ҳеч қачон унутмайлик! Умар ва Жамиланинг аччиқ қисмати сабоқ бўлмоғи лозим.

 

Миролим ИСАЖОНОВ,

Журналист




Ўхшаш мақолалар

Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

🕔16:36, 02.05.2024 ✔27

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Батафсил
Еттинчи синфда  унаштирув

Еттинчи синфда унаштирув

🕔15:57, 08.01.2024 ✔123

ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

Батафсил
Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

🕔17:36, 23.11.2023 ✔200

Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

    Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

    Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

    ✔ 27    🕔 16:36, 02.05.2024
  • Еттинчи синфда  унаштирув

    Еттинчи синфда унаштирув

    ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

    ✔ 123    🕔 15:57, 08.01.2024
  • Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

    Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

    Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

    ✔ 200    🕔 17:36, 23.11.2023
  • Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

    Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

    Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

    ✔ 204    🕔 10:24, 27.10.2023
  • Фикр  От қачон  қозиғини  топади?..

    Фикр От қачон қозиғини топади?..

    Ўзбекнинг мақоли: «От айланиб қозиғини топади», дейди. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз узлуксиз айланмоқда. Бир италиён Монтессори, ... кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Ҳозиргина ўқиб қолдим, Саудия Арабистони таълимини андоза қилишар эмиш...

    ✔ 225    🕔 13:18, 06.09.2023
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар