Ассалому алайкум, кулгисевар дўстлар! Бугунги суҳбатимиз саломга бағишланади.
Дунёдаги барча халқлар, икки мингдан зиёд миллатларнинг ҳар бирида ўзига хос саломлашиш анъанаси бор. Яна уларнинг ҳар бири, ҳар вазиятда турлича саломлашишини айтадиган бўлсак, дунёда неча хил саломлашиш борлигини ҳисоблашнинг ўзи қийин.
Аммо саломнинг энг кўп тури ўзимизда экан. Ишонмайсизми, унда бу ёғини санаймиз. «Пахта салом»лар бор, бу ҳам ҳар хил бўлади. Узоқдан бировнинг соясига берилади, етти метрдан етти букилиб берилади, икки қўлни кўксига қўйиб, эгилиб берилади, «шум бола»га ўхшаб, эмаклаб келиб берилади. Номига бериладиган саломлар бор, қўл учида берилади, тил учида берилади. Бировнинг савлатига қараб, бировнинг давлатига қараб бериладиган салом бор. Кимгадир ўрнидан туриб эриниб, кимгадир ўтирган жойида керилиб бериладиган салом бор.
Қуюқ салом бор, буни эплайдиган ўз одамлари бўлади. Қуруқ саломлар бор. Қуруқ саломингни пишириб е дейди, айниқса, доим қуюқ салом оладиган одамга қуруқ салом ёқмайди. Бурун армиядан келадиган «Салом, онажон» саломи бўларди, олган одам йиғлаб ўқирди. Ҳозир эса салом-табрикнинг ҳаммаси радиода. Эрталабдан кечгача салом-салом... Энг аввало, бошловчига салом, ундан кейин яхши кўрган қизига салом, йигитига салом, синглисига салом, опасига салом, отасига салом, онасига салом, бобосига салом... бешикдаги юбилярга салом, келин салом, куёв салом, тоғага салом, холага салом, қайнотага салом, қайнонага салом, аммага салом, охирида ҳаммага салом. Қисқаларидан: салом севги, салом муҳаббат, салом бахт, салом баҳор, салом Наврўз, салом ёшлар... Ҳаттоки исмлар бор, Абдусалом, Ибнсалом, Мирсалом бор... Серсалом бор, бир кунда уч марта салом йўллаб бошингни оғритиб юборади. Кейин қанақаси бор? Ярмиси йўқ чала салом бор, алангали салом бор. Ёш йигитлар «самкем» деса, қизлар ўзгача қилиб «асалийкум» дейди... Яна қанақаси бор эди?
Энди асосийларидан биттаси, бунақа салом ер юзида фақат бизларда бор. Буни «омонат салом» дейди. Бу «почта» қилиб юборилади. Бу салом икки хил бўлади. Биринчисида, сиздан Эшматга катта салом деб юборади, иккинчисида, анави Зиёдулла юрибдими, кўрсанг, салом деб қўй, «ўзи билади» дейди. «Расшифровка» қиладиган бўлсак ё бирини иккинчисидан қарзи бор ёки бир-бирида қасди бор. Қаранг, фақат саломнинг ўзидан фойдаланяпти. Нима деганини иккаласидан бошқа ҳеч ким билмайди.
Яна битта сал ғалати салом бор. Ҳозир эсингизга тушади. Масалан, менинг Шермат билан унчалик алоқам йўқ, аммо кўрганда салом-алигимиз бор, дейди. Лекин Абдурайим билан салом-алик йўқ. У билан анави Мамарайим яхши дейди, уларнинг салом-алиги бор, Мамарайим билан гаплашсанг, ишингни битириб беради, дейди. Қаранг, бу энг керакли ишингни битирадиган саломлардан биттаси экан.
Яна бир салом. Бир иш билан бизнесмен танишингизни олдига борасиз, албатта, қарз сўраб. Унинг соғлиғини сўраб бормаганингизни сезади ва қарз бермайди, савоб иш қилиш қўлидан келади, лекин қилмайди. Орадан беш йилча ўтади, энди у одамнинг иши сизга тушади, банкрот бўлган, боридан айрилган. Энди сиз бойиб қолдингиз, энди унинг иши битмаслиги аниқ, буни халқимизда нима дейди? Буни «саломга алик» дейди.
Бировга гапингизни уқтирмоқчи бўласиз. Аммо у билганидан қолмайди. Кун келиб хатосини англайди ва айтганингизни қилишдан бошқа чора тополмайди. Шунда уни кўрганда «Ассалому алайкум...» дейсиз истеҳзо билан.
Саломлашишнинг шунча тури амалиётда бор бўла туриб, сўрашишнинг янги хили пайдо бўлди! Бу одат хориждан кириб келдими билмайман, ҳамма бош уриштириб сўрашадиган бўлиб қолди. Уйда шу аҳвол, кўчада, мактабда, коллежда, олийгоҳларда, ишхоналарда, ҳатто ёши улуғ отахонлар бир-бири билан бош уриштириб сўрашяпти. Сўрашишнинг мана шу тури пайдо бўлгандан кейин қўчқорлар уялганидан калла қўймайдиган бўлди.
Мана, фан-техника тараққиёти ривожланиб ҳамма соҳага нанотехнология кириб келмоқда. Чет элларда бу соҳа билан астойдил шуғулланишяпти. Дастлабки ютуқлар бор. Одамнинг бошига чип ўрнатилиб интернет, телефон, айпон, пластик карта — ҳаммаси шунинг ичига жойлаштириляпти.
Ҳозир бўш бошни бир-бирига уриб чайқагандан фойда борми? Иккала бошда ҳам бир-бирига ўтадиган ҳеч нарса йўқ-ку... Бекорга иккала бошнинг оғригани қолади! Тағин, билмадим...
Мана, саломлашишнинг мен билган айрим турлари. Ҳали яна қанчаси қолиб кетди. Аммо нима демайлик, саломнинг энг зўри — қўлни-қўлга бериб танишгами, нотанишгами юракдан, самимий ассалому алайкум — «мен сизга сиҳат-саломатлик, тинчлик тилайман» дегани. Қаранг, қандай гўзал!
Умид ИКРОМ
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил