Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Жар ёқасидаги оила

«Нима кийсамам, сизга ёқмайди. Янги кўйлагам кўзингизга эски кўринади. Ўзи қачон ёққанман сизга?..»

Жар ёқасидаги оила

Бунёд бўлганига тўрт-беш йил ҳам тўлмаёқ барбод бўлаётган оилалар сони, афсуски, оз эмас. Шундай оилалар ўртасида сўровнома ўтказилганда  уларнинг қирқ фоизга яқини «Агар бизни тўғри йўлга солувчи ва мушкулимизга ечим кўрсатувчи киши аралашганда, оиламизни сақлаб қолармидик», деган надоматли фикрни айтишган.

Ҳа, киши ҳар доим ҳам олдидаги тўғри йўлни кўра олмайди. Баъзан эса, адашиб, янглиш қарорлар чиқаради. Оғир вазиятларда у бир тўғри маслаҳатга, йўл-йўриққа, ўзини қандай тутиши кераклигини кўрсатувчи ёруғликка эҳтиёж сезади. Ана шундай пайтда кўпни кўрган отахон-онахонларнинг, ҳаётнинг паст-баландидан ўтган, тақдир чиғириғида тобланган тажрибали инсонларнинг маслаҳати асқатади.

Бирни кўриб...

Яқинда Республика «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бўлимидан қўнғироқ қилиб, аҳоли билан давра суҳбатига таклиф этишди. Бордик. Тадбир ўтказиладиган залга кирганимизда кўплаб ёш келин-куёвлар, ҳали турмуш қурмаган ёшлар ва кекса кишилар ҳам жам бўлишган. Кузатиб ўтирарканман, олдинги қаторда ўтирган, ўттизга ҳам тўлмаган ёш эр-хотиннинг суҳбатини беихтиёр эшитиб қолдим.

« — Ўзингга қараб юришниям билмайсан... Уйда кийиб юрган эски кўйлагингда шу ергача келдингми?

— Нима кийсамам, сизга ёқмайди. Янги кўйлагам кўзингизга эски кўринади. Ўзи қачон ёққанман сизга? Ана, бугун балки, аризамиз масаласида чақиришгандир. Қўл қўямиз, мендан қутуласиз-қўясиз...»

Хуллас, эр-хотин то ҳамма йиғилиб, тадбир бошлангунча ғижиллашиб олишди. На хотин, на эр пастроққа тушишни, ён беришни истайди. Арзимаган нарсалар устидан бир-бирининг дилини оғритувчи гаплар билан тортишишди.

Тадбирга «Оила» маркази мутахассислари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, психологлар, имом-хатиблар қатори тумандаги узоқ йиллик ҳаёт тажрибасига эга намунали оилалар, яқинда келин туширган қайноналар, шунингдек, ажрашиш учун ариза берган ёш оилалар таклиф этилган экан.

— Кўплаб оилавий низоларни ўрганганимизда улардаги келишмовчиликка арзимаган баҳоналар сабаб бўлганини билиб, ҳайрон қоламиз, — дейди «Оила» марказининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Шоҳида ­ШОМУТАЛОВА. —  Ёш келинлар у ёқда турсин, ҳатто баъзи қайноналар ҳам жуда тор фикрлашининг гувоҳи бўламиз. Инсон ҳаёт мактабини ҳар доим ҳам ўз оиласида мукаммал ўргана олмас экан. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр, деганларидек, баъзан киши атрофидаги одамларнинг ҳаётига боқиб, турмуш йўлига назар ташлаб ҳам ўз хатосини англаши, хулоса чиқариши мумкин. Бугунги эркин давра суҳбати тўғри йўлдан адашган ва эндигина турмуш қуриш арафасидаги ёшлар учун, ҳатто қайноналар учун ҳам турмуш сабоқларини яна бир карра ёдига солишга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Мутахассислар, психологлар турмуш тутумининг энг нозик жиҳатлари, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайдиган амаллар, оила аъзоларининг зиммасидаги вазифалари ҳақида тўхталишди.

— Мамлакатимизда ажримлар сони кўпаяётгани ҳақида кўп эшитасиз, тўғрими, — дея йиғилганларга қарата сўз бошлади Психология мадад маркази раҳбари ­Дилфуза СУЛТОНОВА.  — Лекин хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, юртимизда оилалар бошқа мамлакатлардагига қараганда ҳавас қилгулик. Сабаби, бизда оилавий муносабатлар, шукрки, мустаҳкам. Бутун дунёда, айниқса, Ғарбдаги каби кескин муаммога айланмаган. У ерда фуқаролик никоҳларининг сони ортиб кетиши миллатларнинг азалий илдизларига болта урмоқда. Нега десангиз, шунчаки ҳавасаки қурилган оилада туғилган фарзанд ҳам шунга яраша тарбия кўради. Ота-онасининг тайини йўқ боладан эртага оилапарвар, ватанпарвар инсон етишиб чиқишига ишониш мумкинми?

Ҳеч нарса оиланинг муқаддаслигига рахна солмаслиги зарур. Чунки туғилган гўдакнинг эртага ким бўлиб етишиши унинг қандай оилада улғайиб, тарбия кўришига боғлиқ.

Биз кўп тадқиқотлар ўтказиб, турмуш қураётган ёшлар учун психологларнинг маслаҳати зарур бўлишини аниқладик. Лекин ёшларимиз психологга учрашни исташмайди. Аслида психологик ёрдам оилавий муносабатларни қалинлаштириб, эр-хотин ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Биргина сеҳрли сўз

Сузук ота маҳалласида истиқомат қилувчи, қирқ йилдан ортиқ турмуши давомида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган, меҳнаткаш ва оқкўнгиллиги билан ҳамманинг меҳрини қозонган Меҳмон Абдусатторовнинг ўгитлари кўпчиликка манзур бўлди.

— Инсон ўз оиласига муҳаббатли бўлса, ҳеч қандай муаммо келиб чиқмайди, — дейди Меҳмон ака. — Бир-бирини яхши кўрган инсон қадрлашни ҳам билади. Оиласини ўйлаган одам игнадек хатодан катта фожиа ясамаслиги керак. Биргина сеҳрли сўз кўнгилдаги ғуборларни аритади: кечиринг, мендан ўтибди! Ишонинг, мана шу сўзлар ҳар қандай кўнгилсизликнинг олдини олади. Буни айтса, ҳеч кимнинг бир ери камайиб қолмайди. Ахир, оилани асраш, авайлаш, аввало, ўзимиз учун керак.

Ўғилларим, сиз доим бир сўзли бўлинг. Оилангизнинг устуни, охирги гапни айтувчиси сиз ўзингизсиз. Хотин киши ҳиссиётга берилувчан бўлиши мумкин. Сиз ҳам онангизнинг, ҳам аёлингизнинг кўнглини олиб, адолат билан оилада барқарор муҳит яратишга қодирсиз!

— Сиз ёшларга жуда ҳавасим келади, — дейди Республика Хотин-қизлар қўмитаси эксперти, фалсафа фанлари номзоди Жамила ШЕРМУҲАММЕДОВА ёшларга қарата. — Ҳозир ўқиб-ўрганиш, яхши турмуш кечириш учун барча шарт-шароит бор. Мен оилада ўн тўрт фарзанднинг ўн учинчисиман. Оиламизда гоҳ қийин дамлар, гоҳ йўқчиликлар бўларди, лекин ҳеч ким нолимасди. Қўни-қўшни доим бир-бирига кўмак берарди. Уйимизда бирор тансиқ таом пишган куни, онам ўзимизга сузишдан олдин қўшниларга чиқарарди. Отам аҳиллик, қаноат ва кўзи тўқлик бор жойда доимо барака бўлади, дер эдилар.

Оила бобида гап кетганда доим бир гапни айтгим келади. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, англадимки, китоб ўқимаган одамнинг дунёқараши торлигича қолавераркан. Бундай одам ҳаётда кўп хато қилади. Оилаларнинг мўртлигига сабаблардан бирини ҳам айнан китоб ўқимаслик билан боғлагим келади. Бугун ёшларимиз мутолаа учун сарфланадиган вақтни телефон ё интернетга «бағишлаб» юбораётганига ачинаман. Бундай китобсиз оилада катта бўлган бола, эртага қандай қилиб оилани бошқаради?

Тадбирда кўплаб интерактив, қизиқарли усуллар ёрдамида оилани асраб қолиш йўллари иштирокчиларга тушунтирилди, ҳаётнинг нозик жиҳатлари ўргатилди. Сўзга чиққанлар орасида ўз ҳаётидаги юз берган оғир дамларни эслаб, залдагиларни йиғлатганлар ҳам бўлди. Энг муҳими, ҳар бир сўз, ҳар бир мисол йиғилганларга ўз-ўзига кўзгу тутишга, хатоларини ўйлаб кўришга ундади.

Учрашув якунланар чоғда ҳалиги жуфтликка эътибор бердим. Боягина бир-бирини кўришга кўзи йўқ эр-хотин энди кулишиб ўтирарди, бир-бирига меҳр билан боқишарди. Эҳтимол, улар ҳам оиланинг нақадар қадрли, муқаддас эканини англаб етгандир. Балки, зиммасидаги вазифанинг юкини, бахт сўзининг мағзини тушунгандир. Ажабмаски, улар ярашиб кетишар...

P.S. Ушбу мақолани саҳифага жойлаб, чоп этишга тайёрлаётган чоғимизда тадбирда қатнашган маҳалла фаолларидан бири таҳририятимизга қўнғироқ қилиб қолди. Гап орасида биз қизиққан ёш оила аризасини қайтариб олганини маълум қилди...

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

🕔16:36, 02.05.2024 ✔27

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Батафсил
Еттинчи синфда  унаштирув

Еттинчи синфда унаштирув

🕔15:57, 08.01.2024 ✔123

ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

Батафсил
Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

🕔17:36, 23.11.2023 ✔200

Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

    Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

    Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

    ✔ 27    🕔 16:36, 02.05.2024
  • Еттинчи синфда  унаштирув

    Еттинчи синфда унаштирув

    ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

    ✔ 123    🕔 15:57, 08.01.2024
  • Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

    Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

    Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

    ✔ 200    🕔 17:36, 23.11.2023
  • Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

    Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

    Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

    ✔ 204    🕔 10:24, 27.10.2023
  • Фикр  От қачон  қозиғини  топади?..

    Фикр От қачон қозиғини топади?..

    Ўзбекнинг мақоли: «От айланиб қозиғини топади», дейди. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз узлуксиз айланмоқда. Бир италиён Монтессори, ... кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Ҳозиргина ўқиб қолдим, Саудия Арабистони таълимини андоза қилишар эмиш...

    ✔ 225    🕔 13:18, 06.09.2023
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар