Г.КЕМОКЛИДЗЕ,
Россия
Яқинда Иван Петрович мени ҳузурига чорлаб, тилёғламалик билан шундай деди:
— Сизни хурсанд қилишим мумкин. Муассасамизда танқид жамғармаси ташкил қилинмоқда. Қарасаларки, бизда танқид ишлари сусайиб кетмоқда. Ахир, бу иш моддий жиҳатдан рағбатлантирилмагандан кейин ким ҳам танқид билан шуғуллансин... Энди ҳаммаси бошқача бўлади. Тубдан бурилиш ясалмоқчи. Ҳар бир танқидга ўткирлик даражасига қараб пул тўланади. Киришаверинг.
— Нимага киришиш керак? — дейман иккиланиброқ.
— Нимага деганингиз нимаси? Дейлик, мана, мени танқид қила қолинг. Бунинг нимаси тушунарсиз экан...
— Иван Петрович, — дейман ҳушёрликни қўлдан бермай. — Сиз шундай раҳбарсизки... иш сиз учун ҳаёт-мамот! Шунинг учун дейман-да, ўзингизни ҳеч ўйламайсиз!..
Иван Петрович ўйлаб кўрди, пешонаси тиришди ва деди:
— Шуям танқидми? Бу ҳам танқид, ҳам тескарисига ўхшайди-я... Майли, қуруқ бўлмасин, мен сизга бир рубль ёзаман, бундан кўпроғига, тўғриси, арзимайди ишингиз.
— Иван Петрович, — давом қилдим мен, — ўзингиз ҳақда қайғурмаганингиз-ку, майли, хўжайин киши, ўзи билади. Бироқ... айтаверайми? Ҳмм... мана, мисол учун, ходимларга сиз тупуриб қўйгансиз. Қандай кун кўряпти, нима дарди бор, ишингиз ҳам йўқ. Э, ўлиб кетмайдими ҳаммаси. Бир сиз гулласангиз бас!
— Оҳо! — ана бу бошқа гап. Мана, очилдингиз!.. Офарин! Бундай танқид учун жамғармамиздан давр қаҳрамонига беш рубль ёзамиз! Бўш келманг. Нимадан қўрқамиз? Ошкоралик, тенглик, демократия.
— Ҳамонки сиз!.. — дедим илҳомим келиб, — ходимларга тупуриб қўйган экансиз, ишга ҳам катта қилиб тупуриб қўйгансиз. Аммо-лекин... Машина ўзларига, дала-ҳовли ўзларига, дам олишга бепул йўлланма ўзларига, энг яхши ходималар ўзларига... Иш бўлса, фақат ходимларга... Ўз оқимида. Сизни ўзи бу ерга ким қўйган!? Инсофини ютганми нима бало!
— Э, қойилман-э! Отангга раҳмат! Бор экан-ку, мана танқидчи марду майдонлар! — ўрнидан туриб кетди раҳбаримиз. Терлаган қўли ва бўйнини дастрўмолида арта бошлади. — Мана, йигит! Мендек муттаҳам бошлиқларни ана шундай тузлаб қўйиш пайти келди. Ўлай агар, ўн рубль ёзмасам, одам-подаммассан денг!
— Модомики сиз! Ишга тупуриб қўйган экансиз, — ғолибона давом этардим мен. — Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади, сиз бошқа бир истеъдодли ходимнинг ўрнини эгаллаб турмаяпсизми?
— О-ооо! Даҳшат! — даҳшатли даражада тантана қила бошлади Иван Петрович. — Жин урсин, бунақаси бўлмаган! Тасанно! Бунақа сўзларга эллик рубль ёзмаган раҳбар кўр бўлади, ўлай агар!
— Агарки сиз! Кимлигингизни билиб олган бўлсангиз, марҳамат қилинг, аризангизни ёзинг-да, камроқ масъулият, камроқ маошлироқ бирор бир иш сўранг.
— Э, отангга раҳмат! Бор экансан-ку! Ҳамма пахта қўяди. Мана, йигитнинг гули! Ҳам жасорат, ҳам маҳорат! Балли, бопла! Юз рубль ёзаман-э!!
Шу топда телефон жиринглаб қолди. Иван Петрович гўшакни олди, эшитди ва менга деди:
— Оббо, буни қаранг-а... Кутилмаган иш. Танқид жамғармаси қисқартириладиган бўлибди.
— Ие, қандай? Нега? — қичқириб юбордим ўрнимдан ирғиб туриб. — Ўзи томлари жойидами... Шунча гапни бекорга гапирибман-да?
— Ташвиш тортманг, — ваъда қилди Иван Петрович, — бунақа гапларни айтган қаҳрамон қуруқ қолмайди... Ҳеҳ-ҳеҳ-ҳа...
Рус тилидан
МАҲМУД БЎРОН
Таржимаси
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил