Абдурауф Фитратнинг «Оила ёки оила бошқариш тартиблари» асари том маънода ёш авлод учун ҳаётий қўлланма бўлувчи тарбиявий асардир. Уни ўқиган киши нафақат ахлоқий фазилатлар нималардан иборат ва уларга қандай эришиш кераклигини, балки миллий озодлик, шахсий эркинлик нима-ю, уни қандай қилиб қўлга киритиш мумкинлигини англаб олади.
«Оила» асарида оилавий хаётнинг ислоҳотидан баҳс юритилиб, адиб нажот йўлларини ахтаради. Бу китоб ўз вақтида тараққийпарвар ёшлар томонидан самимий қарши олинган. Оила асосини тўғри қурмасдан ва ёш авлодни тўлақонли тўғри йўлда тарбияламасдан туриб, жамиятни ислоҳ қилиш, унинг ривожини тараққиёт сари йўналтириш мумкин эмас. Охир-оқибатда миллат тақдири унинг оиласининг ҳолатига боғлиқ. Бу ғоя Фитрат асарида ўз ифодасини топган: «Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик ана шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат хам шунча кучли ва муаззам бўлади».
Фитрат оиланинг ҳуқуқий асосларини ёритиб беришдан аввал масаланинг ғоят муҳим томонларини ҳам ёдда сақлайди. Ҳаётнинг фарзандлар шаклида давом этиши Фитрат назарида, фақат оила эмас, балки миллатнинг ҳам куч-қудратини, шаън-шавкатини билдирувчи омилдир: «Оила ва фарзанд масаласи эркак ё аёлнинг хусусий масаласи эмас. Фарзанд нафақат ота-она ҳаётининг давоми, балки айни пайтда миллатнинг ҳам иқтидори, обрў ва эътиборини белгилайдиган занжир ҳалқасидир. Миллат эса Ватан, мамлакатнинг юраги».
Фитрат ўз саодати, келажаги, яхши яшаши, осуда ҳаёт эгаси бўлиш ўша миллат кишисининг ҳаракатчанлигига ҳам боғлиқлигини айтади. «Қайси миллатнинг намояндалари ғайратли, шижоатли бўлсалар, қўл-оёғи кучли ва чаққон, ҳамма аъзолари соғ ва фаол иззат ва эътибор соҳиби бўладилар», дея таъкидлаб ўтади. Фитрат миллатнинг сифати унинг миқдори билан ҳам боғлиқ томонларини тушунтирган. Бунинг учун қайғурган ҳам. Оилада миллатнинг қадри ва шаънини белгиловчи ҳаракатлар, аввало, эр ва хотиннинг иффат, диёнати билан боғлиқ эканини хаётий мисоллар билан англатади.
Давлатимиз келажаги, ривожланган мамлакатлар орасида тутган мавқеи ва салоҳияти ҳам, дунёқараши, билими, ақл-заковати, Ватан, жамият ва оила олдидаги бурчи ва масъулиятини теран англаши, бугунги авлодга боғлиқдир. Зеро, билим ва касб-ҳунарга қизиқиш, ота-онага ҳурмат, дўстга садоқат, меҳр-шафқат, ҳалоллик ва поклик каби ахлоқий фазилатлар оилада шаклланади ва сайқал топади.
Асар оиланинг пайдо бўлиши, унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, оилада амал қилинадиган ички тартиб ва қоидаларга бағишланган. Айниқса, асарнинг «Уйланиш ёки уйланмаслик хусусида», «Қалин (пули) ва тўй қандай бўлиши лозимлиги ҳақида», «Эр-хотиннинг қандай яшамоқликлари хусусида», «Оиланинг маишати ва идораси» қисмларида бу масалалар хусусида атрофлича фикр юритилган.
Абдурауф Фитрат ушбу асарида ҳар бир янги оила учун қўлланма вазифасини ўташи мумкин бўлган масалаларни ёритади. У ватанпарварлик ва миллатпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, китобнинг биринчи қисмига, маълум маънода меъёрий дастуриламал тарзида тартиб беради. Ундан ҳар бир янги оила қурмоқчи бўлган киши кичик ҳажмдаги ахлоқий-маиший, гигиеник-саломатлик қомуси сифатида фойдаланиши мумкин.
Фитратнинг «Оила» асари том маънода ёш авлод учун ҳаётий қўлланма бўлувчи тарбиявий асардир. У ўз даврининг ва бугунги кун инсониятининг маънавий дунёсини бойитишда катта аҳамият касб этади.
Луиза МИРЗАЕВА,
Қўшработ туманидаги 77-мактаб ўқитувчиси
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔281
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил