Неъмат АМИНОВ
Диққатлигидан қуюқ қошлари орасига ғўрадек тугун тушган йигит эшикнинг очилганини ҳам сезмай қолди.
Хонага оппоқ кенг кўйлагининг тугмалари қадалган, ёшлари анчага бориб қолган киши эгилиб кирди. Стол устига дастурхондек ёзилган қоғоз юзида бир нимани зўр бериб ўчираётган йигитга ҳавас билан тикилди. Уни чўчитиб юбормаслик учун қирра бурнидан тез-тез пишиллаб нафас олиб кўрди. Бўлмади. Яна бирпасдан кейин лабларини ғалати қилиб чапиллатди. Йигит: «Бирор нарсани тушириб юбордим шекилли», деб ўйлаб оёғи остига қаради. Сўнг қоматини тиклаб керишмоқчи бўлганди, кўзи ҳалиги кишига тушди:
— Э, келинг, домла, келинг! Худди ўзингиз керак эдингиз.
— Келдик, укам, келдик. Йўқлаган экансиз. Жўхори хирмонни ташлаб, илмий мудир нима дер эканлар деб...
Илмий мудир чуқур нафас олди. Кафтларини бир-бирига қарс этказиб урганча қаттиқ ишқади. Қошларини чимириб, домлага қаради:
— Меҳнат дарсини кимга қўйишга ҳайрон бўлиб турибман. Нурматовга қўяй десам, дарси кўп. Қулматов рози бўлмади... Ие, домла, нега тикка турибсиз, ўтиринг, ўтиринг!
Домла стулга омонат ўтирди. Нимдошгина дўпписини олиб қоқди. Ўнг қўли билан устарада қирилган бошини силаркан:
— Э, омон бўлинг, укажоним, шунга шунчами? — деди жилмайиб. — Жўрахон акангизга қўявермайсизми? Ўзингиз биласиз-ку, бизни... Ҳа, айтмоқчи, сиз яқинда ишга келгансиз-а? Қулоқ солинг: ўттизинчи йилларда нафис адабиётни ўқитардик. Кейин десангиз, имло ўзгариб кетди. Диктант, контрол иш деганларидек... жуда зиқ қилди мани. Тарихни олдим. Мақтаниш эмас-ку, дарсимизга кирган киши хурсанд бўлмай чиқмас эди. Анализларнинг минусидан пилуси кўп эди, укажоним.
Домла жимиб қолди. Бир пайт нимадандир афсуслангандай бош қимирлатди. Яна тилга кирди:
— Ҳаёт оқар дарё экан денг, ўша вақтлар бирон жойга ўқишга кириб, бундай ҳужжат ҳам ололмабмиз. Янги тарих ўқитувчиси келди. Хайрият, армияда бўлганимиз фойда берди. Сержантликда «Рас, два, смирна, равнайс» ни ўрганган эканмиз, ҳи-ҳи-ҳи... физкультура дарсини олдик. Ҳа, куласиз-да, куласиз бепул гапга! Универсалмизда, укажоним, универсал! Қўрқмасдан бизнинг фамилияни ёзаверинг меҳнат дарсига... Э, хотиржам бўлинг, ҳаммаси пилус бўлади...
Мудир «Меҳнат» сўзи тўғрисига «Тўрахонов» деб ёзиб қўйди.
Эртаси 5-«а» синфида учинчи соат меҳнат дарси эди. Жўрахон домла илмий мудирни бошлаб дарсга кирди. Болалар оёққа қалқди.
— Салом, болажонлар, ўтиринглар!
Жўрахон домла синфга кўз югуртирди. Навбатчининг ахборотини тинглаб, журналга бир нималарни ёзди. Кейин қаламнинг орқаси билан столга тиқ-тиқ уриб, ўқувчилар диққатини ўзига қаратди.
— Қимматли, болажонлар! Дарсимиз — меҳнат. Ҳа, ажабланманглар. Меҳнат дарси. Хўш, шундай экан, меҳнатнинг ўзи нима? Меҳнат бу роҳат. Меҳнат икки хил бўлади: жисмоний меҳнат, ақлий меҳнат. Шу ўринда, шуни ҳам айтиш жоизки, жисмоний меҳнатнинг роҳатини бирмунча тезроқ кўриш мумкин. Мана бир мисол: менинг етти сотих томорқам бор. Шунга денг, эрта куздаёқ бир бўлагига редиска, пиёз экдим. Яхши меҳнат қилдик. Бир вақт қарабсизки, ана редиска-ю мана кўк пиёз! Ҳў, Ниёзбой, тур ўрнингдан, гапим тўғрими?.. Ҳа, баракалло, ўтир, ўғлим! Май байрами олди бир ярим тоннача редиска-ю пиёзни шаҳарга олиб тушдик. Ана шу Ниёзбойнинг дадаси машинада элтиб берди. Ҳўв, Солия, илжаймай ўтир, шундай қилиб, болалар, ҳар килосини ўртача ўн тийиндан ҳисобласак...
Домла шифтга тикилди. Сўнг олдинги партада ўтирган сочи қўнғироқ боланинг ёнига борди:
— Шавкатжон, бир ярим тонна пиёз билан редискани ўн тийиндан ҳисоблаб чиқинг-чи... Офарин, ақлий меҳнатга қобилиятингиз яхши. Ўн тийиндан юз эллик сўм бўларкан. Ҳолбуки, мен яна қанчасини ўн беш тийиндан ҳам сотган эдим. Пулига гилам, магнитофон олдик. Кўрдингизми, болажонлар, мана буни роҳат дейдилар. Шунинг учун меҳнатни севинг, меҳнатсевар бўлинг...
Жўрахон домла томорқасида пишиб етилган қовун-тарвуз, узум ва мева-чевадан келадиган даромадни ҳам ўқувчиларга ҳисоблатиб чиқди. Уларни қайта-қайта меҳнатсеварликка чақирди.
Қўнғироқ чалинди. Терлаб кетган илмий мудир «Ўқитувчилар хонаси»га йўл оларкан, Жўрахон домла орқасидан етиб олиб:
— Укажоним, анализингизнинг минуси кўпми, пилуси? — деди.
— Ҳар томонлама минус, — деди илмий мудир.
Жўрахон домла «ие-ие» деб унинг қўлтиғидан олди!
— Ҳар томонлама минус, ҳаммаси минус! Жуда яхши: минус билан минус пилус бўлади, укажоним. Алгебрада шундай қоида бор. Ҳа, математикадан ҳам хабаримиз бор: универсалмизда, укажоним, универсал!
Илмий мудир кулишга ҳам, тутақишга ҳам ҳайрон эди.