Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

КУТИЛМАГАН СЮРПРИЗ

ёхуд 100 $га тушган қизиқувчанлик

Санъат ихлосмандлари Раметовлар деса, дарров ­Жумадулла, Саида, Азиз Раметовни кўз олдига келтиради. Чунки бу санъаткорлар оиласи яратган образлари билан ҳар бир хонадонга кириб боришга улгурди. Бугунги байрамона суҳбатимизни ана шу ижодкорлар оиласи даврасида уюштирдик.

КУТИЛМАГАН СЮРПРИЗ

Раметовларни томошабин кўпроқ экрандаги комик ва драматик роллари билан яхши танийди. Айтинглар-чи, улар оила даврасида ҳам яратган образларига ўхшашадими?

Жумадулла РАМЕТОВ: — Саида саҳнадаги шаддод, шўх ролларидан бутунлай фарқ қилади. Ҳеч қачон шошилиб иш қилмайди. Жаҳлим чиқса, мен бирдан ловуллаб кетаман. У босиқлик билан масалага ойдинлик киритади. Агар бирор нарса устида муҳокама кетаётган бўлса ҳам, ҳамманинг фикрини тинглаб, кейин ўз қарашларини айтади.

Саида РАМЕТОВА: — Кўпчилик менга ролларимга қараб баҳо беради. Аслида ролларимдаги қайноналарга ўхшаб келинимни қийнамайман (кулади). Аммо тартиб-интизом борасида жуда талабчанман.

— Жумадулла  ака, Саида опа бошқа эркак актёрлар билан роль ижро этганида ҳеч рашк қиласизми?

Жумадулла РАМЕТОВ: — Ҳар бир эркакда, албатта, рашк туйғуси бор, бироқ касбимизда бунга нозик ёндашилади. Мени тушуниш учун актёр бўлиш керак. Саида саҳнада ёки кинодагина кимнидир аёли ёки яқин кишиси бўлиши мумкин, бироқ ҳаётда фақат меники. Мен бу пайтда бутун эътиборимни кино ёки спектаклга қаратаман. Саида ролини яхши ижро қила оляптими ёки йўқми? Саҳнадан ташқарида эса, албатта, рашк қиламан. Аммо бунинг бошқа томони ҳам бор. Эркакнинг бўлар-бўлмасга рашк қилавериши аёлининг характерига ҳам боғлиқ. Саиданинг характерида эса эгрилик йўқ. У ўзига бошқача муносабатда бўлган инсонларни икки оғиз сўз билан ўзидан узоқлаштира олади. Мен бунга ишонаман. Қолаверса, у оиланинг муқаддаслигини мендан ҳам яхши билади.

— Сиз-чи, Саида опа, рашк қиласизми?

— Аввало, ишонч мустаҳкам бўлиши керак. Турмуш ўртоғим саҳнада бутунлай бошқа инсонга айланади. Мен бу инсондан ижод қилишимга йўл очиб бергани учун, доим қўллаб-қувватлагани учун, 36 йил давомида менга ҳам ижодимда, ҳам ҳаётимда тиргак бўлиб келаётгани учун жуда-жуда миннатдорман. Умримизнинг охиригача шундай муносабат ўртамизда сақланиб қолишини истайман. Бирга ўқиган курсдошларим бугун менга ҳавас билан қарайди. Чунки улар қанчалик истеъдодли бўлишмасин, турмуш ўртоғи йўл бермагани учун бу соҳада қола олишмаган. Шу сабаб Жумадулла акани мен ҳар доим тушунишга ҳаракат қиламан. Бошқа актрисалар билан роль ўйнашларига тўғри қарайман. Бироқ худо кўрсатмасин, бошқани севиши ёки хиёнат кўчасига кириб қолишини тасаввур қилсам, рашким қўзишни бошлайди.

— Бошқа-бошқа театрда фаолият юритасизлар. Иш, спектакллар, кино ҳақида уйда муҳокама, мунозаралар бўладими? Ёки ишдаги гаплар уйда гаплашилмайдими?

Жумадулла РАМЕТОВ: — Шубҳасиз, биз уйда жуда кўп фикрлашамиз, чунки Саида бошқа режиссёрлар билан, мен бошқалари билан ишлайман. Бир-биримиз билан ролларимизни таҳлил қиламиз. Гоҳида бу баҳсга ҳам айланиб кетади.

Саида РАМЕТОВА: — Агар биз уйда ижроларимизни таҳлил қилмаганимизда, балки улар бугунги даражасидан пастроқ бўлармиди, деб ўйлайман. Яратадиган образларимиз — бизнинг ҳаётимиз. Уйда ҳам фақат ижод ҳақида гап бўлганидан икки марта оилавий концерт ҳам уюштирдик. Бунинг бари уйимизда ҳам «санъат қозони» қайнашидан далолат. Айниқса, уч нафар санъат вакили йиғилган давра мунозараларсиз бўлмаслиги табиий. «Қудажонлар» фильми каби киноларнинг ғояси ҳам шундай мунозараларда туғилади.

— Эргаш Каримов ва Роза Каримова уйида репетиция қилганида, қўшнилари «тўполон бўляпти, шекилли», деб югуриб чиқишар экан. Сизларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлганми?

Жумадулла РАМЕТОВ: — Бизда бундай ҳолатларнинг хақиқийси бўлади, десам-а? Бу, албатта, ҳазил (кулади).

— Нега бошқа-бошқа театрда ишлайсизлар? Балки иккалангиз ҳам бир театрда ишлаганингизда бошқачароқ бўлармиди?

Саида РАМЕТОВА: — Мен бунга доим қарши бўлганман. Эр-хотин бир театрда ишладими, у ерда, албатта, парокандалик юзага келади. Истайдими-йўқми, ҳар қандай эркак аёлини қўллаб-қувватлайди. Энг яхши ролларни аёлига олиб беришни истайди. Бунинг орқасидан эса, бошқалар билан келишмовчиликлар, жанжаллар келиб чиқади. Қарабсизки, гап кўпаяди. Шу боис эр-хотин актёрлар бир жойда ишламаслиги керак.

— Оилангизга яна бир актриса қўшилишини истармидингиз?

Жумадулла РАМЕТОВ: — Мен жуда ҳам хоҳлардим. Актёрлар оиласи яна бир кишига кўпаярди. Бу жуда ҳам зўр бўларди…

Саида РАМЕТОВА: — Биз турмуш қураётганимизда ота-оналаримизнинг бироз қаршилиги бўлган, лекин қайнона-қайнотам тўйдан кейин актрисани келин қилганидан афсусда эмасликларини кўп такрорлашган. Мен ҳам бўлғуси келиним актриса бўлса, қаршилик қилмайман. Фақат шартим: у садоқатли, ориятли, вафодор бўлсин. 

— Нима деб ўйлайсиз, бошқа касб эгалари бўлганингизда Азиз ҳам бошқа касбни танлармиди?

Саида РАМЕТОВА: — Албатта, бошқа касбни эгаллаган бўларди. Унга ҳомиладор бўлганимдан туғилгунига қадар саҳнада роль ижро қилганман. Айтишларича, она ҳомиладорлигида нима билан шуғулланса, фарзандига ҳам ўтар экан. Мен унинг ҳарбий бўлишини истаган эдим. Шу сабаб уни ҳарбийлар мактабига бердик. Мактабда у шеър айтиши, қўшиқ куйлаши, роллар ижро қилиши билан ҳаммани ўзига қаратиб оларди. Бир куни мактаб директори ундан нега санъат соҳасини танламаганини сўрабди. Шунда Азиз ҳарбий бўлишини мен исташимни, ўзи эса санъаткор бўлишни хоҳлашини айтибди. Шу бўлди-ю, директор бизни чақириб, унинг хоҳишига қарши боришимиз нотўғрилигини айтди. Азиз консерваторияда ўқиди, киноларда, клипларда роль ижро қилди. «Арслон изидан» фильмини ҳам суратга олди. Айтмоқчиманки, унинг томирларида актёрлар қони оққани учун у ҳам актёр бўлди. 

