Фарҳод МУСАЖОН
Хона. Безатилган дастурхон атрофида эр, хотин ва 12-13 ёшлар чамасидаги бола нонушта қилиб ўтиришибди. Кайфиятлари чоғ.
Эр: Йўқ, йўқ, тойчоқ, сиз синфингиздаги ўртоқларингизни ё бир кун олдин, ё бир кун кейин чақирасиз. Туғилган кунингизда сира ҳам тўғри. Хўпми, тойчоқ?
Бола: Қанақа одамлар?
Эр: Катта одамлар, казо-казолар, аслзодалар келади.
Бола: У нима деганингиз?
Эр: Яъни... сизга нима десам экан, яъни яхши одамлар келишади. Энди, тойчоқ, сиз дарсингизни қилинг! Бизнинг ойингиз билан ишимиз бор.
Бола: Хўп (Четроққа бориб ўтиради).
Эр: Қани, Қутби, қоғоз-қалам олиб бундай ўтир, чақирадиган одамларимизнинг бир рўйхатини тузиб олайлик.
Хотин: Ҳозир, ҳозир (Хотин жавондан қоғоз-қалам олиб эрига келтиради).
Эр: Йўқ, йўқ, ўзинг ёз, хатинг чиройли. Менинг хатимни ўқийдиган ҳали онасидан туғилмаган. Энди ишга ўтайлик. Ёз! Биринчи навбатда, рўйхатнинг бош-қоши, уйимизнинг тўри шак-шубҳасиз...
Хотин: Боситхон акангиз!
Эр: Ичимсан-да хотин, ичимсан. Боситхон акамлар рафиқалари билан!
Хотин: Ҳой, дадаси, бир галчалик шу Боситхон акангизни таклиф қилмасак қандай бўларкан? Ахир, қачон бирорта чақириқ қилмайлик, бош-қошида Боситхон акангиз келади. Бир галчалик...
Эр: Ўв! Боситхон акамларнинг нега сенга оғирлиги тушиб қолди?
Хотин: Менга эмас сизларга оғирлиги тушади. Ҳамма хушомад ўша кишига. Ҳаммаларинг атрофида гиргиттон бўласизлар. Худди мусобақа ўйнаётгандай оғизларини пойлаб ўтирасизлар.
Эр: Қанақа мусобақа?
Хотин: Оғизларидан чиққан гапни ким биринчи маъқуллар экан, деган мусобақа-да!
Эр: (бироз анқайиб қолади) Ҳо... тилинг қурсин заҳар бўлмай! Ҳали мен сенга лаганбардор бўлиб қолдимми?.. Еб-ичишинг, бойлигинг, қўша-қўша гиламлар ўша кишининг орқаларидан бўлса...
Хотин: Бўпти, жаҳлингиз чиқмасин. Чақирсангиз-чақираверинг. Мен сизларни ўйлагандим, бир яйраб, девдим. «Подхалим»лик қилавериб жуда эзилиб, қийналиб кетишларингизни ўйлагандим-да.
Эр: Менга қара, нодон одам, ўзим ҳам уни биламан, ўтакетган димоғдор, кибрли, такаббур одам. Аммо начора, чақирмасдан илож йўқ. Чақириқ қилиб уни айтмаганимни эшитиб қолса, нақ оёғимни осмондан қилиб юборади…
Хотин: Майли, ёздим, мана!
Эр: Иккиламчи. Мирсадриддин ака кеннойимлар билан.
Хотин: Э, қўйсангизчи, ўша маҳмадонангизни.
Эр: Ўв, нодон, ўв, содда, калтафаҳм! Ёз дегандан кейин ёзаверсанг-чи! У Боситхон акамнинг ўнг қўлидек гап, бошқармада унинг олдига тушадиган лаганбардор, ундан ўтадиган хушомадгўй йўқ, қолаверса, бирорта ўтириш усиз ўтмайди. Лекин кеннойимлар, ҳақиқатдан менга ёқмайдилар. У киши меҳмонга эмас, худди бозорга боргандек ўзларини кўз-кўз қиладилар.
Хотин: Ўзларини эмас, бойликларини денг. Тиллоларини, зарларини бозорга солиб кўз-кўз қилгани келадилар.
Эр: Хўшш… Энди навбат Абдураҳмонбегига. Менга қолса, мана шу совуқни ёзмасдим.
Хотин: Вой, ҳаммани айтиб буни ажратиб қўясизми, эшитса, нима деган одам бўласиз?
Эр: Ҳа, эшитса, ҳафа бўлади. Аммо ёмон бетаъсир одам-да! Бунақа мечкай, бунақа суқ, бунақа очофатни умрим бино бўлиб кўрмаганман. Ҳа, ахир, меҳмонга келганингдан кейин ҳамма қатори обрўйингни сақлаб ўтир. Йўқ, «уни опкел, буни опкел», деб дўқ қилади. Ароқни-ку, сувдек ичади.
Хотин: Ўзини ўзи десангиз, хотини ўзидан ҳам бачкана. Қачон қараса ишшайгани ишшайган. Тавба...
Эр: Хотини дуруст, очиққина. Хотин кишининг очилиб-сочилиб ўтиргани маъқул-да, кеккайиб ўтиргандан.
Хотин: Ҳо, ёқмай ўлсин! Бировнинг хотини қанча очилиб-сочилиб ўтирса-да, шундайми?
Эр: Эй, гапни чалғитмасдан ёзсанг-чи! Хўш, кимга навбат келди. Ҳа, Хайруллахўжа қолиб кетай дебди-ку!
Хотин: Хўжани ҳам айтасизми? Сал анақароқ, деб юрасиз-ку уни.
Эр: Лекин ўзига еткунча шум, ўзига етгунча шайтон, хўжаси тушмагур.
Хотин: Келинг, қатордан қолмасин, ёзиб қўя қолай.
Эр: Майли, ёз! Хўш, энди анави бор-у, уни ҳам ёзамизми?
Хотин: Ким экан у?
Эр: Ҳа, анави лалайган бор-у, Эшвой, Эшвой.
Хотин: Уни нима қиласиз, ҳар хил қаланғи-қасанғиларни айтаверасизми?
Эр: Энди хизмат-пизмат қилиб юрармиди, дейман-да! Чой ташиш, овқат-повқатга қарашиш дегандек.
Хотин: Овқатни ўшасиз ҳам эплармиз. Тенгингизмас-да, дадаси, тенгингиз эмас!
Эр: Бўпти, ўчир ялангоёқни! Яна ким қолди...
Бола: Ада!
Эр: Нима дейсиз, тойчоқ?
Бола: Ундан кўра синфимиздаги ўртоқларимни айтиб қўя қолайлик.
Эр: Нега энди, уларни бошқа куни айтамиз дедим-ку!
Бола: Ўзингиз, яхши одамларни чақираман деб, мени алдабсиз, ҳаммаси ёмон одамлар экан-ку?!
Эр: Ие, нима деганинг бу, бетамиз?!
Бола: Ахир, боядан бери ойим билан ўтириб ҳамма келадиган меҳмонларни ёмонлаяпсизлар-ку!
Эр: (анграйиб қолади, кейин дўқ уради) Катталарнинг ишига аралашгандан кўра, ўтириб дарсингни тайёрла, ўв, беадаб!..
Жавлон ЖОВЛИЕВ
тайёрлади.