— Эл хизматида кўп бўласизлар. Одамлар орасида юрганингизда қизиқ воқеаларга ҳам дуч келган бўлишингиз табиий...

Жумадулла РАМЕТОВ: — Бир сафар тўйга борганимизда Саида мендан олдинроқ тўйхонага кириб кетди. Аёллар уни дарров ўраб олиб, ичкарига олиб кириб кетишди. Мен эса орқада секин доирамни ушлаб келяпман. Ўша пайтларда маст эркакларнинг ролини жуда кўп ўйнардим. Энди эшикка етаман деганимда ёши катта эркак йўлимни тўсди. Ҳайрон бўлиб қарадим. У эса ўдағайлаб, «Ҳозир сендақалар кўпайиб кетган, бор чиқ», деса бўладими. Актёр эканимни ҳар қанча тушунтирмай, у мени ролимдаги ўша маст одам, деб ўйлаб ўтказмади. Охири, тўй эгалари бир амаллаб тўйхонага олиб кириб кетган.

— Оилангизда барча бирдек амал қиладиган қандай қоидалар мавжуд?

Жумадулла РАМЕТОВ: — Бизнинг оилада ҳамма бирдек амал қиладиган қоида бу жимлик сақлаш. Оиламизда уч киши санъат вакили бўлгани учун ижод вақтимизда бир-биримизга ҳалақит бермасликка ҳаракат қиламиз.

— Раметовлар оиласи мустаҳкамлигининг сири нимада?

Саида РАМЕТОВА: — ­Оиламиз 36 йил давомида турли тўсиқларга дуч келди. Ҳатто, ажрашиб кетиш даражасига олиб келган миш-мишлар ҳам бўлган. Лекин мана шундай пайтларда босиқлик билан вазиятдан чиқишга ҳаракат қилганмиз. Мана шу бизнинг ютуғимиз, деб биламан. Қолаверса, оиламизда «билганимни, хоҳлаганимни қиламан», деган гап йўқ. Биз ҳар қандай вазиятда «оиламга зиён келтирмасмикин», деб яхшилаб ўйлаб кўрамиз.

— Санъаткор инсон кўп сафарларда бўлиши табиий. Шундай сафарларни деб Янги йилни бирга нишонлай олмаган вақтларингиз ҳам бўлганми?

Жумадулла РАМЕТОВ: — Ҳа, бундай кунлар ҳам бўлади. Лекин дастурхон атрофида йиғилганимизда хақиқий байрам бўлади. Янги йилни ўзгача шукуҳ билан нишонлаймиз. Меҳмонлар, арча, таомлар... Барчаси ўзгача бўлади.

Айниқса, оилавий байрамларда Саиданинг «сюрприз»лари кўп бўлади. Ўтган йил ҳам у одатига содиқ қолиб ҳаммага совға улашди. Кейин катта бир совғани аукционга қўйганини айтди. Катта қутининг ичида нима борлигига ҳаммамиз қизиқардик. Энг паст нарх айтилгач, бирин-кетин ҳамма ўз нархини айта бошлади. Ниҳоят, мен юз доллар деганимда совға сотилди. Бориб қутининг ичини очганимни биламан, ичидан потирлаб товуқ учиб чиқса бўладими. Шундай қилиб, бир товуқни юз долларга сотиб олганман (кулади).

— Мухлисларга Янги йил тилакларингиз...

Жумадулла РАМЕТОВ: — Аввало, юртимиз тинч бўлсин! Хонадонларимиздан қут-барака аримасин. Янги кириб келаётган йил барчамизга серунум, баракали бўлсин. Оилаларимиз тинч, яқинларимиз омон бўлсин.

Саида РАМЕТОВА: — Ортда қолган йилда Президентимиз ташаббуси билан жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилди. 2018 йил ҳам шундай серфайз, серунум бўлсин. Яхши ишларга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшайлик. Янги йил барча юртдошларимизга муборак бўлсин!

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА, 

Озода ВАЛИЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар